Вафо Файзуллоҳ. Ҳуррият соғинчи ва сурури

Ўтган аср чин ҳаётини тиклаш зарурияти туғилганда, ўша аср чин адабиётига эҳтиёж сезамиз. Зеро, бу аср жуда мураккаб ва қалтис жараёнларни бошидан кечирди, талай-талай қаламкашнинг юрагига кишан, оғзига қулф солди. Ўша оғир кунларда яшаб ҳам, ҳар қалай бой беришлар ва чекланишлар билан ҳам довруқ таратган, истеъдод кучи билан эзгулик ёнида турган, дардларга малҳам босган овозлар учрайди. Улар ёниб, ҳамдард бўлиб, ўзида яшашга имкон топди. Зулфияхоним шеърияти шундай мартабага ета олган, дея таскин билан айта оламиз.

Зулфияхонимнинг эрта баҳор эпкинидай беғубор илк шеърлари умид ва ҳавас уйғотди. “Ҳижрон кунларида” туркуми билан бошланган дардли муҳаббат лирикаси эса кўнгилларни бутунасига ишғол этди, уни шоираларимизнинг биринчи қаторига олиб чиқди. Бу тасодиф эмас эди. Зулфия умр йўлида мардона туриб, довонлардан-довонларга ошиқди, одамийликнинг энг муҳим бурчлари ва вазифаларидан сўзлади. Алалхусус, қирқинчи йиллар охири ва эллигинчи йиллар бошидан бошлаб, ана шу миссия — ўзбек қизи, ўзбек шоирасининг овози фақат советлар юртида эмас, балки қитъалар оша янгради. Зулфиянинг ўзбек шеъриятида унутилмас саҳифалар бўлиб қолган бир талай гўзал ва ёниқ шеърлари бор. “Ўғлим, сира бўлмайди уруш”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Қатра”, “Дарахт”, “Булут ўйини”, “Ўзимга”, “Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим…” каби ўнлаб шеърлари ва “Мушоира” достони шулар жумласидан. Улар турли тилларга таржима бўлди. Зулфияхоним янгроқ ва жонкуяр овози билан замоннинг табаррук ва жасур онаси сифатида танилди, тинчлик ва дўстлик ишига улуғ ва фахрли ҳиссасини қўшди. Юртимизнинг асл низомлари таъқиқланган ва камситилган замонда ўзбегимнинг бир қизи азиз сўзи билан дунё эътирофига сазовор бўлгани, рости, мўъжизанинг ўзи эди. Зулфияхонимнинг покиза шахси буюк момоларимизнинг энг улуғ фазилатларини ўзида жамлаб, садоқат ва вафо тимсолига айлангани миллат обрўйига обрў қўшди, унинг нурли ва покдомон сиймосини дунёга кўрсатиб, миллий қадримизнинг гўзал бир намойиши бўлди. Ва албатта, шу жоннисор фазилатлари билан ­истиқлолнинг биринчи кунлариданоқ Ватан корига яради, мустақиллик ғоясини яратишда ибрат ва кўзгу бўлди.

Зулфия опа 76 ёшида истиқлолни қаршилади. Бу ёш дуогўй, қиблагоҳ момоларнинг табаррук ёши. Бу ёшда инсон жуда сокин, маънавий қуввати улуғ, тажрибаси етук бўлади. Зулфияхоним ана шундай ёшда “атиргул”дай портлади: олтмиш йиллик дардини тўкди. Бунга унинг “Хотирам синиқлари” ­достони гўзал далилдир. Достоннинг дояси ҳам, боиси ҳам Истиқлолдир.

Чин адабиёт изҳор ва иқрордан туғилади. Англов ва жарчиликдан кўнгилларнинг басират кўзини очади. Шахс ўзини эркинликда тугал тиклаганидек, бор ҳақиқат ҳурликда ўзига йўл топади. Зулфияхонимнинг бахти — у болалигида шуурига қуйилган улуғ каломлар ҳавосини симириб, озми-кўпми миллий қадриятлар нималигини билганидадир. Начораки, шоира улар тақиқланган тузумда навқирон умрини кечирди. Саодати — бир умр эзгуликни байроқ қилиб, ҳаёти шомида истиқлолга етгани, изҳорга ҳам, иқрорга ҳам, жарчилик ва англовга ҳам ­шошилгани бўлди.

