Жамшид Матёқубов. “Болалигим — оппоқ капалак”

Улкан тоғлар, ҳайбатли вулқонлар, азим дарёлар ортидан сиртдан қараганда сокин, аммо ҳаёт қайнаб ётган бир ўрмон бошланади. Бу — Чили ўрмонлари. Ёввойи ўтларнинг ўткир бўйи, ўрмон қушларининг нағмаларига тўлиб-тошган улуғвор ўрмон — мисли хазина.
Мана шу сокин заминда, узоқ ғарбдаги олис масканда Пабло Неруда туғилди — ҳаётни, шеъриятни, ёмғирни севиб ардоқлаш учун дунёга келди. Зеро, ижодкорнинг унутилмас болалик хотиралари Чилининг тинимсиз жалалари билан боғлиқ. Асл исми Нефтали Рикардо Рейес Басоальто бўлган Пабло Неруда Чилидаги кичик шаҳарча — Парралда таваллуд топди.
Отаси — Хосе дел Кармен Рейес темирйўлда оддий хизматчи, онаси — Роза де Басоальто мактабда ўқитувчи эди. Пабло гўдаклик чоғида онаси сил хасталигидан вафот этади: “Мен 1904 йил 12 июлда туғилдим, орадан бир ой ўтар-ўтмас, одамларнинг айтишича, августда сил хасталигидан қовжираб қолган шўрлик онам тонгларнинг бирида қайтиб уйғонмаган. Мен онамни фақат расмидан танирдим, холос. Қорачадан келган, нозиккина, ўйчан аёл сурати. Айтишларича, у шеърлар ҳам ёзган экан. Лекин мен ҳеч қачон онам ёзган шеърларни кўрган ҳам, ўқиган ҳам эмасман. Темукода отам иккинчи марта, менга ўгай она бўлган Тринидад Кандиа Марверде исмли аёлга уйланади. Лекин мен болалигимнинг ҳимоячи фариштаси мисол бу аёлга ҳеч қачон ўгай кўз билан қарамаганман. Ғоятда мулойим ва меҳрибон, ҳазилкаш, кун бўйи барчага бирдек ғамхўрлик қилишдан чарчамайдиган меҳнаткаш ва отамга итоаткор аёл эди у…”.
Олти ёшга тўлгач, Нефтали Рикардо лицейга қатнай бошлайди. Мактаб ёш болакай учун мутлақо янги, қизиқарли ва сирли дунё эди. Унинг қизиқишлари энди китобларга кўчади. Айнан китоблар бўзболада ёзишга иштиёқ уйғотади. Унинг соф туйғуларга йўғрилган илк севги мактуби Бланка Уилсон исмли қизга аталган эди.
“У темирчининг қизи эди. Бланкани ақлдан озар даражада севган бир дўстим қиз учун унинг номидан севги мактуби битишимни илтимос қилди. Ўша мактубларда нимларни ёзганман, эсимда йўқ, лекин булар, назаримда, менинг адабиётдаги илк тажрибаларим, илк қораламаларим эди. Кунлардан бир кун Бланка билан учрашиб қолдик ва у: “Менга ошиқ йигитнинг хатларини сен ёзиб беряпсан, шундайми?!”, деб сўради. Мен ижодимнинг илк намуналари — севги номаларидан воз кечишга ўзимда куч тополмадим ва қизнинг қаршисида қизариб-бўзариб буни тан олдим. Жавоб ўрнига у менга катта, сам-сариқ беҳи берди. Мен беҳини емадим. Ижодимга берилган илк мукофот, илк эътироф сифатида, ноёб хазинага эга одамдай уни асраб-авайладим. Хуллас, мен мактуб битардим, дўстим ўзининг номидан уни Бланкага олиб бориб берар, қиз эса мени ҳар бир хатим учун беҳи билан сийларди”, деб ёзганди болалигини хотирлаб шоир.
Табиат ва одамларга меҳр-муҳаббат, ҳаётга, яшашга иштиёқ Неруданинг юрагида оловли ҳисларни уйғотди.
Болалиги ва илк шеърлари ҳақида ижодкорнинг ўзи “Иқрорман: Мен яшадим” номли хотиралар китобида қуйидагиларни ёзган.

