Юсуфбек ҳожи бўлиб… (Аббос Бакиров)

Атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ким ўқимаган, шу роман асосида яратилган дастлабки бадиий фильмни ким севиб томоша қилмаган, дейсиз? Асарда бош қаҳрамон Отабекнинг отаси образи қандай тасвирланган бўлса, экранда ҳам айнан шундай ниҳоятда ақлли, мулоҳазакор, ўйчан, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган босиқ, вазмин Юсуфбек Ҳожининг сиймоси гавдаланади. 1969 йилда экран юзини кўрган ушбу фильм режиссёри ўз тег­расига умуман, жуда истеъдодли актёрларни тўплаганки, ёзувчи ўз қаҳрамонларини асарда қандай тасвирлаган бўлса, ўша қиёфаларга тўла мос тушадиган актёрларни кўрамиз. Фильмда “ўзига ярашмайдиган”, яъни ролига мос тушмайдиган биронта актёрни учратмаймиз. Бу, албатта, режиссёрнинг юксак диди, фикру дунёси, савқи табиийсининг кучлилигидан дарак беради. Асарда энг ёрқин образлардан бири – бу Юсуфбек Ҳожи образидир. Унинг сокин, ўйчан кўзларида аллақандай чуқур бир дард, изтироб муҳрлангандек, дард кўзларининг ич-ичига сингиб кетгандек. У ҳеч қачон овозини баландлатмайди, жиззакилик қилмайди, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз эътиқодига, виждонига таянади. Ақл-оқиллик кўчасидан юради…

Ана шу Юсуфбек Ҳожи образини Ўзбекистон халқ артисти, халқимиз ардоғидаги санъаткор Аббос Бакиров яратган. Таниқли театр ва кино актёри Аббос Бакиров асли Андижон шаҳрида туғилган. 1928 – 1929 йилларда касб-ҳунар билим юртини тамомлагач, Учқўрғон темирйўл кўприги қурилишида бетон қуювчи бўлиб ишлаган. 1931 йилдан эса ижодий фаолиятини Андижон вилоят мусиқали комедия ва драма театрида бошлаган. 1952 йилда Москвадаги Луначарский номли давлат театр санъати институтининг режиссёрлик факультетини тамомлайди. “Қурилишда ишлаб юрган пайтларимда, – дейди А.Бакиров ўз хотираларида, – Андижон театрига кирмаган вақтим камдан кам бўлар эди. Санъатга қизиқишим шу даражага етдики, актёр бўлишга қасд қилдим. 1931 йилда театр директори М.Қориёқубов мени актёрликка қабул қилди. Менинг актёр бўлиб етишишимда устозларим Муҳиддин Қориёқубов, Исоқ Қори Каримов, Асад Исматов, Абдуваҳоб Азимов, Лутфихоним Саримоқоваларнинг хизматлари катта бўлди. Мен шу даврда Раҳимовнинг “Хоин” пьесасида Қосим, Собир Абдулланинг “Боғбон қиз” асарида Маҳкам ролларини ижро этдим. Спектаклларнинг премьераси Ўш шаҳрида бўлиб ўтди. Спектакллар тамом бўлгач, М.Қориёқубов мени томошабинлар ҳузурига олиб чиқиб, актёрлик маҳоратим ҳақида гапирдилар. 1933 йилда иккинчи лаборант режиссёр этиб тайинландим. Менинг ижодий ишимга Ҳамза театрининг бош режиссёри Етим Бобожонов катта ёрдам берди”.

