Кореяга Исломнинг кириб келиши (тарихий саналарга муҳрланган воқеалар)

Араб мусулмонларининг Корея яриморолига кириб келиши 9 асрнинг ўрталарига тўғри келади.Улар жанубий денгиз йўллари орқали Хитой ва унга чегарадош худудларга савдо қилиш учун кириб келишган. Гарчи бу даврда уларнинг Ислом дини тарғибот қилишлари ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмаган эса-да,шу даврга оид араб буюмлари Корея яриморолидан топилганлиги кўп нарсага ойдинлик киритиб турибди. 13-14 асрларга келиб, Корея яриморолига араб савдогарларининг кириб келиши фаоллашгани билан ёдда қолади.

Ҳатто Корея тарихида маданият ва санъатга хомийлиги билан мислсиз ном қолдирган Қирол Се Жонг даврида Ислом билимдонлари қирол саройига таклиф этилиб, Қуръон мутолаалари ҳам ташкил этилганлиги ҳақида ишонарли тарихий маълумотлар бор. Бу албатта Корея сохилларига қадар етиб келган араб савдогарларининг хизмарлари натижаси эди. Бу даврда Ислом маданияти Кореяни қамраб ола бошладики, бу ўша даврга доир минниатюра ва кулолчилик буюмларида ўз аксини топган. 15 асрларга келиб, Кореяда Конфутсийлик таъсири остида Ислом маданияти анча сустлашди. Бу 20 асрга қадар давом этди.Мусулмонларнинг Кореяга қайта ташрифи 1920 йилларга тўғри келди. Буларнинг деярли ҳаммаси турклар эди. Шунингдек, 50-йилларда Корея уруши даврида мамлакатда турк армияси ҳам фаолият юритди. БМТ Тинчликпарвар кучлари таркибида Корея урушида қатнашган турк зобити Имом Абдул Ғафур Қора Исмоил ўғли Кореяда Исломнинг дастлабки тарғиботчиси эди.

Вақтинчалик масжид олдидаги корейс мусулмонлари

1955.09. Ўша йили Исломни қабул қилган Ким Жин Кю ва Ким Ю Долар дастлабки мусулмон корейслар эдилар. Исломни қабул қилган корейслар хавас билан ўзларига мусулмонларга хос исмларни ҳам ўзлаштира бошладилар. Худди ўша йили “Умар” номини олган Ким Жин Кю каби дастлабки мусулмонлар “Корея Ислом Ассосиатсияси”ни ташкил этишди.

1955.10. Турк Армияси Бошқармаси хомийлигида дастлабки вақтинчалик масжид ва бошқарма идорасини қуришди. Ҳар ҳафта вақтинчалик масжидда Абдул Ғафур Қора Исмоил ўғлининг Исломга оид маърузалари ва турфа йиғинлар ташкил этила бошланди. Бу йиғинларда асосан Исломий билимлар юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилар ва бу йиғинларда турк мусулмонлари билан бир қаторда бармоқ билан санарли маҳаллий корейс мусулмонлари ҳам иштирок этишар эди.

1956.04. Вақтинчалик идора қошида ўсмирлар ва мактаб ўқувчилари учун Ислом динига оид оғзаки билимлар берадиган курслар очилди. Бу курсларда ўсмирлар учун Исломий дастлабки тушунчалар бериларди. Дастлаб бу курсларда 3 гуруҳда 80 нафар ўсмирлар таълим олишган.

1956.07. Имом Абдул Ғафур Қора Исмоил ўғлининг ўрнини Зубайр Кочи эгаллади ва Турк Армияси хомийлигида Лимундонг туманида вақтинчалик масжид очилди. Ёш бўлишига қарамасдан Зубайр Кочи имомлик вазифасини шараф билан уддалай бошлади. Айнан шу даврга келиб Ислом динини қабул қилган маҳаллий корейслар сони 208 нафардан иборат эди.