* * *

“Болалигим гўё оппоқ капалак эди. Табиатдаги ҳар қандай ҳодиса мени оҳанрабодек ўзига тортарди. Отамнинг бир дўсти бўларди. Айтишларича, у ашаддий каллакесар экан. Баданининг тиғ тегмаган жойи қолмаган — чандиқларга тўла бу одам болалардек қувноқ эди, мен учун янги ўйинлар ўйлаб топишдан ҳечам зерикмасди. Лекин ҳозир қушлар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Буди кўлида оққушларни шафқатсизларча овлашарди. Қайиқларда секин-аста пусиб келишар, сўнгра тўсатдан уларга ҳужум қилишарди… Оққушлар, худди оқчарлоқлардек оғир учар, парвоз қилгунча сув устида анча югурарди. Вазмин қанотларини ҳаракатга келтириш оққушлар учун бир мунча мушкул эди. Бундан овчилар фойдаланиб қолар — қўлларидаги таёқлар билан қушларни уриб йиқитишга улгуришарди.
Бир чалажон оққушни менга олиб келиб беришди. Ажойиб қуш эди — бўйни тим қора. Бундай оққушни мен бошқа ҳеч қаерда учратмадим. Қордек оппоқ жониворнинг бўйнига гўё тим қора ипак мато боғлаб қўйилгандек. Тумшуғи тўқ сариқ, кўзлари эса алвон рангда.
Бу воқеа Жанубий Империалда, Пуэрто-Сааведра денгизи қирғоғида рўй берганди.
Оққушни менга беришганида жонивор чала ўлик ҳолатда эди. Мен унинг жароҳатланган жойларини ювдим ва томоғига балиқ, нон ушоқларини мажбурлаб тиқдим. Лекин у хўракни қайт қилиб ташлади. Мен эса унинг яраларини даволашни тўхтатмадим ва оққуш дўстона муносабатимни тушуна бошлади. Бир неча кундан сўнг унинг уй қамоғида қаттиқ зериккани сезилди. Шунда мен ўзимча: агар у ўлиб қолса, бунга фақат тутқунлик сабаб бўлади, деган фикрга келдим. Сўнг уни кўтариб кўчага чиқдим-да тўғри дарёга бордим. Оққуш сувда сузди, мен эса унинг ёнида. Шу тобда балиқларни унинг ўзи овлашини истардим ва тошлар остида, соҳилга яқин қумлар устида сузиб юрган кумушранг жануб балиқчаларни кўрсатишга уринардим. Лекин оққушнинг кўзлари олис манзилларга ғамгин термилиб қоларди.
Ҳар кун шундай — йигирма кун, балки ундан ҳам кўпроқдир — мен уни дарёга кўтариб борардим, сўнг уйга қайтардик. Оққуш менинг тенгқуримдек эди. Бир куни у ҳурпайиб олди ва балиқ есин, деб қанча уринмай, оққуш мутлақо унамади. Шалпайиб қолган қушни уйга олиб кетиш учун кўтариб олдим. Ва… шу пайт, назаримда, йиғилган тасма ёйилиб кетгандек, юзимни қандайдир қора тусли қўл майин силаб ўтгандек бўлди гўё. Бу — ўлган қушнинг осилиб тушган узун бўйни эди. Мен эса шу тобда бир ҳақиқатни англаб етдим, оққушлар ўлаётиб куйлашмас экан…
Каутина ёзи жуда иссиқ келади… Бу ердаги уйлар қишга чидамли бўлмаганидек, ёзга ҳам мос эмас. Қишлоқдан чиқиб, бошим оққан тарафга юриб кетавераман, кетавераман. Нъелол тепаликларида адашиб қоламан. Ёлғиз ўзим, чўнтагим эса турли қўнғизчалар билан тўла. Қутичада — ҳозиргина тутиб олганим сертук ўргимчак. Бошим устида осмон кўринмайди. Бу ерлар доимо зах, лойгарчилик. Юрганда сирғаниб-сирғаниб кетаман; туйқусдан қуш сайроғи эшитилади — бу вещeyнья чукао. Табиатнинг бегона ҳодисалари қаршисида ёлғиз турганимданми, ваҳима босади. Ёввойи каптарнинг қанотлари шундоқ юзимни силаб ёнгинамдан учиб ўтади. Бошим узра чарх ураётган турли-туман қушлар сайроғи қулоғимга “қаҳ-қаҳа”дек эшитилади. Минг машаққат билан йўлни топиб оламан. Атрофга қоронғулик чўккан.
