Хулио Кортасар

http://n.ziyouz.com/images/kortasar.jpgАргентиналик адиб, шоир. 1914 йили Брюсселда туғилган. Лотин Америкаси ёзувчилари ичида энг кўп шов-шувларга, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ижодкор. 1951 йилдан бошлаб Парижда яшаган. «Фусункор реализм» услубининг ёрқин намояндаси, ХХ аср жаҳон адабиётида энг моҳир ҳикоя устаси деб тан олинган.

Тақдир Кортасарнинг пешонасига икки қитъа адиби бўлиш ва умр йўллари икки қитъага сочилиш қисматини ёзганди. У Аргентинанинг Брюсселдаги савдо ваколатхонаси ходими оиласида дунёга келди. Кортасар туғилганда дунё аллақачон иккига бўлиниб, жаҳон муҳорабасига киришган, шу сабабли ваколатхона ходимларининг ватанга қайтиш имкони бўлмади, Кортасар тўрт ёшга киргунча Испанияда қолиб кетишди. Бошқача айтганда, Европа Кортасарга ҳам доялик, ҳам энагалик қилди. 1918 йили улар Аргентинага қайтишди. Кортасар ўрта ва олий таълимнинг дастлабки босқичини она ватанида олди. Рўзғор тебратиш учун ўқишни ташлашига тўғри келди, олдин лицейда, ке­йин, дипломи бўлмаса ҳам, тил ва адабиёт билимдони сифатида университетда ўқитувчилик қилди. 20 ёшидан бошлаб шоир сифатида танилди. Борхес билан мулоқотлари адабий қарашлари шаклланишига туртки бўлди. Биринчи ҳикояси ҳам Борхес нашр этаётган баёзда босилиб чиқди ва улуғ адибнинг олқишини олди. Шундан сўнг Аргентинада янги бир ёзувчи пайдо бўлгани ҳақида эътирофлар бошланди. Аммо пешонасига ёзилганидан қочиб қутулолмади: 1951 йили яна Европага кетишга мажбур бўлди. Ҳукумат тепасига келган Перон бошчилигидаги ҳарбий хунта Борхес каби унга ҳам бир қанча айблар қўйди ва ҳаёти хавф остида қолди. Айбловларнинг ҳаммаси тўқима ва тутуриқсиз эди: биринчиси «ҳукуматга муҳаббати йўқ», иккинчиси «коммунизмни тарғиб қилади», учинчиси «худосиз» деган айблар. Кортасар ҳеч қачон коммунист бўлмаганди, коммунизм нималигини тасаввур ҳам қилмаган. Охирги айблов янаям кулгили эди: бу айб бор-йўғи Кортасар ўқитувчилик қилаётган лицейга ташриф буюрган руҳонийнинг қўлини ўпмагани сабабли унга «атеист» деган айб тақалганди. Бу даврда Борхес уй қамоғига, оқсуяк ва зиёли, ичидагини яширмай айтадиган Борхеснинг кекса онаси эса қамоққа олинганди. Кортасар бундай шароитда ишлай олмаслигини билди ва яна Европага кетди.

Кортасар шундай деган: «Мен ёзувчини нафрат дунёга келтиради деб ўйлайман. Ҳар қандай нафрат эмас, миллий озодлик, шахс ҳурлиги, инсон шаъни учун пайдо бўлган нафрат ижодкорни етиштириб беради. Ёзувчининг адолатсизлик ва қулликка бош эгишга ҳаққи йўқ. Агар у бош эгса, бу истеъдоднинг таназзулидан дарак беради. Адабиёт ҳақсизликка ва қулликка қарши исён дегани…»

Кортасар болалик сонетларидан тортиб энг сўнгги ҳикоясигача бу шиорга амал қилди. Унинг барча асарларида инсоннинг қуллик ва адолатсизликка, тубанлик ва мутеликка, ёвузлик ва зулматга, жаҳолат ва фикрсизликка, маърифатсизлик ва виждонсизликка қарши исёни сезилиб туради. Асарларида ўқувчини ўзининг бадбин, тор, оми, жоҳил дунёсини тарк этиб, фикр ва хаёлнинг гўзал намуналари бўлган ижод дунё­сига олиб чиқади, ўқувчига тасаввур эркинлигига, фикр ҳурлигига борадиган йўлларни кўрсатади. Шу сабабли унинг асарлари, айниқса, ҳикояларида воқелик билан хаёл уйғунлашиб кетади. Бу уйғунлашиш тасаввурнинг жилваларига, тасаввур ўйинларига ўхшайди. Зеро, Кортасар учун адабиёт хаёл билан, тасаввур билан ўйнашиш дегани эди.

