Аҳмаджон Мелибоев. Фишер даҳо эдими?

Замонамизнинг улуғ шахматчиларидан бири, фавқулодда ноёб истеъдод эгаси Бобби Фишернинг номи ва ижоди билан таниш бўлмаган шахмат мухлисини топиш қийин. Унинг хайрихоҳларию рақиблари ҳам ошкора эътироф этган ноёб қобилияти, англаш ва тушуниш осон бўлмаган мураккаб ҳаёти, бошқаларникига ўхшамайдиган ажабтовур дунёқараши, ва, ниҳоят, бир бандаи ожиз сифатидаги ички “мен”и наинки бугун, олис келажакда ҳам кўпларни қизиқтиради, ҳар бир тадқиқотчи уни ўзича, инсон руҳий оламини тушуниш ва англаш салоҳиятидан келиб чиқиб кашф этади. Эҳтимол, йиллар ўтиб, шахмат кўкида янада ёруғ, мафтункор юлдузлар пайдо бўлар, бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади, аммо ўшанда ҳам Бобби Фишер деган ном кун тартибидан тушиб қолмайди.
Фишер ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Аммо уларнинг биронтаси ҳам академик В.С.Нерсесянц қаламига мансуб “Бобби Фишернинг мураккаб партияси” мақоласи каби мавзу моҳиятини очиб бера олмайди, кўпларида бундай мақсаднинг ўзи йўқ.
Ушбу мақола, тадқиқотчиларнинг эътирофича, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ёзилган ва Болтиқбўйида чоп этиладиган нуфузли “Шахмат” журналига юборилган. Журнал муҳаррири Л.Рошал мақолани ўқиб чиқади ва муаллифга тезликда жавоб мактуби йўллаб, уни босиб чиқара олмаслигини маълум қилади. Кейинчалик Нерсесянцда журнал рад этган фалсафий эссе жанридаги мақоласини бошқа нашрларда чоп эттириш имконияти пайдо бўлади, аммо, мақола муаллифининг рафиқаси, юридик фанлари доктори В.Лапаеванинг эътирофича, у бу имкониятлардан фойдаланмайди. Олиманинг фикрича, мақола Фишернинг шахси, унинг шахмат оламида эришган юксак мавқеи тўғрисида эмас. Уни ёзган ўттиз тўрт ёшли олим ўшанда Оллоҳ томонидан бериладиган қобилиятнинг қадрига етиб, инсоннинг ўз истеъдоди олдидаги бурчи ҳақида ва, ниҳоят, ижодий бойлик билан шон-шуҳрат, пул кўринишида ўлчанадиган ҳаётий муваффақиятлардан бирини танлаш лозимлиги тўғрисида мулоҳаза юритаётган эди. “У (В.Нерсесянц) ўша пайтда бу танловни ижод фойдасига амалга оширгани шунчаки гап эмасди, — деб таъкидлайди В.Лапаева. — Чунки у армиялар сингари одамларга ҳам ғалаба зарур, деб ҳисобларди. Шундай бўлса-да, ўша йиллари ёзган бир шеърида ўзига ўзи мурожаат қилиб, шундай деганди: “Ўзингдаги қаҳрамонлик ҳиссини мағлуб эт, ишқий саргузаштлардан устун кел, шиддатни фитнаю қутқуларга сарфлама. Майли, оддий ва мураккаб ҳаётинг сен билан қолсин”. Ўйлайманки, муаллиф бу масалада ўзи учун муҳим нуқтани кейинроқ бир шеърида қўйган: “Зарур бўлмаган юксакликларни забт этмаган номаълум қаҳрамонларга абадий шон-шарафлар бўлсин”.
Мана шу нуқта бизга “Бобби Фишернинг мушкул партияси” мақоласи моҳиятини тўла англашга калит бўла олади. Кичик бир мақолада уни тўла шарҳлаб, маъно-моҳиятини очиб беришни зиммамга олмайман. Аммо, бадиий адабиётда бўлгани каби, бирор бир асар ҳақидаги ҳар қандай мулоҳаза, мақтов бўладими ё танқидми, шубҳасиз, ўқувчида мазкур битикка қизиқиш уйғотиши керак. Мен шу талабдан келиб чиқиб, мақоланинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчиман, холос.
