Қудрат Дўстмуҳаммад. Диний китоблар ҳақида

Мустақиллик туфайли диний китоблар кўплаб чоп этилаяпти. Мадраса кўрмасак ҳам, диний илмларга эга бўлаяпмиз, қийин жойларини илмли кишилардан сўраб-суриштириб, ўрганаяпмиз, Аллоҳга шукрлар бўлсин. Бироқ, диний китобларнинг баъзи ўринларида ҳозирги ўқувчини ишонтирмайдиган, баъзан эътироз уйғотадиган, ҳақиқатдан йироқ жумлалар учраб қолади. Қадимги китобларни ўйламай-нетмай таржима қилиб ёки ҳарфини ўзгартириб нашр этиш ҳоллари учраб турибди, шекилли. Масалан, “Суннани Термизий” деган қалин, катта ва салобатли бир китобда айтилишича, Ал-Бухорий ҳазратлари вафот этганларида Ат-Термизий бир йил оҳ-воҳ қилиб, кўзёш қилган эмишлар. Бу – ҳеч ишониб бўлмайдиган гап! Айниқса, Ат-Термизийдек уламо учун нисбат берганда!

Яна бир қимматли китобда пайғамбаримиз (с.а.в.)га “умматни ҳидоят қилувчи” сифати берилган. Ваҳоланки, “Бақара” сурасининг 272-оятида, “Қасас”нинг 56-оятида, “Лайл”нинг 12-оятида айтилишича, пайғамбаримиз (с.а.в.)га ҳидоят қилиш вазифаси берилмаган.

Араб тилидан таржима қилиниб, қайта нашр қилинган “Танбеҳул ғофилин” деган китобнинг (“Мовоуннаҳр”, 2014) муқаддимасида (муаллиф Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий, қисқача, Абу Лайс Самарқандий ёзган) шундай сўзлар бор (7-бет): “Фақиҳ, зоҳид, амал қилувчи олим Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: Қайси кишини Аллоҳ таоло одобда таниқли, илмда насибали, ҳукм ва панду насиҳатларда ибратли, солиҳларнинг сийратига таваққуфли ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодида бўлишдек улуғ бахт билан ризқлантирган бўлса, бундай кишини Аллоҳнинг йўлида ҳаракат қилиши лозим деб билдим.”

Бу гапни озгина таҳлил қилиб кўрайлик. Аввало, муаллиф ўзига ўзи таъриф бераяпти. Қолаверса, “одобда таниқли, илмда насибали, … ибратли” ва ҳоказо сифатларга эга бўлган киши “Аллоҳнинг йўлида ҳаракат қилиши лозим” эмиш. Кишига берилган таърифни қарангу, гапнинг иддаосига қаранг! Иддаонинг ҳеч қанақа залвори йўқ, гапга умуман ёпишмаяпти. Муаллиф айтса-айтмаса, Киши Аллоҳ йўлида ҳаракат қилганки, айтилган юксак сифатлар билан ризқлантирилган.

Иштибоҳда стилистик хато ҳам бор: “бундай кишини” жумласидаги “ни” қўшимчаси ортиқча, гап мазмунига ҳалал бераяпти.

592 саҳифалик китобнинг 543 бетида ҳадисларга тегишли ривоятлар келтирилган бўлиб, аксари “Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади”, “… ривоят қилади”, “…отасидан ривоят қилади” каби сўзлар билан бошланади. Буларнинг ривоят мазмунига ҳеч қанақа алоқаси йўқ, ортиқча юк бўлиб турибди.

Бундай қайтариқлар матн муаллифини эслатиб туриш учун ёзилган бўлса керак. Қадимги қўлёзмаларда китоб муқовасига муаллифни, китоб номини чиқариб ёзиш одат бўлмаган, эҳтимол, имкони ҳам бўлмаган. Ҳозир, китобат амалиёти тараққий этган замонда, ўша қайтариқларнинг ҳаммасини йиғиштириб олиб, муаллифнинг муқовага чиқарилган номи билан алмаштириш мумкин эди. Шунингдек, китоб бошида кисқагина изоҳ бериб кетиш ҳам ёрдамчи восита бўлар эди.

Араб миллатига мансуб муаллифларнинг ўша мамлакатларда нашр этилган китобларида ҳам хатолар учраб турар экан. Шундай ҳолатни Муҳаммад Ҳузарийнинг “Нур ул-яқин” китобида учратиш мумкин (“Чўлпон-Камалак”, 1992 й.). “Ҳайит намози” сарлавҳали қисқагина матн “Шу йили Оллоҳ таоло мусулмонларга ҳайит намозини ўқишни фарз қилди”, – деган сўзлари билан бошланади. Фарз қилинган бўлса, Қуръонда айтилган бўлар эди, лекин Қуръонда ҳайит намозлари ҳақида ҳеч гап йўқ, ҳадисларда – бор.

Қадимда ислом илмидан хабари бор ва ёзиш-чизиш қўлидан келадиган одамлар ҳикоятлар ёки китоблар ёзаверган. У вақтларда тақриз, танқид деган гаплар бўлмаган. Сифатидан қатъи назар, диний масалалар ҳақида бир нималарни ёзишнинг ўзи фавқулодда ҳодиса саналган. Ўтмишдаги илмли кишилар ҳам, ўзимиз сингари, қусурли бўлишган, ниманидир яхши билиб, нималарнидир мундайроқ билишган. Табиийки, ёзма ёдгорликларга камчиликлар, нотўғри таълимотлар кириб қолаверган.

Тасаввуфга оид ҳикоятларда ҳам шундай ҳолатлар кўп учрайди. “Адабиёт учқунлари” нашриёти 2014 йили Музаффар Хилватийнинг “Муҳаббат – шароб” номли рисоласини чоп этди (таржимон Жамол Камол). Тасаввуф – ўхшатишлар, рамзлар, тимсолларга бой илм эканлиги маълум, лекин буларни деб, масаланинг бошқа жиҳатларига футур етказиш яхши эмас-да! Масалан, янги қабр қазилганда чириб кетган калла суяги ташқарига чиқиб қолиб, шундай ташлаб қўйилган эмиш. Яна, унинг тишлари орасида битта ясмиқ дони сақланиб қолган эмиш. Дафн маросимига келган бир одам ўша донни олиб, оғзига солган эмиш. Бу гапларнинг ҳаммаси “Бировнинг насибасини биров ютиб кетолмайди”, – деган сўфиёна таълимотни тушунтириш учун тўқилган. Бошқа бир ҳикоятда эса, катта мажлис қилиб турган шайх, тўғрисўз учта одамни халойиқ олдида, эшак, деб ҳақорат қилган эмиш. Шайх ҳеч қачон бунақа иш қилмайди! Бу ҳикоят, муҳаббатсиз одам эшакдан ҳам тубан, деган таълимотни тасвирлаш учун айтилган…

Гапни мухтасар қилсак, қадимги диний ёзма манбаларни таржима қилишда, нашрга тайёрлашда жузъий хатоларини тузатиб, тегишли изоҳлар бериб кетиш мақсадга мувофиқ. Жиддий хатолари бўлса, нашр масаласи, албатта, диний идоранинг қарорига боғлиқ бўлади.