Ваҳоб Раҳмонов. Бобуршуносликдаги янги ютуқлар

http://n.ziyouz.com/images/bobur2Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида улуғ адиблар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўрни алоҳида. Ўзбек давлатчилиги тарихида эса, икки жаҳонгир – Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳонга танилган буюк сиймолардир.

Навоийшунослик олимларимизнинг ҳамиша диққат марказида бўлиб келди ва бу соҳанинг йирик мутахассислари 20-асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларидаёқ етишиб чиқдилар. Аммо бобуршуносликка нисбатан бу гапни айтиш қийин. Бунинг асосий сабаби — ҳукмрон мафкуранинг Бобур шахсига нохолис, аниқроғи, нотўғри ­муносабати эди.

80-йилларда Бобур ва унинг ижодига яна тазйиқлар бошланди. Андижон шаҳар ижроия қўмитаси раиси Зокиржон Машрабов адиб шахси ва ижодига меҳри боис Бобурга бронза ҳайкали қўйдиришда ташаббускорлик кўрсатгани учун вазифасидан четлаштирилди. Собиқ Марказқом тазйиқи билан Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» (Бобур) романи асоссиз равишда кескин танқидга учради.

Орадан ўн йил ўтиб, Истиқлол тантана қилгач, Зокиржон Машрабов Андижонда Халқаро Бобур жамоат фондини таъсис этиб, ўз фаолиятини бошлаб юборди.

Андижон шаҳрининг Боғи Шамол мавзеидаги Бобур боғини фонд ўз тасарруфига олиб, уни ҳар жиҳатдан обод этишга киришди. Бугунги кунда Бобур боғи нафақат Андижон халқига, балки бутун Ўзбекистонга кўз-кўз қиладиган, меҳнаткашларнинг яйраб маданий ҳордиқ чиқарадиган масканига айланди.

Боғдаги маънавий-маърифий ташвиқот марказларидан «Бобур ва жаҳон маданияти», «Андижон шаҳарсозик маданияти» музейлари, улуғ ватандошимизнинг рамзий қабр-мақбараси, астрономик обсерватория ушбу яшиллик уммонида алоҳида кўзга ташланиб туради.

Айниқса, улкан ҳаворанг гумбазли бино – «Бобур ва жаҳон маданияти» музейининг ўзи айрича бир олам. Ушбу улкан маърифий хазинадаги 400 дан ортиқ бири-биридан нодир китоблар сафарлар давомида қўлга киритилган ёдгорликлардир. Улар: Бобурий хати билан битилган ­Қуръони карим нусхаси (Машҳад шаҳрининг Ризавия зиёратгоҳи «Қуръон» музейидан олинган), Теҳрон шаҳри Гулистон давлат кутубхонасида сақланаётган «Бобур куллиёти» нусхаси, «Бобурнома»нинг Ҳайдаробод (Ҳиндистон) шаҳрида Саларжанг музейидаги мўътабар туркий нусхаси, Абдулраҳим Хонихонон форсийга ўгирган «Бобурнома», «Бобурнома»нинг Н.Н.Ильминский Қозонда нашр этган нусхаси (1857), ихчам ва муфассал ҳолда тўққиз маротаба инглиз тилига ўгирилган «Бобурнома» нусхалари, Жон Лейден, Уилям Эрскин, Аннета Сюзанна Бевериж ҳамда Уилер Текстон таржималарининг турли нашрлари, «Бобурнома»нинг сўнгги маротаба дарий тилига қилинган таржимаси (Шафиқа Ёрқин, Кобул, 2007), ушбу олиманинг «Девони Бобур подшоҳ» асарининг турли номларда нашр эттирилган китоблари, Комас хоним таржимасида испан тилидаги «Бобурнома», Мажда Махлуф хоним араб тилига ўгирган «Бобурнома», Рашид Раҳмати Арат турк тилига таржима қилган «Бобурнома», Билол Южел тузган Бобур «Девони» илмий танқидий матни, Коргарнинг «Темуриён» (Темурийлар) тадқиқоти, машҳур япон олими Эйжи Манонинг тўрт йирик китоби: 1.«Бобурнома»нинг илмий танқидий матни; 2.«Бобурнома»нинг сўзлик кўрсаткичи; 3.«Бобурнома»нинг япон тилига таржимаси; 4. «Бобур ва унинг даври» номли япон тилидаги тадқиқоти. «Бобурнома»нинг хитой, ҳинд, инглиз, форс, француз, немис, уйғур, урду, қозоқ, рус, озарбайжон ва бошқа халқлар тилларига таржима нусхаларининг турли йиллардаги нашрлари…