1958.04. Вақтинчалик масжид аста-секинлик била гавжумлаша бошлади. Хатто расмий раҳбарларнинг ҳам бу ерга ташрифи кузатилди. Ўша йили Туркия бош вазири вақтинчалик масжидга ташриф буюрди.

1959.11. “Умар” Ким Жин Кю ва “Сабри” Со Чонг Кил 1 йил давомида Ислом мамлакатлари (Саудия Арабистони ва Покистон)да бўлди ва Кореядаги Ислом ривожи ҳақида маърузалар қилди. 1960 йил эса Саудия Арабистонига Хаж зиёратини амалга оширган илк корейс хожилари бўлишди. Шу даврдан бошлаб Малайзия хукумати ва бу мамалакат мусулмонлари Кореялик мусулмонларга биродарлик ёрдамлари сезиларли даражада кучайганлигини таъкидлаш зарур.

1961.09. Убайдулло бошчилик қилган 14 нафар Малайзия Сенати Делегатсияси Корея Ислом Ассосиатсиясига ташриф буюрди.

1962.03. Дастлабки 11 нафар мусулмон корейс талабалари 6 ой давомида Малайзия Ислом Университетида Ислом асосларидан таълим олишди. Таълим жуда қисқа муддат давом этган бўлса-да, эътиборлиси 11 талабадан 3 нафари қиз талабалар эди.

1962.11. Малайзия бош вазири ўринбосари Абдул Раззоқ Корея Ислом Ассосиатсиясида бўлди.

1963.10. Малайзия Парламенти Корея мусулмонларига хомийлик қилиш тўғрисида қарор қилди. Ноябр ойида эса Малайзия Парламенти раиси Хожи Ноа Корея Ислом Ассосиатсиясига келди.

1963.11. Малайзия Бош вазири Абдул Раҳмон Кореяда Ислом масжиди қурилиши жамғармасига 33,000 Малайзия доллари миқдорида пул ўтказди.

Марказий Масжид очилиш маросимида қатнашган Корея собиқ бош вазири Чой Кю Ха

1964.10. Корея Ислом Ассосиатсияси Сеул шаҳри Ёнгдингпо туманида масжид қурилишини бошлади. Лекин режалар боши берк кўчага кириб қолди. Катта режалар учун маблағ камлик қилди ва қурилиш охирига етмай қолди.

1965.04. Ислом Бирлашмаси “Корея Ислом Марказий Бирлашмаси”ни ташкил этди (Мудир – “Сабри” Со Чонг Кил, ўринбосари – “Сулаймон” Ли Хва Сок).

1966.04. Корея Ислом Марказий Бирлашмаси Сеулдан икки қаватли бинони ижарага олиб идора ва вақтинчалик масжид сифатида фойдаланди.

1966.10. Покистон “Қуръон Уюшмаси” мудири профессор Сайид Муҳаммад Жамил Кореяга келди ва 40 кун давомида маърузалар қилди (Профоссор шундан кейин ҳам 6 марта Кореяда бўлган ва Кореяга Ислом маданияти кириб келишида муҳим ўрин тутган).

1967.01. Маҳаллий корейслар орасида Исломнинг кенг тарқалишида “Абдулазиз” Ким Ил Жо, “Сабри” хожи Со Чонг Кил,”Муҳаммад” Юн Ду Ёнг,”Юсуф” Юн Хёнг Гу,”Усмон” Ким Ёнг Сан каби мусулмонлар фаол иштирок этдилар. Айнан шу йили мудир “Сабри” хожи Со Чонг Кил ва “Усмон” Ким Ёнг Сон 7 ой давомида ҳар бир Ислом мамлакатида бўлди ва Кореяда Ислом масжиди бунёд этиш ҳақида музокараларда қатнашди.

1967.03. Қувайт Диний Ишлар Вазирлиги Кореяга масжид қурилиши учун 14,000 АҚШ доллари миқдорида ёрдам пулини юборди.