Аббос Бакировни ҳам драма, ҳам трагедия, ҳам комедия жанрида ижод қилган улкан санъактор эди десак муболаға бўлмайди. У қайси бир роль устида ишламасин, ўша қаҳрамонининг ҳам ташқи ҳам ички ҳолатини ғоят ишонарли очиб бера олган санъаткордир. Аббос Бакиров саҳнада Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин” асарида Хисрав, Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” асарида Ромео, Шиллернинг “Макр ва Муҳаббат” асарида Фердинанд, Гоголнинг “Ревизор” асарида шаҳар ҳокими, К.Яшиннинг “Нурхон” асарида Ҳожи, Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” асарида бой, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” асарида Ғофур ва бошқа ранг баранг асарлардаги ролларни жўшқин қалб, эҳтирос билан ижро этиб томошабинлар меҳрини қозонди. У актёрлик билан режиссёрлик ишини бақамти олиб борган санъаткор. 1941 йилдан Андижон вилоят театрида (ҳозирги З.М.Бобур номидаги) режиссёр сифатида фаолият олиб бориб, бу саҳнада қирққа яқин асарларни саҳналаштиришга муваффақ бўлди. С.Абдулланинг “Тоҳир ва Зуҳраси”ми, Ҳамзанинг “Холисхон”ию “Бой ила хизматчи”сими, Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун”ию Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”и, Абдулла Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлар”ию Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”си… хуллас, бу каби рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Аббос Бакиров 1940 йилдан бошлаб кинода суратга туша бошлайди. У дастлаб “Азамат” фильмида Азамат ролини ижро этади. Кейинчалик “Амирликнинг емирилиши” фильмида амир, “Мафтунингман”да кинорежиссёр, “Улуғбек юлдузи”да Аббос,“Икки дил достони”да лашкарбоши ва бошқалар. 1954 йилда режиссёрлар Л.Файзиев ва В.Басовларнинг “Амирликнинг емирилиши” бадиий фильмида у Бухоро амири ролини ўйнайди. Фильмни суратга олишдан олдин актёрга Бухоро амирининг кийимларини кийдириб, пардозлаб Бухоро кўчалари ва бозорларини извошда айлантиришади. Буни кўрган дўкондорлар “Амир қайтибди, Амир қайтибди”, деб ҳайқириб юборадилар. Ижодий гуруҳ бу вазиятни яна бир синовдан ўтказиб кўради. Амир даврида саройда хизмат қилган бир қулни топиб келишиб, уни тахтда ўтирган Амир – Аббос Бакиров ҳузурига олиб келишади. Қул “Амир”ни кўргач, ўзини ерга ташлаб ҳушидан кетади. Ҳушига келгач, бу шу ролни ижро этган артист дейишларига қарамай зинҳор ишонмайди… Аббос Бакировга қандай роль берилмасин, ўша роллар унинг қиёфасига “узукка кўз қўйгандек” мос тушарди. Бухоро амири образи билан Юсуфбек Ҳожининг ўртасида еру осмонча фарқ бор? Гап шундаки, Аббос Бакиров турли қиёфалардаги, турли характерлардаги ролларни бекаму кўст ижро этиш қобилиятига эга эди. Юсуфбек Ҳожи одоб ва аҳлоқда, хушмуомалаликда тенги йўқ, закий инсон. Унинг ёқимтойлиги, овозидаги майинлик минглаб томошабинларни ўзига мафтун этди ва шунинг баробарида халқимиз Аббос Бакировни Юсуфбек Ҳожи деб тан олди. Унинг кинодаги яна бир муваффақиятли образи бу К.Ёрматовнинг “Осиё устида бўрон” бадиий фильмидаги Қоплонбек образидир. Бу фильмда икки буюк санъаткор Шукур Бурҳонов ва Аббос Бакировларнинг юксак истеъдоди яққол кўзга ташланади.

Аббос Бакиров Андижон театрида кўплаб шогирдлар, издошлар етиштирди. Улар қаторида умр йўлдоши Ўзбекистон халқ артисти Қамара Бурнашева, қизи ҳозирда Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакироваларнинг номларини ҳам алоҳида тилга олиш лозим. Ҳаётда эътиқодини, халқини, ватанини, касбини, санъатини барча нарсадан устун қўйиб яшаган, аъмолига бир умр садоқат кўрсатган инсонлар ҳақида сўз кетса, ҳеч иккиланмай, Аббос Бакиров номини тилга олсак сира янглишмаймиз.

Матлуба Маҳкамова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон