Ҳакима Ғафурова. ‘‘Хитойча ҳикмат – японча қалб’’

(Япон адабиёти тараққиёти ҳамда Аёл кундаликларида гўзаллик ифодаси)

Ҳамма замонларда ҳам бадиий адабиёт ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва мавжуд этик-эстетик қадриятларни акс эттириб келган. Ҳар бир бадиий асар давр оша англашилади, давр эса шу асарнинг бадиий шакли юзага келишига имкон беради. Адабиёт жамиятнинг барча ахлоқий, эстетик ва ҳиссий фазилатларининг хазинасига айланади.

Ҳар бир халқнинг адабиёти халқнинг ўзидан ва шу халқ яратган тарихдан айро яшай олмайди. Япон адабиётининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у ўз яратувчиси, яъни ўз халқи билан узвий боғлиқдир. Япон адабиёти япон маданиятида ўрин тутган барча ҳодисаларни ўзида мужассам этади. Япон жамияти ҳаётидаги ҳар бир ўзгариш адабиётда ҳам ўз аксини топган.

Япония тарихи қуйидаги даврларга бўлинади: Нара даври (VII а.), Хэйан даври (IX-XII a.), Камакура даври (XIII-XIV а.), Мурамати даври (XV-XVI a.), Эдо даври (XVII-XIX a.). Адабий жараён оқими ва уни шакллантириш нуқтаи назаридан тарихий даврларни бадиий сўз юзага келиши босқичлари сифатида ҳам қараб чиқиш тўғрироқ бўлар эди. Бу босқичларнинг ҳар бири шеърий амалиёт, бадиий тўқималар, рамзийлик, мазмун ва мавзу кўламдорлиги, услублари, сўзлар, бадииятнинг ўзига хослиги билан тавсифланади.

Давлатни бошқаришнинг хитойча намуналари, таълим тизими ва, албатта, Хитой адабиёти тарихини хитой фалсафаси иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Японлар Конфуций, Лаоцзи, Чжуан-цзи каби хитой мутафаккирлари илмий ишларини қизиқиш билан ўрганганлар. Аммо японлар улардан илмий маданиятини бойитиши мумкин бўлган жиҳатларнигина олганлар ва хитой файласуфлари ҳикматини ўз таъбларига кўра қабул қилганлар, шу билан янги, ўзига хос давлат тузилишига замин яратганлар. Японияга ташқи ахборотнинг катта оқими кириб келган. Аммо японларда “тескари боғлиқлик қонуни” деган ибора бор, бу ўзини ва ўзгани бир-бирига чатиштириш уқувини англатади. Шу боис японлар хитойчадан кўп нарсани ўзлаштириб олар экан, “вакон кансай” қоидасини жорий қилганлар, бу “хитойча ҳикмат – японча қалб” деган маънони англатади. “Хитойнинг бадиий анъаналарига таянар экан, японлар миллатни бойитишга имкон берган ҳамма нарсани олган. Ўша тарихий даврда миллий ёзуви ва эстетикаси асосида ўзларининг бетакрор адабиётини яратганлар”[1]. Миллий ўзига хослигини йўқотган ҳар қандай маданият яшашдан тўхташини японлар англаб етган, зеро бундай маданиятнинг жамиятга кераги бўлмайди.

Бу давр адабий анъаналари ҳам икки асосий ғоя: ўзнинг ва ўзганинг ғоялари умумлашувидан юзага келади. “Ўзганинг таъсири” ролини кўп жиҳатдан Хитой ўйнаган. IV асрда Хитой ва Кореядан Японияга кириб кела бошлаган буддавийлик ўзлаштиришнинг асосий оқимини ташкил этарди.

Шу тариқа аста-секин япон заминида хитой маърифати ва таълимоти ниш ура бошлаб, бора-бора япон маданиятига маҳкам ўрнашиб олди. Япон заминида хитой фалсафий тафаккурининг сингиб кетиши ва буддавийликнинг бу қадар тез ёйилиши япон руҳиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмаган ва япон миллати ўзининг туб дини – синтоизмга эга бўлишига қарамай, буддавийлик японларнинг кундалик ҳаётига сингиб кетди.

Япон ёзма адабиёти тикланишидан олдин бадиий сўз узоқ муддатли ривожланиш йўлини босиб ўтди, бу ҳам сўзсиз миллий манбаларга таянар эди. Шубҳасиз, ёзув пайдо бўлгунча мавжуд бўлган япон адабиётини халқ (оғзаки) адабиёти деб аташ мумкин, чунки оддий одамлар яратган бу адабиётда уларнинг ҳаёти, меҳнати, урф-одатлари, қизиқишлари ифодаланган эди. Бадиий адабиёт тикланиши давомида фольклар унинг энг бой манбаи бўлиб қолаверди.

