Ҳаётбаҳш «шарбат»

Инсон танасида кечаю-кундуз оқиб турувчи қон чиндан ҳам жон каби азиз неъматдир. Қадимдан унинг ўзига хос сирли хусусиятларини кишилар турлича талқин қилганлар, жумладан, тириклик белгиси деб, ҳайвон сўйиб, қон чиқариш, «қурбонлик қилиш» йўли билан эса ҳар хил фалокатларнинг олдини олиш мумкин, деб ўйлашган.

Урушда ёки овда яраланиш туфайли кўп қон йўқотиш натижасида ўлимнинг юзага келиши эса кишилар онгида «ҳаётий куч ва жон манбаи», деган тасаввурнинг пайдо бўлишига олиб келган. Ўтмишда табиблар қон инсоннинг ҳаётий қобилиятини оширади, деган мақсадда кексаларда ва руҳий касалликларни даволашда йндан фойдаланишган. Австралиянинг баъзи қабилалари орасида эса беморни қон ичириб даволаш усули кенг тарқалган экан. Ўрта асрларда яшаган венгер графиняси Батория олтин ваннани ёш, навқирон йигит-қизларнинг қони билан тўлдириб чўмилишдек шафқатсиз усул орқали ўз куч-қувватини тиклашга интилган. Маршал Жюл де Левал «абадий ёшлик» элексирини тайёрлаш учун бола ва аёллардан бир қанчасини ўлдирганида, бу ғаразли нияти аҳоли ўртасида қаҳру ғазабга учраб, қатл қилинганди.

Қоннинг инсон саломатлигидаги ўрнини Ибн Сино жуда яхши билганлигини юқоридаги мисрадан англаш қийин эмас. Ғарб эса илк бор 1628 йили инглиз олими Вилям Гарвей бундай тадқиқотга қўл урди. У қон айланиш системасининг кашф этилиши, яъни, қоннинг юракдан чиқиб, артерия қон томирлари бўйлаб ҳаракат қилиши, сўнгра вена қон томирларига ўтишини исботлагандан сўнг унинг ўзига хос сирларини бошқача жиҳатдан кенг ўрганиш даври бошланди.

Қон — алоҳида суюқ тўқима бўлиб, бу тўқима томирларда доимий ҳаракатланади. Қоннинг суюқ қисми плазма (55 фоиз) ва ҳужайрали қисми қон таначалари (45 фоиз)дан иборат. Қон плазмасининг 90 фоизи сувдир. У витаминлар, фермент­лар, тузлар ва моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотларидан ташкил топади. Қоннинг шаклий элементлари тиббиётда эритротсит, лейкотсит ва тромботсит деб аталади.

Ҳаётбахш суюқлик киши организмида хилма-хил вазифаларни бажаради. У ҳужайраларга кислород етказиб беради ва карбонат ангидрид газини олиб кетади, нафас, сув-туз алмашинуви, кислота-ишқор мувозанатида иштирок этади. Қон организмни зарарли моддалар ва ёт жисмлардан ҳимоя қилади, инсоннинг тана ҳароратини доимо бир меъёрда сақлашда у муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар биримиз тана вазнининг ўн учдан бир қисмига тўғри келадиган миқдордаги қонга эгамиз. Эркакларда ўртача 5,5 литр, аёлларда эса 4,5 литр қон бор. Қоннинг ранги ундаги оксигемоглобин миқдорига боғлиқ бўлиб, артериал қон оч қизил, веноз қон эса тўқ қизил рангдадир.

Эритротситларни оддий тилда қизил таначалар, деб аташади, сабаби улар қонга қизил ранг бериб туради. Чақалоқларда эритротситлар миқдори кўпроқ, катталарда камроқ. Аёлларда эритротситлар сони ҳайз кўриш сабабли ўзгариб туради. Кўп сув ичиш қондаги эритротситларни камроқ суюлтиради, ҳаддан ташқари кўп терлаш, шунингдек, сувсираш қоннинг қуюқлашишига ва 1 мм. куб қондаги эритротситлар сонининг ортишига олиб келади.

Гемоглобин нормадаги эритротситлар таркибининг 95 фоизга яқинини эгаллайди. Унинг миқдори касбга алоқадор шароитлар, овқатланиш, метереологик омилларга қараб ўзгариб туради. Масалан, тоғликларда гемоглобин миқдори текисликда яшовчи аҳолига қараганда юқорироқ юради. Соғлом кишининг 1 мм. куб қонида 4,5 — 5,5 млн. та эритротсит оқади. Улар 120 кунга қадар яшайди.

Буюк гематолог академик И.А.Кассирский эритротситлар тўғрисида: «Танадаги доимий хизматда юрган эритротситлар 25 триллионни ташкил қилади. Ҳар куни нобуд бўлганлари ўрнига қон ҳосил қилувчи тўқима томонидан янги 300 миллиард эритротсит етиштириб берилади. Киши танасидаги эритротситлардан ясалган устун эса 62 000 километрга етади», — дея таъриф беради.

Лейкотситлар эса ядроли ҳужайралардир. Уларнинг оқ қон таначалари деб аталишига сабаб, рангсиз бўлиб кўринади. Оқ қон таначаларининг 1 мм. куб қонда 4 — 9 минг тага тенглиги меъёрий ҳол ҳисобланади.

