Хуршид Дўстмуҳаммад. Ҳамдардим — адабиёт

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари. Оилада тўққиз фарзандмиз – беш қиз, тўрт ўғил. Камина – кенжатой. Отамизнинг нафақаси 51 рубль. Нафақага қараб қолмаганмиз, албатта. Отамиз косибчилик қиладилар. Онамиз ҳам тиниб-тинчимайдилар: дўппи тепчийдилар, попоп тикадилар, нималарнидир бозорга олиб бориб сотадилар. Тўнғич опа-акаларга тўғри келмай қолган кийим-бошлар ука ва сингилларга ўтади. Худога шукур, қозонимиз қайнамаган кун йўқ. Нонушта чоғи сандалнинг гирди тирбанд, чойхўрларга тўлади. Онамиз бир чақмоқдан оқ қанд улашадилар. Гоҳо менга бир жуфт насиб этиб қолади. Қуруқ нон-чой.
Оқшом гурунглари қизийди – ҳар ким билганини тўқийди. Опаларим, акаларим бошқаларга гап беришмайди. Отамиз камгап – кўпроқ тинглайдилар, ми­йи­ғида кулимсираб ўтирадилар. Табиий, аксаран топиш-тутишдан, мол-мулкдан кетади гап.
– Топиш-тутишдан бошқа ташвиш йўқми? Нуқул пул ҳақида гапиравериш уят! – деб қоладилар тўсат­дан отамиз. – Китоб ўқинглар, кам бўлмайсизлар.
Қиблагоҳимизнинг бирор марта пул топинглар деб айтганини билмайман. Волидамиз эса биз фарзандларга, албатта ўқинглар, дунё – билганники, шу билан бир йўла ҳунар ўрганиб қўйсанглар ортиқчалик қилмайди, деган қараш тарафдори бўлганлар.
Шундай муҳитда улғайдик, ҳаётга кириб келдик.
Оиламизда юз берган икки “тарихий” можарони сиртга олиб чиқай.
Тахминан 8-9 ёшларда эдим. Сандалли айвонимиз шифтига қалдирғоч уя қура бошлади. Тинимсиз чуғур-чуғур, қалдирғочлар тепамизда айлангани-айланган. Отамиз уяни бузиб ташлашни буюрдилар. Онамиз эса – ҳай-ҳай, кароматли бу қушнинг уясини бузишнинг оқибати чакки бўлади, деб туриб олдилар. Бундай тушунча бидъат, дедилар отамиз – қарабсизки, оилада сал кам қиёмат қўпди-да!..
Теледастурда “Жодугар” (“Колдунья“) бадиий филь­ми кўрсатилиши, қавс ичида “16 ёшгача бўлган болалар кўришлари мумкин эмас” деган эслатмаси ёзилган экан. Икки кун аввал оилада музокара авж олди: фильмни томоша қиламизми-йўқми? Тўнғич акаларим мумкин эмас деса, опаларим биз 16 ёшдан каттамиз деб туриб олишди. Можаро ота-она миқёсига кўтарилди. Ҳукми олий – фильмни оила даврасида томоша қилиш одобдан эмас, деган қарорга келинди!.. Ҳақиқий томоша кейин бошланди-ку! “Жодугар” фильми бутун оиламизни жодугархонага айлантирди, денг!.. (Бош ролда машҳур Марина Влади ўйнаган. Ҳозир ундай фильмларни мажбурлаб ҳам томоша қилдиролмайсиз, ёшларимизга).
