Зуҳра Мамадалиева. Мунда рамзедур дақиқ…

(“Сабъаи сайёр” достонидаги ҳикоятлар ва “Лисон ут-тайр”даги водийлар образлари орасидаги боғлиқлик)

Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” асари “Хамса” таркибига кирувчи учинчи достон бўлиб, 1484 йилда ёзиб тугатилган. Навоий унинг муқадимасида бир куни тушида етти ғаройиб гумбазни кўрганлигини, унинг ҳар бири ўзгача бир рангда жилоланишини, уларнинг ичидаги сайёҳлар шоирга биттадан ҳикоят айтишганини тасвирлайди.

Тушининг таъбирини айтган муаббир эса энди ҳикоятлар тасвирланган шундай асар ёзиши кераклигини, бу унинг қисмати эканлигини айтади. Тушида ҳам бир пир унга шундай ишора қилган эди. Асар сўнгида ҳам Навоий ўз достонининг яратилиши ҳақида

Лутф бу назм аро бағоятдур,
Ғараз амо етти ҳикоятдур.

дейди[1].

Муаллифнинг достон ҳақидаги ўз фикри (автоинтерпретация)дан фойдаланган ҳолда биз достоннинг ўзаги етти сайёра ҳақидаги қарашлар ва ундаги ҳикоятлар деб ҳисобладик ва ушбу мақолада ҳикоятларнинг асл маъносини ўрганишга ҳамда уларнинг достоннинг ўзагига қандай алоқаси борлиги ҳақида тўхталишга жазм этдик. Профессор С.Ҳасанов ҳам ўзининг “Навоийнинг етти туҳфаси” китобида шунга яқин фикр билдирган эди[2].

Нега айнан етти сайёра? Гап шундаки,  бу рақам сеҳрли рақамларнинг энг машҳури бўлиб, айниқса Шарқда жуда эъзозланган. “Етти” рақамининг келиб чиқиши ва сайёралар билан боғланиши ҳақида маълумот берар экан, С.Ҳасанов Бобилнинг жанубида яшаган шумерларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ ҳолда деб тушунтиради.[3] Зоир Зиётов “Шумерлар ва Турон қавмлари” китобида шумерлар аслида Ўрта Осиё халқларининг аждодлари деган фикрни ўртага ташлайди.[4] Бу халқнинг ижодиёти намунаси ҳисобланмиш “Билгамиш” достонида еттилик аҳамиятли образлардан саналади. Жумладан, “Шумерларнниг эпик поэзиясида муҳаббат илоҳаси Инанна Ер ости оламига етти дарвоза олдидан ўтади, диний ибодатхонадаги коҳинлар етти даражага бўлинишади ва ҳоказо. Бу даврда ҳали Бобилнинг кучли маданияти, унинг машҳур етти сайёра – етти асосий илоҳ ғояси шаклланмаган эди. Шумерлар диний қарашларида эр-хотин Осмон, Ер тангрилари, ой илоҳи Син ва муҳаббат илоҳаси Инанна асосий ўрин тутган.

Шумерларнинг маданиятини ўзлаштириб, ривожлантирган Бобил тамаддунида астрономия ҳам асосий ўрин эгаллаб, ер атрофидаги етти сайёра (ўша даврдаги тасаввур бўйича) олам ва инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи етти илоҳ деб қабул қилинди. Еттиликка асосланган ҳафта кунлари шаклланди. Етти илоҳнинг ҳар бири муайян кунларнинг ҳомийси деб белгиланди.

Бу ҳолатни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Илоҳлар

Сайёрлар

Ҳафта кунлари

Шамаш

Қуёш

Якшанба

Син

Ой

Душанба

Нергал

Миррих (Марс)

Сешанба

Набу

Аторуд (Меркурий)

Чоршанба

Мардук

Муштарий (Юпитер)

Пайшанба

Иштар

Зуҳра (Венера)

Жума

Ниниб

Зуҳал (Сатурн)

Шанба

Ислом динининг яккахудочилик ғояси – Тавҳид таъсирида Мусулмон Шарқи тасаввурларида олам мувозанати масаласида еттилик гармонияси диний-илоҳий аҳамиятини пасайтирди. Бобил диний қарашлари ва маданияти орқали ўзлашган қаҳрамонлар энди илоҳлар эмас, шунчаки сайёралар сифатида талқин қилина бошланди.  Бироқ бу гармония Шарқ халқлари онгига шунчалик сингиб улгурган эдики, уни халқ тафаккури ва истеъмолидан бутунлай чиқариб ташлашнинг иложи бўлмади. Натижада етти сайёра ҳафтанинг етти кунига, етти иқлимга ва кишилар онгига таъсир ўтказиши, ҳомийлик қилиши, хосиятли ёки хосиятсиз эканлиги ва ҳоказолар ҳақидаги қарашлар Мусулмон Шарқи астрологиясида ҳам сақланиб қолди. Гарчи энди улар маъбудлар тугул, илоҳий кучга мустақил эга фаришталар даражасида бўлмасалар ҳам, меърожномаларда тасвирланишича, ислом пайғамбарининг рикобини ўпиб, унинг қадами етганидан фахрга тўлсалар ҳам, яшаб қолдилар. [5]

Сайёралар

Тегишли осмон қавати

Ҳосиятли ёки ҳосиятсиз эканлиги

Ҳомийлик қиладиган кун

Вазифаси

Зуҳал

Кайвон,

Сатурн

еттинчи

Наҳси акбар (хосиятсиз кичик сайёра)

душанба

Само ҳиндуси, қора рангли сайёра

Муштарий

Биржис

Юпетир

олтинчи

Саъди акбар (хосиятли катта сайёра)

сешанба

Само қозиси, минбар эгаси, фиқиҳлар ҳомийси

Миррих (Баҳром)

бешинчи

Нахси асғар(хосиятсиз катта сайёра)

чоршанба

Уруш ва жангу жадал ҳомийси, жаҳлдор эркак сифатида тасаввур қилинган

Қуёш

тўртинчи

пайшанба

Шоҳи анжум (Юлдузлар шоҳи)

Зуҳра Ноҳид Чўлпон

учинчи

Саъди асғар (хосиятли кичик сайёра)

жума

Гўзаллик ва мусиқа ҳомийси. Само мутриби, чанг ва даф чалувчи. Гўзал қиз сифатида тасаввур қилинган

Уторуд

Аторуд

иккинчи

Само котиби, ёзувчилар ҳомийси

шанба

Котиб ва ижодкорлар ҳомийси, само котиби

Ой

биринчи

 

якшанба

 

Ушбу тартиб Навоий “Хамса”сининг ҳар бир достонидаги “Меърожнома”да жузъий ўзгаришлар билан куйланади. Бу меърожномалар аксарият Шарқ меърожномалари каби биринчи осмон “эга”си Ой билан бошланиб, еттинчи осмон “соҳиб”и Зуҳал билан якунланади. Ҳатто “Сабъаи сайёр”даги меърожномада ҳам бунга амал қилинади. Лекин “Сабъаи сайёр”даги асосий ҳикоятда Навоий бу тартибга эмас, ҳамсанавис салафларининг тартибига амал қилади.

Шу тариқа айтиш мумкинки, мумтоз адабиётнинг ажралмас қисми бўлмиш тасаввуф адабиётида ҳам “етти” рақами рамзий маънога эга деб қабул қилинди. Тасаввуфда “етти мақом”, “етти ҳол”  каби атамаларга мувофиқ равишда  “етти иқлим”, “етти сайёра”, “етти олам” каби рамзий тимсоллар пайдо бўла бошлаган. Тасаввуфнинг аввалги босқичларида тўртга бўлиб таснифланган нафс мартабаларини нақшбандийлар еттита деб белгиладилар. Улар қуйидагилардир: нафси аммора, нафси лаввома, нафси мулҳама, нафси мутмаинна, нафси розийа, нафси марзийа ва нафси комила (софийа).[6]

Сўфийлар етти қават осмонни инсоннинг етти сифатига муқояса қилишган. Бунда ҳам айнан етти рақамининг ифодаланиши осмоннинг етти қаватлиги ҳақидаги мифологик тасаввур билан боғланадики, тасаввуфда бу тимсол, кўрганимиздек, ўзига хос қайта ишланганлигига, яъни илоҳиётнинг мазҳари инсон билан боғланганлигига гувоҳ бўламиз. Демак, сўфийлар талқинидаги афлоки сабъага инсоннинг қуйидаги сифатлари муқояса қилинади: ҳаёт, илм, эшитиш, кўриш, қудрат, калом, ирода. Кўрганимиздек, юқоридаги барча сифатлар, аввало, Яратганнинг сифатлари ҳисобланади. Унинг инсонга мансуб деб англаниши эса нафақат Инсон Яратганнинг ҳалфасидир, деган ислом тушунчасига, балки Инсон Яратганнинг бир қисмидир, Унда бор нарса, бунда ҳам мавжуддир, деган умумтасаввуфий эътиқодга боғланади. Адабиётшунос олима София Жумаеванинг “Ўзбек мумтоз шеъриятида рақам рамзлари ва уларнинг талқини” номли диссертациясида маълумот берилишича, сўфийлар руҳнинг мартабаларини ҳам еттита деб билишган. Булар: 1) ҳаёти ҳайвония; 2) руҳи изофия; 3) ҳаёти сария; 4) руҳи касиф; 5) руҳи латиф; 6) руҳи алтоф; 7) руҳ ул руҳ.[7] Ушбу даражалар ҳам тасаввуф босқичлари каби руҳнинг камолоти ва оқибатда, Холиқ даргоҳига восил бўлиши билан изоҳланади.