Бобби Фишер шахмат оламида мислсиз жасоратлар кўрсатди. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо, бўлиб ўтган ва эндиликда тарихга айланиб қолган воқеанинг фавқулоддалиги шундаки, у машҳурликнинг қиёссиз чўққисига кўтарилиб бўлгач, ўз номи атрофида адоқсиз миш-мишлар, гумону фаразлар, афсус-надоматлар туғдириб, шахмат уфқидан сеҳрли равишда ғойиб бўлди. Мақола шу мулоҳазалар билан бошланади. Муаллиф бу ғаройиботнинг сирини аниқлашга шошилмайди, аксинча, ўқувчи эътиборини бундан-да муҳим, бундан-да сирли бир ҳолатга қаратади. Унинг фикрича, бу ёруғ оламда бошқалар учун алоҳида қизиқиш уйғотадиган одамлар кўпчилик эмас. Қизиқарли одамларнинг ҳаёти эса қайғу ва азобдан холи бўлмайди. Бобби Фишер, шубҳасиз, қизиқарли одам ва шу ҳолатнинг ўзиёқ унинг изтиробга маҳкумлигини билдиради. Негаки, “шон-шуҳрат қозониш нечоғли қийин бўлмасин, унга дош бериш бундан-да мушкул”. Ва яна: “Шон-шуҳрат ўз моҳиятига кўра, шахснинг эътироф этилиши билан боғлиқ оммабоп тилдир (мақтов сўзлари, табрик тадбирлари), бинобарин, ундан фойдаланиш, эскплуатация қилиш ҳам мумкин. Омма (оригиналда “публика”), умуман, бирон бир кишининг шон-шуҳратини ундан қандайдир тарзда фойдаланмай туриб қабул қила олмайди”. Бундан англашиладики, агар “машҳур шахснинг мақсади ўзи эришган шон-шуҳратдан баланд ва анча олисни кўзлаган бўлмаса, бундай шон-шуҳрат шунчаки урф бўлган бир маҳсулот сингари истеъмолга чиққач қолиб кетади. Шу сабабли буюк инсонлар… шон-шуҳратдан ўзларини четга олишган”.
Нерсесянцнинг фикрича, бу дунёда ҳамма нарса учун товон тўлашга тўғри келади. Фишер турмушнинг бу оддий ҳақиқатини ўзича тушунган бўлиши мумкин – у шон-шуҳрат чўққисига кўтарилдими, даҳоми, истеъдодига ҳамма тан берадими, демак, бошқалар унга товон тўлашлари керак. Бироқ, шон-шуҳрат онлари бунинг аксини кўрсатади – бу давр шахсий ҳисоб-китоб қилиш палласи эмас, омма учун расмий тўлов вақтидир.
Фишер шахмат ўйинини ҳаётининг мазмунига айлантирди. Лекин, қизиғи шундаки, тахта устидаги мафтункор комбинациялари, фавқулодда ечимлари ва бениҳоя чигал ҳолатлардан ҳам уринмай-суринмай чиқиб кета олиши нечоғли аниқ ва равшан бўлса, шахсияти, туриш-турмуши, ўй-мулоҳазалари шу қадар мураккаб, англаб бўлмас даражада сирли эдики, бу ҳолатни осонликча шарҳлаб беришнинг иложи йўқ.
