Вафо Файзуллоҳ. Чин шеърият йўли инсоният қалбига туташ

Ҳар сафар чинакам шеърият билан дийдорлашув муҳаббатни англаш, саодатни ҳис қилиш, инсон қалбини тушуниш лаҳзалари бўлади. Шунинг учун ҳам бу онлар кўнгил байрамидир. Инсон қисмати гўзал, ёниқ, пок тарона ва сўз ила зийнатлидир. “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор”, деб бекорга айтилмаган-да. Дарҳақиқат, башариятнинг ибрат ва сабоқ, умид ва ишонч манзилига шеърият маърифати билан ҳам борилади.

Рауф Парфининг шахси ва шеърияти фавқулодда бетакрор, жозибали. Шоир шакли маънодор, маъноси ҳуснли ва таъсирчан шеърият яратди. Муҳими, инсоннинг қадри, ҳурлиги учун ёнгани, сўзга — шеърга ўзини бағишлагани ҳайрат, ҳурмат ва муҳаббат уйғотади бу шеъриятга, бу шоирга нисбатан. Рауф Парфи шеърият манзара ва манзилларини ўзгартирган мактабдор шоирдир. Шеъриятимиз келгусига назар ташлаш учун ҳам беихтиёр унинг шахси ва шеъриятига, фавқулодда яратиқларига мурожаат қилинаверади.

Ота-она меҳрига қониб ўсган Абдурауфда болаликдан ҳурдил бир руҳият шаклланди. Мана шоирнинг эътирофи: “Дадам мени жуда эркалатган. Агар истагимни олиб бермаса, қўлимга қайчини олиб, кокилимни кесиб ташлайман, дердим”.

Болаликдан эркин, эрка бўлган, асралган, қадрланган, ройига борилган инсон шу меҳр-муҳаббат, гўзал оқибат туфайли ҳам яхши инсон бўлиб вояга етар экан. Фарзандларининг хотирлашича, Рауф ака ­уйига кимдир эшигини тақиллатиб келса, “Ким у, яхши одам” деб қаршилар экан.

Рауф Парфи шеъриятига хос ростгўйлик ва теран ҳикмат унинг руҳияти озиқланган болаликка бориб туташади. Умрининг охирида боғбонлик қилган отасининг қўли очиқ ва ошнопарастлиги хонадонида маърифий гурунгларга йўл очган ва бу дилтортар суҳбатлар, дилкаш улфатчиликларда боғбоннинг дўстлари — зиёлилар, шоирлар даврага қўр киритишар эди. Ёш Турсунали бу суҳбатларни мириқиб тинглар, гурунгнинг жавҳарини англаб-англамай руҳиятига сингдирарди. Улар унинг шахсини тоблаб, кейинчалик шеъриятида садо берди.

Ўқувчилик йилларида қизил салтанатнинг кучли босими оилада қулоғига қуйилган ҳақиқатларни унуттириб юборгудай эди. “Колхўзимиз жуда машҳур эди… Комил Яшиндан тортиб, Жавоҳарлаъл Неругача келишган… Пол Робсонлар ташриф буюришганда биз қизил галстукни бўйинга боғлаб, пионерчасига “доим тайёр” бўлиб кутиб олганмиз”, деб ёзганди шоир.

Шеър йўлида биринчи устозим деб билгани шоир Абдураҳмон Водилий Шарқ мумтоз адабиётининг чуқур билимдони эди. Унинг таъсирида 12 – 13 ёшида шеъриятга жиддий ишқи тушади, ундан анъанавий шеър қурилишини ўрганади. Дастлабки машқлариданоқ ўзига хос ёзишга уринади, янгиликни табиатдан излайди, собитликни ҳам табиатда кўради. Унинг илк шеърлари анчагина. Бироқ шеърга талаби юксак шоир китобларида биринчи тўлақонли шеър сифатида “Кундуз ўйга чўмар, тун яқин…”ни эълон қилиб келди. Рауф Парфи ижодининг илк даврига оид анча-мунча янгилик берадиган ўн учта хатжилд (папка), бир талай дафтарларни шоир умрининг охиригача асраган. Уларни тартибга келтириш, ишлаш фикрида бўлган.

1960 — 1965-йилларда у Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факултети журналистика бўлимида ўқиди. Зеро, у ана шу талабалик йилларидан бошлаб ижодкор сифатида ўзини англаш йўлига кирди. Дунё аҳволи, миллат қисмати, инсон ботинига теран нигоҳ ташлади: “Иккинчи курсда ўқиётган пайтимда менда иккиланиш пайдо бўлди. Шунгача жудаям бахтли замонда яшаётувдим. Ҳамма нарса халқ учун деб. Домлаларимдан кўра адабиётнинг ўзи фикримни ўзгартирган”.

Дастлабки ижодида очилиш, кўтарилиш айни шу йилларга тўғри келади. Дунё адабиёти, айниқса, жаҳон халқлари шеъриятини қизғин ўрганишга киришади. Блок, Такубоку, Леся Украинка шеърларини таржима қилади. Нозим Ҳикмат шеърияти билан танишиб, унинг “Инсон манзаралари” эпопеясини таржима қилишга киришади. Ҳикоялар машқ қилади.

