Ҳорун Яҳё. Ёмғирнинг пайдо бўлиши

Ёмғирнинг қандай пайдо бўлиши узоқ йиллар давомида сир бўлиб келди. Фақат об-ҳавони аниқловчи асбоб ихтиро қилингандан сўнггина ёмғирнинг шаклланиш босқичларини кашф қилиш имконияти туғилди. Бу кашфиётга биноан, ёмғирнинг шаклланиши уч босқичда содир бўлади. Биринчидан, ёмғирнинг «хом ашё»си шамол билан ҳавога кўтарилади. Кейинроқ булутлар пайдо бўлади ва ниҳоят ёмғир томчилари юзага келади.

Қуръоннинг ёмғир ҳосил бўлиши ҳақидаги сўзлари худди шу жараённи назарда тутади. Оятларнинг бирида бу ҳосил бўлиш қуйидагидек ифодаланади:

Аллоҳ шундай зотки, (У) шамолларни юбориб, булутларни қўзғайди, бас, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач, унинг орасидан ёмғир чикишини кўрасиз. Бас, қачонки уни (ёмғирни) Ўз бандаларидан хоҳлаган кишисига етказганда, улар бирдан шодланиб кетурлар. («Рум» сураси, 48-оят)

Юқоридаги расм майда сув томчиларининг ҳавога қандай қилиб чиқиб кетишини кўрсатади. Бу ёмғир ҳосил бўлишининг биринчи босқичидир. Шундан сўнг, энди пайдо бўлган булутлардаги майда сув томчилари ҳавода осилиб қолади ва ёмғир пайдо қилиш учун суюлади (конденсацияланади). Бу босқичларнинг барчаси Қуръон оятларида тўлиқ билдирилган.

(А) Алоҳида-алоҳида кичик булут парчалари (ёмғирли булутлар).

(Б) Бу кичик булутлар бирлашганда, каттароқ булутлар ичидаги юқорига кўтариладиган оқимлар катталашади. Натижада булутлар устма-уст қалашади.

Юқорига кўтариладиган оқимлар булут массасининг вертикал ўсишига сабаб бўлади ва булут устма-уст қалашиб қолади. Вертикал ўсиш билан булут массаси атмосферадаги сув томчилари ва дўл шаклланадиган совуқроқ ҳудудгача етиб боради. Сув томчилари ва дўл юқорига кўтариладиган, оқимлар учун ушлаб туришга оғирлик қилиб қолгандан сўнг, улар булутдан ёмғир, дўл ва ҳ. к. шаклида тушишни бошлайди. Бу илмий далилни 1400 йил илгари Аллоҳ «Нур» сурасининг 43-оятида бундай ваҳий қилган эди:

«… cўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз…»

Энди, келинг оятда келтирилган бу уч босқични чуқурроқ таҳлил қиламиз:

БИРИНЧИ БОСҚИЧ: «Аллоҳ шундай зотки, (У) шамолларни юбориб …»

Океанларнинг кўпикланишидан пайдо бўлган саноқсиз ҳаво пуфакчалари муттасил ёрилади ва сув зарраларининг ҳавога қараб отилишига сабаб бўлади. Сўнгра тузга бой бўлган бу зарралар шамоллар таъсирида юқорига — атмосферага қараб кўтарилади. Аэрозоллар деб аталадиган бу зарралар сув қопқонлари вазифасини бажаради ва ўз атрофига денгиздан жуда кичик томчи зарралари бўлиб кўтариладиган сув буғларини йиғиб олиб, булут томчиларини шакллантиради.

ИККИНЧИ БОСҚИЧ: «… булутларни қўзғайди, бас, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач …»

Булутлар ҳавода туз кристаллари ва чанг зарралари атрофида суюладиган (конденсацияланадиган) сув буғларидан юзага келади. Бу булутлардаги сув томчилари жуда кичик (тахминан 0,01-0,02 мм (0,0004-0,0008 дюйм) ўлчамда) бўлганлиги сабабли булутлар ҳавода осилиб қолади ва осмон бўйлаб ёйилади. Шу тарзда осмон булутлар билан қопланади.