Бу воқеа тўрт ё беш яшарлигида содир бўлган. Онаси креслода газета ўқиб ўтирарди. Хулио худди синглиси билан ўйнаётгандай яшириниб келиб онасини чўчитмоқчи бўлди. Аммо кўзи газета саҳифасининг катта ҳарфлар билан ёзилган сарлавҳасига тушиб қолди. Ҳарфлар унга ўйин катакларини, шартларини эслатди. Беихтиёр товуш чиқариб ўқишга тушди. Онаси орқасига ўгирилиб қаради ва у ерда газетадаги сарлавҳани ўқиётган ўғлини кўриб беҳуш йиқилди. Хулиога онаси ўзи билан ўйнаётгандай эди ва қиқирлаб кулганча газетани дона-дона қилиб ўқишда давом этди. Онасини ҳушига келтириш учун ҳамма оёққа қалққанда ҳам унга буларнинг ҳаммаси ўйиннинг давомидай ва ҳамма ўзи билан ўйнаётгандай туюлди. Аслида, онаси ҳали гўдак ўғлининг газетани шариллатиб ўқиб ташлаганидан қўрқиб кетиб ҳушидан айрилганди.

Ўша газета ўқиш ўйини Хулиога ёқиб қолди. У улғайгач, адабиётни тақдирим деб танлагач ҳам ўйиндан воз кечмади. Аксинча, ўйинни инсонни таҳлил ва кашф қилиш воситаси сифатида адабиётга олиб кирди. Энди у ўз асарларида тасаввур ўйинини, тасаввур орқали ўйналадаган ўйинни бошлаб юборди.

Кортасар шундай деган: «Менга асарларингизда болалар ва ҳайвонларнинг дунёси, феъл-атвори жуда яхши тасвирланган дейишади. Бунинг сабаби шундаки, уларнинг хатти-ҳаракати табиийликка, ўзлари ўйлаб топиб, кейин ўзлари ишонадиган, ўйлаб топилган ўйиннинг ҳақиқийлигига шубҳалари қолмаган ўйин­га қурилган… Мен учун адабиёт – маълум шартларга бўйсундирилган, воқеликни рамзий қабул қилишга мослашган, ишонч, ҳалоллик ва шавқдан иборат катта ҳамда туганмас ўйин. Чунки ўзимиз уни яратиб, унга ўзимиз ишонамиз ва у билан беғуборлашамиз… Ўйинсиз ҳаётни тасаввур қилолмайман… Ёзиш мен учун ўйин ўйнаш дегани».

Кортасарнинг адабиёт билан ўйинни бир-бирига ўхшатиши бежиз эмас. Ўйин пайти том маънода шартлиликка ва тимсолларга суянилади. Болалар ўйинининг асосий моҳияти шундаки, у кутилмаган натижа билан тугайди, ўйин ҳар бир болани беғуборликка, ҳалолликка, мардликка ундайди. Унда характер ва шахс, тасаввур шаклланади. Кортасар ҳикоялари ҳам кутилмаган якунлари билан ўқувчини ҳайратга солади.