Япон адабиётининг илк ёзма ёдгорликлари ўзида қадимги қўшиқлар, афсоналар ва ривоятларни сақлаб қолган. Япон ёзма адабиётининг юзага келишини VII-VIII асрлар билан белгилайдилар. Сақланиб қолган ёзма ёдгорлик­лар қуйидагилардан гувоҳлик беради: “Кодзиклар” (“Қадимги ишлар битик­лари”) – уч китобдан иборат бўлиб, энг қадимги ривоятлар, афсоналар, маталлар, қўшиқлар, тадрижий-тарихий битикларни ўз ичига олар эди ва япон султонлик сулоласининг изчиллиги ва табарруклигига исбот бўлиб хизмат қиларди. “Нихонглар” (“Япон анналари”) – биринчи япон тарихий-адабий ёдгорлиги; “Фудоклар” (“Ер ва ахлоқ ҳақидаги битиклар”) VIII аср­даги ёзма ёдгорлик бўлиб, Япония вилоятларининг тарихий ва жўғрофий тасвирларидан ташкил топган; “Манъёсю” (“Миллиардлаб япроқлар мажлиси”) – адабиёт тарихида япон тилидаги энг йирик шеърий баёз бўлиб, қадимги муаллифи номаълум шеърият намуналарини, VIII асрда ижод қилган таниқли шоирларнинг асарларини, фольклор асарларни, насрда ёзилган воқеий ҳикоялар – “моногатарлар”ни, шеърий баёзларга ёзилган сўзбошилар – “хасиганлар” ва бошқаларни ўз ичига олар эди.

Ўрта аср адабиёти ривожланишида Хэйан даврида (794-1192 й.) яратилган асарлар муҳим ўрин тутади. Ушбу давр кейинчалик маданият, адабиёт ва санъатнинг гуллаб-яшнаган палласи деб баҳоланган эди. Хэйан даврини шеърият, қисса, кундаликлар, шеърий битикларни ўз ичига олган миллий адабий жанрларининг шаклланиш ва ривожланиш даври деб ҳисоблаш мумкин. Мана шу тарихий даврда шеърий ёзишмалар японлар ҳаётининг узвий қисми бўлган эди. X аср иккинчи ярмидан япон адабиётида насрнинг “эркак” ва “аёл” қисмларига ажралиши рўй берди. Эркаклар, одатда, хитойчада, аёллар эса япон тилида ёзар эдилар. Мурасаки Сикибу (“Гендзи ҳақида қисса”), Сэй Сёнагон (“Ёстиқ ёнидаги қайдлар”) каби сарой адибларининг асарлари шу кунларда ҳам жаҳоний аҳамиятини йўқотмаган дурдоналар бўлиб қолмоқда.

Хэйан даври адабиёти юксак бадиийлиги, нозик услуби билан ажралиб туради. Ўша давр санъатида “мононо аварэ” қобилиятини, яъни нарсаларнинг пинҳоний фусунини, атроф-оламнинг ноёблиги ва гўзаллигини идрок эта билиш уқувини юқори баҳолашгани бежиз эмас. Мазкур тушунчалар X-XI асрлар япон санъати ва адабиёти учун пойдевор бўлиб қолди. Аммо нарсалар гўзаллиги япон адабиётида унинг ҳақиқатига, яъни “макото”га тенг қўйилади. Демак, ўрта аср япон адабиётида гўзаллик ва ҳақиқат бир-бирига бақамти тушунчалар бўлган. Ёзувчилар “макото” (ҳақиқат) талабларига асосланиб, ҳаяжонга – “аварэ”га тушишлари керак эди. Эстетик асосларнинг бундай узлуксизлиги айни Хэйан даврида юзага келган ва асрлар қаърига сингиб кетмаган эди, аксинча, у ҳозирги кунда ҳам яшаб келмоқда.

Ўрта асрларда Японияда бадиий асар бир тизимга солинган шеърий шакл (вазн)даги ахлоқий эстетик, руҳий-маънавий қонуниятлар мажмуини ўз ичига олар эди. Бадиий адабиётнинг барча жанрларида асосий эътибор баённинг ҳиссиётга бойлиги, эстетик аҳамияти, маънавий жиҳатига қаратилар эди. Ҳодисаларнинг во­қе­ийлиги (реаллиги) ва ушбу во­қеликнинг ҳиссий идрок этилиши бадиий асарнинг ўзига хос мустаҳкам негизларидан бири ҳисобланарди. Айнан шу асосда миллий анъаналар ва “маиший тутумлар” билан чамбарчас боғлиқ бўлган Аёл кундалиги адабиёти шаклланди.