Достондаги ҳикоятлар мисолида Навоий Низоий Ганжавий бошлаб берган еттилик гармониясини такомилга етказди. Етти кеча ва унда айтиладиган  етти ҳикоят фонига ҳафтанинг етти куни, унга хомийлик қиладиган етти сайёра, у билан боғлиқ етти иқлим, етти қаср, етти гўзал, етти ранг, етти сайёҳатчи мотивларини шундай маҳорат билан жойлаштирдики, натижада ҳафта кунлари, сайёралар, ранглар, иқлимлар, мусофирлар, гўзаллар, хуллас ҳамма мотивлар ўзаро уйғун ҳолда марказий қаҳрамон ва ҳикоя атрофида худди ўша даврдаги коинот ҳақидаги тасаввурлар бўйича ер атрофида айланган етти сайёра каби ҳаракат қилдилар. Бу билан Навоий сайёралар мисолида олам мувозанати ҳақидаги ўз фикрини баён этмоқда. Демак, Навоийнинг еттилик гармониясидан, яна аниғроғи, “Сабъаи сайёр” достонидан келиб чиқадиган дастлабки хулосаси олам мувозанати масаласидир.

Навоий бу ҳақда “Саъаи сайёр”нинг XXXIV, яъни Баҳром Дилоромни олиб келиш учун Хоразмга одам юборганлиги ҳақидаги бобда сарой ҳакимлари номидан :

Неча кунки кўнгулга тутиб ғамни,
Тутқил орому, бузма оламни,

дея таъкидлайди.

Навоий олам мувозанати масаласига ҳар бир кеча ва қаср билан боғлиқ ҳикоятда ҳам ана шундай муҳим эътибор беради. Биринчи, яъни шанба кечаси қора ранг қасрда  шу ранг билан боғлиқ сайёра – Зуҳал гегемонлик қилади.  Зуҳал (Кайвон, Сатурн) Шарқ астрономиясида энг юқориги еттинчи фалакда жойлашган наҳси асғар – хосиятсизлик келтирувчи кичик сайёра сифатида талқин қилинади.[8] Унинг рамзий ранги қора эканлиги ҳам бундан дарак беради. Эътибор берадиган бўлсак, ҳикоя билан боғлиқ иқлим – Ҳиндистон, қаср қора, унинг соҳибаси – ҳиндистонлик гўзал. Қаср соҳибаси бўлган гўзал ҳам, Баҳром ҳам ўша куни қора либос кияди, қора жомда қора май ичади. Ҳикоятдаги воқеада ҳам қора кунлар ва қора либослар устунлик қилади. Бу кечада Навоий мусаввир каби қора рангни қуюқ ишлатади. Лекин бу қоралик ичидан ҳам умидбахшлик оҳангларини топади. Ҳикоят қаҳрамонлари зулмат орасидан оби-ҳаёт топишгани каби ғам-андуҳли кунлар ва қора либослар орқали мақсадларига етадилар. Хатто “эл шундан кейин қора либосни табаррук билиб, киядиган бўлишди”, дейди Навоий.

Бошқа кунларда ҳам сариқ, яшил, қизил (ёки гулгун), мовий, сандали ва оқ ранглар мана шундай мукаммаллик асосида гегемонлик қилади. Ранглар қорадан оққа қараб ўзгариб бориши мобайнида бош қаҳрамон ва достон руҳиятида умидворлик хусусиятлари кучая боради.

Бу достонда биз мукаммал гўзаллик ва мантиқий тугаллик намунасини кўрамиз, шунинг учун ҳам ўзига анча-мунча тадқиқотчиларни жалб этган. Навоийшунос олима Д.Юсупованинг “Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи (Алишер Навоий даври) номли рисоласида ушбу достон Навоий ижодини Ғарбда илк бор танитган асар эканлиги ҳақида маълумотни ўқиймиз: “Навоий асарлари XVI асрлардаёқ Европда маълум эди. 1557 йилда итальян тилида Венецияда нашр этилган табризлик арман ёзувчиси Христофор Табризийнинг “Срандиб шоҳининг уч ёш ўғлони зиёрати” асарининг иккинчи қисмида Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидан олинган Баҳром ва Дилором саргузушти баён қилинади. Шунингдек, XVII аср грузин шоири Цицишвели Навоийнинг  “Сабъаи сайёр” достонини ижодий таржима қилиб, “Етти гўзал” достонини яратади.[9] Бу борада профессорлар Н. Маллаев, С.Ҳасанов, М.Муҳиддинов, ф.ф.н. М.Нарзиқулова каби олимларнинг ишларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.[10] Бу қимматли тадқиқотлардан биз Навоийнинг салафлари ижодига киритган ўзига хосликларини, номутаносибликларни тўғрилаб, муносибликка эришганини, ҳикоятларнинг ва марказий қаҳрамонларнинг келиб чиқишини билиб оламиз. Санъатшунос профессор Оқилхон Иброҳимовнинг мазкур достонга бағишланган “Рангларда садоланган мақомлар” мақоласида Навоийнинг мазкур достони ва унга асосан чизилган миниатюра расмлари, ундаги еттилик таркибида шашмақомнинг бирон куйи яширинганлиги ҳақидадир.[11]

Профессорлар С.Ҳасанов ва М.Муҳиддиновларнинг тадқиқотларидан бизга достон бош қаҳрамони  Баҳромнинг Эрон сосонийларининг  подшоҳи Баҳром тарихий шахс, эронлик сосоний подшо Баҳром Гўрнинг прототипи эканлигини маълум. Бироқ достондан асосий мақсади олам мувозанати ҳақида куйлаш бўлган  Навоий учун Баҳром (Миррих-Марс-Арис) сайёраси сифатида, яъни рамзий маънода ҳам аҳамиятли эди. У фотиҳ, овчи, подшо ва мағрур ва қайтмас инсонлиги бунга далил.  Маълумки, Баҳром Шарқ астрологияси ва астрономиясида наҳси акбар – бахтсизлик келтиргувчи катта сайёра сифатида гавдаланади.

Дилором образи Баҳром Гўрнинг Навоийнинг салафлари ижодида Озода ва Фитна номлари билан талқин этилган созанда канизагига бориб тақалса-да,  Дилоромнинг созанда, доно, ошиқлигини назарда тутсак ва муаллифнинг достондаги ишораларига эътибор берадиган бўлсак, донолик, гўзаллик ва мусиқа ҳомийси – саъди асғар номини олган Зуҳра (Венера-Афродита-Иштар) тимсоли мужассамлашганлигини кўришимиз мумкин. Бу образ шумер халқининг ҳомийси, муҳаббат ва гўзаллик илоҳаси Инанна қиёфасида дунё юзини кўрган бўлиб, Бобилга Иштар шаклида ўзлашди. У Миср тамаддуни орқали юнонларда Афродита, Римда Венера номи билан шаклланди. Юнон-эллин маданияти таъсиридаги халқларга Анахита, ислом Шарқида Зуҳра сайёраси, ошиқлар ҳомийси, Тонг ва Толеъ юлдузи тимсолида яшаб қолди.

Бобил илоҳий еттилигидаги сешанба кунинг ҳомийси, жангу жадал илоҳи Нергалнинг жума кунининг ҳомийси, гўзаллик ва муҳаббат илоҳаси маъбуда Иштарга бўлган муҳаббати ва оилавий муносабатлари ҳам юнонларга таъсир ўтказди. Юнон мифлари ва диний тасаввурларида гарчи олам мувозанатида еттилик гармонияси ўз аҳамиятини йўқотган бўлса ҳам, Нергалнинг юнонлашган сиймоси Арис ва юнонларнинг Иштари бўлган Афродита муносабатлари янгича талқин билан, моҳиятан ўзгармаган ҳолда қабул қилинди. Яъни улар аввал ошиқ-маъшуқ, кейин эса эр-хотин сифатида тасаввур қилинди.

Етти сайёрдадан Мусулмон Шарқига Баҳром номи билан ўзлашган Нергал-Арис-Марс ва Иштар-Афродита-Венера муносабати ҳам деярли ўзгаришсиз қолди. Деярли деганимиз боиси   аввалги мифологияларда қўллаб-қувватланган бу муҳаббат ва никоҳ Мусулмон Шарқи астрологиясида инкорга мойил этилди. Бунинг сабаби Баҳромнинг ҳосиятсиз ва аксинча Зуҳранинг ҳосиятли сайёра эканлиги, яъни уларнинг табиатидаги турфахилликлардир.

