Алишер Назар. Ҳиндистоний ким эди?

http://ziyouz.com/images/uz/hindistoni.jpgХХ асрнинг узлуксиз қатоғонлари не-не олиму фозилларнинг умрига зомин бўлди. Бу улуғ зотларнинг ўзлари билан бирга илмий мерослари ҳам қатоғон қилинди. Куйдирилди, кўмилди, сувларга оқизилди. Аммо бу мунаввар сиймоларнинг номини халқнинг ёдидан чиқариб ташлашнинг иложи бўлмади. Ана шундай улуғ зотлардан бири Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний ҳазратлари эди. Илм аҳли бу кишини «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» сингари номлар билан эъзозлаб тилга оладилар. Зеро, бу зот ўз даврининг забардаст олими эди.

Асли исми Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли бўлган бу аллома 1892 йилда Қўқон музофотига қарашли Ҳожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида туғилган. Унинг ота-оналари ҳам илмли, маърифатли кишилар бўлиб, фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган. Шунинг учун ҳам Муҳаммаджон ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. Дастлаб Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, кейинчалик Афғонистоннинг Балх ва Мозори Шариф шаҳарларида сабоқ олган. Сўнгра улуғ устозларининг тавсияларига биноан Ҳиндистонга сафар қилади ва Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил илм ўрганади. Унинг Ҳиндистоний тахаллусини олиши шундан бошланган. У зот ўз эсдаликларида қайд этадики: “Мен йигирма йил дунё кезиб илм ўргандим”.

Шу ўринда бир гапни айтиш керак. Сўнгги йилларда ҳар хил ялтироқ шиорларни ўзларига байроқ қилиб олган чаламуллалар, гуруҳлар, тўдалар пайдо бўлди. Сўриштириб келсангиз, бу “уламолар” ўрта мактабни базўр тамомлаганлар. Лекин бошқаларга дин номидан гапирадилар, керак бўлса фатво берадилар. Ваҳоланки, щз даврида дин номидан минбарга чиққан бизнинг уламоларимиз йигирма йиллаб илм ўрганишган. Муҳаммаджон Ҳиндистоний ёзадилар: «Мен бирор кишининг саволига жавоб берган бўлсам ёки бирор ривоятни айтган бўлсам, Парвардигор олдида масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда айтганман».

Дарҳақиқат, Муҳаммаджон домла узоқ йиллар илм ўрганиш учун хориж юртларни кезиб чиқди. Ниҳоят, домлани 1929 йил юрт соғинчи, ота-она ва қариндош-уруғ дийдори яна ватанга қайтарди. Бироқ уни ватанда маъшум тақдирнинг аччиқ синовлари кутиб турган эди. Чунки бу пайт — юртда “йилт” этган нур борки, сўндирилаётган рутубатли кунлар эди. Табиийки, Муҳаммаджон домла ҳам шўро айғоқчиларининг эътиборидан четда қолмади. Тошдай қаттиқ кунларнинг бирида уни шўро маҳкамасига олиб боришди. “Сен синфий душмансан! Руҳоний муллосан!», дейишди. Илму ирфонда беназр, жилд-жилд китобларни деярли ёддан биладиган зот кимга “синфий душман” эканини билмай ҳайрон эди. Лекин начора, Муҳаммаджон домлани бир йилга озодликдан маҳрум қилдилар.

Муҳаммаджон домла 1933 йили қамоқдан қайтгач, фитналардан йироқ бўлиш учун тез-тез яшаш жойини ўзгартириб туришга мажбур бўлди. Домла Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига қарашли Аблиғ қишлоғига кўчиб келди. Бироқ шўро соқчилари ҳамма жойда зийрак эди. “Бунақа диндор, хурофотчи одамларга бизнинг орамизда жой йўқ!” дейишиб, мавжуд партия жонкуярлари домлани қишлоқдан чиқариб юборишди. Муҳаммаджон домла таваккал қилиб Тошкент шаҳар тасарруфидаги “Оқ йўл” колхозига кўчиб келиб, кассирлик қила бошлади. Аммо бу иш ҳам узоққа чўзилмади. Домла илму салоҳияти ортидан яна тўзоққа тушди. Унга бу сафар «хорижий давлатларда ўқиган» деган айб қўйилди ва уч йилга озодликдан маҳрум қилишди. Бу сафар у Россиянинг Свердловск вилоятидаги маҳбуслар лагерида қарағай кесишга маҳкум бўлди.

