Мусулмонларга йўналтирилган миссионерлик ҳаракатлари

Мусулмонларга қарши йўналтирилган илк миссионерлик ҳаракатларига милодий VIII асрдаёқ дуч келиш мумкин. Турли ғарб манбаларида Андалусия подшоҳи Абдулазиз (713-716)ни насроний қилишга хотини Эгинола урингани айтилади. Бу аёл ғарблик илк миссионер ҳисобланади. «Франция роҳиби» номини олган челонялик Аббат Хуг эса 1074 ва 1078 йиллари Андалусияда Сарагоссанинг мусулмон раҳбарига икки мактуб ёзиб, уни насронийликка даъват қилади. Яна бу асрда Папа VII Грегорий ҳам Шимолий Африка мусулмонларига қарши яширинча миссионерлик ҳаракатлари уюштирган.
Салиб юришлари чоғида қилинган миссионерлик ҳаракатларида бир нарса диққатни тортади: бу юришлардан кўзланган асос мақсадлар турлича бўлса-да, миссеонерлар бу юришлардан мусулмонларни насронийлаштириш учун қулай бир фурсат сифатида фойдаланишган. Бошқа бир жиддий миссионерлик ҳаракатини XIII асрда ассисилик Франкис амалга оширади.
Франкисдан кейинги муҳим шахс Роман Лулл ҳисобланади. Черков тарихида энг муҳим ўринлардан бирини тутувчи Лулл мусулмонларни насронийлаштиришнинг уч усул-хусусиятини кўрсатади. Буларнинг биринчиси мусулмон ўлкаларнинг маҳаллий тилларини ўзлаштириш-ўрганиш эди. Ҳақиқатдан ҳам Луллнинг бу фикри XIV аср (1312-1313)да Вияна консуллигида, Рома, Оксфорд ва Париж университети каби йирик ўқув юртларида амалга оша бошлади. Мусулмон халқлари тили ўрганишга киришилди. Унинг иккинчи усули насроний таълимоти акс этган асарларнинг ёзилиши эди. Учинчиси эса мусулмонлар орасида миссионерлик ҳаракатларини юритувчи мард ва ишончли инсонларни етиштириш фикри эди.
Ўрта асрларда Ислом ўлкаларига қаратилган миссионерлик ҳаракатларида жуда муҳим нуқта бор эди. Насроний роҳиб ва сайёҳлар Ислом ўлкаларига сафар қилиб, уларнинг заиф томонларини ўрганишга киришганлар. Масалан, турли Ислом ўлкаларига саёҳат уюштирган Фабри ва Пилоти каби сайёҳларни айтиш мумкин. Булардан Пилоти насронийликни қабул қилганлар жуда яхши адолат ва эҳсонга сазовор бўлишини таъкидлаган. Яна бир миссионер Кеттонли Роберт эса Қуръонни бузиб таржима қилган. Арабча баҳс асарлар ғарбда кенг ёйилган.