Фишер жаҳон чемпионлигини қўлга киритгач, орадан кўп ўтмай, Калифорниядаги диний секталардан бирига аъзо бўлади ва мукофот пулини ушбу сектага ҳадя қилиб юборади. Кейинчалик бу ишидан ҳафсаласи пир бўлади. У, табиийки, художўй одам эди, аммо бир гал, бордию Парвардигорнинг ўзи билан бир тахтада шахмат ўйнаб қолса, ўйин дуранг бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлайди. “Худо менинг биринчи е2-е4 юришимга қандай жавоб беришини билмайман”, дейди. 1975 йили Анатолий Карпов билан учрашув олдидан ФИДЕ унинг атиги битта талабини қондирмагани учун мусобақада қатнашишдан воз кечади ва жаҳон чемпиони деган унвондан маҳрум бўлади. Орадан олти йил ўтгач, Калифорния полицияси уни жиноятчи, пул сақланадиган сейфларни бузиб очадиган ўғри дея тахмин қилиб, ҳибсга олади. Бу пайтда Бобби соч-соқоли ўсиб кетган жулдур кийимли девона кўринишида эди. “Қўйиб юборинглар, ахир мен шахмат бўйича жаҳон чемпиониман”, деб бақириши маъмурларнинг истеҳзоли кулгисига сабаб бўлади, холос.
1996 йилнинг июл ойида шахматчилар, шахмат мутахассислари учун ҳам мутлақо кутилмаган воқеа юз беради. Фишер, афтидан, футбол, бокс, хоккей каби бир қанча спорт турларида мавжуд бўлган “келишув ўйинлари” шахматда ҳам авж олаётганидан ташвишга тушиб, ўзича янги қоида ўйлаб топади. “Фишерренд” (“Фишерона таваккал”) деб номланган бу ўйинда доналар шахмат тахтасига расман қабул қилинган тарзда эмас, тасодифий тарзда жойлаштирилиши керак.
2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркда террорчилик хуружи амалга оширилганида Фишер Филипиндаги радиостанциялардан бирига қўнғироқ қилиб: “Бу буюк янгилик! Бундай ишга жазм қилганларни олқишлайман. Ушбу мамлакатни аллақачон жаҳон харитасидан ўчириб ташлаш керак эди”, дейди. Бу қилиғи ҳаммасидан ҳам ошиб тушади.
Фишер ўз вақтида жаҳон чемпионлиги унвонини 27 йил давомида ўзида сақлаб турган Иммануил Ласкердан ўзиб кетишни ният қилган эди. Рақиблари нечоғли салоҳиятли бўлмасин, унинг бу орзуси рўёбга чиқиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди ҳам. Аммо у кутилмаганда шахмат оламининг энг юқори чўққисидан ихтиёрий равишда пастга тушади, бу қарорини шарҳлаб ҳам ўтирмайди, фақат битта жумлани такрор-такрор айтади холос: “Мен сўнгги жаҳон чемпиониман…”. Шундай дея узлатга чекинади, дарвишлик йўлини тутади. Бу, шубҳасиз, катта йўқотиш эди. Фақат, йўқотувчининг кимлигини аниқлаш лозим – шахмат ўйиними ё Фишернинг ўзими? Буни энди бизга вақт ва янги таҳлиллар аниқлаб беради. Фақат бир нарсани айтиш мумкин: Фишернинг гўзал, бетакрор комбинациялари бу қадим ўйин тарихининг олтин саҳифалари бўлиб қолди. Унинг шахмат ривожига қўшган ҳиссасини инкор этишнинг мутлақо иложи йўқ. Кейинги жаҳон чемпионларидан бири, шахмат ривожида янги саҳифалар очган, шу билан бирга, ғаройиб, “фишерона” қилиқлари билан бу ўйин бўйича жаҳон биринчилиги мусобақаларининг таназзулига йўл очиб, собиқ ва амалдаги “тождорлар” сафини пароканда қилиб ташлаган, ўзига маъқул бўлмаган барча нарсаларни нотўғри деб ҳисоблагани усун “болшевик” лақабига муносиб кўрилган Гарри Каспаровнинг фикрича, замонавий шахмат… Фишердан бошланади. Борис Спасский эса Фишернинг ўйинини компьютер ўйинига қиёс қилади…
“Бобби Фишернинг мушкул партияси” сарлавҳали мақола хусусидаги ҳикояни шу ерда тўхтатсак. Бундан бир йил аввал таниқли ҳуқуқшунос олим Акмал Саидов бу мақолани ўзбек тилига ўгириб, таҳририятимизга ҳавола қилди. Уни қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва… эълон қила олмаслигимизни айтдим. Ўз вақтида “Шахмат” журнали муҳаррири, таниқли шахмат мутахассиси Л.Рошал академик Нерсесянцга рад жавобини берганлигини муҳаррир сифатида тушунаман. Ҳамкасбимни мақоладаги ўта ошкора, фавқулодда таъсирчан ва мавжуд тузум тамойилларига мос келмайдиган жўшқин фикрлар чўчитиб юборгани аниқ. Мени эса, таржима мақоланинг бу жиҳатлари эмас, унинг… ҳажми қониқтирмаганди. Газета имкониятларидан келиб чиқиб, баъзан маъқул нарсаларни ҳам қайтариб беришга тўғри келади. Шундай муаллифлардан бирига лутф қилиб: “Дўстим, ҳикоянгиз чиндан ҳам зўр, бамисоли соҳибжамол аёл, аммо қучоққа сиғмайдиган даражада семиз”, деганим ёдимда.