Отам ҳали ишдан қайтмаган. У тонг саҳар — соат уч ёки тўртда келади. Мен юқорига, хонамга чиқаман. Сальгарини ўқийман. Бирдан ёмғир ёғиб қолади, гўё челаклаб қуяётгандек. Бир нафасда бутун дунёни мисоли сел босади. Ёлғизман, катакли дафтарга шеър ёзаман. Эрталаб барвақт уйғонаман. Олхўрилар ҳали пишмаган, кўм-кўк. Яна тепаликка югураман. Қўлимдаги халтачада озроқ туз бор. Дарахтга тирмашиб чиқиб, яхшилаб ўрнашиб оламан, ғўр олхўридан аста тишлайман. Узилган олхўри бўлагини оғзимдан олиб туз сепаман. Сўнг ейман. Юзларча олхўрини шу зайл паққос тушираман. Тажрибамдан яхши биламанки, бунча олхўри менга кўплик қилади.
Уйимиз ёниб кетган, ҳозиргиси янги, мен учун сирли, ҳали ечилмаган жумбоқ. Тахта тўсинга яқинлашиб қўшнилар тарафга мўралайман. Ҳеч ким йўқ. Тахтани суриб қарайман, ғоз учмайди, бўм-бўш. Фақат жирканч ўргимчаклар. Ҳовлининг этагида — ҳожатхона. Унинг ёнидаги дарахтлар бужмайиб қолган. Бодом мевалари оппоқ фетр билан бурканган. Мен рўмолча билан ҳар хил ҳашоратларни, пашшаларни озор бермай тутишни биламан. Пашшани қўлимда озроқ ушлаб туриб, сўнг қулоғимга тутаман. Ғинғиллаши ёқади.
Қўрқинчли, ваҳимага тўла “Фронтера” ерларида қорамағиз болакай, митти шоир якка-ёлғиз. Ҳаёт ва китоблар басма-бас менга машаққатли сир-синоатларини очади.
Бир кун кечқурун ўқиган ҳикоям ҳеч эсимдан чиқмайди: олис Малайзия ерларида ўсадиган нон дарахти асар қаҳрамони Сандокан ва унинг дўстларининг ҳаётини сақлаб қолади.
Менга Буффало Билл ёқмайди — у ҳиндуларни ўлдиради. Лекин унинг Шимолий Америка кенгликларида от чоптириб юриши нақадар ажойиб, айниқса, қизил танлиларнинг ғаройиб кийимида у беҳад жозибали кўринади.
Мендан илк шеъримни қачон ёзганим, умуман, шеъриятимнинг қандай юзага келгани ҳақида тез-тез сўраб туришади. Эслашга уриниб кўраман. Болалигимда бир куни — энди-энди ёзишни ўрганган пайтларим — ўзимда кучли ҳаяжон сездим ва бир неча қатор қофияли сўзлар ёздим; улар ажабтовур туюлди, одатдаги нутқимга ўхшамасди. Сўзларни қайта оққа кўчирдим, қалбимда аллақандай, авваллари ҳеч кузатилмаган соғинчми, қайғуми — шунга ўхшаш ғаройиб ҳислар уйғонди. Булар шеър эди, онамга аталган — болалигимнинг ҳимоячи фариштаси ўгай онамга бағишланган шеър. Мен ўзимнинг илк ижод маҳсулимни таҳлил қилишга, баҳолашга ожиз эдим, шунинг учун ҳам ёзганларимни дарҳол ота-онамга кўрсатдим. Улар ошхонада ўтириб паст овозда болалар ва катталар ўртасидаги тафовутлар, қарама-қаршиликлар ҳақида гурунглашарди. Мен эса ўша ҳаяжон оғушида шеър ёзилган қоғозни уларга узатдим. Отам паришонлик билан қоғозни қўлига олди ва шу ҳолатда шеърни ўқиб чиқди, сўнг пинагини бузмай қоғозни менга қайтариб берди:
— Сен буни қаердан олиб ёздинг?