Аёл кундалиги адабиёти – Япония сарой киборлари маданиятининг йўналишларидан бири бўлиб, унинг моҳиятини тўла англаб етиш учун Хэйан кибор аёлининг руҳий дунёсига чуқур кириб бориш, киборлар маданий ҳаётининг бутун гўзаллигини анг­лаб етиш зарур, зеро айнан шу нарса Аёл кундалиги адабиётининг вужудга келиши ва тараққий этиши учун замин ҳозирлади. Хэйан даврида “Мурасаки Сикибу кундалиги” (Мурасаки Сикибу), “Никки ҳасрати” (Ки-но Цураюки), “Ўткинчи ҳаёт кундалиги” (Митицуна-но) сингари машҳур асарлар дунёга келди. Ўрта аср Аёл кундалиги адабиётининг барча асарлари муайян тарихий даврда қабул қилинган хулқ-атвор ва ахлоқ меъёрларини ифодалайди.

Инсоннинг руҳий ҳолати тасвирига алоҳида урғу бериш япон бадиий анъаналарининг ўзига хос жиҳатидир. Гўзалликка сиғиниш, гўзалликка хизмат қилиш, энг оддий нарсаларда ҳам гўзалликни кўра билиш – ана шулар япон киборлар ҳаёти, хатти-ҳаракатлари ва тафаккурини бошқарар эди. Бутун япон адабиёти нозик дид, гўзал хулқ-атворга чақирар эди, айнан шу вазиятда кўплаб эстетик унсурлар иштирокидаги, кундалик адабиёт ривожланди.

Японлар нафақат атрофни қуршаб турган табиат кўркини, балки инсон ташқи ва ички қиёфасидаги гўзалликни кўра билиш қобилиятига эга эдилар. Аёл елкаларига ёйилган узун тим қора сочлар гўзаллик рамз­ларидан бири ҳисобланган: “…Уларнинг орқага тараб қўйилган сочларига оқ тасма танғилган эди. Ҳазрати олияларига Мия-но найси хизмат қиларди. У доим ўзининг ажойиб ҳусни билан ажралиб турар, бироқ бугун, унинг оқ тасма танғилган сочлари елкаларига тушиб турганида, у янада чиройли кўринарди”[2] ёки “…ва мен, ҳазрати олияларининг қалин сочлари бошининг тепасига уйиб қўйилганда, бу уни янада латофатлироқ қилиб кўрсатади, деб ўйладим”[3], “Унинг сочлари ерга тегар эди”[4]. Японлар ёйилган сочларга маънавий ва ташқи гўзаллик муштараклигининг рамзи сифатида қарайдилар. Ташқи гўзалликни яратиш қийин эмас, бироқ инсондаги ташқи гўзаллик ўқимишлилик, одоб-ахлоқ қоидалари, хулқ-атвор чегаралари билан белгиланган эстетика меъёрларини ўз ичига олувчи ички гўзаллик билан уйғунлашгандагина таҳсинга лойиқ. Хэйан даврида, одатда, шоир ёки шоира энг чиройли инсонлар сирасига киритилганлиги бежиз эмас. Табиийки, бундай ташқи ва ички қиёфанинг мутаносиблигига асосланган гўзалликка фақат киборлар даъво қилишлари мумкин эди.

Аёл кундаликларининг характерли жиҳатларидан бири ўз доирасидаги кишиларни ўрта аср япон жамияти андозасига мувофиқ тарзда тасвирлашга интилишдир. Инсон образи икки унсур: руҳий хислатлар ва ташқи қиёфа асосида яратилади. Қаҳрамоннинг муҳим ижобий фазилатларидан бири унинг ташқи жозибасидир. “Унинг либоси еттита қайтарма енгли қизил ёпинғичдан иборат эди, унинг устидан яна тўрт қават шунга яқин ранглардаги ҳар бири уч ёки беш қайтарма енгли кийим, кейин яна қалин, гулдор ипак матодан беш қайтарма енгли тўқ қизил рангдаги ёпинчиқ бор эди, устки ёпинчиқ эса оч нофармон рангда бўлиб, барг нақши билан кашталанган эди… Бир сўз билан айтганда, у жуда латофатли, сочлари одатдагидан ҳам кўра дид билан турмакланган эди”[5].