Мен бунга ўхшаш жанжалларга, мунозараларга фаол аралашиш ва ўз мулоҳазаларимни айтиш-гапиришдан кўра (кенжатойман-да!), четдан туриб кузатиш ҳуқуқидан кўпроқ, унумлироқ фойдаланганман. Доимий кузатишлар аста-секин таҳлил қилиш, муҳокама қилиш ва муайян хулосалар чиқариш одати-кўникмасини шакллантирган. Нега одамлар низолашадилар, жанжаллашадилар, келишолмайди­лар? На­ҳотки, муроса йўлини топиш шунчалар мушкул бўл­са?! (Эндиликда толерантлик, яъни бағ­рикенглик, муроса маданияти мустақил фан-соҳа даражасига кўтарилди!)
Албатта, туғилган саволларга ўзимча ечимлар, жа­воблар излаганман. Энг қизиғи, шундай зиддиятли ҳолатларда мен ҳамиша “мағлублар”, “заифлар” томонида бўлардим. Қандай бўлмасин, хоҳ оилада-хоҳ кўчада “мазлумлар” ҳимоячисига айланардим.
Менда бадиий адабиётга илк ҳавас уйғотган туй­ғу (муқаддас туйғу!) ана шу – ачиниш, ҳамдардлик, қайғудошлик, меҳр кўргизиш туйғуси бўлса керак…
Маҳалламизда Фотма хола бўларди: пакана, оқ-сариқдан келган юзлари чўзинчоқ, от калла, оёқлари калта. Лапанглаб юрарди. Ҳеч кими йўқ. Ўзи билан ўзи овоз чиқариб, гаплашиб юрарди. Лаҳжаси ўзбекчага ҳам ўхшамасди. Кинначи эди. Ким қандай касалга учрамасин, оналаримиз, бор, Фотма холага чиқиб кел, кинна солиб қўйсин, деб қўлимизга 20 тийин беришар, Фотма хола лом-мим демас, хўмрайганича кинна солар, бундай ҳо­латларга тушганимда Фотма холанинг кўзларидан кўз узолмасдим, ҳеч қандай маъно-мазмунсиз, ҳар қандай ҳаётий орзу-ҳавасу, завқ-шавқдан мосуво, кекира-кекира пичирлаб, иркит сочиққа ўрал­ган косани бошим, кифтим, қорним устида айлантирар, мен эса тағин Фотма холанинг бармоқларига термилиб қолардим. Эркакларникига ўхшаш қалин-қалин, заранг таёқдек, калта ва чайир бармоқлар… Фотма хола ўзига тўқроқ катта хонадон оқсочи бўлгани боис эртаю кеч тиним билмасди.
Онамизнинг бармоқлари ҳам шундан кам эмасди.
У пайтлардаги муштипар оналарнинг азиз бар­моқлари, кафтлари, юз-чеҳра ажинлари бамисоли замон машаққатлари, рўзғор уқубатларидан ҳикоя қи­лувчи битиклар, баёзлар, девонлар ўрнини босарди… Оила, рўзғор, бола-чақа, қора қозон – шундан бўлак орзу-ҳаваси, кўнгил шодлиги бўлмаган у пайтлардаги онажонларимизнинг!.. Муҳтарама волидаларимизга қай­­­таролмаган қарзларимиз алами, армони, изтироб­лари ёзишга ундагандир, эҳтимол?..