«Бобур ва жаҳон маданияти» музейидаги бу бебаҳо хазина Зокиржон Машрабов бошлиқ Бобур халқаро илмий экспедициясининг 20 маротаба жаҳоннинг турли мамлакатларига уюштирган сафарлари самараларидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 2008 йилги таваллуд куни тантаналаридан бирида — Андижон вилоят театри минбаридан Абдулла Орипов ушбу хазинанинг яратиш жараёнини образли қилиб шундай ифодалаган эди:

— Зокиржон Машрабов гўё темирқанот қалдирғоч. У қитъалараро ҳар йили парвозлар қилиб, чет элларнинг турли шаҳарларидан тумшуғида бир неча инжуларни олиб ватанига қайтиб келади. Бу инжулар — китоблардир.

Бобур фонди раёсати розилиги ва Зокиржон Машрабов ташкилотчилигида бу китобларнинг таржимасига буюртмалар берилади ва нашрга ҳомийлик қилинади.

Кейинги уч-тўрт йилги шундай ишлар самараси туфайли Венадан олиб келинган Вюртленинг «Бобур – йўлбарс» асари «Андижон шаҳзодаси» номида Эгамова Янглиш томонидан немис тилидан ўгирилиб, «Ўқитувчи» нашриётида 2011 йили кирил ёзувида, 2012 йили лотин ёзувида нашр этилди. Шу таржимон қаламида Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий» асари «Шарқ» нашриётида 2010 йили чоп қилинди. Бу асар Алишер Навоий ва Бобурга доир маълумотларга бойлиги билан қимматлидир. Айниқса, «Бобурнома»да акс этмаган тарихий воқеалар: Бобур томонидан учинчи маротаба Самарқанднинг олиниши ва Кўли Маликдаги шикаст топиш воқеалари, Ҳисор қалъасидаги хоинлик туфайли Бобур бошидан кечган таҳликали ҳодисалар зикри ғоят муҳимдир.

2012 йили Хондамирнинг кўпжилдли асари «Ҳабиб ус-сийар фи ахбори афроди башар» (Башар аҳли сийратидан хабар берувчи дўст) китобининг бир қисми «Буюклик хислати» номида «Шарқ» нашриётида, 2013 йили эса «Ўзбекистон» наш­риётида босмадан чиқди. Бу китоблар таржимаси ва нашри фонд зиммасида бўлди. Айниқса, кейинги китоб Бобур ҳаёти ва фаолиятининг ўша даври тўла-тўкис ёритилган асар сифатида қимматлидир.

Таъкидлаш жоизки, бобуршуносликда икки йўналишда иш олиб ­борилди: аввало, бизнинг олимларимиз қўллари етавермайдиган мамлакат ва шаҳарлардан Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар асарлари, таржималари, улар ҳақидаги чет эл олимлари ва адиблари ёзган китоблар йиғилди ва бу иш давом этмоқда.

З.Машрабов фонд раҳбари сифатида Ўзбекистон ва жаҳон бобуршунослари бошларини қовуштириб, улар ижодини — тадқиқот йўналишларини бобуршуносликка бурди. Академик Азиз Қаюмов, профессорлар Саидбек Ҳасанов, Ҳасан Қудратиллаев, Ансориддин Иброҳимов, шунингдек, кўплаб таржимонлар, шоир ва адиблар фонд илмий фаолиятига жалб этилди. Чет элллик олимлар билан яқин алоқа ўрнатилди.

Бундай эзгу ҳаракатлар, шубҳасиз, ўз самараларини бера бошлади. Чунончи, ҳар йили Андижонда Бобур таваллудини илмий жамоатчилик билан нишонлаш анъанага айланди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Муҳаммад Ҳайдар Мирзога бағишланган халқаро анжуманлар жаҳон олимлари билан ижодий ҳамкорликни янада кучайтириш имконини берди: Ҳиндистондан бобуршунос Мансура Ҳайдар, Туркиядан Танжу Сейҳан Хоним, Билол Южел, Афғонистондан Ҳалим ва Шафиқа Ёрқинлар, Япониядан Эйжи Мано, Германиядан Клаус Шониг, Озарбайжондан Рамиз Аскер, Алмаз Улви, Қозоғистондан Ислом Жеменей, Покистондан Фоиза Заҳро Мирзо, Венгриядан Пери Бенедек, Туркманистондан Раҳиммамат Куренов, Эрондан Иброҳим Худоёр, Қирғизистондан Асилбек Алиев сингари анжуманлар иштирокчилари фонд билан яқин алоқа боғладилар.