1967.06. Корейс мусулмонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи корейс ва инглиз тилларида “Кореа Ислам Ҳералд” журнали чоп этила бошланди.

1967.10. Вақтинчалик масжид ва идора Сеулнинг Ёнгсан Намёнгдонг туманига кўчирилди ва шу билан бирга Ассосиатсия Покистон,Миср каби мамлакатларга талабаларни ўқишга юборишни давом эттиришди.

Корея Марказий Ислом Уюшмасини ташкил этган дастлабки мусулмонлар

1970.09. Корейс мусулмонларининг доимий масжидга эга бўлиш орзулари роёбга чиқа бошлади. Корея Президенти Парк Чонг Хи Ханнам туманидан Ислом масжиди қурилиши учун ер ажратди. Бу ўша давр нуқтаи назаридан катта тарихий воқеа эди.

1970.10. Шу тариқа Намёнгдонг туманидаги идора Ханнамга кўчиб ўтди.

1971.09. Корея мусулмонлар делегатсияси Японияга ташриф буюрган саудия Арабистони қироли билан учрашди.

1973.03. Умуман олганда, шу йиллардан корейс мусулмонларининг Саудия Арабистони,Покистон,Малайзия каби мамлакатларга ташрифлари кўп кузатилди. “Сабри” Со Чонг Кил ва “Абдулазиз” Ким Ил Жо масжид қурилиш жамғармаси учун Ислом мамлакатларига ташриф буюрди.

1973.12. “Муҳаммад” Юн Ду Ёнг имом бошчилигидаги делегатсия Ислом мамлакатларида бўлди ва Ислом жамғармаси борасида музокара олиб борди.

1974.10. Сингапурдаги Саудия Арабистони консули Дато Ал Сагоб ва бошқа давлатлар раҳбарларининг хомийлигида Сеул Марказий Масжиди ва Ислом Маркази очилди.

1976.05. Бутун дунё малакатларидан 51 нафар Ислом раҳбарлари қатнашган Марказий масжид ва Ислом Маркази очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросими якунида “Ислом малакатида фаолият” мавзусидаги халқаро семинар бўлиб ўтди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки шу йилги маълумотларга қараганда Кореяда 3700 нафар корейс мусулмони бор эди.

1976.06. Сеул Марказий масжиди қошида илк марта “Араб тили” тўгараги иш бошлади.

1976.06. Сеул Марказий Масжидининг таърифи бутун жаҳонга етди. Дунёга машҳур боксчи Муҳаммад Али Сеул Марказий Масжидига ташриф буюрди.

1976.07. Корея Ислом Ассосиатсияси изланишларда тинмай давом этди. Бунинг натижаси ўлароқ Исломга оид дастлабки китоб корейс тилида чоп этилди. “Мусулмон бўлиш йўли” деб номланган бу рисола 17 саҳифадан иборат бўлиб,Кореядаги барча мусулмон ва ғайридинларга ҳам бепул тарқатилди. Бу бошланиши эди, холос.”Қуръон”нинг корейс алфавитига таржима қилиниши,”Муслим ҳафтаномаси“,”Ал-Ислам” ойлик нашрларининг пайдо бўлиши эса мантиқий давом эди.

1976.12. Бу орада нафақат Корея пойтахтида балки бошқа вилоятларда ҳам Исломий билимларга бўлган қизиқиш тобора кучая бошлади.Азалдан Кореянинг 2-пойтахти дея юритиладиган Бусанда 300 нафар корейс мусулмонлари ташаббуси билан вақтинчалик масжид очилди.

Малайзияда таҳсил олган дастлабки корейс мусулмон талабалари

1977.05. Эндиликдан кореялик мусулмонлар Ислом дини билимларини янада кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишларга қўл ура бошлашди. Бунга Ислом университетини очиш орқали эришиш мумкинлигини улар тезда англаб етишди. Кореяда Ислом университети очиш ғоясини амалга татбиқ этиш учун шу йили Қувайтнинг “Хорижий ёрдам фонди” раҳбари, бизнесмен Абдулла Али Ал-Мутва Кореяга келди ва Корея Ислом университетини барпо этиш юзасидан музокаралар олиб борди.