Бу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Навбатдаги жазо муддатини ўтаб қайтган Муҳаммаджон домла энди урушга сафарбар этилди. У 1942 йили урушда қаттиқ жароҳатлангач, Россиянинг совуқ меҳнат лагерларидан бирига юборилди ва бу маъшум жойларда 1946 йилгача қолиб кетди.

Урушдан кейинги йилларда диний эътиқод масаласида бироз юмшоқ сиёсат бошлангандек бўлди. Унда-мунда масжидлар ҳам очилгандек эди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқариларди.

Бир куни Муҳаммаджон домла идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат қилади. У киши домланинг илму одобини обдон синовдан ўтказгач, иш юритиш учун Тожикистонга юборишини айтадилар. Муҳаммаджон домла иккиланмай рози бўлади. Домла Тожикистонга боргач, яшашга уй-жойи бўлмаганидан Мавлоно Яъқуб Чархий қабристонидаги масжидда яшай бошладилар. Аммо шум қатоғон бу ерга ҳам домлани излаб келган эди.

Муҳаммаджон домланинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўқир экансиз, беихтиёр ёқа ушлайсиз: нима, шўроларнинг бу кишини таъқиб қилишдан бошқа иши йўқмиди? Аммо ўша давр воқелигига назар ташлар экансиз, ҳа, шўроларнинг Муҳаммаджон домла ва домлага ўхшаган зотларни таъқиб этишдан-да муҳимроқ иши йўқ эди. Чунки миллатнинг уйғониши, миллий тарихнинг тилга кириши  ҳукмрон мафкуранинг сохта қиёфасини фош этиб қўйиши мумкин эди. Нима бўлса бўлсин, миллат ўз дини ва тарихини билмаса бўлди. Ана шундагина бундай халқни мутеликда ушлаб турса бўлади. Акс ҳолда… Ана шу жиҳати билан мамлакатнинг ичидаги интелектуал салоҳиятли кишилар ташқи душмандан юз чандон хатарли эди. Шунинг учун уларни мутассил қатоғон қилиб туриш керак эди.

Шундай қилиб, Муҳаммаджон домла 1949 йилда “мавжуд сиёсий тузумга қарши” деган айб билан йигирма беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу сафар уни Қозоғистондаги меҳнат лагерларидан бирига жўнатишди. Умрининг тенг ярмини илм ўрганишга сарфлаган, мумтоз адабиёт, тарих, фиқҳ ва ақида илмларида тенгсиз аллома яна инсон зоти чидаб бўлмас оғир меҳнатларга мажбур этилди. Бироқ бу сафар домла шунчаки бўйин эгмади. У Москвага тинимсиз аризалар ёзди. Натижада домланинг барча илмий, ижодий фаолияти тафтиш этилиб, тўрт йилу уч ой деганда озодликка чиқарилди.

Муҳаммаджон домла навбатдаги сургундан қайтиб Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида таржимон бўлиб ишлай бошлади. Домла ана шу бўлимда икки йил араб тилидаги китобларни форс ва ўзбек тилларига ўгириш билан машғул бўлди. Хусусан, шу йилларда у Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларини араб тилидан форс тилига, Имом Барзанжийнинг «Мавлудун набий» асарини ўзбек тилига, Имом Бусирийнинг «Қасидаи Бурда» асарини форс тилига, араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасини ўзбек тилига таржима қилди.

Бироқ тинимсиз таъқиб ва тазийқлар, меҳнат лагерларидаги оғир ҳаёт, машъум уруш балолари аста-секин ўз асоратларини намоён эта бошлаган эди. Домланинг кўзлари хиралашиб қолди. Шифокорлар у кишига мутассил китоб билан шуғулланиш зарарли деб ташхис қўйдилар. Шундан сўнг домла эндиликда тўплаган илмини бошқаларга бериш мавриди келганини англаб, бир қанча китоблар тасниф этишга муваффақ бўлди. Жумладан, домла Қуръони каримнинг маънавий таржимаси —  «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон» китобини тасниф этди. Бу муборак китоб Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддинов томонидан 2006 йилда нашрга тайёрланиб “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилди. Бобомиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас- саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Аъзамнинг «Фиқҳи акбар», Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи Мулло”, Муҳаммад Фазлул- имом Хайриободийнинг “Мирқотул-мантиқ” асарларини шарҳ қилдилар. «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилди. Айниқса, домланинг Абдулқодир Бедил ғазаллари шарҳи таҳсинга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Муҳаммаджон домланинг илмий маърузалари юзлаб магнит тасмаларига шогирдлари томонидан ёзиб олинди. Бу маъруза ва суҳбатлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, тасаввуф, адабиёт ва одоб-ахлоқ ҳақидадир.