Ислом ўлкаларига қаратилган шиддатли миссионерлик ҳаракатлари ғарбнинг мустамлакачилик юришлари билан ёндош ҳолда амалга оша борди. XVI асрдан бошлаб жизвитлар номи билан черковга боғланган миссионерлар гуруҳи Африка ўлкаларида, Ҳиндистонда, Узоқ Шарқ ва Ўрта Шарқда кескин ҳаракатларни амалга оширганлари кўзга ташланади. Хусусан, Испаниол-портекс ташвиқотига боғлиқ ҳолда учинчи дунё деб ҳисобланган ҳудудларда миссионерлик фаолиятлари шиддатли тусга кирган. Жануб ва Жанубий-шарқий Осиё билан Африкада уюштирилган ҳаракатларга Ҳиндистон, Хитой, Япониядаги ҳаракатлар ҳам қўшилди.
XVIII асрдан эътиборан бу ҳаракатларга турли протестант черковларига боғлиқ миссионерлар ҳам қўшилишди. Ҳенри Мартин «British East India» компаниясининг бир роҳиби сифатида 1810 йили Ўрта Шаркда фаолият кўрсатган илк протестант ҳисобланади. «Church Missionary Society of the Church of England» эса бир оз кейин Фаластинда иш бошлаган. «American Board of Commissioners for Foreign Missions» ташкилоти миссионерларнинг Ўрта Шарққа келишларини назорат қилган. Бу ташкилот аъзоларидан икки америкалик миссионер Л.Персонс ва П.Фиск 1820 йили Измирга жойлашиб, миссионерлик фаолиятларини юритишган.
Ислом ўлкаларига ва учинчи дунёга қаратилган бу ҳаракатларда миссионерлик ташкилотлари ва уларнинг аъзолари бу ҳудудлардаги мустамлака бошқарувлари билан яқин алоқада бўлишган.
Шу тариқа миссионерлар ташвиқот билан бирга сиёсий ишларга ҳам бош тиқишган. Масалан, XIX асрнинг бошларида Измирга келган америкалик миссионер Парсонс 1820 йили Измирдан ёзган бир мактубида Усмонли салтанати билан боғлиқ шу қайдларни битган: «Кўнглимда илоҳий ёрдам билан қудратли ва гуноҳкор императорликнинг тамоман вайрон бўлишини таъминловчи система қуришга кучли истак ҳис қиляпман. Буни кўриш орзуим…»
Миссионер ташкилотларининг Ислом ўлкаларидаги асосий нишони мусулмонлар ва бошқа бутун халқ эди. Аммо мусулмонларнинг ва бошқа маҳаллий ҳукмдорларнинг жиддий эътирози ва қаршилиги миссионерларнинг ишларини анча тўсиб қўйди. Шунга қарамай, миссионерлар Ислом ўлкаларида яшовчи баъзи халқларга таъсир ўтказишди. Бу ишда улар очган таълим муассасалари қўл келди. Бу таълим жамиятлари халқ орасида турли низолар чиқаришни ҳам кўзлар эди.
Сўнгги икки асрда турли йўл ва усулларда ҳаракатлар юритган миссионерлар исломий қадриятларга қарши нохуш тассуротлар уйғотишга интилишди. Масалан, Г.Пфандер ва З.Звемерлар бошлиқ миссионерларга оид нашрларнинг арабча, туркча, форсча нусхалари ушбу мақсадларга хизмат қилган.