1977.09. Кореялик талаба мусулмонлар ҳам ўз қарашларини эркин баён эта бошладилар ва Марказий Ассоиатсия қошида Талабаларнинг Ислом уюшмаси тузилди.Муслим Талабалар Уюшмаси ҳафтада 3 мартадан йиғинлар ўтказар эди. Уюшма томонидан энг эътиборли тадбирлардан бири “Ислом Маданияти Кўргазмаси” ўзига кўплаб корейс талабаларини йиға олган.

1977.10. Бу даврга келиб мусулмон болаларга дастлабки Исломий билимларни ўқитадиган мактаб ҳам очилдики, бу Корея Ислом Ассосиатсияси тарихида муҳим ўрин тутади.

1977.11. Корейс мусулмонлари ҳар томонлама фаол бўлишга ҳаракат қилишди. Жумладан, ўсмир мусулмонлар учун илк марта “Муслим таэквондо” спорт тўгараги иш бошлади.

1978.04. “Юсуф” Юн Хёнг Гу,”Муҳаммад” Ким Му Чанглар бошчилигидаги Корея Мусулмонлар делегатсияси Ислом Университети ташкил этилиши учун Саудия Арабистонига етиб келишди. Уларнинг саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берган Саудия Арабистони хукумати корейс мусулмонларига ёрдам қўлини чўзишга ваъда берди.

1978.11. “Юсуф” Юн Хёнг Гу бошчилик қилган Корея делегатсияси Саудия Арабистонида Хаж зиёратида бўлишди.

1978.12. Кёнггидо вилояти Гвангжу шаҳрига ҳам Ислом кириб келди: дастлабки вақтинчалик масжид сифатида сабзавот иссиқхонаси (парник) дан фойдаланишди.

1979.03. Маълумки, 70-йилларда Корея аҳолисининг кўпчилик қисми иш ўринлари излаб Яқин Шарқ малакатларига кўчиб кетган. Айнан Саудия Арабистонидаги бир қанча соҳаларда ишлаётган кореялик муҳожирлар учун Саудия Арабистонилик бизнесмен Шайх Умар хомийлигида Жидда шаҳрида Ислом маркази қурилди. Марказ ўша даврда 8000 нафар кореялик муҳожир мусулмонларга хизмат қилди.

1979.03. Корея Ислом Уюшмасининг тамал тошини қўйганлардан бири “Умар” Ким Жин Кю вафот этди ва Корея тарихида илк марта корейсга жаноза ўқилиб, мусулмонча дафн бўлди .

1979.07. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Кореяга ташриф буюрди ва Корея ҳукуматига Ислом Университети қурилиши учун 30,000 АҚШ доллари миқдорида ёрдам пулини тақдим этди.

1979.09. Бошқа томондан Ливия собиқ Молия вазири Али Хеллакнинг кўмагида Бусан шаҳрида масжид қурилди.

1979.10. “Сулаймон” Ли Хва Сок ташаббуси билан 104 нафар корейс мусулмонидан иборат гуруҳ Саудия Арабистонига зиёратга юборилди.

1979.11. “Сабри” Со Чонг Кил, “Абдулазиз” Ким Ил Жо, “Абу Бакр” Ким Жонг Сунлар Ислом мамалакатларида бўлди.

1980.02. “Сулаймон” Ли Хва Сок бошчилигидаги корейс мусулмонлар делегатсияси Эрон Инқилоби 1 йиллик тантанасида иштирок этиш учун Эронга келишди.

1980.05. Корея собиқ Президенти Чой Кю Ханинг Саудия Арабистонига расмий ташрифи мобайнида Саудия Арабистони расмийлари Корея Ислом Университетига хомийлик қилишга ваъда беришди. Бу расмий доирадаги хомийлик келишуви эди.