Бу ҳикоятнинг шарқона талқинини биз илк бор Ибн Синонинг “Ҳайй ибн Яқзон” рисоласида кўрамиз. Ҳар икки томон мутлақо бир-бирига қарши бўлганлиги учун бу муҳаббат, ҳатто никоҳ, яхшиликка олиб келмайди. Навоий Баҳромнинг ҳалокати билан боғлиқ бу ҳикояни ҳам, ундаги ғояни ҳам хамсачилик анъанасидан чекинмаган ҳолда салафлари ифодалагандек тасвирлайди. Наҳси акбар – Баҳром саъди асғар – Дилором (Зуҳра)ни домига тортиб кетади.

Достон сўнгидаги ҳалокат мавзуси билан Навоий яна бир фикрни, яъни ёмон ниятли шоҳнинг нафақат ўзига, яқинларига,  балки барча раиятига ҳам зарари уради, деган фикрни олға суради ва бу фикр билан улуғ гуманист шоир ва мутафаккир ўз даврининг подшосига адолат ва шафқатдан, эзгулик ва ҳалолликдан таълим беради. Эсланг, достон ниҳоясида Баҳром шоирнинг тушига кириб, Ҳусайн Бойқарога насиҳат қилади. Достон сюжети, композацияси ва якунини ҳам Навоий салафлари анъаналаридан чекинмаган ҳолда ифодалайди.

Ҳикоятларга мурожаат этадиган бўлсак, уларнинг ҳаммасида, профессор М.Муҳиддинов ушбу достон ҳақидаги “Нурли қалблар гулшани” рисоласида тўғри таъкидлаганидек, ҳикоят қаҳрамонлари қийинчиликлар орасида тобланиб, албатта бахтиёрликка етишади: “Ҳикоятлардаги яна бахт масаласи асосий мавзулардан бири сифатида изоҳ этилган бўлиб, унда саодат, сахийлик, ростлик билан йўлдош эканлиги кўрсатилган. Саъд, Маъсуд, Муқбил, Фаррух (ҳаммаси – бахтиёр, бахт дегани) номларининг бош қаҳрамонларга қўйилиши ҳам буни тасдиқлайди.”[12] Дарҳақиқат, достондаги ҳар бир ҳикоят бахт-саодатнинг ғалабаси билан тугайди. Бу келажакда Баҳромни ҳам бахт-толе кутаётганлигидан далолат эди. Дарҳақиқат, у еттинчи ҳикоятда ўз вафодори Дилоромдан хабар топади.

Барча ҳикоятларда шоҳ ёки шаҳзода иштирок этади, дабдабали қасрлар, тилла-жавоҳирлар, қимматбаҳо ҳарир либослар, тантанали базмлар, серишва, жафокор ва айни пайтда вафодор гўзаллар тасвирлари билан бизга “Минг бир кеча”ни эслатган ҳикоятларда шоҳ ва шаҳзода образлари муҳим ўрин эгаллайдики, бу ҳикоятлар айнан шоҳ (Баҳром) учун айтилганлиги сабабли бўлади.

Ҳар бир ҳикоятда албатта сафар амалга ошади. Аниқроғи ҳикоят қаҳрамонлари сайру сайёҳат орқали ўз мақсадларига эришадилар. Бу билан Навоий сайёраларнинг тинимсиз ҳаракатига, шу билан инсоннинг  ўз мақсадига етиш учун саъй-кўшиш қилмоғи даркорлигига ишора қилмоқда.

Ҳикоятларда жўмардлик, вафодорлик, тақво каби футувват – жавонмардлик ғоялари  ҳам куйланган бўлиб, бундан муаллифнинг мақсади, ҳикоят ривоятлари Баҳромнинг онгига жувонмардлик ғояларини сингдириб боришдир (Бу алоҳида мақола учун мавзу бўлганлиги сабабли бу борада кенгтўхталмадик.)

Демак, Навоий достоннинг шаклига аҳамиятли ўзгартишлар киритиш билан бирга мазмунига ҳам турфахиллик бағишлайди. Натижада достон якунидаги Баҳром ва Дилором фожеаси икки хил маънога эга бўлади:

Достоннинг қолипловчи ҳикоясидан келиб чиқадиган маънога кўра, Баҳром (уруш ва қирғин-барот ҳомийси Баҳром-Миррих-Марс-Арис-Нергал) Дилором (мусиқа ва гўзаллик ҳомийси Зуҳра-Венера-Афродита-Иштар) билан бирга бўлолмайди. Унинг ёмонлик қуввати кучли (наҳси акбар) бўлганлиги учун қуввати паст эзгулик ҳомийси (саъди асғар) Дилоромни ҳам ҳалок қилди.

Асарнинг қасрлар, кечалар, ҳикоялар ва ранглар билан боғлиқ ички – яъни тасаввуфий маъноси эса бошқа. Бунда Навоий анъанавий қолипга ўз новаторлик санъатини маҳорат билан тилсимлаганлигини кўришимиз мумкин. Зоҳиран қараганда, достондаги биринчи олти ҳикоянинг қолипловчи ҳикояга алоқаси йўқ. У фақат Баҳромнинг руҳий ҳолатини яхшилаш ва Дилоромни унутиши учун айтилади, холос. Лекин аслида-чи?! Шарқ ҳикоячилик анъанасида асар ичидаги ҳикоятлар асарга бевосита таъсир этиши керак, аниқроғи бир бутуннинг қисми каби боғлиқ бўлиши лозим. Бунинг устига муаллифнинг ўзи достондан “ғараз етти ҳикоят”лигини айтиб турибди. Шундай экан, бу ҳикоятлар замирадаги ҳақиқатни, аниқроғи уларнинг тасаввуфий талқинини билиш учун бизга калит керак бўлади.

Бу калитни биз ҳазрат Навоийнинг ўз ижодидан излаймиз, албатта. Ҳамсадан кейин яратилган достон – “Лисон ут-тайр”да Навоийнинг тасаввуфий фикрлари бир мунча очиқ тасвир этилади. Демак, бизга шу достон калит бўлса, ажабмас. Фикримиз тўғрига ўхшайди. Унда ҳам шоир еттилик гармониясидан фойдаланган. Тасаввуфшунос олим А.Абдуқодиров “Тасаввуф ва Алишер Навоий ижоди” номли диссертациясида “Лисон ут-тайр”даги водийларни Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” ҳамда “Лайли ва Мажнун” достонлари билан қиёслайди. Натижада, талаб водийсини “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг ғамгинлик ҳолати ҳамда хазинадаги кўзгунинг сирини англаш учун юнонга бориши,  ҳаким Суҳайло раҳнамолигида аждаҳо – нафс, Аҳраман дев – салтанат рамзи кабиларни енгиб, кўзгуда нақшланган сўзни ўқишга муваффақ бўлишини мисол қилиб келтиради.[13] Навоийнинг бошқа достонларини кўрганимизда ҳам дарҳақиқат, унинг “етти водий”га асосланиб фикрлаётганига гувоҳ бўламиз. Ушбу приципга асосланиб, “Сабъаи сайёр”даги етти кеча ва унда айтилган ҳикоятларни “Лисон ут-тайр”даги етти водий билан қиёслашга ҳаракат қиламиз.

Ҳикоялар тартиби

Ҳафта куни

Сайёра номи

Ранг

Ҳикоя номи

Водийлар номи

Биринчи ҳикоя

шанба

Кайвон (Сатурн)

қора

Ахий ва Фаррух

Талаб

Иккинчи ҳикоя

якшанба

Қуёш

сариқ

Заргар Зайд

Ишқ

Учинчи ҳикоя

душанба

Ой

яшил

Саъд ва Шаҳрисабз

маърифат

Тўртинчи ҳикоя

сешанба

Миррих (Марс)

қизил

Маъсуд ва шоҳ Жуна

Истиғно

Бешинчи ҳикоя

чоршанба

Аторуд (Меркурий)

мовий

Меҳр ва Суҳайл

Тавҳид

Олтинчи ҳикоя

пайшанба

Муштарий(Юпетир)

сандал

Муқбил ва Мудбир

Ҳайрат

Еттинчи ҳикоя

жума

Зуҳра (Венера)

оқ

Дилором

Фано

Дастлабки, яъни зуҳал ҳомийлик қилган шанба кечаси қора қасрда Баҳром ҳиндистонлик сайёҳдан “Ахий ва Фаррух” ҳақидаги ҳикоятни эшитади. Ундаги сайёҳнинг “Ахий ва Фаррух ҳақидаги” ҳикоятидан талабдаги устуворлик ва ундаги қоидалар – бору йўғидан кечиш, тинимсиз сайъ-ҳаракат ва айни пайтда тақдирга ризолик, фақирлик тимсоли (“қора палос”)ни кўрамиз. Ундаги ҳикоят қаҳрамонлари Ахий ҳам, Фаррух ҳам ёр йўлида қанча саъй-ҳаракат қилишмасин, уларда тақдирга таҳаммул, муҳтожлик ва кимсасизликни тақдир синови дея мамнуният билан қабул қилиш туйғулари каби ҳақиқий ошиқ ва соликка хос бўлган сифатларни кўрамиз. Бу кечада қора ранг устунлик қилади. Бу ранг ҳақида Нажмиддин Кубронинг “Усули ашара” рисоласида мулоҳаза юритилади. Унда муаллиф ўлимни беш турга ажратиб, мавти асвад – қора ўлимни “қайғу ва мусибатларга таҳаммул этиш, халқу халойиқнинг ҳар қандай жабру жафосига чидаш,” деб изоҳлайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Сабъаи сайёр”даги шоҳ Баҳром учун қурдирилган. биринчи қасрни биз талаб водийсига муқояса қилдик. Зеро, бу қасрда Баҳром Дилоромга борар йўл – сабр ва саъй-ҳаракатдан дарак топади. Ҳикоятни тинглаган Баҳромнинг қалбида Дилором ишқига талаб яна кучаяди ва айни пайтда, тақдирга таҳаммул туйғулари ҳам ривожланади.