Домла Муҳаммаджон Ҳиндистоний ҳазратларининг илму маърифатга қўшган ҳиссасидан ташқари, яна бир муҳим хизматлари бор. У киши бизнинг бугунги давримизда содир бўлаётган айрим муаммоларни бундан 25-30 йиллар аввал айтган ва бунинг олдини олишга бел боғлаган зотлардан бири эди.

Маълумки, дунё миқёсида диний терроризм, экстремизм деган атамалар ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўла бошлаган эди. Айнан шу йилларда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида бир қанча қуролли хуружлар ҳам амалга оширилди. Миср, Иордания ва Сурия сингари мамлакатларда жангари диний ғоялар билан заҳарланган гуруҳлар турли хил иддаолар билан чиқиб, бу ғалаёнлар натижасида юзлаб бегуноҳ инсонлар нобуд бўлди. Энг ёмони, бундай зарарли ғоялар муқаддас ислом дини номи билан боғланиб, бошқа мусулмон ўлкаларга ҳам “экспорт” қилина бошланди. Минг афсуски, бу ғоялар бизнинг ўлкаларга ҳам аллақачон етиб келган ва ҳатто, айрим ҳиссиётли кишиларни “тузоқ”қа тушириб ҳам бўлган эди. Мана шу хавфни вақтида сезган Муҳаммаджон домла бундай оқимларни, фирқаларни кескин қоралай бошлади. Энг муҳими, бундай оқимларнинг байроқ қилиб олган ғояларидаги фиқиҳий, ақидавий хатоларини илмий асосда фош этишга киришди. Натижада, Муҳаммаджон домлага қарши бўлган гуруҳлар пайдо бўлди. Улар домлани гоҳ ақлдан озганликда, гоҳ ҳукумат билан муросасозликда айблай бошладилар. Ҳатто улар шу даражада адабсизликка боришдики, домлани “устига Қуръон ортилган эшак” дейишди. Бутун умрини илм устида ўтказаётган алломани “жоҳил”, “кофир” дейишгача борди. Алам қиладигани шуки, Муҳаммаджон домлани бу қадар ҳақоратлаётган ва маломат қилаётган бу кимсаларнинг бари бир вақтлар домладан илм ўрганган “шогирдлар” эди.

Ўша вақтларда бу ноқобил шогирдлар домлани тинимсиз “жиҳод” қилишга ундарди. Дину диёнатни ўртага қўйиб, айрим мамлакатлардаги воқеаларни домлага ўрнак қилиб кўрсатарди. Уни Аллоҳ таолонинг энг муҳим фарзларидан бирини адо этмаётганликда айбларди. Ваҳоланки, бу ташвиқотлар сиртдан қараганда жўялироқдек кўринсада, аммо унинг замирида динни, иймонни ҳимоя қилиш эмас, аксинча, айрим гуруҳларнинг манфаатлари яширинган эди. Мақсад домланинг халқ ичидаги обру-эътиборидан, нуфузидан фойдаланиб ўз режаларини амалга ошириш эди. Муҳаммаджон домла ана шу ялтироқ чақириқларнинг ортидаги бу манфур режаларни басират кўзи билан аллақачон англаб етганди. Шунинг учун ҳам домла йўлдан озган бу “шогирдлар”нинг ақидасини тўғрилаш йўлида кўп азият чекди, маломатларга қолди.

Муҳаммаджон домла ана шундай ноқобил шогирдларидан бирига мактуб йўллаб, (бу мактуб ҳамон сақланмоқда) унда шундай ёзадилар: “Сен афғон мужоҳидларини “улар ҳақиқий жиҳод қилмоқдалар”, деб мақтайсан. Бироқ уларнинг жиҳоди — мусулмонлар масжидларининг бузилиши, намоз ўқийдиганларнинг ўлдирилиши, одамлар молларининг  ғорат қилиниши, аёллар ва болаларнинг қатл қилиниши, ғайридинлардан пул ундириш ва биродарларини ўлдиришдан иборатдир. Наҳотки шу муқаддас жиҳод бўлса? Асло унда эмас! Бу муқаддас қадамжоларни вайрон этиш ва муқаддас буюмларни йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Чунончи, Қандаҳорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эски аболари, яъни, махсус уст кийимлари  сақланарди — уни ёқиб юборишди улар! Наҳот шу муқаддас жиҳод? Ҳошо ва калло — Аллоҳ асрасин, йўқ-йўқ! Агар улар мусулмонлар бўлсалар, бу дунёда намуна бўлгулик ҳеч вақо йўқ экан!”