Кортасарнинг биринчи ҳикояси – «Забт этилган уй» Борхес бошчилигидаги баёзда босилиб чиқди. Бу ҳикояда реаллик билан фонтасмогория қоришиқ ҳолатда намоён бўлади. Ҳикоя сюжети одатдаги ҳикоялардан кес­кин фарқ қиларди. Ота-онасидан қолган уйда ака-сингил яшашади. Ҳар бири ўз иши, ташвиши ва дунёси билан овора. Ёшлари қирққа бориб қолган бўлса-да, ака уйланишни, сингил турмуш қуришни хаёлига келтирмайди, уларга шундай ҳаёт ёқади, улар шу дунёларини йўқотиб қўйишдан қўрқишади. Аммо каттагина уй номаълум кучлар томонидан забт этила бошланади. Олдин илгари ота-оналари яшаган хоналар, кейин бош­қалари. Ёзувчи бу кучларга, бу кучларнинг шакл-­шамойилига батафсил тўхталиб ўтирмайди. Шунчаки улар «шовқин ва ғўнғиллаган» овозлар сифатида берилади. Қайси уйда шу шовқин эшитилса, ака-сингил ўша уйни қулфлаб қўйишади ва у томонга ўтишмайди. Аммо шовқин аста-секин бутун уйни эгаллай бошлайди ва асар охирида бутун уй номаълум товуш ҳамда сирли шарпалар билан тўлади. Ака-сингил уйни ташлаб кетишга мажбур бўлишади. Бу ерда сюжет фабуласини ривожлантириш эмас, аксинча, ҳикоя метафорасини яратишга уриниш Борхеснинг диққатини тортган бўлса керак. Бу кичкина ҳикоя бирданига кўплаб тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилди. Бир тоифа тадқиқотчилар ҳикоядаги сирли кучни инсоннинг ёлғизлиги деб таҳлил қилишди. Уларнинг фикрича, ёлғизлик уйни, кейин ака-сингилнинг кўнглини ҳам забт этиб олди. Бошқа адабиётчилар бу номаълум кучни ўша даврда Аргентинани зўрлик билан чангалида ушлаб турган ва бутун малакатга қўрқув, ваҳима солаётган хунтанинг тимсоли деб, уйни эса Аргентина деб тахмин қилишди: уларнинг талқинига кўра, ака-сингил қўрқув туфайли ўз уйларини ташлаб кетишди.

«Туташ хиёбонлар» ҳам шу йўналишдаги ҳикоялардан бўлиб, ҳажман жуда кичкина. Ҳикоя қаҳрамони бир неча кунки қўлига тушган китобдан бош кўтармайди. Ҳатто сафарга чиққанда ҳам ўзи билан олиб кетади. Вагонда китобни берилиб ўқийди. Уйга қайтгач ҳамма ишни йиғиштириб, керакли ва зарур кўрсатмаларни бериб, яна китоб ўқишга тушади. Қаҳрамон, ҳикояда унинг корчалон, хўжайин эканига ишоралар бор, уйи­даги севимли креслосига яхшилаб жойлашиб олиб романни ўқишга тушади. Унинг уйи хиёбонга туташ эди. Романдаги воқеа ҳам хиёбонга туташ уйда содир бўлаётганди. Роман суюқоёқ аёлнинг ўйнаши билан бирга қандай қилиб эрини ўлдириши ҳақида бўлиб, ўткир сюжети билан хўжайинни батамом ўзига асир қилиб олганди, қўлидаги сигаретни чекишни ҳам унутганча мутолаага берилганди. Асардаги қаҳрамонлар, уларнинг қиёфалари, феъл-атвори, ўзини тутиши – ҳаммаси унга ўта қизиқ ва жуда яқиндай туюларди. Роман қаҳрамонлари ҳеч қандай из қолдирмаслик учун жуда пухта режа тузишгани, режа қайси пайт, қандай ва қай тарзда амалга ошиши ҳақидаги аёлнинг кўрсатмалари, умуман, ҳаммасини устомонлик билан амалга оширишаётгани ҳикоя қаҳрамонининг ақлини олиб қўйганди. Асар сўнгида суюқоёқ хотин ўйнаши қўлига ханжар беради, ўйнаши, яъни уй хизматкори ханжарни олиб уйга томон равона бўлади. У хиёбонни кесиб ўтади ва уйга киради. Хоналарни пусиб-пойлаб бирма-бир кўздан кечиради. Ниҳоят, эрни топади. Бу хона ҳикоя қаҳрамони – хўжайин ўтирган хона эди. Хўжайин креслога ўтириб берилиб китоб ўқир, дунё билан иши йўқ, уни китоб ўз дунёсига олиб кетганди. У шунчалик китобга берилиб кетгандики, хизматкор ханжар яланғочлаб кирганини ҳам билмай қолади…

Бу кичкина ҳикоя ҳақидаги талқинлар ҳам хилма-хил бўлди. Баъзилар китоб ўқигандан сўнг хўжа­йинда ўз хотинига, атрофга ва бутун дунёга шубҳа ҳамда ишончсизлик уйғонди, у маънан ўлди деб талқин қилишса, бошқалари ёзувчи бу китобда ёмон китобларни рамзлаштирган, бундай китоблар ўқувчиларни маънан ўлдиради деб хулоса ясашди. Ҳикоя замонавий ахлоқ фожиасини рамзлаштирган деб ҳисобловчилар ҳам бор. Қандай талқин ёки таҳлил қилинмасин, Кортасар ҳикоялари барча талқинга бадиий ва рамзий нуқтаи назардан имкон беради.