Лейкотситлар сони физиологик шароитда ўзгариб туриши мумкин. Масалан, овқат ейилгандан кейин ёки жисмоний иш бажарилганда, улар сони анча ортади. Лейкотситлар — инсон танасининг ўзига хос «митти пос­бонлари» бўлиб, фаол ҳаракат қилиши, қон томирларидан тўқималарга ўтиш қобилиятига эгалиги туфайли организмдаги турли микроб ва ёт моддаларни ютиб, ҳазм қилиб туради. Тиббиёт амалиётида ҳар бир кишининг қон гуруҳи аниқланади. Ирқи, жинси, миллати, яшаш ҳудуди ва ёшидан қатъи назар, ҳар бир кишининг қон гуруҳи унинг индивидуал биологик хусусияти ҳисобланади, бу хусусият она қорнидаги ривожланиш давридаёқ шакллана бошлайди ва бутун ҳаёти давомида ўзгармайди.

Олимлар касалликларнинг келиб чиқиши қон гуруҳлари билан боғлиқлигини ҳам ўрганишган. Улар биринчи гуруҳга мансуб кишиларда кўпроқ ошқозон-ичак, бронхиал астма, иккинчи, учинчи, тўртинчи гуруҳли кишиларда эса кўпроқ қандли диабет, юрак-қон томири ва ўсма касалликлари учрашини аниқлашган. Япон олимлари ҳаттоки қон гуруҳига қараб кишилар феъл-атворини билиш мумкинлигини айтадилар. Бунга кўра, ҳаётда қатъий ва садоқатли кишилар биринчи гуруҳга мансубдирлар. Изтиробга кўпроқ берилувчилар эса иккинчи гуруҳга киришар экан. Кейингилар эса ижодкор, изланувчан, орзумандлиги билан ажралиб турувчи кишилардир.

Инсон ҳаётида қон тизими касалликларига чалиниш эҳтимоли ҳам учраб туради. Бунинг сабаблари турли-туман бўлиши мумкин. Чунончи, анемия, яъни камқонлик ҳолатида қизил қон таначалари ёки улардаги гемоглобин миқдорининг камайиши тушунилади. Камқонликнинг келиб чиқишига ўткир ва сурункали қон йўқотишлар, темир ва витаминлар етишмовчилиги, ошқозон-ичак тизими, буйрак, нурланиш, ўсма касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Барча турдаги камқонликнинг умумий аломатлари тери рангининг оқариб кетиши, дармонсизлик, тез чарчаш, бош оғриғи, бош айланиши, кўз олдининг қоронғилашуви, ҳансираш, юракнинг тез уриб кетишида кузатилади.

Ҳатто бу ҳақда буюк ҳаким Абу Али ибн Синонинг шундай сатрлари бор:

Ғолиб келар хилтлар аро чун қон агар,
Уйқу ҳамда бош оғриғи ҳаддан ошар.
Томир йўғон, қизғиш бўлур аксар вақти,
Четга чиқур билсанг тафаккур қуввати.
Оғир сезур бош ўзини, севги заиф,
Ланжлик бўлур, ҳаддан нари тафти ошиб.
Курак суяк вазмин эрур, кўп эсноғи,
Аксарият оғирлашур қўл-оёғи…

Қоннинг турли хусусиятларини ўрганган олимлар унинг ҳаётбахш хоссасини ҳам кашф этишди, яъни, турли сабабларга кўра камқонликка дучор бўлган кишига қон қуйиш бемор ҳаётини тиклашга, унинг соғайишига замин яратади. Биринчи бор 1667 йили Франтсияда бемор венасига қон қуйиш ўтказилган. 1819 йилда инглиз шифокори Бландел одамдан одамга қон қуйган. Россияда эса 1832 йили акушер Г.Фолф томонидан туғруқ пайтида кўп қон йўқотган аёлга унинг эридан олинган қон қуйилган.

Ҳозирги пайтда деярли барча йирик жарроҳлик операциялари қон ёки қон ўрнини босадиган суюқликлар қуйилмасдан бажарилмайди. Қуйилган қон бемор жароҳат олганда, яраланганда, оператив муолажа олган пайтида йўқотган қоннинг ўрнини қоплайди, қон ва унинг ўрнини босадиган суюқликлар организмни озиқлантиради, беморнинг инфектсияларга қарши курашишини енгиллаштиради, қувватини оширади, қон босими, моддалар алмашинуви, нафас олиш функтсиясини нормаллаштиради.

Беморга ҳаёт бахш этувчи бу неъматнинг қирралари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Танада ўз вазифасини бекаму кўст адо этадиган суюқлик инсон саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга. Қони тоза, танаси соғлом, қалби инсоний хислатга тўлиқ кишилар операция столига ётқизилган ёхуд автомобил ҳалокатига учраган, умуман, қонга эҳтиёж сезган мушкул аҳволдаги яқинига ёки етти ёт бегонага ҳам донорлик қилишади. Уларга шифохона томонидан тегишли миқдорда пул тўланади. Мўъжизакор хислатга эга «шарбат» — қон ҳар бир инсонга умри давомида рисоладагидек хизмат қилсин.

Шоира Қодирова,
Тошкент тиббиёт академияси катта ўқитувчиси
“Маърифат” газетасидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!