* * *

Дастлаб эълон қилинган машқларим… Яхшиси, кундаликка мурожаат қилайлик:
«1976 йил, 14-15 август. “Телевизион миниатюралар театри”да “Садқаи уста” ва “Жамулжам” деб номланган миниатюраларим кўрсатилди. Унда машҳур қизиқчилар Ҳасан Йўлдошев, Эргаш Каримов, Садр Зиёвуддинов ва бошқалар иштирок этишди. Таниқли режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов ёрдам берди. Шунинг ўзи мен учун воқеа эди!
1976 йил, 5 октябрь. Бир йил бурун “Бирга кетди” деган ҳикоя ёзгандим. Уни “Фан ва турмуш” таҳририятидаги дўстларга ўқиш учун бердим. Маъ­қуллагандай бўлишди. Севиниб, ширин хаёл­лар оғу­шида “Гулистон” журналига олиб боришни мўл­жал­ладим.
1976 йил 6 октябрь. Ҳикояни “Гулистон”га олиб бордим. Эркин Аъзамов летучкада экан, хонасида қол­дирдим. Куннинг иккинчи ярмида қўнғироқ қилдим. “Бир келсангиз” деди, гапни қисқа қилиб. Гап оҳангидан ҳикоя ёқмаганга ўхшади.
1976 йил 5 ноябрь. “Гулистон” журналига бордим, Эркин Аъзамовга учрашдим. Ҳикоянинг асосий мақсадига хизмат қилмайдиган жойлари кўплигини айтди. “Фикрлар яланғоч” деди…»
Айтмоқчиманки, газета ва журналда лоақал битта ҳикоям босилармикан, деган орзу тушларимга кириб чиқарди. “Шарқ юлдузи” журналига иккита ҳикоя бердим. Сал кам икки йил қатнадим чоғи! Бўлим мудири Шукур Холмирзаевнинг пешонаси тиришиб-афти бужмайиб кетади денг, мени кўрган заҳоти. Ижодий ходим Турсун Иброҳимов эса ипакдай мулойим қарши олади, илтифот кўрсатади ва ҳар сафар, “Кейинроқ хабар олинг, ука, ўқиб қўяман” дейди. Ўқимади. Ҳикояларим таҳририятга янги ишга келган Мурод Муҳаммад Дўст ихтиёрига ўтди. Мурод акадан умидим катта эди. Эринмадим, янги куч-ғайрат билан Пушкин кўчаси 1-уйга бўзчининг мокисидек бориш-келишни давом эттирдим. Бироқ у кишидан ҳам ҳадеганда жавоб бўлавермади ва хайрият, ёруғ кунларнинг бирида иккала ҳикоямни қўлимга тутқазиб, узил-кесил жавобни айтди: “Манави ҳикоянгиз ярамайди, жўра, манависини эса Америкада чиқарса бўлар, лекин бизда эмас!”
Шу гапнинг ўзидан қувониб кетдим. Кейин-ке­йин тушундим – акалар мени аяшган, кўнглимни синдирмаслик учун “Ҳикоянг бўлмайди” деган гапни очиқ айтишни исташмаган… Таҳририятга танда қўйган кез­­ларим қанчалар ранжиган бўлсам, кейинчалик ўша ҳикояларим ҳақиқатда ҳам хом эканлигига иқрор бўлдим. Ўша аҳволда журналда босилиб кетмаганига қувондим.
Дастлабки ҳикоям “Фан ва турмуш” журналида, кейингиси “Гулистон” журналида (Эркин Аъзам таҳририда) босилгани оғизга, эътиборга тушган. Ҳи­кояни қўя турайлик, у пайтлар тўрт сатр хабар-информациянгиз чиқса, газетхонлар назаридан четда қолмасди, албатта фикр-мулоҳаза эшитар эдингиз…
Биринчи китобим – “Ҳовли этагидаги уй” тенг­қур­ларимга нисбатан хийла кечроқ чоп этилган. Ҳо­жиакбар Шайхов ва Шавкат Туроб муҳаррирлигида чиққан. Матбуотда муносабатлар билдирилган.
Бир гапни айтиш ўрни келиб қолди.
Биринчи китоби эрта чиққан дўстларимизнинг – деярли барчаларининг иккинчи китоби муваффақият қозонмади. Завқи-шукуҳи қанчалар юқори бўлмасин, биринчи китобни чоп эттиришга ошиқмасликнинг фойдаси кўпроқ деб ўйлайман. Чунки биринчи китобнинг шон-шарафидан кўра масъулияти оғир, энг ёмони – у бошловчи ижодкорни, унинг ихлосмандларини чал­ғитиб қўйиши мумкин.