«Аксолотл» ҳикоясида қаҳрамон аквариумдаги жониворга маҳлиё бўлиб қолади. Эртаю кеч шу аксолотл ҳақида ўйлайди. Ҳикоя якуни кутилмаган воқеа билан тугайди: қаҳрамоннинг ўзи ҳам аквариум ичидаги аксолотлга айланади. Ҳикояда хунта билан келишган ва унинг мафкурачисига айланган зиёлиларга истеҳзо уфуриб туради. Хунтанинг хизматини қилаётган зиёлилар ҳам маълум маънода хунтага айланади. Албатта, бу ҳикоя талқинларидан биттаси. Асар ҳақида яна кўплаб талқинлар қилинган ва барча талқинчилар ҳам ҳикояда ўз асосларини топа олган.

Кортасар ҳикояларидаги метафоралар Борхесга хос мажозлардан кескин фарқ қилади. Борхеснинг асарлари дунё интеллектуал бойликлари бўлган асарлардан олинган, бу асарларнинг кутилмаган қирраларидан чиқадиган хулосалардан юзага келган мажозлар, метафоралар бўлса, Кортасар мажозлари асосан ҳаётдан, одамларнинг ўзидан, тақдирлардан, воқеликдан олинади. Шу сабабли айрим тадқиқотчилар Борхес метафораларида азалий мавзулар қамраб олинса, Кортасар асарлари ўз даврининг мажозий ҳужжатларидир де­йишади.

Кортасар ҳар бир қаҳрамонни ва унинг изидан ўқувчини ҳам ўз онгу шуурига, ботинига саёҳат қилишга чақиради. Адиб кўзда тутган макон – ботиний макон, замон – ботиний замон. «Шайтон тупуги» ҳикоясида оддий фотосурат орқали қаҳрамон ўз кўнгли ва ботинига кириб кетади, у ерда ўзининг асл кимлигини фош қиладиган кўплаб далилларга, кечинма ва ҳиссиётларга дуч келади. Айнан шу хусусиятлари ва жиҳатларига кўра Кортасар ХХ асрнинг энг уста ҳикоячиси даражасига кўтарила олди.

Бу ҳикояларда ёзувчи ўқувчининг тасаввури билан ўйинга тушади. Мазкур тасаввур қанчалик кенг ва чидамли, билимли ва маълумотли бўлса, унинг асарларидаги образлар ўйинини, ундаги ҳикматларни, метафорани шунчалик теран ҳис этади. Бу асарларда ўқувчини сюжет эмас, тасаввур етаклаб юради.

Ёзувчи асарлари ичида озодлик ва ҳурликни улуғловчилари талайгина. «Граффитлар», «Тунги мактаб», «Олтин балиқлар», «Ён дафтардан топилган ёзувлар» каби ҳикоялари, «Лукас деганлари» туркуми, «Синов», «62. Сийрат учун суратлар», «Классиклар ўйини», «Ўйин­нинг якуни» романларида бевосита ёки билвосита эрк мавзуси муҳокама қилинади ва улуғланади. «Граффитлар», «Тунги мактаб» ҳикояларида инсон ва шахс озодлиги улуғланса, «Классиклар ўйини», «Ўйин якуни» романларида фикр ҳурлиги ва тасаввур эркинлигига даъват этилади. Бу асарларда ҳам ёзувчи ўқувчидан гоҳ хаёл, гоҳ тасаввур, гоҳ онг-шуур ўйинини ўйнашни талаб қилади. Адиб тасвирлаётган метафорани унинг изидан ва ишораларидан ўз вақтида англаб олмасангиз, унда асарни тушунмай қолишингиз турган гап. Шу сабабли мутолаа пайтида ёзувчи билан теппа-тенг ўйнашингиз керак бўлади: нимага ишора қилади, нимага урғу беради, шартлиликнинг қайси томонида туради, ҳаммасини илғашингиз ва ҳикоячининг ҳар бир сўз, оҳангига қулоқ тутишингиз шарт.

Кортасарнинг бадиий «ўйинлари» ўзининг мавзуси ва моҳиятига кўра ғамгин, қувноқ, бошқотирма ёки исён тусидаги ўйинлар бўлиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, Кортасар асарлари билан бир умр ўзига хос ўқувчилар тоифасини чорлаб ўтди.