Ноннинг ҳақиқий таъмини оч қолган билади, деб марҳамат қилади Жалолиддин ­Румий. Зулфияхоним ҳам етмиш йил истиқлолга зориққан, унинг зилолига ташна эди. Шунинг учун ҳам унинг:

Ҳуррият, келдингми – наҳотки келдинг —

мисрасининг залвори, қувончи ва ҳайратини, ишониб-ишонолмай турган ҳолатини, муқаддас ҳуқуққа етилгандаги ҳаяжонини тўқсон биринчи йилдан кейин туғилганларнинг қайдномасига ҳеч ҳам солиштириб бўлмайди. Бунда чинакам қулликдан қутулган оқила юракнинг талотўп ҳисларининг самимий нидоси бор! Чунки у бу дамни узоқ пайт “пинҳона соғинган, пинҳона кутган…” эди.

Шоира ташбеҳларнинг энг кўламдорларини чертиб-чертиб тасаввурни зийнатлайди:

Ёмғирга бағрини тутган саҳродек –
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.

Ана шу мунаввар шуълада у кўз очган тупроқ, бу элнинг маънавий муҳитлари таянч нуқтаси ва қаттол замон манзаралари биринчи марта майда-майда бўлиб ётган азиз хотиралардан териб чиқилади. Хотиранинг азиз синиқлари миллатнинг, комилликка интилган инсоннинг бутунликларидан ­ровийлик қилади:

Бу онам –Тангрининг бахтли онида
Айри ихлос билан яратгани чин.
Қароғида меҳр шаъмлари ёниқ —
Гуллаган ўрикдай ораста отин.
Кун тойиб, шуълалар кўчгач уфққа,
Сайроқи қушларнинг тинганда базми.
Онам дилимизни чорлаб қўшиққа,
Ним-ним сочар эди мумтозлар назмин.
 
Сўфи Оллоёрми, девона Машраб
Баёзларини ўпиб қўлга оларди.
Юмишми, ўйинми – барини ташлаб
Сеҳрли оламга кириб борардик.

Бу уч тўкин тўртлик икки жиҳатнинг илдизини очади. Зулфияхоним отиннинг қизи, демак унинг қўлига қалам олиши ўз-ўзидан эмас, суяк сурган фазилат. Қолаверса, ижодкорнинг тенгсиз бир ҳодисага айланиши, унинг маънавий мактаблари, устозлари кимлигига ҳам боғлиқ. Ана шу устозлар даҳоси қанча кучли бўлса, азим дарёлардан тўйингани қадар истеъдод яшнайди. Маълум бўлмоқдаки — у “гуллаган оппоқ ўрик” отин онаси орқали, адабиётимизнинг буюк авлиё сиймолари Сўфи Оллоёр, Машрабдек зотлар ҳикматлари мағзини дилига жо қилиб, йўлига шуъла этган. “Болаликда олинган ­билим тошга уйилган нақш бўлади.” Аммо шундай онани, миллат волидаси бўлгудек зотни баттол, ҳақсиз тузум не куйларга солди:

Онам қўлларида муштдай тугунчак,
Тош шаҳарни кезар авахта излаб.
Авахта нечадир, зор она неча,
Нечалар яшарди замонни “сизлаб”.
 