Ўтган асрнинг ошкоралик йилларига келиб, Марказий Осиёдаги радикал гуруҳлар фаолияти яна-да жонланиб кетди. Хориждаги айрим сиёсий гуруҳлар минтақадаги бошбошдоқликдан унумли фойдаланиб қолиш учун ҳеч нарсани аямаётган эди. Ана шундай бир вазиятда Муҳаммаджон домла тасниф этаётган китобларида, маърузаларида кишиларга “ҳар қандай муваффақият сабр ва шукр қилиш неъмати билан барқарор бўлишини” бот-бот такрорлар эди. Бундан ғазабланган тўдалар домлани “шрик”да айблаб чиқишди. Бу айбловга қарши Муҳаммаджон домла юқоридаги мактубда шундай жумлаларни ёзади: “Билгилки, биз масжидларимиз даҳрийлар масканига айланган, ошкора намоз ўқиб бўлмайдиган замонларни кўрдик. Бундан ҳатто марҳумлар ҳам азият чекишди. Чунки ҳеч ким, ҳатто имом ҳам уларга жаноза ўқий олмасди. Жаноза ўқишга журъат этган имом эртасигаёқ қамоққа олиниши мумкин эди. Эндиликда яратган Эгам одамларнинг аҳволини ўзгартирган. Ҳамма ҳадиксирамай масжидга боради, жамоат бўлиб намоз ўқийди. Бу Аллоҳнинг марҳамати эмасми? Сен эса бизнинг шу кунларга етганимиз учун “Аллоҳга шукр!” дейишимизни ҳам айбга санайсан. Сен у замонларни кўрмагансан, туғилмаган бўлсанг ҳам эҳтимол. Ва яна беҳаёлигинг ва ақлсизлигингга бориб, давлатга раҳмат айтишни, бу кунлар учун шукр қилишни “ширк” деб биласан. Сенингча, булар Аллоҳнинг марҳамати эмасми? “Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан” эканига ишонмайсанми? Шунча балоларни бошдан кечирдимки, ҳозирги куним учун Парвардигорга ҳар қанча шукр қилсам оз”.

Домланинг мазкур танбеҳларини ўқир экансиз, беихтиёр бу гаплар бизнинг давримиз учун айтиб кетилгандек туюлади. Зеро, ҳозирда ҳам билиб-билмай кимларнингдир “тегрмонига сув қуйиб” юрган кишилар йўқ эмас. Ўзларини “алломаи замон” чоғлаб, бошқаларни ёппасига куфрда, кофирликда айблаб юрганлардан ҳам кўз юмолмаймиз. Аммо бундай кимсаларга бир ҳақиқатни айтишимиз мумкин: Муҳаммаджон домлага, яъни, устозига беҳурматлик қилган, у кишини замонасига шукр қилгани учун ширкда айблаган, куч билан, қурол билан мамлакатни мусулмонободга айлантириб ташламоқчи бўлган “шогирдлар”нинг аксарияти ҳозирда йўқ. Чунки Муҳаммаджон домла уларнинг саъи-ҳаракатларини кўриб, бу ишлари ортидан яқин келажакда жувонмарг бўлишларини каромат қилган эдилар. Худди шундай бўлди. Бу аччиқ тарих ҳар биримизга ибрат бўлиши керак.

Дарҳақиқат, Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла 1989 йил 97 ёшларида оламдан кўз юмдилар. Домланинг содиқ шогирдларидан бири бу кунларни шундай эслайди: “Домла бизни бир умрга тарк этишларидан икки кун олдин айтдиларки, “Шу оқшом Мавлоно Яъқуби Чархийни туш кўрибман. Мавлоно тахти равон устида юриб, олдимга келиб дедилар: «Эй Мавлавийи Қўқандий, тахт устига чиқ, бирга гулистонга сайрга чиқамиз. Азизларим, хаёлимда у дунё сари сафар қилаётгандайман. Агар қўлларингдан келса, мани шу бузургворнинг ёнларига дафн қилинглар ва қабрим бошига мана бу рубоийни ёзиб қўйинглар:

Биродарлар, Худо учун қабримни зиёрат этинг,
Менинг ночор ҳолимга раҳмат ила назар қилинг.
Яшнаган ҳаётнинг охири надоматдир,
Худони доим эслангу ғафлатдан ҳазар қилинг.

Бу азиз зот ўзи истаганидек Мавлоно Яъқуби Чархий мозорига дафн этилдилар. Ўйлаймизки, шубҳасиз 20-асрнинг ютук алломаларидан бири бўлган Муҳаммаджон Ҳиндистоний домланинг илмий-ижодий фаолияти тадқиқотчиларимиз томонидан ҳали кўп ўрганилади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!