«Классиклар ўйини» романини ўтган асрнинг 60-­йилларида танқидчилар «Лотин Америкасининг биринчи улуғ романи» деб аташганди. Бу асарда ёзувчи романга хос бўлган бир чизиқ бўйлаб ривожланадиган фабуладан воз кечди, уни биринчи марта рақамланган фабулага кўчирди. Романда адиб ўқувчиларни ўзи билан мутолаа ўйинини ўйнашга таклиф қилади, ҳатто ўйин шартига кўра қайси саҳифани кимлар ўқиши кераклигини ҳам ўзи тузган тавсия-катаклар орқали асар бошидаёқ кўрсатиб беради ва ҳаммани ўзи билан ўйнаш­га чақиради.

Бу ўйинни ҳали-ҳануз бутун дунё адабиёт ихлосманд­лари ва тадқиқотчилар ўқиб ўзларича хулоса қилиб ётишибди. Роман номиданоқ ўзининг ўйин эканини алоҳида таъкидлайди. Энди бу кичик эмас, катта тафаккур ўйини, ҳиссиётлар, идрок ўйинига айланади. Кортасар асарнинг бошидаёқ ўқувчиларни икки тоифага ажратади. Биринчи тоифадагилар асарнинг осон, эҳтиёжи ва дидига мос бобларни ўқиши мумкин, бунақа ўқувчиларни адиб «истеъмолчи ўқувчилар» деб атайди. Иккинчи тоифадагилар эса «иштирокчи ўқувчилар», улар ёзувчи билан тасаввур ўйинининг барча шартларида иштирок этишади ва ўзлари роман иштирокчиларига айланишади. Кортасар бир умр асарларини ана шундай «иштирокчи ўқувчилар» ўқишини истади ва шундай ўқувчилар учун ёзди.

Адиб асарларида Ғарб ва Лотин Америкаси адабиётларини ўзаро синтез қилди, миллий адабиётни Ғарб анъаналари билан бойитди, айни пайтда, Ғарб адабиё­тига, дунё адабиётига асосида ҳиндуларнинг қадим тафаккур тарзи ва мифологияси ётган Америка анъаналарини янги усулда, янги шаклда, янги оҳангда олиб кирди: асарлари оҳангида ҳам оғзаки ижод намунаси каби нафосат ва мусиқа ритмлари сезилади. Шу сабабли унинг ҳикоялари нафосати ва мусиқийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг ўзи бу ҳақда гапириб: «Агар мен ёзувчи бўлмаганимда, албатта, бастакор бўлардим», – деганди.

50-йилларгача ёзувчи ижодининг асосини Лотин Америкаси мавзуси эгаллаган бўлса, 60-йиллардаги асарларида бани башарга хос муаммолар ўртага ташлана бошланди. «62-модел қурилмаси», «Классиклар ўйини» каби асарларидаги воқеалар Буэнос-­Айрес, Париж, Лондон, Рим шаҳарларида юз беради, қаҳрамонлари ҳам ана шу шаҳарларда истиқомат қилувчилар эди, бошқача айтганда, ёзувчи энди бани башарга хос масалалар таҳлилига киришганди. Адибнинг охирги икки романи ҳам унга дунёвий шуҳрат келтирди ва номини ХХ аср йирик ёзувчилари сафига олиб чиқди.

Кортасарнинг «Агар кўнгил қўйишга арзигулик нимадир бўлса, ўша нимадир ёлғизликда яратилган ва зулмат билан курашиб тортиб олинган» деган афоризмини кўп келтиришади, ушбу афоризм унинг бутун ижодини белгилайди деб айтишади.

Ватанидан кетгандан кейин Кортасар бир умр ­ЮНЕСКО ташкилотида таржимон бўлиб ишлади. Ҳарбий хунта ҳукумати ағдарилгач ҳам ватанига қайтмади. Аргентинада эса уни ўртамиёна адиблар қаторига қўшиб қўйишди, ҳатто асосий адабиёт дарсликларига ҳам киритишмади. Уни ватанида кам кишилар биларди. Аргентинада тан ола бошлашганда у оғир касал эди.

1984 йили Кортасар Парижда 70 ёшида вафот этди.

Унинг ёзганлари бугун ватанига ва инсониятга хизмат қилмоқда. Тасаввур ва тафаккурни янгиламоқда.

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!