Онам, “Сув бошидан лойқа ” дердингиз…

Адабиётдаги фавқулодда образлар уни яратган адиб ё шоирнинг қалбига энг кучли таъсир этган тирик инсонлардан олинган улгилардир. “Хотирам синиқлари”даги мушфиқа ва дарёдил она, “метиндан яралган” ота ва миллий ғурури босқинчилар руҳини ерпарчин этган ака, шубҳасиз, Зулфия опанинг бир умр юрагида яшаган яқинлари сиймоларидир. Қувонарлиси, катта ижодкорлар нафасида азизлар улкан кўлам касб этади. “Хотирам синиқлари” ҳам шу даражага етган асар. Ундан ўқувчи миллатнинг худди шундай юзлаб оталари, оналари, акалари сийратини кўриб, таниб, севади, ардоқлайди; улар тақдирига куйинади. “Хотирам синиқлари” зулмни “Худога солган” оталар, мушфиқа ва эзилган, кўнгли ярим булбул, меҳри билан болалари қалбини парвозга чоғлаган оналар, ўша қатлу қатағонда ноҳақ қурбон бўлиб, бекафан, бежаноза кетган саноқсиз миллат акаларининг ёрқин, фожиали қисматини эсга соладиган бир манзума.

…Ака, кўзингизда оташ бор эди,
Ака, жонингизда қуёш бор эди,
Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,
Сардорники янглиғ бардош бор эди.

Халқни қулликда сақлашни кўзлаганлар айнан “кўзида оташ”, султонликка лойиқ — ортидан халқини эргаштира оладиганлардан қўрққан ва айнан шундайларни йўқ қилиш пайида бўлган. Лекин бу зимдан, аёвсиз тадбирлар билан амалга оширилганки, ярим аср энг яқин кишилари-да улар тақдирини билишолмади. Ичдан инграб, улар бошига солинган даҳшатлар хаёлида, жудолик дардини ҳеч кимга айтолмай куйиб ўтдилар. Бор ҳақиқатдан бехабар омма эса миллатнинг асл, бегуноҳ фарзандлари шахсига шубҳа ва гумон билан қаради.

Сизни-да қора тун олдилармикин,
Қўлингизга кишан солдилармикин,
Юкиниш, ялинчмас – ғурурни кўриб,
Ваҳший ғазабларда ёндилармикин?!

Йиғи чинакам истеъдод бўғзидан қўшиқ бўлиб, гиря бўлиб отилади, дардни истеъдод қўшиқ қилиб туғади. Юқоридаги каби қуйма мисраларнинг самимияти ва мардоналиги шеърхонни мутаассир қилади, теранлиги билан ҳар юракда акс-садо беради.

Ака, жоним акам – жондошим акам,
Олтмиш йил изимга қайтиб йиғлайин,
Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни
“Оҳ”ларим эритар – айтиб йиғлайин.

Худди шундай ота сиймосига чизилган чизгилар ҳам миллий, ҳам шахсий матонат сийратидан аломатларки, кўринишидан жуда оддий миллат оталари собиқ совет даврида йўқотиш ва қулликлар оралаб, келажакни асраб қолиш илинжида умригузаронлик қилгани, бу жараён қанчалик қийин бўлганини ҳар бир ўқувчи ўзича ­тасаввур қилади.

Қолганда азоблар исканжасида,
Ота, бир кўрмадик кўзингизда ёш.
Яшаб умидларнинг пок саждасида,
Ҳатто ёвингизга отмадингиз тош.
 
Ва фақат дедингиз: “Солдим Худога”!

Бу жиноят учун муқаррар жазо борлигини билган сабрли ва матонатли отанинг, ўзбек оталарининг Яратгандангина кутган ёрдами.

Зеро, “Бу қирғин дояси худосизлар…” эди.

Шоира ана шу қатағонга халқона исмлар топади — табиий равишда ташбеҳлар қаторлашиб келади, умумлашма, таққослар, жонлантиришлар:

Ва ҳадемай сездик бу қаҳратонни,
Тиғдай тилларида ялай бошлади.
Қадами етганда ҳар хонадоннинг,
Қувончи бужмайиб, сўлий бошлади…

Бу ёлқинли шеърият айни пайтда фош ҳам этади, жар ҳам солади.

…Эй гумбазигардун, қолдимми ғофил,
Ишонч, эътиқодлар чиқди пучларга?!
Суяниб нажотлар кутгандик, наҳот,
Бизга чоҳ қазиган қора кучларга?!

Фош этишда самимият айбни ўзига олишдан туғилади. Ахир, ўзининг ғофиллигини англаган ондан у зот огоҳга эврилади. Қолаверса, инсоннинг дунё найрангларини англаши бирдан юз берадиган жараён эмас.