Ушбу ёзма ташвиқот нашрларидан бири Пфандернинг XIX асрда ёзилган «Мезонул ҳақ»  асаридир. Бу асар ҳақоратли, масхараомуз фикрларга тўла китобдир. Бу каби асарлар турли тилларга ўгирилиб, исломий ўлкаларнинг ўзларига тарқатилди. Пфандернинг асарига Раҳматуллоҳ Қайрановий «Изҳорул ҳақ» номли асари билан жавоб берди.
Фақат XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғарб давлатларидаги сиёсий, ҳарбий кучларнинг дунёвий ҳукмронликларини орттириб боришлари ва ҳарбий кучлари билан миссионер ташкилотлари ўртасидаги яқин алоқалар уларнинг янгидан «ҳужум»га ўтишларига имкон берди. Шу зайлда миссионер ташкилотлари, халқаро беминнат ёрдам ташкилотлари, иқтисодий ташкилотлар ва бошқа номлар билан ўзларини ниқоблаб, мусулмонларга қарши миссионерлик фаолиятларини юрита бошладилар.
Бугунги кунда черковларга боғлиқ мингларча миссионер ташкилотлари билан бирга юзларча мустақил миссионерлар дунёнинг турли бурчакларида ўз ҳаракатларини юритишмоқда.
Баъзи ҳудудларда улар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аммо баъзида (Африканинг айрим жойларида) бир-бирига рақиблик ҳоллари ҳам учрайди. Шундай рақиблик туфайли тарих 1990 йили Руандада бўлган қатлиомдаги каби шиддатли тўқнашувларга ҳам гувоҳ бўлди.
«Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш» шиори билан йўлга чиққан  Америка ва инглиз ташвиқотчилари, айниқса, XX асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб дунёга таъсир қилувчи янги дунё тартиботи ва минтақалашувини амалга ошириш учун ижтимоий ва сиёсий шароитлардан ҳам фойдаланишяпти. Ушбу ҳаракатлар дунёнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётган ёки АҚШ ҳамда ғарбий Оврупанинг ҳарбий ва маданий таъсири остида бўлган ўлкаларда кўпроқ амалга оширилмоқда. Шу тариқа Ўрта Шарқ ўлкалари билан бир қаторда Болқонда, Кавказ ўлкаларида, Ўрта Осиёда, Туркияда миссионерлик ҳаракатлари кучаймоқда.
Насроний миссионерлиги манбаи «Янги аҳд»дир. У ўзини замонга мослаб, шу услубларини муттасил янгиламоқда. Ғарб ўлкаларида муайян бош черков ёки мустақил миссионер гуруҳларга боғлиқ миссионерлик таълим-тарбия муассасалари изланишлар олиб боришяпти. Янги-янги миссионерларни етиштиряпти. Уюшган таълим услубига қўшимча миссионер шахслар ва гуруҳлар кўринишида тарқоқ таълим ҳам йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда миссионерлар қуйидагича услубларни кенг ишга солишяпти.