Шундан сўнг улар яна олдингидай паст овозда ўзларининг муҳим мавзудаги суҳбатларини бамайлихотир давом эттиришди.
Менинг илк шеърларим, назаримда, шу тариқа дунёга келди. Ва худди шу тарзда бепарволик билан билдирилган “адабий танқидчилик”нинг илк баҳосини олдим.
Лекин шунга қарамай мен олға интилар, оламни англаб етиш илинжида китоблар денгизида тартибсиз танҳо сузардим. Китоб ўқишга ташналигим мени на оқшом ва на кундузи тинч қўярди. Пуэрто-Сааведра соҳилида мўъжазгина қишлоқ кутубхонаси бўларди. Кутубхоначи, кекса шоир дон Аугусто Уинтера менинг китобларга очлигимдан лол қоларди. “Қалай, ўқиб бўлдингми?”, сўрарди у менга Варгас Вила(1860 — 1933, колумбиялик романнавис.) ёки Рокамболнинг(саргузашт романлар муаллифи) янги китобини бераркан. Мен эса худди туяқушдек гап-сўзсиз бу китобларни ямламай ютардим.
Ўша пайтлар Темукога мудом эгнига узун кўйлак, оёғига паст пошнали туфли кийиб юрадиган баланд бўйли бир хоним ҳам келганди. У қизлар лицейининг янги директори эди. Хоним жанубдан, қорли Магеллан бўғозидан келган, уни Габриэла Мистрал(1889 — 1957, чилилик шоира, Лотин Америкаси адиблари орасида биринчи Нобел мукофоти совриндори), дея аташарди.
Мен унинг узун кўйлакда шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилишини кузатардим ва негадир ундан чўчирдим. Кунларнинг бирида мени ўша аёлнинг уйига олиб боришганида билдимки, у жудаям меҳрибон ва мулойим экан. Унинг гўзал арауканияликларга ўхшаб кетадиган буғдойранг, нафис чеҳрасида ҳинду аёлларига хос чирой барқ уриб турарди. Хоним ташриф буюрган уй унинг ёқимли кулгусидан, айниқса, кўзни қамаштирувчи қордек оппоқ тишларидан чароғон бўлиб кетарди.
Мен у билан дўст тутинишга ёшлик қилардим, қолаверса, ҳаддан ташқари қўрқоқ ва тортинчоқ эдим. Мен бу аёл билан бир неча марта кўришдим, холос. Лекин шу учрашувларнинг ўзи менга етарли эди — мен у совға қилган китобларни доимо ўзим билан олиб юрардим. Булар, хонимнинг фикрича, жаҳон адабиётининг энг сара намуналари саналган рус ёзувчиларининг асарлари эди. Бугун баралла айтишим мумкинки, Габриэла менга рус адиблари ёрдамида ҳаётга жиддий ва очиқ кўз билан қарашни, нарсаларни қандай бўлса шундайлигича кўришни ва таҳлил қилишни ўргатди. Шундан сўнг менда Толстой, Достоевский, Чехов сингари ёзувчилар шахси ва даҳосига улкан ҳавас уйғонди. Ва бу ҳавас умрбод яшаб қолади…”

* * *

Асл исми Нефтали Рикардо бўлган шоирни нима учун Пабло Неруда деб аташади? Бу ҳақда ижодкорнинг ўзи шундай деб ёзган: “Мен ўн тўрт ёшга кирганимда, отам шеър ёзишимни таъқиқлаб қўйди. У ҳеч қачон ўғлининг шоир бўлишини истамасди. Шеърларим чоп этилаётганини отам билмаслиги учун, табиийки, мен бошқа бир ном излашим, ҳеч кимда шубҳа туғдирмайдиган исм топишим лозим эди. Шундай қилиб, Чехияда нашр этиладиган журналларнинг биридан мен ана шундай исмни топдим. Неруда исмли бу ёзувчи ўз халқининг фахри, бир қанча ажойиб баллада ва романслар муаллифи эди. Прагада унинг ҳайкали ҳам ўрнатилган. Орадан анча йиллар ўтиб, Чехославакияга борганимда мен дарҳол ўша ҳайкални қидириб топдим ва серсоқол бу ёзувчининг пойига гуллар қўйдим.”

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 30-сонидан олинди.