“Сабъаи сайёр”даги иккинчи қаср олтинранг бўлиб, ундаги барча жиҳозлару, қаср соҳибаси бўлмиш Рум гўзалининг либоси ҳам заъфароний тусда бўлади. Ушбу кеча, яъни қуёш ҳомийлик қилган якшанба кечаси ҳикоят айтувчи сайёҳ шоҳга Зайд заҳҳоб ҳақидаги ҳикоятни айтиб беради. Унга кўра бир мамлакатда подшоҳнинг Зайд исмли хос заргари бор эди. У шоҳга турли хушомадлар қилиб, олтин тахт ясаб беришни таклиф этади. Бу антиқа тахтнинг ўзи юрар зина ва яна аллақанча ғаройиботлари мавжуд бўлади. Бироқ подшоҳ Зайднинг душманларидан тахт олтиндан бўлмай, кумушдан ясалганлигини, фақат унга олтин суви югуртирилганлигини билиб қолади ва Зайдни зиндонбанд қилади. Ҳийлакор Зайд зиндондан чиқиш йўлини ҳам эплайди ва ўз юртидан қочиб, Фаранг диёрига боради. Ундаги бир бутхонада олтин бутларни кўргач, ўзини бутпараст қилиб кўрсатади. Маҳаллий аҳолининг эътиборини қозониб, машҳур руҳоний бўлиб олган Зайд икки ҳамроҳи билан барча бутларни кемага ортиб, ўз юртига олиб келади ва ўз шоҳига инъом этади.

Бизнинг талқинимизча, ушбу ҳикоят ишқ ҳақида бўлиб, унинг ҳақиқий маъноси қуйидагичадир: Вужуд мамлакатининг подшоси бўлмиш дил ишқнинг жозибаю найрангларини кўриб, унга мафтун бўлади, бироқ унинг ҳунари сохтакорлик (ишқи мажоз) эканлигини билгач, уни назаридан узоқлаштиради. Шунда ишқ фаранг юртига (балки муҳаббат шаҳрига, балки сеҳру жоду  юртига, балки узлатга) кетади ва ўша юрт бутхонасидаги олтиндан ясалган бутларни (ҳақиқий муҳаббатга мазҳар бўлмиш гўзални) ўз подшоҳига туҳфа қилади (дилга ҳақиқий ишқни инъом этади). Бу қаср ва кечада гигемонлик қиладиган сариқ ранг ҳақида тасаввуфшунос олим Н. Комилов “Нажмиддин Кубро” рисоласида “…Бундан кейин тариқат бошланади. Солик қалбида муҳаббат қўзғалади, у Аллоҳ ёди билан яшайди ва бу сариқ рангга тўғри келади”, дейди.[14]

“Лисон ут-тайр”даги иккинчи водий ишқ водийсидир. Бу водий талабнинг узвий давоми бўлиб, солик қалбида талаб комиллашгач, ишқ пайдо бўлади. Тасаввуфнинг ҳам, унинг бадиий адабиётдаги инъикоси бўлмиш орифона адабиётнинг ҳам асосий куйланиш объекти бўлган бу туйғу ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Оллоҳга бўлган ишқ ибодатнинг асосини ташкил этиши тасаввуфнинг узоқ тарихига бориб тақалади. Жумладан, машҳур суфий аёл Робия ал-Адавия муножотларида Тангрига Ёр дея мурожаат қилади ва илтижоларидан мақсади жаннатдан умид-у, дўзахдан қўрқув эмас, балки Яратганнинг дийдори эканлигини изҳор этади. Бу туйғуни Аҳмад Ғаззолий тасаввуф илмига назария сифатида татбиқ этди. Шу ўринда бу каби ишқнинг ҳатто замонавий фанда ҳам тан олинганлигини айтиб ўтиш аҳамиятли: “Шу ўринда маҳлиёлик билан мистик-азбаройи диндорлик ўртасида аллақандай боғлиқлик борлигини пайқаймиз. Оллоҳга таважжуҳ қилган мўмин ҳам шундай савдойи ҳолатга тушади ва бу шунчаки қуруқ гап эмас. Дуолар ва азбаройи таважжуҳ воситасида диндор Оллоҳ тимсолини аниқ кўрмаган тақдирда ҳам, тўла-тўкис ҳис этади-илғайди, натижада илоҳий ишқ қон-қонига сингиб, ички оламининг таркибий қисмига айланади. Шундан эътиборан, диққат-эътибори токи сусаймас экан, диндор Оллоҳ билан рамзий маънода бир бутун, яхлитга айланади. Исталган ботиний кучли ҳис-ҳаяжон уни Илоҳиётга дохил этади, яъни ёлғиз Унинг фикру зикрига такроран қайтади”.[15] Бундай         муҳаббатни таърифлар экан, тасаввуфшунос олим Н.Комилов қуйидагиларни ёзади: “Шундай қилиб чинакам ошиқ – бу солик ошиқдир, ишқ (тасаввуф адабиётида “муҳаббат” ва “ишқ” тушунчалари баравар ишлатилади, бу арабча сўзлар англатадиган маънолар деярли бир хил, яъни: кўнгилнинг маҳбуб томон кучли иштиёқ билан интилиши) илоҳий маърифатни кашф этувчи қудрат, солик вужудини ёндириб, маҳбуб висолига яқинлаштирувчи муқаддас олов”[16].

Машҳур тасаввуф назариётчиларидан Боязид Бистомий тасаввуфий ишқдаги бехудлик йўли “сукра”ни ҳақиқий ошиқликнинг – маърифатнинг йўли, деб белгилади.[17] Бу йўл Жўнайд Бағдодий томонидан танқид қилинган ва унга қарши саҳв – ҳушёрлик концепцияси илгари сурилган бўлса ҳам, тарихда кўпгина сўфийлар, айниқса ижодкорларни бу йўл сершовқин жазбаси билан ўзига тортгани маълум. Навоий тариқатдаги маслаги бўйича Жўнайд Бағдодий йўли бўлмиш саҳвни ёқласа-да, Мажнун, шайх Санъон каби қаҳрамонлари орқали сукрага ҳам рағбат билдиради.

“Сабъаи сайёр”даги Баҳромга ҳикоя айтувчи учинчи сайёҳнинг ой ҳомийлик қилган душанба кечаси айтган ҳикояти Шаҳрисабз шаҳри билан боғлиқдир. Кеча ва ҳикоятда яшил ранг ҳукмронлик қилган. Ҳикоятда тасвирланишича, бир сахий савдогарнинг Саъд исмли меҳмоннавоз ўғли бўлади. У худди Фарҳод сингари барча ҳунарда моҳир бўлиб етишади. Қизиқарлиси шундаки, нафақат қаҳрамонлар, балки ҳикоя сюжети ҳам “Фарҳод ва Ширин”га жуда ўхшайди.  Бир куни савдогарнинг саройига яшил либос кийган икки мусофир келиб, меҳмон бўлишади. Саъд уларни ҳам одатдагидай яхши кутиб олгач,  ажойиб-ғаройиб ҳикояларни сўзлаб беришларини сўрайди. Меҳмонлар юртлари томонда Китвар номли ажойиб ўлка борлигини, унда бир бутхона мавжуд бўлиб, унда бир кеча тунаган киши ўз тақдирини, келажагини билиб олишини айтишади. Бу сирга қизиққан Саъд улар билан Шаҳрисабзга йўл олади ва ўша бутхонага кириб, бир кеча тунайди. Унинг тушида бир қуш учиб чиқиб, “Сенга Шарқ қуёшидай гўзал насиб қилади” дейди. Иккинчиси эса, “Сени дев асир қилиб, икки оёғингга занжир солади” дейди. Тушининг таъбирини билиш учун Саъд кишиларнинг тушини таъбирловчи пирнинг ҳузурига боради. Пайлақус ҳаким номи билан аталадиган бу зот “Фарҳод ва Ширин”даги Суқрот ҳакимга ўхшайди. Пир Саъднинг тушини таъбирлабгина қолмасдан, Суқрот Фарҳодга ёрдам бергани каби, у ҳам йигитга ёрдам беради. У парининг қасри уч қават қўрғон билан ўралганлигини, биринчи қаватда Қатрон деган девсифат занги туришини, уни куч билан енгиб бўлмаслигини айтади ва Саъдга муҳра-мунчоқ беради. “Уни оғзингга сол ва Қатрон дев билан олишаётганингда унга қарата туфла”, деб ўргатади.

