АҚШда Ислом: кеча ва бугун

Илк мусулмонлар

Баъзи олимларнинг таъкидлашларича, Америка қитъасига Колумбдан бир неча йиллар олдин андалусиялик мусулмонлар ташриф буюрганлар.
АҚШдаги фуқаролар урушида қаҳрамонлик кўрсатган Петр Салим ҳам мусулмонлардан эди. АҚШни мустақил республика сифатида тан олган илк давлат ҳам Марокаш Султонлиги эди (1777). 1805 йилнинг 9 декабрида президент Томас Жефферсон Оқ Уйда Тунис элчиси Саид Сулаймон шарафига ифтор уюштирган.

АҚШга мусулмонлар оқимининг дастлабки тўлқини 1820-1851 йиллар орасида етиб келган. Бу пайтда қора танли кишиларни қул сифатида Африка қитъасидан океан ортига олиб боришган.
АҚШда биринчи масжид ва исломий ташкилот 1913 йили Нью-Жерсида очилган. Масжидлар қуриш ва бошқа шунга ўхшаш ишларни мусулмонлар ўз ташаббус ва маблағлари ҳисобига амалга оширганлар.

Турк муҳожири Нью-Йоркда (1912 йил)

Турк муҳожири Нью-Йоркда (1912 йил)

Биринчи жаҳон урушидан сўнг Сурия, Фаластин, Иордания ва Ливан давлатлари аҳолиси ҳам АҚШга йўл олганлар. Улар саноатлашган штатлар марказларида ўзларининг жамоатларини ташкил этганлар.
1947-1960 йиллар орасида АҚШга келган мусулмонлар орасида Яқин Шарқ аҳолисидан ташқари Ҳиндистон, Покистон, Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқидан келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этган.
Мусулмон эмиграциясининг учинчи фасли — 1967 йилдан кейинги даврда Покистон, Араб давлатлари ва Эрондан иммигрантлар оқими АҚШга кўчиб келди. Уларнинг аксарияти, аввалгиларидан фарқ қилган ҳолда, ўқимишли ёки бирор бир ҳунар соҳиби бўлган. Учинчи давр мусулмон иммигрантларининг кўпчилиги Яман, Миср, Туркия, Марказий Осиё, Кувайт, Саудия Арабистони, Ироқ, Афғонистон фуқаролари эди.
Сўнгги йилларда дунё саҳнасида юз берган геосиёсий ўзгаришлар (араб-исроил уруши, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар) оқибатида бир қанча инсонлар ўз юртларини ташлаб океан ортини ихтиёр этишди.
2005 йили 96000 га яқин мусулмон давлатларидан келганлар АҚШ фуқаролигини олган бўлсалар, 2009 йили 115000 мусулмон Қўшма штатлар фуқароси бўлди. 1820-1997 йиллар давомида 3,3 миллион мусулмон давлатларидан келганлар “Сеҳрли диёр”га кўчиб ўтдилар.

АҚШдаги ўзбек мусулмонлари

Туркистон–Америка Ассоциациясининг президенти Абдуллоҳ Хўжанинг маълумотларига кўра, АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбеклар истиқомат қилишади. Уларнинг аксарияти бундан 30-40 йил илгари Осиё ва Европадан кўчиб ўтишган.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада маълум сабабларга кўра қолишга мажбур бўлган ўзбеклар 40-йиллар охири ва 50-йилларида Америкага келган дастлабки ўзбеклар гуруҳини ташкил қилишди. Биринчи ўзбеклар орасида кўпроқ зиёли, ўқимишли, интеллектуал қобилияти юқори кишилар бўлган. Улар асосан ўқув юртларида, университетларда ва халқаро оммавий ахборот воситалари тизимида фаолият юргизишган.
1960 йилдан бошлаб Туркиядаги ўзбеклар ҳам Америкага кўчиб ўта бошладилар ва АҚШдаги эмигрант ўзбекларнинг асосий қисмини ташкил қилишди.
1979 йили совет армияси кучлари Афғонистонга бостириб кириши оқибатида кўп ўзбеклар Афғонистондаги яшаб турган жойларини ташлаб АҚШга кўчиб ўтишларига мажбур бўлдилар.

Нью-Йоркда Ўзбекистон Мустақиллиги тантаналари (1991 йил)

Нью-Йоркда Ўзбекистон Мустақиллиги тантаналари (1991 йил)

Ўзбекистон 1991 йили мустақилликка эришганидан сўнг АҚШга ўзбекларнинг кўчиб ўтиши анча енгиллашди. Грин Кард лотереяси бўйича 1992 йилдан бошлаб ҳар йили минглаб оилалар АҚШда яшаб, ишлаш учун кўчмоқда.
Ўзбекистондан 2007 йили 910 киши Грин Кард асосида виза олган бўлса, бу рақам 2008 йили 2100 га, 2009 йили 2200 га, 2010 йили 3200 га, 2011 йили 3079 га етган.