1. Маданиятга мослашиш услуби

Ҳозир миссионерликда маданиятга мослашиш (contextualisation) услуби жуда оммавийдир. Миссионерлар Оврупа ва Жанубий Америка сингари насронийлик анъанаси ҳоким бўлган минтақаларда эмас, бутун дунёда маҳаллий анъана ва одатларга мослашиш фикрини бу услубга асос қилиб олишяпти.
Тажрибали миссионер Чарлз Эгал iахсан ўзи қўллаган «маданиятга мослашув» услубининг аҳамияти шундаки, бу шаклда насронийликка қизиқиб Исломдан насронийликка кирган кишилар Ислом маданияти билан муносабатларини узишмайди ва ўз жамиятларида насроний миссиясининг вакили бўлиб, янада фаол иш олиб боришади.
«Натижада бошқа динга кирган киши ўз жамиятида қолади ва Инжилни янада кенгроқ ёйишга имкон топади. Муҳими бу услуб «насронийликни қабул қилиш — ғарблик бўлиш» тарзидаги қарашни ҳам йўққа чиқаради».
Католик протестант черкови атрофларида кенг қўлланилган «маданиятга мослашув» услуби икки асосни амалга оширишни мақсад қилади. Булардан биринчиси миссионерликнинг насроний жамиятлар ижтимоий-сиёсий кучларга қилган ва уларнинг ҳукмронлик майдонини кенгайтиришга хизмат қилган ҳолда насроний бўлмаган жамиятларда вужудга келган ишончни ўзгартиришдир. Бу услуб насронийликнинг маҳаллий маданият ва анъаналарга мослаштирилиши ва насроний эътиқод ва урф-одатларида маҳаллий қадрият ва хусусиягглар биринчи жабҳага чиқарилиши, учинчи дунё мамлакатларида бутун дунё миқёсида черков фаолиятини маҳаллий ўлкаларга ёйиш ва дунёнинг ҳар тарафида черковлар ташкил этишдир.
«Маданиятга мослашув» услуби насроний ҳаёт тарзининг маҳаллий анъаналарга мослашувини тақозо этади.
Мусулмон жамиятларида миссионерлар мусулмонларга хос дин тили ва истилоҳларини қўллашга қатгиқ эътибор беришади. «Аллоҳ», «расул», «набий», «ваҳий», «оят», «масжид», «Инжил» каби атамалар ва «ҳазрат», «шариф», «машааллоҳ», «иншааллоҳ» сингари диний ифодалар насроний матнларига олинади ва насроний анъанасининг тарғиб-ташвиқида кенг қўлланилади.
Мусулмонлар орасида миссионерлик қиларкан, дуода, ваъзда Қуръондан ва Ислом маданиятидан баъзи кўчирмалар қўлланилади. Чарлз Эгал мусулмонлар орасида жуда аҳамиятли саналган Фотиҳа сурасини дуо мақсадида ўқиш мумкинлигини айтади.
Рўза сингари баъзи исломий ибодатларнинг, чегараланган ҳолда бўлса ҳам бажарилиши (одамлар ишончини қозониш учун рўза тутиши — тарж.) ҳақида ҳозир баҳс кетяпти. Яна, мусулмонлар орасида насронийликка оид ваъз ва дуолар жума куни қилинади ва ибодатлар асносида, агар мусиқага ўрин берилса, черков мусиқаси ўрнига маҳаллий мусиқалар чалинади. Бундан ташқари, мусулмонларнинг қаршилигига учрамаслик мақсадида насронийлашган янги вакилларнинг чўқинтирилишини бир муддатга кечиктира олиш, бунинг ўрнига рамзий маросим қилиш мумкинлиги маълум қилинмоқда. Ҳолбуки, чўқинтириш бир динга кириш (инсияси) маросими сифатида насронийлар учун ғоятда аҳамиятлидир. «Черков», «роҳиб» ва «папа» каби бевосита насронийликка оид атамалар ўрнига мусулмон жамиятларида «масжид», «ўқитувчи», «тарбиячи», «устоз» ва «етакчи» атамалари қўлланяпти. Дин пешволарига нисбатан эса «пастор» ва «жамоат оқсоқоли» каби унвонлар қўлланилади. Баъзи миссионерлар янги насронийлашган, бироқ эски эътиқод ва қадриятларидан ҳануз воз кечмаган кишиларни жомеларга бориб келишларига ҳам «рухсат» беришади.
Насроний бўлмаган халқлар миссионерларнинг маданиятга мослашув йўлидаги хатти-ҳаракатларини ҳақли равишда иккиюзламачилик ва сохтакорлик дея баҳолашмоқда.