Менми? Мен шу қадар ёш эдим ҳали.
Ёшлик – ғам – бегона бири-бирига.
Қутулмоққа андуҳ ботқоқларидан
Осилдим муҳаббат шодликларига.

Ёлғон жамиятда оптимист бўлишдан ­бошқа имконият йўқлиги боис ичида йиғлаган аёл росманасига ҳақиқатни, фожиалар оралаган ёниқ шахсини, умрини гиря қилади. Йўқотишлардан бино бўлганлигини васиятдай, тақдиридан нолиб эмас, балки кимгадир ибрат бўлиши учун тўкиб солади:

Бахт қасримга кириб мени топди дард,
Уруш, ёзда ёққан қор каби ўлим.
Ўттизга кирмаёқ сочим қор ялаб,
Кўз ёшим сойига тўкилди гулим.

Аммо “устига тоғ қулаган”, “яшин урган полапон”нинг ҳаммаси ҳам ўзини тиклашга қодир бўла олмайди. Зулфия шахсининг кучи шундаки, у бошқаларга куч тўплашга, ўзини йўқотмасликка шеърияти билан ҳам далда бўла олди. Яшаб яралгани боис ҳам мухлисларга қадрли ва ҳайратланарли мана бу ­мисралар:

Бўлди, бас! Жангдан сўнг ҳорғин саркарда
Тирик аскарларин тизгандай қатор.
Мен тирик ҳисларим бир жойга йиғдим
Ва кучли яшашга айладим қарор.
 
Юртни бўрон бўлиб кездим бош-оёқ,
Қабристонлар аро қуюндай юрдим.
Энг кичик гиёҳ ҳам наздимда уйғоқ,
Фақат эл-элатни сукутда кўрдим.

Шу англовлардан кейин тазарруга навбат етади. Тазарру покланиш, маънавий хатоларнинг тўкилиши, кўнгил кирларининг ювилиши. Тавбага ҳозир, тавбага етган кўнгил ўзини шиддатли саволга тутади. Сўфий боболарнинг йўли бу. Иймонли момоларнинг авлодларга қолдирган маънавий мероси бу.

Қай бири вазминроқ савобми – гуноҳ,
Яшадим-ку риё, ҳаромдан нари.

Ҳалол киши ҳам ортига боқиб, гоҳ таҳликага тушади, қанча оқил бўлса, шунча зиммасига масъулият юклайди, ўзига талаби ҳаддидан юқори бўлади. У қайта-қайта икки тушунча, тўғрироғи, икки ҳаёт тарзида, гуноҳ ва савоб оралиғида шахснинг, инсонликнинг, мусулмонликнинг моҳиятини кўради.

Билмайман, савобми ё кони гуноҳ,
Зинҳор шаккокликка йўйманг тилагим.
Жасадим дарёга ташланг, руҳим пок,
Оби раҳматларда совусин таним…

Шундай қилиб у энди ишонч-ла истиқлол нашидасини туяди. Шоирона лутф билан ўзининг ҳолатига ташбеҳ, асл ўзанга бурилган халқ йўлига шукуҳли таъриф келтиради:

Келдинг-эй, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…

Зулфия опа умрининг хайрли шомида, саксон ёшида (1995) битган “Хотирам синиқлари” асарининг залвори чўнг, чизгиси зарнигор ва суруди асир этадиган дилнома. Бу ҳеч шубҳасиз, ХХ аср ўзбек шеъриятининг унутилмас, қадрлаш ва эъзозлашга арзигулик ҳодисаси. Зеро, унда истибдоднинг зулми ва бедодликларини олтмиш йил чекиб, мусибатлари аро ўзини йўқотмаган, энг тансиқ неъмат — Мустақилликка момо ёшида етган, яна бир маънавий неъмат — шу ёшида ҳам Худо берган катта истеъдодини намойиш қилган шоиранинг санъаткорлиги, ростгўйлиги ва самимияти кўнгилни тўлқинлантиради. Тафаккурни чархлаб, миллий руҳни ­ўстириб, тарихдан сабоқ ­чиқаришга ўргатади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 35-сонидан олинди.