Иккинчи қўрғонда эса Исо нафасли устоз бўлиб, унинг саволларига жавоб бериш керак бўларкан. Учинчи қўрғонда сеҳр мавжуд бўлиб, унинг сирини ечиш талаб этиларкан. Пайлақус ҳаким бир мактуб ёзиб бериб, ўша олим унинг шогирди эканлигини, ушбу хатни кўрсатса, Саъдга яхши муомала қилиб, сеҳрни ечиш йўлини ҳам ўргатишини айтади. Бу қўрғонларда Навоий маърифатга етиш учун соликда жоиз деб билган уч сифатни қайд этиб, уларнинг биринчиси, нафс (дев)ни енгишдир, дейди. Маълумки, талаб ва ишқ водийлари аро ўтган соликнинг нафси йўқ бўла боради, лекин у Навоийнинг фикрича, маърифат водийсида буткул маҳв этилиши керак. Шундан кейин ақл (Исонафасли олим) ўз савол-жавоблари билан соликни йўлдан қайтармоқчи бўлади. Зеро, Имом Ғаззолий айтганидек, илми зоҳир тасаввуф йўлидаги ҳижобдир.[18] Ёхуд ақл Оллоҳни англашга ожизлиги учун соликни йўлдан чалғитиши мумкин. Лекин солик Пирнинг раҳнамолиги билан нафсни мағлуб этгач, ақлнинг ўзи унга Ҳаққа етказувчи жумбоқнинг сирини ечишни ўргатади. Шуни ҳам эътироф этиш жоизки, ушбу қасрда ҳамма буюм, шунингдек, Баҳромнинг либослари ҳам яшил рангда бўлади. Бу соликнинг Илоҳ маърифатига яқинлашаётганлигидан нишонадир. Бу ранг ҳақида адабиётшунос олим С. Ҳасанов “Навоийнинг етти туҳфаси” китобида қуйидагича фикр билдиради: “Яшил ранг сўфий таълимотида улуғ ранглардан бири ҳисобланади. Шарқ халқларининг тасаввурида бу ранг ҳаёт рамзидир, у самовий мавжудотлар билан боғланади. Яшил ранг, шунингдек, ўтмиш билан келажак тимсоли вазифасини ҳам бажарган”.[19] Н.Комилов эса “Нажмиддин Кубро” рисоласида  яшил ранг ҳақида қуйидагича маълумот беради: Яшил ранг валийликдан нишона. У сирларнинг сирига, ғайбга ошноликни билдиради ва соликнинг асл моҳиятга етишаётганлигини ҳам англатиши мумкин.[20]

Маърифат тасаввуфий истилоҳ сифатида ҳам икки хил маънони билдириб келади. Биринчиси, тасаввуфнинг тўрт умумий босқичидан учинчиси бўлиб, у ҳақда адабиётшунос М. Орипов “Етти водий таърифи” мақоласида шундай дейди: Маърифат ҳақиқатни, худони билиш босқичи. Бунда солик ўз сезгиларидан холи бўлиб, айрим дақиқаларда бир лаҳза ҳақиқатга етиш имконига эга бўлади, ҳаяжонланади. Бу жазавали ҳолат “ҳол” дейилади. Маърифат босқичига етган солик ўзи ҳам муршид, устод бўлиши мумкин.[21] Профессор Н. Комилов тасаввуф назариётчиларининг фикрига асосланиб, маърифатни “илми ҳол” деб баҳолайди.

Навоий ушбу водийни таърифлаб:

Ихтилофи жузв ила кул мундадур,
Ким тараққию таназзул мундадур,[22]

дейди. Яъни, ҳар ким ўзи ҳосил қилган маърифатга асосланиб, бир-бири билан ихтилофга боради. Ушбу маънодаги маърифат ҳақида янада аниқроқ тасаввур олиш учун хуросонлик машҳур шайх Харақонийнинг (вафоти 1033 йил) “Нур ул-улум” рисоласидаги фикрини келтириш жоиз: “Агар сен маърифат тўғрисида сўз очмоқчи бўлсанг, унда етти юз боб, ҳар бир бобда бир-бирига ўхшамаган етти юз шахобчалари бор. Олим ўзига илмни танлаган ва илм билан овунади; зоҳид ўзига зуҳд йўлини танлаган ва шу машғулоти билан хушвақт бўлади. Сан ҳам андуҳ ва ғам-ғусса йўлингдан қолма ва шу йўлда худо (висоли) билан овунишга интилгин”[23].

“Сабъаи сайёр”даги тўртинчи ҳикоятни,  Миррих (Баҳром) ҳомийлик қилган сешанба кечаси – гулгун қасрдаги сайёҳ айтиб беради ва қасрда, ундаги ҳикоятда одатдагидай шу (қизил ёки гулгун) ранг ҳукмронлик қилади. Бу кечада айтилган  ҳикоятда эҳтиёжсизлик мадҳ этилади ва шу сабабли биз бу кечани “Лисон ут-тайр”даги истиғно водийси билан қиёслаймиз. Воқеа Масъуд исмли йигитнинг таъриф-тавсифсиз сахийлиги ва бошига тушган мусибатларга сабр-бардоши ҳақида бўлса-да, асл маъноси соликнинг бу ҳолатдаги руҳий аҳволи тўғрисидадир. Маъсуд бир танимаган меҳмонига беқиёс совғалар бериши билан бирга бошига мусибат тушган онда тасодифан подшоҳ саройига бориб қолади. Иттифоқо, ўша меҳмонининг подшо эканлигини билса-да, ундан бирор нима таъма қилмайди. Билдирмасдан подшо ҳузуридан чиқиб кетмоқчи бўлади. Эътибор қаратадиган бўлсак, Навоийнинг қаҳрамони Маъсуд эҳтиёжсизлик билан бирга футувват қоидаларини ҳам бажарган.  Кўрамизки, бу таълимот айнан нақшбандийликда ёқланиши ва Навоийнинг табиатига яқинлиги сабабли унинг талаблари ҳикоят қаҳрамонлари руҳиятига сингдирилган эди.[24]

“Лисон ут-тайр”даги тўртинчи водий истиғно бўлиб, Навоий бу водий таърифида тасаввуфнинг борлиқ, олам ва одамзоднинг яратилиши ҳақидаги умумий мулоҳазаларини бадиий тасвирлайди. Бу водийни Навоий қуйидагича таърифлайди: “Унда гумроқ (йўлдан адашган) ва огоҳ, бутхона ва каъба йўли бир хилдир, улар ободми ё вайронми (истиғно соҳиби – Оллоҳ учун) фарқсиздир. Истиғнонинг кучидан минг яшар фил ҳозиргина туғилган филбачадай, улуғ чархи фалак бир дона хашак билан тенгдир. Куфр билан дин бу водийда баробардир, хуллас, бунда солик (йўловчи)га иш жуда қийиндир”.[25] Мана шу эҳтиёжсизликларни англаш ва ҳис этиш асносида солик (банда) руҳиятида ҳам Тангридаги эҳтиёжсизлик сифати акс этади. Соликнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларга рағбати камайиши баробарида камолоти юксалиб, ахлоқи тозариб боради.

Адабиётшунос олим Фарҳод Исомиддинов диссертациясида Шайх Санъоннинг ҳолатини достондаги водийлар таърифига боғлаб ўрганади. Шунда у истиғно водийси ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Истиғно  водийсида шайх Санъон тарсо қизи ишқига гирифтор бўлиб, унинг шартларига кўна боради, истиғносини қабул қилади ва бепарволик шуурида ҳукм суради. Шайх Ишқ туфайли шайхул-машойихликдан чўчқабоқарликкача қуйи тушиб боради. Асарларда ишқ йўлида шоҳ ҳам, гадо ҳам баробар, деган гап бунга яхши мисол бўла олади. Шайхнинг эътиборсизлиги шу даражага етадики, унинг учун ишқ олдида на дин, на мазҳаб ва на мартаба-ю мансаб аҳамият касб этмайдиган бўлиб қолади”.[26] Демак, бу водийда Яратганнинг эҳтиёжсизлигини англаб етаётган солик Оллоҳнинг толиби бўлганлиги учун бу эҳтиёжсизлик натижасида матлубнинг унга бўлган эътиборидан бошқа ҳамма нарсага –  дунё ва унинг неъматларига эҳтиёжсизлик ҳис этади. Яхши-ёмонликни бепарво кутиб олади.