1980.07. Корея хукумати Кёнгидо вилояти Ёнг-ин шаҳридан 430,000метр квадрат майдонни Ислом Университети қуриш учун ажратди.

1980.08. “Муҳаммад” Юн Ду Ёнг имом бошчилигидаги Корея мусулмон делегатсияси Ливияда ташкиллаштрилган Ислом конференциясида қатнашди.

1980.09. Бутун дунёдан 80 нафар мусулмон раҳбарлар қатнашган очилиш маросимида Бусан шаҳрида масжид ва Ислом университети очилди.

1981.06. Бу сафарги очилиш маросимида жаҳонданги 21 нафар мусулмон раҳбарлар Кёнгидо вилоятидаги Гвангжу шаҳрида Ислом Масжиди очилиш маросимида иштирок этишди.

Япон мустамлакаси остидаги Кореаяда яшаган турк мусулмонлари

1982.03. Корея Ислом Университети оҳcиш юзасидан Корея-Саудия Арабистони икки томонлама қўмитаси ташкил этилди.

1982.06. Сеул Марказий масжиди Ислом Марказида кореялик ва хорижлик муслимлар учун “Ҳалол” овқатланиш мажмуаси очилди. Бу ерда асосан мусулмонлар истеъмоли учун гўшт махсулотларидан тайёрланган озиқ-овқатлар тақдим этилади.

1983.04. Кёнгидо вилояти Ёнг-ин шаҳрида “Муслим Умма” конкурс ўтказилди.

1983.08. Бутунжаҳон ёш мусулмонлар бирлашмаси хомийлигида Корея,Гонконг,Тайпей,Япония каби давлатлардан маҳаллий 100 нафар мусулмон ўсмирлар учун Шарқий Осиё малакатлари Халқаро Оромгоҳи очилди.

1984.08. 1979 йилдан 1984 йилгача Ислом динини қабул қилган маҳаллий корейслар сони 3,000 нафарга етди.

1985.02. Сеул Марказий Масжиди Имоми “Муҳаммад” Юн Ду Ёнг вафот этди ва Исломий расм-русумлар асосида дафн этилди.

1985.05. Покистон Президенти Зиё ул Ҳақ Сеул Марказий Масжидига келди.

1985.06. Бангладеш президенти Сеул Марказий Масжидини зиёрат қилди.

1986.04. Кореянинг Анянг шаҳрида “Хусайн” Ю Чанг Шик христиан черкови биносини сотиб олди ва бу бинони Ислом масжидига айлантирди. Худди шу йили Кореянинг турли бурчакларида жойлашган Улсан ва Жежу шаҳарларида ҳам Ислом масжидлари барча мусулмонлар учун ўз эшикларини очди.

1986.07. Ислом Конференцияси Ташкилоти раҳбарияти Кореядаги Ислом маданияти ва таълимот ривожи юзасидан Кореяда бўлди.

1986.08. 1986 йил 20 сентябрдан 5 октябрга қадар Сеулда “Осиё ўйинлари” спорт турнири бўлиб ўтди. Шу муносабат билан малакатга келадиган мусулмон спортчи ёки томошабинлар учун Сеулда вақтинчалик масжид очилди.

1986.11. Чонжу шаҳрида “Абу Бакр ат-Сиддиқий” номли Ислом масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу маросимда Кореяда Ислом ривожи учун биринчилардан камарбаста бўлган Имом Зубайр Кочи 30 йилдан сўнг Кореяга келди ва қатнашди.

1988.05. Покистон Ислом Республикаси ҳукумати Кореяда Ислом дини ривожи учун 20,000 АҚШ доллари миқдорида ёрдам пули ажратди.

1988.09. Маълумки, 1988 йилги Олимпиада ўйинлари Сеулда бўлиб ўтган.Шу муносабат билан Сеулда вақтинчалик масжид очилди.

