Қудрат Дўстмуҳаммад. Қадимгилардан қадимроқ

Аллоҳдан нозил бўлиб, сопол парчаларига, текис суяклару тошларга, ҳайвон териларига, онда-сонда қоғозга ёзиб қўйилган оятлар тўпланиб, китоб ҳолига келтирилганига салкам бир мингу тўрт юз йил бўлибди. Инсониятга маълум бўлган ёзма ёдгорликлар учун бу – катта муддат, шунинг ўзиёқ Қуръони каримни алоҳида эътиборга сазовор қилади. Лекин асосий гап вақтда эмас.

Уч минг йил, борингки, тўрт минг йил ўтмишдаги бўлсин, алломалар ёзиб қолдирган китоблар (агар шундай китоблар бор бўлса!) қанчалик аҳамиятли ва ҳозирги одамлар учун фойдали бўлмасин, барибир, камчиликлардан ҳоли бўлмайди: муаллифга қандайдир маълумотлар етишмаган ёки бузилган ҳолда етиб келган бўлади, муаллифнинг шахсий дунёқараши аралашган ёки ўша давр шароитлари ўз муҳрини босган бўлиб чиқади ва ҳоказо.

Қуръони карим бундай камчиликлардан холи, чунки Аллоҳдан нозил бўлган, мутлақ ҳақиқат! “Аллоҳ рост сўзлар” деган оят (3:95; 4:87,122; 6:115) бекорга нозил бўлмаган.

Ёзма ёдгорликлар ичида Қуръони каримнинг устун жиҳатларини санайверсак, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ҳосил бўлади. Аввало, Қуръон – тарих. Коинот тарихи, одамзот тарихи. Нозил бўлганига бир мингу беш юз йилга яқинлашиб қолган бўлсада, Коинотга тегишли миллион-миллион йиллар қадимни, инсониятга тегишли, эҳтимол, юз минг, эҳтимол, миллион йиллар ўтмишни камраб олади ва одамлар учун энг керакли ахборотни беради, чалғитадиган, иккинчи даражали маълумотларни бермайди.

Шунингдек, одамзотнинг бу дунёдаги ҳаёти учун оғирлик қиладиган маълумотларнинг тафсилотига берилмайди (масалан, муташобиҳ оятлар).

Қуръони карим фақат тарих эмас, ҳозирги замон ва келаси замон ҳамдир. Қайси бир оятни бўлмасин, ўқиб, ҳозирги замонга қиёслаб кўрсангиз, тўғри чиқаверади ва ўз ҳаётингиз муаммоларига тегишли жавоб топаверасиз. Ҳозирги замон эса, қачонлардир “келаси замон” эди, бизнинг ҳозирги юриш-туришимиз илоҳий илм билан башорат қилинган эди. Худди шу тарзда, биздан кейинги замонларда ва Қиёмат бўлганда одамларнинг хатти-ҳаракатлари қанақа бўлиши ҳам Қуръонда башорат қилинган. Қайси тоифа одамлар ўзини қандай тутиши, юз-кўз ифодалари, бир-бирига қандай муомала қилиши, миллиардлаб бандалардан ташкил топган издиҳом қандай ҳаракатлар қилиши мумкинлиги, ҳамма-ҳаммаси шунчалик аниқ тасвирланганки, гўё улар кўз ўнгингизда кечаётгандек…

Қуръон ҳақида тасаввур ҳосил қилиш, билим олиш ва уни чуқурлаштириш, бир вақтлар, саноқли одамларга насиб қилган бўлса, ҳозирга даврда оммалашиб кетди. Бу, Қуръон оятларининг маъносини она тилимизга таржима қилган, араб ёзуви ва тилини билмайдиган ўқувчиларга тушунарли қилиб тафсир қилган ва қилаётган уламоларимиз меҳнати туфайлидир. Шу меҳнатлар самарасидан баҳраманд бўлиб, Қуръондан илҳом олган рассом “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур” оятини (57:1; 59:1; 61:1), “Бас, қасамёд этаман (кечки) шафақ билан” (84:16) оятини манзаралар ёрдамида ифодалашга уннабди ( расмларга қаранг). Улардан бирида ойдин тун тасвирланган. Тўлин ой уфққа яқинлашиб қолган, демак, бомдод намозининг вақти кирган. Овлоқ ерда, бир кулба ортидаги дарахт шохига қўнган қуш Аллоҳга тасбеҳ айтаяпти. Ҳовлидаги қўноққа чиқиб олган хўроз қичқириб, теварак-атрофни ибодатга чорлаяпти, ўзи ҳам ибодат қилаяпти. Дарвоқе, хўроз дастлаб қичқирган пайтда тақвимга қарасангиз, “тонг” вақти билан мос тушганидан ёқа ушлайсиз!

Манзарада, Аллоҳ яратиб қўйган икки турфа жонзот тасбеҳ айтаяптию, лекин одам кўринмаяпти. Унга нима бўлди? Наҳотки, Аллоҳни унутган бўлса?

Йўқ. Унутмади. У ҳам ибодат қилаяпти. Бу ҳақда эшик олдидаги супачада қолдирилган обидаста ва шам ёруғидан нимёруғ дарча дарак бериб турибди.

Ой ёғдуси аста сўниб бораётган табиат: ўт-ўлан, дов-дарахт, яна минглаб мавжудот бирин-кетин уйғониб, инсоннинг қулоқ пардалари илғаб-илғамайдиган товушлар билан Аллоҳга тасбеҳ айтаяпти, ибодат қилаяпти.

Ушбу расм Қуръонда бир неча марта марта тилга олинган кечки шафаққа бағишланган.

2015 йил, 25 ноябр