“Сабъаи сайёр”да аторуд ҳомийлик қилган чоршанба кечаси бешинчи иқлимдан келган мусофир мовий (нилуфар) қасрда ўтириб, Баҳромга “Меҳр ва Суҳайл” ҳақида ҳикоят сўзлаб беради. Шу ўринда айтиш мумкинки, мовий ранг ҳақида Н.Комилов “иқон – тўлиқ ишончни билдиради” дея маълумот беради. Ҳикоятда Жобир зиндонига тушиб қолган Суҳайл исмли шаҳзодани севгилиси Меҳр қутқариб олиши тасвирланади. Ҳикоятдаги маъшуқа Тангри мазҳари рамзи бўлиб, у дунё чоҳига тушган соликни бу зиндондан озод этибгина қолмай, ўз дийдоридан баҳраманд қилиб, тавҳид мартабасига етказади. Бу ҳикоятдаги тавҳид ҳам рамзий бўлиб, ҳақиқий висол эмас, балки мазҳар билан бўладиган рамзий васлдир.

“Сабъаи сайёр”да бу кечанинг рамзий ранги мовий ёки кўк ранг этиб тасвирланади. Бу рангни С.Ҳасанов Шарқ халқларининг эътиқодларидан келиб чиққан ҳолда “қандайдир безовталик ва ғамгин ҳолатни эслатади” деб таърифлайди.[27] Лекин бизнинг фикримизча, ушбу ўринда мовий ранг ҳақиқий висол чаманидан келган хушхабар насимлари маъносида ифодаланаётир.

“Лисон ут-тайр”даги бешинчи водий тавҳид водийси ҳисобланади. Тавҳид – нафақат тасаввуфий, балки умумисломий термин бўлиб, Аллоҳнинг ягоналигини англатади. Лекин тасаввуфий тавҳид – Аллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш билан бирга илоҳ ва олам,  илоҳ ва инсон ягоналигини эътироф этадиган илмдир. Бу ҳақда “Тасаввуф истилоҳлари шарҳи”да қуйидагича ёзилган: “Олимлар тушунчасида тавҳид эътиқодга тааллуқли бўлса, сўфийлар учун у мақсад, мушоҳада ва маърифат ҳисобланади. Биринчиси билиш ва тасдиқ этишга асосланса, иккинчиси – завқий идрокка суянади. Имом Ғаззолий таърифига кўра, “Тавҳид шундай шарафли мақомдирки, таваккул, ризо, Аллоҳга таслимият ҳоллари айни шу мартабанинг меваларидир”. Абдуллоҳ Ансорий ҳазратларининг айтишича “тавҳид – бирликда сўзламоқ, бирликда кўрмоқ ва якто бўлмоқдир.”

Тавҳиднинг даражалари қуйидагилардир: тавҳиди сифот – ҳар қандай сифатни Худодан деб англаш ва уни мукаммаллаштириш; тавҳиди зот – борлиқдаги ҳамма нарсани фақат Аллоҳ вужудининг натижаси деб билиш”.[28]

Муштарий ҳомийлик қиладиган пайшанба кечаси сандалранг қасрда олтинчи иқлимдан келган сайёҳ томонидан айтилган ҳикоятнинг бошидан охиригача сандал ранг ва ҳатто сандал ифори сезилиб туради. Бу ранг ҳақида С. Ҳасанов “Сандал шифобахш ва хотиржамлик рангидир… Алишер Навоий сандал ранги орқали Баҳромнинг бутунлай соғайганлигига ишора қилиб, кейинги навбатни оқ рангга беради”, дейди.[29] Муштарий бахт келтирувчи катта сайёра эканлиги билан ҳам бунга ишора қилинади.

Ушбу ҳикоятда Муқбил исмли тақводор ва покиза йигитнинг бир кимсасиз оролга тушиб қолиши ва ундаги бир чашмага чўмганида кўрган ғалати воқеалари ҳақида ҳикоя қилинади. Чашмадан бош кўтарган йигит ўзини ажойиб бир боғ ичидаги ҳовузда кўради. Боғнинг соҳиби бир гўзал маҳбуба бўлиб, у йигитга кўп илтифотлар кўрсатади, қадаҳ тўлдириб, май узатади. Маст бўлиб ухлаб қолган йигит эртаси куни ювиниб олиш учун ҳалиги ҳовузга тушадию, ўзини яна ўша аввалги чашма бошида кўради. Ўзи кўрган ҳовузу боғ ҳам сандал дарахтидан ясалган тахту гўзал қиз ҳам кўздан йўқолганди. Муқбил бу ҳолатдан ҳайратга тушади. Кўрган воқеалари тушидами ё ҳушида содир бўлганлигини англай олмай ҳайрон бўлади. Оқибат, покдомонлиги туфайли бир подшонинг меҳрига сазовор бўлган йигит унинг қизига уйлангач, ҳудди ўша боғ, ҳовуз ва тахтни, ҳаммадан ажабланарлиси, ўша қизни кўргач, яна ҳуши бошидан учади. Ва бунинг сабабини хотинидан сўрайди. Малика бу жинлар шоҳининг иши эканлигини айтиб беради. Қизга ошиқ бўлган жинлар шоҳи унинг сиймосини денгиз остидаги қасрда акс эттирган экан, Муқбил ўша сиймони кўриб, унга ошиқ бўлган ва бу ҳолдан ҳайратга тушган экан. Ҳикоятдаги Муқбилнинг покиза ва тақводорлиги, саҳро ва денгиздаги ҳалокатни кўрганда ҳам сабр қилиши, Оллоҳга тасбеҳ айтишдан тўхтамаслиги тариқат йўлидаги соликни эслатади. Ҳикоятда тасвирланган ҳодисалар солик кўнглидаги ҳайратнинг яхлит ифодасига муқояса қилинган. Муқбилнинг қизни кўриб, ҳайратга тушиши ва тақвою ибодатларини маҳв этиши ҳам ҳайрат водийсининг Навоий айтган таърифларидан саналади. Маъшуқнинг тимсолидан марҳаматлар кўриш тавҳид даражаси бўлиб, ундан ҳайратланган солик ўзини фанога – Ёр билан бўладиган ҳақиқий висолга тайёрлаб боради.

Ҳайрат водийси тавҳид мартабасининг бевосита давоми бўлиб, соликнинг тавҳиддан, яъни Оллоҳ билан бир лаҳзалик бўлган висолдан ҳайратга тушиши билан изоҳланади. Бу тимсолга “Тасаввуф терминлари сўзлиги”да қуйидагича таъриф берилган:  “Ҳайрат – ҳайратда қолиш, лол бўлиш. Қалбга тушган тажаллий сабабидан соликнинг тафаккур этолмайдиган  ва муҳокама қилолмайдиган ҳолга келиши.”[30] “Лисон ут-тайр”да Навоий ҳайрат водийсини таърифлар экан, “Ҳайрат водийсига етган солик ўзлигини йўқотиб, унинг вужуди ҳақиқат нури билан ёритилади ва кўнгли ҳақиқатни кўриб, ҳайратланади. Бу ерда ҳайрат тилни гунг (соқов) ва лол айлайди, ақлни зойил (йўқ), ҳушни поймол қилади. Кеча билан кундузнинг фарқини англолмайди. Йўқни билмас, борни ҳам англамас. Қайси томонга кўз солсанг (ҳақиқатдан) ҳайратда бўласан, ҳамма ҳайронликда саргардон бўлур. Бу ерга қадам қўйган аҳли сулук ҳайронликдан ўзга иш билмас”, дейди.

Ишқ водийсида ҳам, маърифат даражасида ҳам ҳайрат бизнингча,  ошиқ вужудини қамраб олади. Бироқ бу водийда у жуда кучли бўлиб, ошиқнинг талаби-ю, ишқи, Оллоҳнинг қудрати, эҳтиёжсизлигию ягоналигидан ҳосил бўлиб, соликнинг ақлу ҳуши, эгаллаган мартабаларию ўзлигини ҳам забун қиладиган кучли ҳаяжонли ҳайронлик тарзида кечади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Ақли Кулл барча ақлларнинг йиғиндиси ва бошланғич нуқтаси бўлгани каби, Ҳайрат водийсидаги ҳайрат барча ҳайратларнинг йиғиндиси ва бошланғич нуқтасидир.

Адабиётшунос олим А. Абдуқодиров бу ҳолатни таърифлар экан,  Фарҳод ва Мажнунни висол тавҳиди ҳайрат водийсига кўтарган ва бундан ўзлари ҳам, элу юрт ҳам ҳайронлигини, Мажнун ўзининг Лайли эканлигидан ҳайратланса, Фарҳод эса Салосил қўрғонида Ширин билан биргалигидан ҳайратланарди, — деб ёзади.[31] Ҳайрат ҳақиқий висол – фанодан далолат берса-да, лекин ҳали унгача йўл олис,  ҳайратдан забун бўлган руҳ фано водийсига етмаслиги ҳеч гап эмас.