Абдул Ғафур Қора Исмоил ўглидан кейин имомлик қилган Зубайр Кочи

1991.08. Бутунжаҳон Ислом Иттифоқи раҳбари Абдулла Насиб Сеул Марказий Масжидини зиёрат қилди.

1993.06. Сеул Марказий ислом Масжиди қошида мадраса очилди.

1994.06. Сеул марказий Ислом Масжиди очилганлигига 18 йил тўлиши муносабати билан “Ислом,Корея ва жаҳон” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

1995.11. “Ислом ва тинчлик” мавзусида Корея Марказий масжидида Ислом семинари бўлиб ўтди.

1995.11. “Ислом ва бошқа ғоялар” мавзусида Сеул Марказий Масжидида семинар ўтказилди.

1997.08. Бутунжаҳон Ислом Иттифоқи кўмагида 20 нафар хорижлик олимлар қатнашган “Шарқий Осиёдаги Ислом,тарих ва маданият уйғунлиги” мавзусида халқаро Ислом семинари ўтказилди.

1997.08. Кореялик тадқиқотчилардан иборат Корея Ислом Тадқиқот Институти ташкил этилди.

1998.04. Корея Ислом Ассосиатсияси Кореядаги 21 давлат элчихоналари билан ҳамкорлик қўмитасини ташкил этди.

2000.03. Ар-Риёд шаҳар ҳокими шаҳзода Салмон ибн Абдулазиз Сеул Марказий Масжидини зиёрат қилди.

2000.11. Саудия Арабистони Мудофаа вазири шаҳзода Султон ибн Абдулазиз Марказий Масжидни зиёрат қилди ва мадраса қурилиши учу 300,000 АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратди.

2001.09. Хитой Ислом Уюшмаси билан ҳамкорлик битимига кўра, Хитой мусулмонлари делегатсияси 5 кун давомида Кореяга ташриф буюрди.

2001.10. Сеул Марказий масжид Ислом Маркази қошида “Султон Мадрасаси” очилди.

2002.02. Саудия Арабистони Диний Ишлар вазири Сали Абдул Азиз Сеул марказий Масжиди ва Корея Ислом Университетида бўлди.

2002.05. Хитой Пекин Мусулмонлар Маркази таклифига кўра Корея мусулмонлар уюшмаси делегатсияси Хитойга борди.

2002.06. Эндиликда Кореянинг узоқ Жежу оролига ҳам Ислом билимлари кириб борадиган бўлди: бу ерда Корея Ислом Жежу Маркази очилди.

Сеул Ислом Масжидининг ҳозирги қиёфаси

2002.11. Кореянинг Ансан шаҳрида Ислом Маркази очилди.

2003.05. Бутунжаҳон ёш мусулмонлар бирлашмаси хомийлигида муслималар учун оромгоҳ очилди.

2004.07. Қатар хукумати хомийлигида Чунгбук вилояти Чунгжу шаҳрида мусулмонлар қабристони очилди. (Майдони 3800 метр квадрат).

2005.03. Чоннам вилоятида Ислом маркази иш бошлади.

2005.07. Мачон шаҳрида Ислом Маркази очилди.

2005.10. Кореяга Ислом кириб келганлигининг 50 йиллиги муносабати билан Корея парламенти хомийлигида Согонгдонг Лотте меҳмонхонасида юбилей тантанаси бўлди.

2005.11. Почон шаҳрида “Сонгури Ислом Маркази” очилди. Умуман олганда, ҳозирда Корея Республикасида 9 та йирик Ислом масжиди ва 60 га яқин вақтинчалик масжидлар мавжуд. Турк зобитлари томонидан корейс заминига кириб келган Ислом динига айни пайтда 150,000 нафар мусулмонлар ишониб, ҳаёт кечиришмоқда.

Отабек Йўлдошев.
Мақолада Сеул Ислом Масжиди интернет саҳифасидаги маълумотлардан фойдаланилди.