11 сентябрдан сўнг…

Оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган нохолис информациялар туфайли АҚШ мусулмонлари учун 11 сентябр воқеаларидан кейинги давр осон кечмади. Воқеалар ортида Усама бин Лодин ва “Ал-Қоида” гуруҳи турганлиги эълон қилингач, шу пайтгача Ислом дини ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлмаган АҚШ оммасида турли хил норозилик, айрим ҳолларда экстремистик кайфият туғилди. АҚШ адлия департаменти маълумотларига кўра, 11 сентябр воқеаларидан сўнг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдан келган мусулмонларга нисбатан 20 марта дискриминация ва зўравонлик ҳолатлари қайд этилган.
Ҳозиргача АҚШдаги бошқа дин ва миллат вакиллари Ислом дини ҳақида кам маълумот билишади. Гарчи бу борада мусулмон ташкилотлари ва алоҳида диндорлар томонидан қатор тадбирлар — учрашувлар, диний бағрикенглик кечалари ва бошқа йиғинлар уюштирилаётган бўлса-да, исломга қарши қарашлар баъзида учраб туради.
11 сентябр воқеаларидан сўнг аҳолининг Исломга қизиқиши ортди. Терроризм иллатининг муқаддас Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқлигига тушуниб етган минглаб америкаликлар мусулмонликни ихтиёр этмоқдалар. Биргина 2005 йилнинг ўзида АҚШда 20000 дан ортиқ фуқаро Ислом динини қабул қилди. Бу рақам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
2010 йили айнан 11 сентябр терактлари амалга оширилган жойда «Ground Zero» масжидининг қурилиши режаси кўпчиликда норозилик уйғотган бўлса-да, президент  Барак Обама қўллаб-қувватлови ва Нью-Йорк шаҳри ҳокимлиги рухсати билан жомеъ масжиди ва исломий марказ қурилиши бошланди.

Капитолий биноси олдида Жума намози адо этилмоқда (2010 йил)

Капитолий биноси олдида Жума намози адо этилмоқда (2010 йил)

Ҳар йили рамазон ойида Оқ Уйда мусулмонлар учун катта ифторлик ўтказилиб, унда мамлакат президенти ҳам иштирок этади. 2010 йилнинг 25 сентябр ва 15 октябрида Оқ Уйдаги Америка президентлари қасамёд қиладиган яшил майдонда жума намози адо этилди.

Америка мусулмонлари сони қанча?

АҚШ мусулмонларининг аниқ сони ҳақида расмий ахборот мавжуд эмас. Қўшма штатлар қонунчилигига кўра, ҳар 10 йилда ўтказиладиган аҳоли рўйхатида фуқароларнинг диний мансублиги қайд этилмайди.
The American Religious Identification Survey томонидан 2001 йили Нью-Йорк университети билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотларга кўра, АҚШда мусулмонлар сони 1,8 миллион, Чикаго университети экспертларига кўра, 2,8 миллион, Хартфорд университети экспертларига кўра 2 миллион,  деб баҳоланган. 2010 йили Pew Research Center ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ мусулмонлари сони 2,6 миллиондир (умумий аҳолининг 0,8 %и).  
Британика қомуси Йил китобида ёзилишича, 2005 йил ўрталарида АҚШ мусулмонлари 4,7 миллион (умумий аҳолининг 1,5 %и) эди. Уларнинг 1,7 миллиони нафари Африкадан келиб қолган мусулмонлардан иборат. АҚШда 1990-1995 йиллар орасида ҳар йили келиб чиқиши африкалик бўлган фуқароларнинг ўртача 17 500 нафари Исломни қабул қилган.

АҚШ мусулмонларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти (2010 йил)

АҚШ мусулмонларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти (2010 йил)

Америка-Ислом алоқалари Кенгаши (The Council on American-Islamic Relations (CAIR)нинг ҳисоб-китобларига қараганда, мамлакатда яшовчи мусулмонлар сони 7 миллиондан (умумий аҳолининг 2,1 %и) кам эмас. Америка Олий Ислом Кенгаши (Islamic Supreme Council of America) маълумотларига кўра АҚШда 15 миллионга яқин мусулмонлар истиқомат қилади.
АҚШ давлат департаменти маълумотларига кўра мусулмонларининг этноҳудудий келиб чиқиши бўйича 26% — араблар, 34,% — жанубий осиёликлар, 25,% — афро-америкаликлар, 15% — бошқа миллатлардир.
Ислом АҚШда энг ривожланаётган диндир. Кентукки университети профессори  Ихсан Багби 2001 йили ўтказган тадқиқотларга кўра, Исломни қабул қилаётганларнинг 64%ини  афро-америкаликлар, 27%ини оқ танлилар, 6%ини испанлар, 3%ини бошқа миллат вакиллари ташкил этмоқда.