2. Мулоқот-миссия услуби

Миссионерлар фақат бир-бирини таниш ва тушунишга асосланган содда мулоқотни қабул қилишмайди. Бир-бирларининг маданиятларини ва эътиқодларини бойитиш мақсадини кўзлаган суҳбатни ҳам улар оқлашмайди. Уларнинг асл мақсади — қаршисидаги кишини насронийлаштиришдир. Уларнинг фикрича, мулоқот баҳслашишни эмас, “қутқариш”ни кўзлаши керак. «Нажот-қутулиш»га эришиш эса ўз-ўзидан бўла қолмайди. Бунинг учун қаршисидаги инсонлар билан жозибали муҳитни юзага келтирадиган суҳбат қуриш лозим бўлади.

3. Ижтимоий тадбирлар услуби

Миссионерлик ишларида қулай муҳитни вужудга келтириш учун ижтимоий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. Миссионерлар насроний таълимотини бошқа инсонларга етказишда учта муҳим унсурга катта аҳамият беришади:
а) вазиятни яхши аниқлаш;
б) нозик ёндашув;
в) мақсадлар тайинли бўлиши.

Мазкур унсурларнинг амалга ошиши учун фаолият йўналтирилган халқлар билан ижобий муносабатлар ўрнатилиши муҳимдир. Бунинг учун аввало ўртоқлик ва дўстлик муҳити юзага келтирилади. «Ўртоқлик евангелизми» деб номланган услуб «янги муҳитни шакллантириш»га асосланган. Масалан, бу борада кафеларда, ёшлар давраларида, тунги клубларда, савдо ва спорт марказларида, маданият ва ижтимоий ёрдам жамғармалари сингари жойларда кишилар билан дўстлик ўрнатишга, дўстлар орттиришга ҳаракат қилинади. Дунёнингтурли бурчакларида миссионер ташкилотлар ташкил этган лагер ва саёҳатларда олдиндан аниқланиб, танланган кишилар фаол иш юритадилар. Ўртоқлик евангелизмидан мақсад — одамларга бошда асл мақсадни очиқ билдирмай, улар билан уйғун дўстлик асосларини юзага келтириш, уларни чўчитмай, яхши суҳбатдош сифатида тинглаш, маданий савиялари билан ижтимоий ва маданий илдизларини, ишончи ва маданий қадриятларга ҳурмат савияларию муаммоларини аниқлаш, шундан кейингина қулай шароитда уларга насроний таълимотини етказишдир.
Ўртоқликни шакллантиришда миссионер ташкилотлар турли муассасаларни восита сифатида қўллашлари ҳам кўрилмоқда. Оддий ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасалар, маданият уйлари, тил ўргатиш курслари, дўстлик уйлари, баъзи туризм ҳамда маслаҳат бюролари кабилар миссионерларнинг маҳаллий халқ билан ўртоқлик муносабатларини йўлга қўйишида жуда қулай келади. Миссионерлар айниқса сўнгги йилларда чет ўлкаларга турли хизмат соҳалари ишчилари ёки мутахассислари кўринишида (тўғрироғи, ниқобида — тарж.) киришмоқда. Миссионерлар шифокор, ўқитувчи, техник, ижтимоий ёрдам вакили, туризмчи ва бошқа ниқобларда турли минтақаларга келиб жойлашишяпти ва айниқса иқтисодий-ижтимоий томондан орқада қолган ўлкаларда халққа кўрсатган хизматлари орқасида миссионерлик фаолиятларига мос шарт-шароитларни яратишяпти.

4. Черковни маҳаллийлаштириш услуби

Черковларни маҳаллийлаштиришда йиғилган жамоа сонига қараб икки турдаги муассаса ташкил этилади. Мос ижтимоий ва сиёсий шарт-шароит юзага келиб, жамоа сони етарли миқдорга чиқса, расмий насроний ташкилоти очилади. Бундай жамоа маҳаллий урф-одатларга уйғун иш олиб боради.
Ижтимоий-сиёсий шароит етилмаса ва ҳали мўлжалдаги жамоа йиғилмаган бўлса, «уй черковлари» шаклидаги жамоалар ташкил этилади. Бу уйлар оддий аҳоли уйлари бўлиб, озгина безатилади холос. Миссионер бундай уйларда янги мухлислар, янги насронийлаштирилган шахсларни маълум вақтларда тўплаб, дуо қилади, таълим беради. Одатдаги черков биноларига нисбатан уй черковлари диққатни унчалик жалб қилмайди. Миссионерлар бундай жойларда яхшироқ ниқобланишади, яхшироқ фаолият юритишади. Уй черковлари аҳоли яшайдиган масканларда сотиб олинган ёки ижарага олинган ҳовли ёхуд кўп қаватли уйлардир. Бу уйлар фаол миссионерлар бошчилигида маҳаллий халқ ичидан топилган ўртоқлар ва мухлисларни ўзига оғдириш учун жуда қўл келади. Ташқаридан қараганнинг диққатини жалб қилмайдиган бу уйларда келажакда қуриладиган расмий черковларга замин тайёрланаои.
Черковни маҳаплийлаштиришда насронийлаштирилаётган маҳаллий халқ орасидан фаол миссионерлик ва раҳбарлик сифатига эга бўлганларни тарбиялаш муҳим саналади.