Халқаро Бобур жамоат фондининг кейинги ўн йилликда бобуршуносликка қўшган ҳиссаси ҳам салмоқлидир. Чунончи, Қамчибек Кенжанинг беш китобдан иборат сафарнома-романлари, аввало, бобуршунослик, қолаверса, адабиётимиз ютуғидир. Адиб Хайриддин Султоннинг «Бобурийнома» сафарномаси ҳам маърифий роман сифатида жанр нуқтаи назаридан янгилик. Собиржон Шокаримов ва Зокиржон Машрабовнинг «Асрларни бўйлаган Бобур» асари ҳам шундай сафарномалар сирасидан.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Юз оҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур” тўплами, ­Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг “Бобур” достони, Замира ­Рўзиеванинг Бобурга бағишланган “Ташнадил” тўплами, Қобил ­Мирзонинг “Қаро Зулфинг” каби ­китоблари Бобур мадҳигина эмас, унга пайрав тарзида ҳам эътиборга молик нашрлар бўлди.

Бобур халқаро илмий экспедициясининг кейинги ўн йилдаги сафарлари илмий янгиликларга бойлиги билан диққатга сазовордир. 2009 йилда уюштирилган Тожикистон ва Афғонистон сафарида машҳур Бобур тошбитигидан ташқари яна тўртта Бобур дастхати битилган тошбитикларни топишга муваффақ бўлинди. 2009 йилги Ҳиндистон сафари чоғида ­Кашмирнинг Сринагар шаҳридаги Мозори салотин(Султонлар мозори)дан Бобурнинг холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар мирзо қабри топилди. Унинг Кашмирдаги ўн бир йиллик ­фаолияти ўрганилди.

Фонд раёсати Бобур асарлари таржимаси ва табдилига ҳам алоҳида аҳамият қаратди: “Бобурнома” К.Муллахўжаева ва В.Раҳмонов томонидан ҳозирги ўзбек адабий тилига табдил этилди (“Ўқитувчи”, 2008, 2012); Михаил Салье таржимасидаги “Бобурнома” жиддий таҳрирдан кейин чоп этилди (“Шарқ” 2008).

Ғ.Сатимов С. Бергнинг “Акбар — бобурийларнинг буюги” (“Мумтоз сўз”, 2009), Вилям Рашбрукнинг “XVI аср бунёдкори” (Х.Сўфиева билан ҳамкорликда) асарларини таржима қилди (“Шарқ”, 2011). И.Бекжонов ва А.Ҳазратқулов машҳур тарихчи Ғиёсиддин Муҳаммад Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сийар” тарихий асари таржимасининг икки нашрини амалга оширдилар. Исматуллоҳ Мўъжизийнинг “Таворихи мусиқиюн” (“Мумтоз сўз”, 2010) асари В.Раҳмонов ­табдилида нашр этилди.

Фонд ҳомийлигида “Тарихи Рашидий”нинг қисқароқ 1996 йилги нашри мукаммал ҳолга келтирилиб, ҳозир “Шарқ” нашриётида рус тилида босилмоқда.

Бобуршунос олимларимиздан А.Қаюмов ва С.Ҳасановнинг “Бобур ижодиёти”, А.Қаюмовнинг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, Комрон Мирзо “Девон”ининг илмий танқидий матни, Ғ.Сатимовнинг “Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида Бобурийлар даври” (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 2008) монографияси, Ҳ.Болтабоев тартиб берган салмоқли илмий тўплам – “Хорижда Бобуршунослик” (“Мумтоз сўз”, 2008), С.Жалиловнинг “Бобур ҳақида ўйлар” (“Шарқ”, 2006), “Бобур ва Юлий Цезарь” (“Янги аср авлоди”, 2001), Ф.Исҳоқовнинг “Бобурнома” учун қисқача луғат” (2008) китоблари шулар жумласидандир.

Фонд Бобур ва бобурийлар асарларини илмий ва оммавий нашрларига ҳам муттасил ҳомийлик қилиб келмоқда. Ана шундай эътибор туфайли профессор С.Ҳасанов 2002 йилда Эйжи Мано тўрт туркий (ўзбек) ва уч форсий таржима асосида яратган “Бобурнома” илмий-танқидий матнини (Киото, 1996) Ўзбекистонда такрор-такрор босилган Порсо Шамсиев нашри билан қиёсан, асар матнини мукаммаллаштириб нашрга тайёрлади (“Мумтоз сўз”, 2002).