* * *

Тошкент шаҳри ҳозирги Олмазор тумани 11-ўрта мактабнинг бошланғич синфида ҳарф ўргатган Ирисали Мирвалиев, онадек меҳридарё синф раҳ­баримиз Мунира Зокирова, ўзига хос ўқитиш услубига эга Маҳкам Расулов сиймолари ҳамиша кўз ўнгимда. Эски шаҳардаги “Турон”, Чиғатой дарвоза мавзесининг овлоққина гўшасида жойлашган Ҳамза номидаги кутубхоналарда китобхонларга беминнат хизмат қилган опажонларни, шунингдек, Эски шаҳар бозорига кираверишдаги 1-китоб дўконида неча ўн йиллаб ишлаган дўкондор ака-опаларни қадрдонларим каби соғинаман. Ёш ижодкорлар, мух­­бирлар тўгаракларида раҳбарлик қилган Раззоқ Абдурашидов, Файзи Шоҳисмоил, Му­ҳаммаджон Қўшоқов, олий ўқув даргоҳида Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Талъат Солиҳов, “Фан ва турмуш” журнали таҳририятида Ёлқин Тўрақулов, Восил Қобулов, Ҳусниддин Нурмуҳамедов, Комилжон Холмуҳамедов… номлари тилга олинган устозларнинг ҳар бир ибрати, ўгити, маслаҳати алоҳида хотира, алоҳида сабоқнома бўлишга арзийди!
…Асқад Мухтор даври “Гулистон”идан бўлим мудири устоз Маҳмуд Саъдий академик Восил Қобулов билан бадиий адабиёт, китоб мутолааси мавзуида суҳбат қилишни топширди. Домлага рўпара келишга икки-уч дафъа уриндим ҳамки, у киши суҳбатни ортга суравердилар. Кимсан, машҳур академик, “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори. Бўш вақт қайда, денг!..
Аввалги айрим тажрибалардан келиб чиқиб, саволларни ёздим, Восил Қобулов номидан жавобларни ҳам “қотириб” ташладим. Олиб бордим. Қабулга кирдим.
– Келинг, – деди домла ўтирган жойида кўзойнак тепасидан менга ҳайрон қараб.
– Суҳбатни олиб келгандим…
– Қандай суҳбат?.. – Савол қотди домла ва 8-10 варақ қоғозни олиб бир зумда унга кўз югуртириб чиқ­ди. – Қаердан олдингиз менинг гапларимни?
– Ёздим… Вақтингиз бўлмагани учун…
Домла икки қўллаб қоғозларни қўлимга тутқазди.
– Буни сиз ёзмадингиз, мен кўрмадим. Қайтиб ҳеч қачон бундай иш қилманг, ука. Якшанба куни у­йимга борасиз, икки соат ажратаман. Мириқиб суҳ­бат­ла­ша­миз…
…Қиш кезлари эди, сал кам уч соат ҳароратли танчага оёқ суқиб ўтириб, суҳбат қурдик. У журналда чоп қилинди. Фикр-мулоҳаза айтган Восил Қобулов қанча олқиш олгани менга қоронғи, лекин суҳбатга мирзалик қилган камина у кишидан кам тасанно эшитмадим…
“Ёш куч” журнали таҳририятида сал кам 10 йил Худойберди Тўхтабоев устозлик қилдилар, 20 йилга яқин Ўткир Ҳошимов билан ёнма-ён яшадик, ишлашдик – хизмат юзасидан республикада бормаган жо­йимиз қолмади ҳисоб. Сўзга, китобга, бадиий адабиётга муносабат борасида ўзимни Иброҳим Ғафуровга шогирд ҳисоблайман. Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Иброҳим Ғафуров ижодий фаолиятини ҳар жиҳатдан маънавий жасорат мақомига лойиқ кўраман. Қизиғи, устоз бирор марта уни ундай қилиш керак-буни бундай қилиш керак деган мазмунда насиҳат қилмаганлар. Зеро, Иброҳим Ғафуровнинг ҳар бир мақоласи, ҳар бир таржимаси, ҳар бир мансурасининг ўзи алоҳида сабоқ, алоҳида тарбияхона, алоҳида дарсхона!..
Бир қанча муддат Ўзбекистон халқ ёзувчиси Темур Пўлатов ижоди таъсирида юрганман. У орқали жаҳон адабиёти тажрибаларини чуқурроқ ўрганиш истаги кучайган. Машҳур психолог ва ажойиб қалам соҳиби профессор Алишер Файзуллаев – Алишер Файз билан бўлган азалий дўстлигимиз менинг ижодий изланишларимда бесамар кетмаганлиги му­қаррар.

* * *

Ушбу жавобларни ёзиш баҳонасида санадим – ҳозирга қадар 17та китобим жами 150 000 дан кўпроқ нусхада чоп этилибди. Кўпми-озми ёки етарлими? Борига шукур, башарти менинг ёзганларимни ўқиш истагидагилар кўпайса, бош устига, китоб нашр этиш эндиликда муаммо бўлмай қолди. Лекин муаллиф учун нечоғли мароқли бўлмасин, китоб ададининг кўп-камлиги шартли бир тушунчага айланиб қолмоқда. Илк ҳикоям босилган кезларда “Фан ва турмуш” журнали 500 000 нусхада чиқарди. Эндиликда китоблар асосан 2-5 минг нусхада тарқалмоқда. Лекин фалон китобни ўқимоқчи эдим, тополмаяпман деган китобхонни учратганим йўқ. Демак, ҳозирги адад ҳозирги эҳтиёж кўзгуси, бинобарин, зўрма-зўраки адад кетидан қувиш маъқул иш эмас.
Чоп этилган китоблардан кўнгил тўлганми?.. Бадиий ижод моҳиятини билган-тушунган одамда бундай савол туғилиши мумкин эмас. Ахир, бадиий ижод, аввало кўнгил иши, кўнгил изҳори. Кўнгил учун эса қониқиш, қаноатланиш туйғуси бегона. Шу пайтгача нимаики ёзган ва эълон қилган бўлсам, кўнглим тўлган, бироқ ҳамма-ҳаммасини бир бошдан қайта ёзгим келади. Кўнглим тўлмагани учун эмас, ўша ҳикоя, ўша қисса ёки ўша романни ёзиш асносида кўнглимдан кечган туйғулар, ҳолатларни қўмсаганим, яна ўша кайфият мавжлари қучоғида яшагим келгани учун. Бордию, тасаввур қилиб бўлмас ушбу ниятим амалга ошган тақдирда нима бўлади?.. Яна барини қайта бошдан ёзиш истаги, орзуси дилимда тугун бўлиб қолаверади…