“Сабъаи сайёр”даги Зуҳра ҳомийлик қилувчи сўнгги еттинчи – жума кечаси кофурий қасрда хоразмлик сайёҳ ҳикоят сўзлайди.

Ушбу кечада айтилган ҳикоятда  ҳажр ва изтиробда ўртанган Баҳром севгилиси Дилоромдан хабар топади. Сайёҳдан эшитишича, у Хоразмда соғ-саломат, лекин Баҳромга азбаройи садоқати туфайли ўзини ўлган ҳисоблаб, кафанга монанд оппоқ либос кийиб юрар, Хоразм шоҳининг муҳаббатини ҳам рад этган, кундузлари  ноиложликдан соз чалиб, элни хушнуд қилса-да, ўзининг чеҳраси очилмас, тунлари эса кўзда ёш билан Тангрига тоат-ибодат қиларкан. Баҳром ҳам ёрига етиш учун етти қаср аро покланиб, у ҳам кафанга монанд оппоқ либос кийган эди. Бу икки ёрнинг учрашув пайти ҳам иккаласининг беҳушлик ҳолати, бир-бирига жон фидо этишга интилишлари солик билан мазҳарнинг бирлашиши – фано ҳолатига қиёс бўла олади.  Навоий ўзини, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида айтиб ўтганидек, ҳақиқатни мажоз билан тасвирлайдиган ижодкорлар сирасига киритади. Шунинг учун “Сабъаи сайёр”да фано мартабасини тасвирлаш учун улуғ шоир мазҳар ва солик васлини тасвирлайди.

Қаср ва кечада, ҳикоятда, одатдагидай, оқ ранг ҳукмронлик қилади.  Оқ ранг Н. Комилов рисоласидаги якранглик ҳолатига ўхшайди. Бу ҳақида рисола муаллифи “Зоти кулл даражасини эгаллаган солик якранглик ҳолатида мақсадга эришади” деб маълумот берса,  С.Ҳасанов “Навоийнинг етти туҳфаси”да: “Оқ ранг эса поклик ва софдиллик рамзи бўлганлиги учун ҳам Баҳромнинг мурод-мақсадидан, яъни севгилиси Дилоромга етишиш дамларининг яқинлигидан далолатдир. Бошқа томондан оқ ранги кексалик ва инсон ҳаётининг ниҳояси рамзини ҳам англатганлиги учун Баҳром ҳаётининг охирги дамлари ҳам яқинлишаётганлигига ҳам ишора қилади” деб маълумот беради.[32] Ҳар икки ҳолатда ҳам бу ранг фано рамзи ҳисобланади. Профессор О.Иброҳимов ҳам “Рангларда тасвирланган садолар” мақоласида: “Оқ ранг тасаввуфда ҳақиқатга эришганлик, юксаклик белгиси. Унинг билан боғлиқ Рост (чин, ҳақиқат) мақомининг маъносида ҳам шу маъно зуҳур этади”[33], деб фикр билдиради.

Ҳақиқий васл – бу фано водийсидаги фонийлик мартабаси бўлиб, Фано водийсига Навоий алоҳида эътибор беради. “Фано” истилоҳи ҳақида  “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да қуйидагича изоҳ берилган: Фано – 1) бақосизлик, йўқ бўлиш, ўлиш.

2) ўзликдан кечиш, ўзни унутиш, тасаввуф йўлига кириш.

3) ўлим, ажал.

Фақру фано – бечоралик ва йўқлик, камтаринлик ва ўзни унутганлик”.[34] Ушбу изоҳлардан иккинчиси Навоий ижодида қўлланилган асосий маъно ҳисобланади.

Тасаввуфнинг энг оғир ва мураккаб бу босқичи ҳақида кўплаб алломалар, тасаввуф намояндалари фикр билдириб ўтганлар. Жумладан, тасаввуф ҳақида илк назарий асар ёзган мутафаккир ватандошимиз Шайх ал-Калободий “Тасаввуф сарчашмаси”  асарида “Фано ҳолидаги банда ўткинчи момақалдироқ ёки шамол эмас, балки унинг инсоний сифатлари ўзгартирилиб, у руҳоний ёки фаришта бўлиб қолмайди, балки… нафсий рағбат, хоҳишлардан фоний бўлади”[35], деб фикр билдирган бўлса,  тасаввуф ва шариатни бир-бирига яқинлаштирган, ислоҳотчи аллома, ҳужжат ул-ислом Ғаззолий фанони лаҳзалик бир ҳол деб ҳисоблайди. Боязид Бистомий  ҳам “Илоҳий мулоқот”да: айнан фанофиллоҳ мартабаси ҳақида мулоҳаза юритиб, уни қуйидагича таърифлайди: “… Сўнг менга қудрат назари билан боқди. Ўз борлиғи билан мени қийматсиз (йўқ) қилиб қўйди ва Ўз зоти билан менда тажаллий этди. Мен У ила бор бўлдим, бирлашиш шу билан ниҳояланди ва дунё бир бўлди. Ҳамма нарса Унинг воситасида бир бўлди”.[36]

Баҳром ҳам етти кечада етти қаср аро покланиб, фано ҳолатига етиб келади. Қасрлар ва кунларнинг қорадан оққа қараб ривожланиши ҳам шуни кўрсатади.  У энди аввалгидай Дилоромга оддий бир созанда ва канизак, ҳатто аёл сифатида ҳам қарамайди. У Дилоромга жонини беришни хоҳлайди.   Натижада у Дилоромни топиш арафасида ва уни топгандан кейин фано даражасига етди. Бироқ ҳақиқий фанога етиш учун ўлиш керак эди. Бу ҳолат “Лисон ут-тайр”да иккинчи фано тарзида ифодаланади. Бундай ҳолат ҳақида Нажмиддин Кубро “Фавойиҳ ул-жамол” асарида қуйидагича фикр билдиради: “Фано икки хилдир:

1. Ҳақ сифатларида башарий сифатлардан фоний бўлмоқ. Бу фардониятдаги фано.
2. Унинг Зотида экан, сифатларидан фано бўлмоқ. Бу эса ваҳдониятдаги фано.

Зот тажаллий этар экан, ҳайбати билан тажаллий этади. Шунда Сайёр ушалиб, йўқолгандай бўлади. Кичраяди ва ўлар ҳолатга етади. Ушбу онда: “Аҳад, Аҳад…” (Бир, бир!…) деган овоз эшитилади. Зотида фоний бўлгач эса У билан боқий бўлар ва Унинг-ла яшар”.[37] Эътибор қилинг, Навоийнинг барча асосий қаҳрамонлари: Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, шайх Санъон ва тарсо қиз фано ҳолига етишгач бу оламда қолишмайди.  Ўттизта қуш ҳам Симурғ даргоҳидан қайтмайдилар. “Сабъаи сайёр”да эса бу ҳолат, яъни иккинчи фано тасвири Баҳром ва Дилоромнинг ов пайтидаги ҳалокати билан тасвирланади. Эътибор берсангиз, ҳалокат арафасидаги ҳолатда:

Саъй ила бир-бирин тутушдилар,
Муғтанам айлабон қучуштилар.
Бор эди ул қучушмак андак руст,
Ким бир ўлдилар ики ҳамдам чуст.
Бўйла ваҳдат чу ошкор ўлди,
Бир-бирига икав шикор ўлди.[38]

тарзида таърифланади.

Яъни икки дўст (Баҳром ва Дилором ҳалокат муқаррар эканлигини билиб) бир-бирини шунчалик қаттиқ қучдиларки, орадан иккилик йўқолиб, тавҳид (бирлик) ҳосил бўлди, иккови ҳам бир-бириларига ўлжа бўлдилар, яъни бир-бирларига қурбон бўлдилар,   деган сатрларда тавҳид орқали фанога етиш ҳақида ишора қилса, худди шу жойда, яъни Баҳром Гўрнинг овга чиққанлиги ҳақидаги XXXV бобнинг сўнггида бевосита фано ҳақида гапиради:

Бордур андир биравға истиғно,
Ким шиори эрур тариқи фано[39]

Кимнинг шиори – мақсади фано бўлса, унда бошқага эҳтиёжсизлик бўлиши керак.  Боб сўнггида шоир тахаллусини қўллаб, ўз-ўзига мурожаат қилар экан, яна фанони эсга олади ва қаҳрамонларининг йўқликка етишганлари сабабли уларга ҳеч нима ҳавф сололмаслигини айтиб, уларга ҳавас қилади:

Эй Навоий вужуд ҳарфин унут,
Адам ўлмак била фано йўлин тут.
Сен чу урсанг фано йўлида алам,
Йўққа мумкин эмас етишмас адам.
Аламин кўрмайин десанг йўқ бўл,
Сени йўқ топса, ўзга нетгай ул?[40]

Улуғ шоирнинг достонини таҳлил қилган санъатшунос профессор О. Иброҳимов ҳам “Рангларда садоланган мақомлар” мақоласида бу ҳолат ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Модомики сўнгги ҳикоя оқ ранг ва унинг ботинида мавжуд Рост мақомига боғланган экан, бу ҳол бош қаҳрамон тақдири учун ижобий хулоса чиқаришга этарли асос бермоғи керак. Оқ ранг тасаввуфда ҳақиқатга эришганлик, юксаклик белгиси. Унинг билан боғлиқ Рост (чин, ҳақиқат) мақомининг маъносида ҳам шу маъно зуҳур этади. Ваҳоланки шундай экан, у ҳолда Баҳромнинг достон якунидаги ҳалокатини маъжозий маънода, яъни ошиқ шоҳнинг руҳоният жабҳасидаги ғалабасию, нафси амморасининг ҳалокати сифатида қабул қилиш лозимга ўхшайди”.[41]

Ушбуни ўқувчиларда Навоий шу фикрда экан, нега уни достонда очиқ баён этмади, деган савол туғилиши табиий. Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд.