Бобурнинг “Ғарибинг андижонийдур” номли тўёна тўплами (“Шарқ”, 2008) ҳам Бобур фонди кўмагида нашр этилди. Ушбу девоннинг олдинги 1994, 1996 йилги луғатсиз ва 2007 йилги (“Сочининг савдоси тушди”) сийрак луғатли нашрларидан фарқи шундаки, бу нашр ўқувчи, ўқитувчи, ҳофиз учун мўлжаллаб ҳар бир бетдаги эски умумтуркий, форсий, арабий сўзларга шу саҳифанинг ўзида луғат берилган. “Ғарибинг андижонийдур” девони имкон қадар матн қусурларидан тозалангани билан ҳам олдинги нашрлардан фарқ қилиб туради.

Бобурга алоқадор бўлган китоблардан бири туркий тилда мусиқа тарихи ҳақида ҳозирча ягона хисобланган Исматуллоҳ Мўъжизийнинг “Таворихи мусиқиюн” асарининг Шинжон нашрини Зокиржон Машрабов 2007 йилда Хитойдан келтирган эди. Ушбу асар ҳам табдили, аслияти, фотонусхалари, кириш ва хотима сўзлар билан 2010 йили нашр этилди.

Фонд Халқаро экспедициясининг яна бир муҳим маҳсули бу энг қулай ва элга тез етиб борадиган бобуршунослик жабҳасидир. Сафарларда тасвирга туширилган кадрлардан 24 та видео ва ҳужжатли филм яратилиб, вилоятлар ва республика марказий телеканаллар орқали намойиш этилмоқда. Кейинги йиллларда яратилиб, эл назарига тушган фонд ҳужжатли филмларидан “Амир Темур Соҳибқирон изидан”, “Бобур тошбитиклари”, “Кашмир ­сафари” кабиларини қайд этиш мумкин.

Фонднинг бобуршунослик илмига қўшган ҳиссасининг ҳадди аълоси “Бобур энциклопедияси”нинг яратилиши бўлди, дейиш мумкин. Бу энциклопедияда бобуршуносликда қўлга киритилган илмий ютуқлар акс этган.

Зокиржон Машрабов кейинги ўн йилда Ўзбекистон Фанлар академияси археология институти билан ҳамкорликда Андижон шаҳри ёшини аниқлаш учун археологик қазилма ишларига ҳам бош-қош бўлди. Топилган ашёвий далиллар Андижон шаҳрига 2500 йил муқаддам асос солинганини исботлади. Боқижон Матбобоев ва Зоҳиджон Машрабовнинг «Қадимий ва ўрта асрларда Андижон» номли тадқиқотлари рус ва ўзбек тилларида нашр этилди («Шарқ», 2011).

Халқаро Бобур жамоат фонди муттасил Ўзбекистон ва жаҳон бобуршунослари — олим, таржимон, нашрга тайёрловчи, ҳайкалтарош, адиб, шоир, актёр, ҳофизларни турли рағбатлантирувчи ва махсус — Халқаро Бобур мукофоти билан тақдирлаб келади. Хорижлик мутахассис ва таржимонлар Эйжи Мано (Япония), Уилер Текстон (АҚШ), Клаус Шониг (Германия), Шафиқа Ёрқин (Афғонистон), Рамиз Аскер (Озарбайжон), ўзбекистонлик олим ва ижодкорлар Сабоҳат Азимжонова, Азиз Қаюмов, Саидбек Ҳасанов, Абдулла Аъзамов, Ҳасан Қудратиллаев, Янглиш Эгамова, Тўлан Низом, Қамчибек Кенжа, актёр Муҳаммаджон Абдуқундузов, ҳайкалтарош Рашид Сулаймонов ушбу фахрли мукофот соҳиби бўлганлар.

Маънавиятимизнинг чинакам фидойиларидан бири Зокиржон Машрабов ўзининг қутлуғ саксон ёшида ҳам кўпларга ибрат бўлиб, маънавий хазинамизни бойитиш йўлида саховат, ҳиммат ва ҳавас қилгудек ғайрат кўрсатаётгани таҳсинга лойиқдир.

Ваҳоб Раҳмонов,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 36-сонидан олинди.