Америка масжидлари

Америка-Ислом алоқалари Кенгашининг ҳисоб-китобларига қараганда, АҚШда 2000 йилда масжидлар сони 1209 та, 2010 йилда 1897 та бўлган бўлса, 2011 йили уларнинг сони 2106 тага етган. Масжидлар энг кўп жойлашган ҳудудлар бўйича Нью-Йорк штати етакчилик қилмоқда. Ушбу штатда 257 та масжид ўрин олган. Калифорния штатида 246 та, Техасда 166 та, Флоридада 118 та, Иллинойсда 109 та, Нью-Джерсида 109 та масжид мавжуд. Шунингдек мамлакатда 550 дан ортиқ мусулмон мактаблари фаолият юритмоқда.
АҚШ мусулмонлари суннийликнинг 4 мазҳабига, шунингдек шиа мазҳабига кўра ибодат қиладилар. Бемазҳаблари ҳам бор.

Америка Ислом маркази, Дирбон, Мичиган

Америка Ислом маркази, Дирбон, Мичиган

Америкалик машҳур мусулмонлар

Бизнес аҳлидан: Муҳаммад ал-Ариан (PIMCO компанияси бош ижрочи директори), Фуад ал-Ҳибри (Emergent BioSolutions бош директори), Жовид Карим (Youtube муассисларидан бири), Шаҳид Хон (Жексонвил Ягуарс (NFL) ва Англия пример-лигасининг Фулхем жамоалари эгаси).
Cанъат аҳлидан: Мустафо Аққод («Рисолат» ва «Саҳро арслони» фильмлари режиссёри), Азиз Ансорий (актёр), Akon (реппер), Меҳмет Оз (доктор ва телеюлдуз), Жермейн Жексон (хонанда ва бастакор).
Cиёсат аҳлидан: Андре Карсон (конгрессмен), Роберт Кран (сиёсат бўйича маслаҳатчи (собиқ), Жек Эллис (Мекон шаҳри собиқ мэри), Китт Эллисон (биринчи мусулмон конгрессмен), Malcolm X (ҳуқуқ ҳимоячиси).
Илм аҳлидан: Фазлур Хон (қурувчи-муҳандис, Сирс Тауэр, Жон Хэнкок марказларини лойиҳалаган), Аюб Умайя (машҳур нейрохирург), Аҳмад Завайл (1999 йили кимё бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган), А.Лутфий Зода (машҳур математик, Калифорния университети фахрий профессори), Ҳамза Юсуф (америкалик ислом олими).

Боксчи Муҳаммад Алининг Исломдан аввалги исми Касиус Клей эди

Боксчи Муҳаммад Алининг Исломдан аввалги исми Касиус Клей эди

Спорт аҳлидан: Муҳаммад Али (бокс тарихидаги энг машҳур спортчи), Бернард Хопкинс (бокс бўйича ўрта ва ярим-оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони), Хасим Раҳмон (бокс бўйича супер оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони), Майк Тайсон (бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони), Карим Абдулжаббор (машҳур баскетболчи), Рашид Уоллес (машҳур баскетболчи).
Қалам аҳлидан: Пай Сянь Чон (ёзувчи), Стивен Шварц (журналист), Майкл Вулф (журналист), Фарид Закария (CNN шарҳловчиси).

Бугунги мусулмонлар

Ҳозирда мусулмонлар Америка жамиятининг ажралмас бўлаги сифатида турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакат тараққиётига хизмат қилмоқдалар.
АҚШда мусулмонлар умумжамиятдан кўра тўқроқ ҳаёт кечирадилар. Жанубий Осиёдан келган муҳожирларнинг аксарияти яхши таълим олган, саноатнинг даромадли соҳаларида меҳнат қиладилар. Уларнинг даромадлари оддий америкаликларникидан анча кўп. Улар орасида врачлар, олимлар, муҳандислар ва тадбиркорлар талайгина. Асли покистонлик 15000 дан ортиқ врачлар, 1000 дан ортиқ миллионерлар мавжуд.
АҚШ мусулмонларининг 45 %и йилига 50000$ даромад қилса, 19 %ининг даромади  100000$ дан ошади.

Нью-Жерсида ифторлик маросими

Нью-Жерсида ифторлик маросими

2005 йил 30 май ҳолатига кўра, АҚШ Қуролли кучларида 15000 дан ортиқ мусулмон хизмат қилмоқда. Форс кўрфазидаги биринчи урушдан сўнг 3000 дан ортиқ америкалик ҳарбийлар Исломни қабул қилганлар. 1992 йилдан АҚШ ҳарбий кучларидаги мусулмон мураббийлар яримой тасвиридаги ўз белгиларига эга бўлдилар.
АҚШ ҳибсхоналаридаги эътиқод эркинлиги, оммавий ибодатларга рухсат берилганлиги сабаб ҳар йили 135000 маҳбус Исломни ихтиёр этмоқда.
Кейинги йилларда ахборот технологиялари, муҳандислик, таълим, медицина, ҳуқуқ, бизнес соҳасида ишловчи мусулмонлар сафи кенгаймоқда.

Давронбек Тожиалиев