Парранда сути

Кўпчилигимиз «қуш сути» деганда, тухум кўпиртириб тайёрланган кондитер пишириқни тушунамиз. Ҳолбуки, табиатда кўчма маънода эмас, ўз маъносида ҳам қуш сути мавжуд. Паррандалар орасида полапонини сут билан боқадиганлари ҳам кўп. Айрим қушларнинг ҳазм қилиш тизими текширилганда, жиғилдонларида сутга ўхшаш суюқлик ишлаб чиқариш жараёни кузатилган.

Кейинги текширувлар курк бўлган қуш жиғилдонида олти кундан сўнг эпетилиал ҳужайралар кўпая бошлашини кўрсатди. Натижада ўн олтинчи кундан эътиборан қуш жиғиддонида сут ишлаб чиқарила бошланган. Сут секретсияси полапонлар тухумдан чиққач, яна 15 кунча давом этади. Бу муддат давомида полапонлар ана шу сут билан озиқланадилар. Қушларда сут ажралиш жараёни қуйидаги шаклда рўй беради. Миядан узатилган сигнал натижасида гипофиз бези пролактин гормонини ишлаб чиқаради. Пролактин гормони эса жиғилдон эпителиал ҳужайраларига таъсир кўрсатади. Натижада жиғилдондаги эпителиал ҳужайралар йиғилган юпқа қаватли «қопча»ларда сут тўпланиб қизилўнгачнинг юқори қисмидан ажралиб чиқади. Она қуш бу сутни боласига жиғилдонидан қусиб беради. Тадқиқотлар пролактин гормони мушак ичига ва тери остига юборилганда ҳам сут ажралишини кўрсатди. Жиғилдон қушларга маълум бир вақтларда, айниқса хавф-хатар пайтларида очликдан сақланиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Жиғилдон асосан каптар ва баъзи ов қилинадиган қушларда яхши ривожланган бўлади.

Парранда сути инсонларга унчалик асқотмаса-да, полапон учун ниҳоятда сермаҳсул озуқа саналади. Парранда сути билан озиқланган полапонлар дастлабки 20 кунда бошқа қушларнинг полапонларига нисбатан тезроқ улғайиши қайд этилган. Қуш сути озуқасига қўшиб бериб ўтказилган тажрибада жўжаларнинг бошқаларга нисбатан 16 фоиз оғир келганлари кузатилган.

Хорижий адабиётларда Пигеонъс Милк (каптар сути) ва Cроп Милк (жиғилдон сути) деб юритиладиган парранда сути тузилиши жиҳатидан бироз қуюқроқ бўлиб сут эмизувчи ҳайвонлар сутига ўхшамайди. Шунга қарамай, озуқавий моддаларга жуда бой ҳисобланади. Таркиби жиҳатидан ҳар хил сутлар орасида минерал, оқсил миқдори бўйича биринчи, ёғ миқдори бўйича эса иккинчи ўринда туради.

Қизиқ томони шундаки, қушнинг модаси ҳам, нари ҳам сут ажратиш хусусиятига эга. Полапонини илк кунларда сут билан боқадиган қушлар сирасига каптар, мусича, қумри, фламинго ва пингвин киради.

Фламингонинг сутида ёғ миқдори каптарникидан кўпроқ, аммо оқсил миқдори камроқ. Чунки унда сут ажралиш жиғилдон билан чекланмаган бўлиб, узун ошқозон-ичак тракти бўйлаб жойлашган безлардан ҳам ажралади. Микроскоп остида текширилганда фламинго сути таркибида кўп миқдорда оқ ва қизил қон таначалари борлиги аниқланган. Фламинго бу сут билан боласини роса икки ой, яъни полапондаги махсус озуқани ғалвирловчи аъзо тўлиқ ривожлангунга қадар боқади.

Пингвинлар ҳам баъзи шароитларда болаларини сут билан боқишади. Маълумки, пингвиннинг нари ягона тухумни икки ой оёғи орасида олиб юради. Модаси эса бу муддат ичида озиқланиш учун денгизда сузади. Пингвин боласи тухумдан чиққач, онаси бир неча кун кечиккан тақдирда, отасининг қизилўнгачидан ажралган сути билан озиқланади.

Юқорида айтиб ўтилган турли хил тузилиш ва яшаш шароитига эга уч тоифа парранда полапонларининг улғайиши учун ёғ, оқсил ва минерал жуда зарур. Бу полапонларга энг қийин пайтда (масалан, фламинголарда озуқа филтри ривожланмаган, пингвинларда эса онаси кечиккан пайтда) кутилмаган жойдан (яъни жиғилдон ёки қизилўнгачдан) сут ажралишини, наслнинг давом этиши учун кўрсатилган ўзига хос илоҳий меҳр ва мурувват намунаси сифатида баҳолаш мумкин.

Нуруллоҳ Содиқов