* * *

Аллоҳ таоло адаштирмасин, фикри ожизимча, одатда инсон икки палла – реал олам ва тасаввурлар оламида мавжуддир. Ер юзида қанча инсон ҳаёт бўлса, шунча реал ва шунча тасаввур – образлар силсиласи мавжуддир. Тасаввур олами заифлашаверса, реал олам кемтиклашади. Фақат ижод аҳли туфайлигина одамларнинг, халқнинг, миллатнинг тасаввур олами тўйиниб туради. Тасаввур олами жўшиб турган халқнинг ғурури баланд, реал олами тўкис бўлади. Менинг назаримда, тасаввуримда нореал қатлам ҳам РЕАЛ! Шомирза Турдимов тадқиқ қилаётган мифларнинг бари, Жаббор Эшонқул кашф этаётган тушларнинг бари, Алишер Мирзо яратган ранглар симфонияси, Султон Алининг оҳанглари, Аҳмад Аъзамнинг “Рўё”си ҳам – РЕАЛ! Ушбу РЕАЛларсиз реал ҳаёт ўта ғариб, жўн ва сийқалашиб кетган бўлур эди.
Такрор таъкидлашга изн берсангиз – бадиий адабиёт ўзи топган, кашф этган, яратган нореалликлари, ғайриреалликлари билан ҳаёт реаллигини мудом маъно-мазмунга тўлдириб туради, уни шакллантиради, ривожлантиради. Ижод (жумладан, адабиёт) аҳлига бу қобилиятни Аллоҳнинг ўзи инъом этади, зеро уни ҳеч бир фиръавн куч тўхтатолмайди, йўлига тўғаноқ бўлолмайди. “Пушкинсиз Россия – Россия эмас” деб фарёд чекиб юборган Николай Гоголь. Бу – адабиётсиз, бадииятсиз Россия йўқ, рус жамияти – рус халқи йўқ, дегани эди!
Адабиётнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини кенг омма онгига бот-бот ва теран сингдириб бориш – жамият ҳақида қайғуриш демакдир.

* * *

Назаримда мумтоз бадиий тафаккур анъаналари замонавий ижодкорларимиз ижодида тўлақонли анъанага айланганича йўқ. Мантиқан олганда, ҳар қандай жараён замирида муайян анъана – кўникма, қатъий тизим, узвийлик, давомийлик, ворисийлик син­гари омиллар ётади. Бу – аксиома. Янгилик яратишнинг ушбу йўналишини ҳеч ким инкор қилолмайди ҳам. Бироқ, бошқа бир аксиома ҳам борки, у, “А, мен-чи?!” деб кўзини ўйнатиб туради. Бу аксиома – бадиий тафаккурнинг, айни вақтда, ғайримантиқий, ғайрианъанавий ҳодиса, бўйсунмас, далли-девона, жунунваш, аломатдан-аломат алланима эканлигида! Янгилик яратишнинг мазкур иккинчи йўналиши учун ҳам қалб-шуур дарвозаларимиз очиқ бўлмоғи зарур аслида. Бизда эса аҳвол… биринчисида, анча-мунча кемтиклик кузатилса, иккинчисида – торлик, биқиқлик, беписандлик, бехабарлик ҳукмрон. Оқибати, натижаси эса ҳаммага кундек аён.
Яратилаётган янги-янги асарларимизни зинҳор эътибордан четда қолдирмаймиз албатта, уларнинг борига шукур. Лекин адабиёт шукрона майдони эмас. Шукрона адабиёт – турган жойида депсинаётган, чекинаётган адабиётдир.
Бир сўз билан айтганда, анъаналарни ривожлантирган ҳолда, унга муттасил янги-янги ҳаётбахш куртак­ларни пайванд қилиш йўлларини топиш, кашф этиш жуда-жуда зарур. Якка ҳолда олсак, ҳеч бир ижодкор бошқасига ўхшамайди, лекин умумлаштириб қаралса, бирхиллик, биртуслик барқ уриб туради. Силлиқ, равон – ёд бўлиб кетган сийқа мезон. Фав­қулодда адабиёт эса силлиқ ва равон йўлларни четлаб ўтган сертикан ва тошлоқ сўқмоқларда яратилади, мезонлар бузилган гўшаларда дунёга келади. 2012 йилда Нобель мукофотига лойиқ кўрилган “Мусаллас салтанати” фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Роман билан боғлиқ мунозарали қарашлар, муносабатлар мавжудлиги алоҳида мавзу, аммо-лекин Мо Ян бир неча минг йиллик хитой адабиёти анъаналари ва воқелигида шаклланган, эътироф этилган ўлчов ва мезонлар руҳига зид йўлни танлади. Таваккал қилишдан, адабий тажрибага қўл уришдан ҳайиқмади. Эътирозлардан, ҳатто болалаб кетиши муқаррар бўлган таъна-дашномлардан чўчимади.
Халқимиз ва юртимиз ўтмишида башариятни ҳай­ратга соладиган ибратли воқеа-ҳодисаларимиз оз эмас. Улардан истаганча мағрурланайлик, шу би­лан бир вақтда тарихимизнинг ҳеч бир зафарли са­ҳифаларида тинимсиз курашлар, зиддияту қонли тўқ­нашувлар – ҳаёт драмалари, инсон трагедиялари четлаб ўтилмаганини ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳай­­ратга солиш, қизиқтириш воситаси-ла довруғ қо­зонишни камситмаган ҳолда, дунё кишиларини ўй­лантириб қўйиш воситаси-ла эътирофга сазовор бў­лишнинг қиммати, таъсири юқорироқ деб ўйлайман.