Орадан кўп ўтмай “Бобби Фишернинг мушкул партия”си “Жаҳон адабиёти” журналида босилиб чиқди. Кўнглим ёришгандай бўлди. Яна бироз ўтгач, у таржимоннинг “Шахмат даҳосининг ўйинлари” сарлавҳали чуқур таҳлилли эссеси билан биргаликда ўзбек, рус ва инглиз тилларида (!) тўплам ҳолида нашр этилди. Унга Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов сўзбоши ёзган.
Тўпламдаги ҳар икки мақолани қайта-қайта ўқиб чиқдим. Ўқишга арзирли нарсаларнинг хусусияти шундаки, унга ҳар кўз югуртирганингда ўзинг учун, албатта, қимматли ва муҳим бир нима топасан. Бадиий тафаккурнинг ноёблиги ҳам шунда. Шундан келиб чиқиб, Акмал Саидовнинг “Шахмат даҳосининг ўйинлари” мақоласини мазмун-моҳиятига кўра академик Нерсесянц мақоласига ҳамоҳанг дея оламан. Эътибор беринг: “Фишернинг шахмат тафаккури қалбидан бамисоли эритилган қайноқ қотишма янглиғ отилиб чиқар, кучли ирода билан шаклга солиниб, таркиби аниқ қурилма сифатида намоён бўларди. Шахмат бу ноёб қобилият эгаси учун дунёнинг мутлақ ифодасига айланди, қолган барча нарсалар шу ифодани акс эттирадиган қўшимча воситалар эди. Фишер ташқаридан ичкарига эмас, ичкаридан ташқарига қараб борарди… Нерсесянцни одамзотга хос бўлган ҳайратли ҳоллардан бири – даҳолик муаммоси ҳаяжонга солади. Асрлардан буён даҳолик Худо ўзи марҳамат этганларга ато қилган сеҳрли “белги” ҳисобланади. Даҳолик ва даҳолар ҳақида сон-саноқсиз китоблар битилган… Бироқ сирни очиш ҳозирча ҳеч кимга насиб қилмаганди…”
Бу жумлаларни қоғозга тушириш учун биргина олимликнинг ва, ҳатто, зўр шахматчи бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди.
Мазкур мақолаларни ўқир эканман, кўпчилигимизга азалдан маълум бир ҳақиқат ёдимга тушади. Истеъдод, шубҳасиз, Оллоҳнинг буюк инъоми. Унга бошқа бир йўл билан эришиш мумкин эмас. Фақат, шарти шуки, бундай улуғ марҳаматга муносиб кўрилганлар зиммасига жиддий бир масъулият юкланади: уни оёқни ердан узмай, оддий инсоний туйғулардан чекинмай кўтариш зарур. Илоҳий инъомни даҳолик иморатининг ғиштига, ташқи ва ички безакларига, ожиз бандага хос майл ва эҳтиёжларга сарфлаганлар, алал-оқибат, бундай исрофгарчиликнинг ҳисоб-китоби олдида мулзам бўлиб қоладилар.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 15ғсонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!