5. Ижтимой-сиёсий вазиятлардан фойдаланиш услуби

Миссионерлик ҳаракатларида айрим минтақаларда юзага келган вазиятларга катта аҳамият берилади. Ҳозирги кунда аввало АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари миссионерларга сиёсий кўмак беришяпти. Дунёда содир бўлаётган халқаро воқеа-ҳодисалар, турли ўлкаларга қарши сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлар миссионерлар учун ақл бовар қилмас қулай фурсатларни туҳфа этмоқда. Бу ҳолнинг машҳур мисолини 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ ва иттифоқдошларининг Ўрта Шарққа сиёсий ва ҳарбий ҳаракатларида кўриш мумкин. Демократия ва тинчлик ўрнатиш ниқоби остида кирган ғарб давлатлари Ўрта Шарққа оқиб кирган минглаб миссионерлар учун ҳимоя қалқони бўлишди.
11 сентябр воқеалари миссионерлик ҳаракатлари учун том маънода бурилиш нуқтаси бўлди. Бу воқеалардан сўнг деярли бутун дунё бўйлаб Ислом анархия, террор дини, дея «тарғиб» этилди. Ким қилгани номаълум террор ва зўровонликлар бутун мусулмонларга, уларнинг эътиқодларига ва ҳатго муқаддас Қуръони каримга нисбат берилди. Ана шундай оммавий фикрнинг тарқатилиши миссионерлар учун ўта ноёб бир фурсат бўлди.
Глобаллашув жараёнини маълум маънода ғарб давлатлари бошқариб тургани учун бутун ер юзи миссионерларга фаолият майдони дея қабул этилаётгани айтилмоқда. Бу жараёнда иқтисодий ва сиёсий кучларга суянган миссионерлик қаршисида бошқа дин ва маданиятлар таҳдид остида қолишяпти.

6. Турли воситаларни ишга солиш услуби

Миссионерлик ҳаракатларида қуйидаги алоқа воситаларидан самарали фойдаланилмоқда:
1) Ноширлик фаолияти.
Муқаддас матнларнинг маҳаллий тил ва лаҳжаларга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши миссионерлик ҳаракатининг энг бошида келмоқда. Бундан ташқари даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос китоб, рисола ва шу кабиларни етказишга катта аҳамият берилади.
2) Матбуот ва бошқа ОАВ.
«Медиа евангелизми», яъни телевидения, радио, газета ва доимий нашрлар орқали тарғибот миссионерликнинг дунё бўйлаб янада тезроқ ёйилишига сабаб бўляпти. Дунёда турли миссионер гуруҳлар назорати остида юзлаб теле, радио каналлари, кунлик ва ҳафталик газеталар, шунингдек, бошқа доимий нашрлар фаол иш юритишяпти.
3) Интернет тармоғи.
Интернет миссионерликда тобора таъсирли қўлланилмоқда. Минглаб, ҳатто ўн минглаб Интернет саҳифаларида миссионер ташкилотлари тарғибот ва ташвиқотларини амалга оширмоқда. Шу йўл билан ўзларига «ҳамтовоқ»лар қидиришяпти.
4) Кино.
Тасвирли воситалар ичида кинонинг алоҳида ўрни бор. Насронийликни тарғиб қилиш ниятида тайёрланган филм ва сериалларнинг, айниқса, учинчи дунё ўлкаларида таъсири кучли бўлмоқда. Деярли барча миссионерлар «Исо» филми каби юзлаб тил ва лаҳжаларга таржима қилинган асарларни видео кассеталар, CD ёки DVD ахборот сақлаш воситалари шаклида насроний бўлмаганларга текин тарқатиш, уларни якка ёхуд кўпчилик бўлиб кўриш «фойдали» эканини таъкидлашмоқда.
5) Саёҳат ва кўнгилхушликлар.
Айниқса, болалар ва ёшлар учун уюштирилган саёҳатлар ҳамда оромгоҳлар миссионерлик ҳаракатларида ўзига хос «натижа»лар бермоқда. Бир қарашда ижтимоий, маданий тадбир тарзида тақдим этилаётган бу саёҳат ва дам олиш дастурларидан кўзланган мақсад болалар ва ёшлар билан танишиш, уларга яқин бўлиш ҳамда насронийлик ташвиқоти учун қулай шарт-шароит юзага келтиришдир.

Шиносий Гундуз,
Истамбул университети профессори

Абдуллоҳ Мурод таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 5-6-сонларидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!