Мурасаки Сикибу ўзининг кундалигида инсон қиёфасидаги фақат бир-икки тафсилотни таъкидлаш билан унинг жонли тимсолини яратишга муваффақ бўлади: “У жуда гўзал, лаб­ларида ёқимли табассум ўйнайди”. Кишининг қадди-қомати тасвирига алоҳида аҳамият берилади. Мурасаки Сикибу Дайнагон хоним ҳақида сўзлаб: “Дайнагон хонимнинг бўйи унча баланд эмас, жуссаси кичик деса ҳам бўлади; бадани оппоқ ва силлиқ, танаси дуркун. У доим жуда яхши кийинади. Сочлари бўйидан уч сунга1 узун ва ерга тегиб туради; у шу қадар кўркам ва ясанганки, ҳеч ким унга тенг келолмайди. Унинг юзи ҳам жуда чиройли; ўзини ёқимли тутади, у билан сўзлашсанг, баҳри-дилинг очилади”, дея қайд этади…

XII аср охиридан Япония янги давлат тузуми – “сёгунат”га ўтади, бу мамлакатни ҳарбийлар бошқаришини билдиради. Мана шу тарихий даврда Хэйан адабиётининг сўниши содир бўлади ва янги давлат тузумининг “гунклар” ҳикоя жанри вужудга келади, бу “уруш ҳақида қайдлар” деган маънони англатади. Адабий асарларнинг ижодкорлари ва талабгорлари ўзларига хос дунёқарашга эга бўлган самурайлар эди. Афсуски, адабиёт ўз фусункорлигини бой беради.

Япониянинг европалашув йўлига қадам қўйиш даврида японлар Европа ёзувчиларининг асарлари билан танишдилар, бу сиёсий беллетристика каби янги йўналишнинг куртак ёзишига олиб келди. XIX-XX асрлар адабиётининг кўзга кўринган вакиллари деб Мори Огай, Цубомти Сёё, Фтабатэй Симэй, Симадзаки Тосон, Нацумэ Сосэки, Кавабата Ясунари, Абэ Кобеларни тилга олиш мумкин.

XX асрга келиб япон адабиётида натурализм устуворлик қилди, муаллифлар эътиборларини одамларнинг кундалик ҳаётига, уларнинг ҳис-туйғу ва кечинмаларига қаратдилар. Адабиёт инсоннинг ички олами, унинг феъл-атворининг ахлоқий жиҳатларини биринчи ўринга олиб чиқди. Масалан, Фулико Энти асарлари китобхонни Японияга мутлақо бошқача кўз билан қарашга ундайди, унинг “Қалъа” асари аёл қалбининг энг нозик томонларини очиб беради, китобхонларга замонавий япон аёли қиёфасини рўй-рост намоён қилади.

Ҳозирги замон япон адабиёти ўз сеҳр-жодуси билан ўқувчини ҳайрон қолдиради. Масалан, Банан Ёсимото, Масахир Симад асарларини олайлик. Япониянинг адабий анъаналарини сув қилиб ичган бу ‘‘хаёлпараст’’ ижодкорлар бир-биридан жозибадор асарлар ёзмоқдалар. Албатта, Европа адабиёти ҳам япон адабиётининг замонавий тенденцияларига таъсир кўрсатмоқда. Бутун дунёга таниқли Харуки Мураками анъанавий япон адабиёти қадриятларини синдириб ташлаб, замонавий япон ёшлари ҳаётидан олинган оддий воқеаларни қаламга олмоқда.

Бугунги кунда жаҳон ўзига хос япон маданияти билан тобора яқиндан танишмоқда. Айнан бадиий адабиёт инсон руҳининг юксаклигини ифодалайди ва кўп асрли ижтимоий тараққиёт мобайнида юзага келган мақсад ва ғояларни чуқурроқ идрок этиш имконини беради.

Ҳар бир жамият ҳаётида вақт ўтиши билан инкор этиб бўлмайдиган қонуниятларга айланувчи эстетик қадриятлар вужудга келади. Санъат, маданият, адабиётнинг вазифаси эса гўзаллик қонуниятларини авлоддан-авлодга етказиш ва шу тариқа инсоннинг эстетик қарашларини бойитишдан иборат. Япон адабиёти инсоннинг борлиққа қараши, ҳаётга муносабати, муайян дид ва интилишга эгалиги ҳақида ўзига хос тасаввур уйғотиши билан аҳамиятлидир.

Ҳакима Ғафурова,

филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон

________________

[1] Инага Кэйдзи. Ўрта асрлар адабиётининг ривожланиши ва тузилмаси. – Осака, 1995.

[2] Мурасаки Сикибу. Кундалик. Петербург шарқшунослик маркази, 1994.

[3] Ўша манбада.

[4] Ўша манбада.

[5] Ўша манбада.