* * *

Адабиётни янада ривожлантириш учун аввало, ижодий муҳит иқлимини муттасил яхшилаш йўлларини изламоқ керак. Глобаллашув даври адабий муҳити эса давр ва замонга яраша бўлмоғи зарур. Мисол учун уюшмамизда жаҳон адабиётининг номдор адиб ва шоирлари, зукко адабиётшунос-нафосатшунослари иштирокида анжуманлар, учрашув ва мулоқотлар ташкил этилса кони фойда эмасми?! Жаҳон бадиий тафаккурига интеграциялашиш орзусидаги миллий адабиёт учун айни муддао эмасми бундай тадбирлар?..
Ижодкор, жумладан шоир ва ёзувчи жамиятнинг илғор зиёлиси, ўз ўрни, нуқтаи назари ва сўзига эга шахси даражасига кўтарилмоғи ниҳоятда аҳамиятли. Шаклланган ва қон-қонимизга сингиб кетган стериотипларнинг ҳатто яхшиларидан ҳам – агар улар бадиий тафаккур парвозига тўғаноқ бўлса – кечмоққа одатланмоқ керак вақти-вақти билан. Адабиётнинг ижтимоий аҳамиятини камситмаймиз албатта, лекин бу аҳамиятни шиор қилиб олиб, бадииятни на­сиҳатбозлик, ўгитбозлик даражасига тушириб қўй­маслик керак. Ёзувчиси насиҳатбоз бўлган омма на­­сиҳатталаб китобхонга айлана боради, бунинг оқи­батида адабиёт ютқазади. Эмин-эркинлик кенгликларида қанот қоқиб парвоз қилаётган бадиий тафаккур эса пировардида китобхонни ҳам эмин-эркин фикр­лашга ўргатади, дун­ёнинг барча шодумонликларидан баҳра олиб яшашга одатлантиради.

* * *

Оиламиз ихчам – умр йўлдошим Ферузахон (инг­лиз тили мутахассиси) билан бир қиз-бир ўғилни воя­га етказдик. Ҳар иккови ҳам олий маълумот олишди, ибратли оила қуришди, бизга беш нафар суюкли невара ҳадя этишди (ҳозирча). Умри, бахти, иқболи, иймони бутун бўлсин дея дуо қиламиз барчаларини. Ёшларимизнинг дунёқарашлари, тафаккур тарзлари мутлақо ўзгариб кетмоқда. Оталар ва болалар, авлодлар орасидаги муаммо нафақат ташвишли, балки ҳар қачонгидан хатарли, қалтис тус олмоқда. Юқорида айтдим – болалик чоғлари юз берадиган турфа зиддиятларга фаол аралашувдан кўра уларни зимдан кузатиш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш билан машғул бўлганман. Чунки у пайтда катта оиланинг кенжа фарзанди эдим. Энди эса ҳаётда юз бераётган эврилишларни оиланинг тўнғичи – отаси сифатида англаб етишга, таҳлил қилишга ва хулосаларни фарзандларга уқтиришга ҳаракат қиламан.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 1-сон.