Биринчидан, Шарқ адабиёти рамзийлик услубиётига қурилган эди.

Иккинчидан, Навоий хамсачилик анъанасига риоя қилиши шарт эди.

Учинчидан, улуғ шоир ва файласуф омма учун гўзал асар ва хослар учун улуғ ҳикмат айтган. Ва бу ҳикматнинг тушунмайдиганлар орасида хор бўлишини хоҳламагани учун тилсим ичига жойлаган (“Фарҳод ва Ширин”даги ва “Сабъаи сайёр”нинг ой ҳомийлик қилган душанба кечаси айилган Саъд ҳақидаги ҳикоятда тасвирланган тилсимларни эсланг).

Руҳшунос З. Фрейднинг исботлашича, инсон онг остидаги ҳолатлар – туш ва гипноз ҳолатида рамзу ишоралар тили билан гапирар, унинг хоҳиши, талаби, фикри ва ҳоказоларни мана шундай тил билан баён этар экан. Балки мумтоз адабиётнинг рамзу ишораларга бойлигининг сабабларидан бири шудир. Ҳар қалай, Навоийнинг салафлари ижодида ишқий-саргузашт достон бўлган бу “Хамса”нинг тўртинчи маснавийси Навоийнинг сеҳрли қаламида рамзий-тасаввуфий достонга айланди.

Зуҳра МАМАДАЛИЕВА,
филология фанлари номзоди

 


[1] Навоий Алишер. Сабъаи сайёр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1992. Ж.10. – Б. 409.

[2] Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. – Б. 157.

[3] Бу ҳақда қаранг: Ҳасанов С. Рақамларнинг рамзий жилвалари. / Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. – Б. 151-161.

[4] Бу ҳақда қаранг: Зиётов З. Шумерлар ва Турон қавмлари. Тошкент: MUMTOZ SO‘Z , 2012.

[5] Бу ҳақда қаранг: Жўраев М., Холмуҳамедов К. Етти иқлимдаги “етти”лар. – Тошкент, Фан, 1989; Жўраев М. Сеҳрли рақамлар сири. – Тошкент: Ўзбекистон, 1991; Жўраев М. Ўзбек халқ эртакларида “сеҳрли” рақамлар. – Тошкент: Фан, 1991. –  Б.90-126; Жумаева С. Ўзбек мумтоз шеъриятида рақам рамзлари ва уларнинг талқини (XII-XV асрлар). Фил. фан. ном. … дисс. –  Тошкент: 2006

6 Бу ҳақда қаранг: Авроди Қуръоний. Мусанниф: Муҳаммад Зоҳид Иброҳим ал-Бусравий. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. – Б. 86-100.

7 Жумаева С. Ўзбек мумтоз шеъриятида рақам рамзлари ва уларнинг талқини (XII-XV асрлар). Фил. фан. ном. … дисс. –  Тошкент: 2006. –  Б. 39.

[8] Бу ҳақда қаранг: Ғафуржонова Т., Отажон У. Юлдузлар чарақлаган ғазал. / Сирли олам. 1991. № 4. Б.8-10.

[9] Юсупова Д. Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи (Алишер Навоий даври). Тошкент: Akademnashr, 2013. Б. 14.

[10] Маллаев Н. Алишер Навоий ва халқ оғзаки ижодиёти. Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1974; Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991; Муҳиддинов М. Нурли қалблар гулшани. Тошкент: Фан, 2007; Нарзиқулова М. “Сабъаи сайёр” достонида фольклоризмлар ва ўзбек фольклорида Баҳром тимсоли. Фил. фан. ном. … дисс. –  Тошкент: 2006.

[11] Иброҳимов О. Рангларда тасвирланган садолар. / http://www.classicmusic.uz/maqomlar_uz.htm

[12] Муҳиддинов М. Нурли қалблар гулшани. Тошкент: Фан – 2007. Б.44.

13Абдуқодиров А. Тасаввуф ва Алишер Навоий ижоди (ваҳдат ул-вужуд проблемаси бўйича). Фил.фан докт. … дисс. –  Тошкент: 1998. –  Б. 156.

[14] Комилов Н. Нажмиддин Кубро. / Тасаввуф. – Тошкент: Моvarounnahr – O’zbekiston,  2009. –  Б. 481.

15  Ортега-и-Гассет Хосе. Севги сеҳри. // Жаҳон адабиёти. –  2008. –  №1. –  Б.103.

16 Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи.  – Тошкент: Ёзувчи, 1996. – Б. 49.

17 Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Моvarounnahr – O’zbekiston,  2009. –  Б. 98.

18 Ғаззолий Абу Ҳомид. Кимиёи саодат. Туркий. –  Тошкент: Адолат, 2005. –  Б.57-60.

19 Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси. –  1991. – Б. 169.

[20] Комилов Н. Нажмиддин Кубро. / Тасаввуф. – Тошкент: Моvarounnahr – O’zbekiston,  2009. –  Б. 418.

21  М.Орипов. Етти водий таърифи. // Гулистон. – 1991. – № 3. –  Б.16.

22 Навоий Алишер. Лисон ут-тайр.  МАТ. 20 томлик.  – Тошкент: Фан, 1996. Т.12. – Б. 224.

23 Орипов М. Етти водий таърифи. // Гулистон. 1991. – № 9. Б. 18.

24 Бу ҳақда қаранг: Кошифий Ҳусайн воиз. Футувватномаи султоний. Форс-тожик тилидан Н. Комилов таржимаси.  – Тошкент: А.Қодирий номли халқ мероси нашриёти, 1994.

25 Навоий Алишер. Лисон ут-тайр. / Насрий баён муаллифи Ш.Шарипов. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991. –  Б. 204-205.

26 Исомиддинов Ф. Шайх Санъон ҳақидаги қиссаларнинг қиёсий таҳлили. Фил.фан.ном. … дисс. –  Тошкент: 2001. – Б. 89.

27 Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. – Б. 173.

28 Тасаввуф истелоҳлари шарҳи. / Кубро Нажмиддин. Тасаввуфий ҳаёт. Таржимон ва нашрга тайёрловчилар: Иброҳим Ҳаққул., Азиза Бектош.  – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. –  Б.242.

[29] Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. – Б. 174.

30 Тасаввуф терминлари сўзлиги. Тайёрловчи: Улуғдағ С. (Турк тилида.) – Истанбул.   – Б. 231.

31Абдуқодиров А. Тасаввуф ва Алишер Навоий ижоди (ваҳдат ул-вужуд проблемаси бўйича). Фил. фан.док. … дисс.  – Тошкент: 1998. – Б.170.

[32] Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси.  – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. – Б. 174.

[33] Иброҳимов О. Рангларда тасвирланган садолар. / http://www.classicmusic.uz/maqomlar_uz.htm

34 Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати. 3-том. – Тошкент: Фан, 1994. – Б. 318, 338.

35 Ал-Калободий Шайх. Тасаввуф сарчашмаси. (Ат-Таъарруф – тасаввуфни таништириш китоби.) Арабчадан Отақул Мавлонқул ўғли ва Мавлуда Отақул қизи таржимаси.  – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 2002.  –  Б. 111.

36 Бистомий Абу Язид (Боязид). “Илоҳий мулоқот”дан. //  Ислом тасаввуфи манбалари. Тўпловчи: Ҳ. Болтабоев. – Тошкент: Ўқитувчи, 2005 – Б. 73.

37 Кубро Нажмиддин. Фавойих ул-жамол. / Тасаввуфий ҳаёт. Таржимон ва нашрга тайёрловчилар: Иброҳим Ҳаққул., Азиза Бектош. –  Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. – Б.144.

38 Навоий Алишер. Сабъаи сайёр. (Насрий баёни билан). Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991. Б – 326.

39 Ўша манба.Б – 327.

40Ўша манба. Ўша бет.

41Иброҳимов О. Рангларда тасвирланган садолар. / http://www.classicmusic.uz/maqomlar_uz.htm