УЧИНЧИ БОСҚИЧ: «… унинг орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз.»

Туз кристаллари ва чанг зарраларини ўраб турган сув зарралари қалинлашади ва ёмғир томчиларини шакллантиради, шундай қилиб, ҳавога нисбатан оғирроқ бўлиб қоладиган томчилар булутларни тарк этади ва ерга ёмғир бўлиб ёғишни бошлайди.

Юқорида муҳокама қилганимиздек, ёмғир ҳосил бўлишидаги ҳар бир босқич Қуръон оятларига боғланган. Шунингдек, бу босқичлар худди оятдаги кетма-кетликда тушунтирилади. Ердаги бошқа кўп табиий ҳодисалар каби, Аллоҳ бу ҳодисага ҳам энг тўғри тушунтириш берган ва унинг кашф қилинишидан анча асрлар илгари Қуръонда уни маълум қилиб қўйган. Бошқа бир оятда ёмғирнинг шаклланиши ҳақида қуйидаги маълумот келтирилган:

Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. (Аллоҳ) осмондан -ундаги тоғ (булут)лардан дўл ёғдириб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга егказур ва ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни кетказгудекдир. («Нур» сураси, 43-оят)

Булут турларини ўрганаётган олимлар ёмғир булутларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ ажабланарли натижаларга дуч келишди. Бунда ёмғир булутларининг аниқ бир тизим ва босқичларга кўра ҳосил бўлишини аниқлашди. Ёмғир булутларининг бир тури бўлган cumulonimbus (ёмғирли булут)нинг пайдо бўлиш босқичлари қуйидагича ифодаланади:

1-БОСҚИЧ. Ҳайдалади: булутлар шамол орқали ҳайдалади.

2-БОСҚИЧ. Бирлашади: сўнгра, шамол орқали ҳайдалган кичик булутлар (ёмғирли булутлар) ўзаро бирлашади ва каттароқ булут ҳосил қилади.58

3-БОСҚИЧ. Устма-уст қалашади: кичик булутлар бирлашганидан сўнг каттароқ булут ичидаги юқорига кўтариладиган оқимлар катталашади. Булут маркази яқинидаги юқорига кўтариладиган оқимлар четга яқинроқдагиларига қараганда кучлироқ бўлади. Юқорига кўтариладиган оқимлар булут массасининг вертикал ўсишига сабаб бўлиб, уларни устма-уст қалаштиради. Бу вертикал ўсиш булут массасининг атмосферадаги сув томчилари ва дўл шаклланадиган совуқроқ ҳудудгача узайишига сабаб бўлади. Сув томчилари ва дўл юқорига кўтариладиган оқимлар учун ушлаб туришга оғирлик қилиб қолгандан сўнг, улар булутдан ёмғир, дўл ва ҳ. к. шаклида тушишни бошлайди.59

Биз шуни ёдда тутишимиз керакки, метеорологлар яқиндагина самолётлар, сунъий йўлдошлар, компьютерлар каби замонавий жиҳозлардан фойдаланиб, булутнинг пайдо бўлиши, унинг таркиби ва функцияси ҳақида бундай тушунчага эга бўлдилар. Кўриб турганимиздек, Аллоҳ 1400 йил илгари билишнинг имкони бўлмаган маълумотни бизга хабар қилгани кундек равшан.

__________
58. Richard A. Anges, The Atmosphere (Atmosfera), 3-nashri, (Kolumbiya: Charles E. Merrill Publishing Company: 1981), 268-269; Albert Millers, Jak C. Tompson, Elements of Meteorology (Meteorologiya elementlari), 2-nashri, (Kolumbiya: Charles E. Merrill Publishing Company: 1975), 141.
59. Antes, The Atmosphere (Atmosfera), 269; Millers va Tompson, Elements of Meteorology (Meteorologiya elementlari), 141-142.