Унинг кўзи очиқ шоир бўлиб шаклланишида ўша давр ўзгариши, собиқ иттифоқда озгина вақт давом этган “илиқ”лик даврининг ҳам таъсири бор. Ўша пайтда ­шахсга сиғиниш оқибатлари танқид қилиниб, ноҳақ қатағонга учраганлар шахси оқланган, зулм азобидан ҳали кўнгиллари зада бўлмаган ёшлар бу тўлқинларнинг олдинги қаторида пайдо бўлишади. Тақдир Рауф Парфига шоир ва шахс сифатида қайта туғилишни айни шу даврда раво кўрди. У шу паллада англаган ҳақиқатларидан охиригача кўз юммади, кўриб, тушуниб, белгилаб олган идеаллари йўлида бўлди. Фикрини кескир, шеърини гўзал қилди.

1968 йили унинг биринчи китоби “Карвон йўли” нашр этилди. Ўшанда 25 ёшда эди. Тириклигида йиллар оша яна саккиз китоби — “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1977), “Қайтиш” (1978), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат”(1989) ва “Тавба” (2000) ёруғлик юзини кўриб, кўнглининг ёлқинини кўрсатди. Унинг яна ўз қўли билан тартиб берган “Сўнгги видо” (2006) шеърлар китоби маълум. У наср билан ҳам шуғулланган, айрим ҳикояларини матбуотда ҳам эълон қилишга улгурган эди. “Муҳожир” номли роман қоралагани ҳақида ўзидан эшитганмиз…

Унинг шеъриятига қизиқиш, баҳс илк китоблариданоқ бошланган ва ҳамон тўхтагани йўқ. Шеърлари довруғи узоқларга етган. Турк, озарбайжон, инглиз, рус, латиш, эстон ва бошқа тилларга таржима қилинган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Болтиқбўйида эстон тилида алоҳида бир китоби нашр этилади. Айни шу йили Латвиядаги бир адабий нашр унинг эллик иккита шеърини латиш тилида эълон қилади.

Рауф Парфининг шоир, носир, таржимон сифатидаги ижодий-ижтимоий фаолияти муносиб тақдирланди. Шоирга 1998 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди.

Рауф Парфидан катта шеърият қолди. Унда юрт қайғусида ёнган, яқин салафлари Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Усмон Носирлардан мерос гўзал изтироблари акс этган. Фақат бу тиниқ туйғулар изланишлар боис йиллар ўтган сари тобора очилди, бетакрор шакл олди. Аср бошида Чўлпонлар бошлаган янгича тажрибалар аср охирида Рауф Парфи ижодида такомил топди. Бу ХХ аср дунё шеъриятининг ўргангувли воқеаси. Унинг янгиликлари (фикр тарзи, қуюқ метафораларида, сонет гулдасталари шакли ва маъносида) эътирофга моликдир. Аввало, бу изланишлар шаклда ҳам, маънода ҳам ўзбек шеъриятига янги жило берди. Унинг ижтимоий мавзудаги шеърлари ҳам шахсий дард, кечинмадек қалбга яқин ва таъсирчан.

Унинг шеъриятидаги оҳорли сўз, янгича ва ҳар хил оҳанг, рамзийлик ва ишоралар, турлича топилган ритмика-суръат, фикр ва ҳисларнинг қатлам-қатламлиги, энг аччиқ ва катта ҳақиқатларнинг очиқ ва тимсолий шамойили фавқулоддадир. У баъзан ошкора ифодага имкон йўқлигидан мисраларини ташбеҳлардан тиклади, баъзан яланғочлик, жўн баён бадииятнинг кушандаси эканини билганидан рамз ва аллегориялар, образлилик тилида ҳақиқатларини парда ортида кўрсатди.

Унинг дастлабки йигирма йилги ижоди (1957 — 1977) табиий кўз очиши билан янги ва зилол сувли булоқдек манзур бўлган бўлса, кейинги чорак асрдан кўпроқ (1977 — 2005), “Муҳаббат” сонетлар гулдастасидан бошланган шеърияти ўзининг катта шеъриятга меросхўр ва ҳақлилигини англагани, қадрлангани боис авжланди, теранлашди. Бу ҳассос овоз, “ичилмаган сув”, “синмас соз”нинг сонетлар гулдастаси усталик билан ишланиши, кўлами ва залвори жиҳатидан мумтоз шеър айтишнинг санъаткорона намунасидир.

Рауф Парфи янги ўз ҳиссий йўли ва фикрий ифода услуби, изланишларида оврупа, япон, хитой, ҳинд, рус ва турк шеъриятларидан катта ўрганишларини жамлаб, синтезлаштириб, гўзал бир шеърият яратди. Унинг бизга қадрли, дунёга янаям шавқли ва ўзига хослигининг оқилона жиҳати баъзи бир “янгичи”ларга ўхшаб миллий йўлларимизни рад этмади, бармоқ ва аруздаги анъаналаримиздан узилиб қолмади, айниқса, бармоқ вазнида мумтоз шеър намуналарини яратди. У миллий шеъриятимизда сарбаст (верлибр), мансур шеър жанрларига асос солган новатор шоирлардан биридир.

Рауф Парфи ижодий фаолияти давомида таржимачилик билан ҳам жиддий шуғулланди, жаҳон шеъриятининг энг яхши, энг янги намуналарини тилимизга янгратиш пайида бўлди. Айниқса, унинг Нозим Ҳикмат шеърлари ва “Инсон манзаралари” эпопеяси, Жорж Гордон Байроннинг “Манфред”, Муҳаммад Ҳодийнинг “Ҳаёт садолари” (устози Абдураҳмон Водилий билан биргаликда), Александр Твардовскийнинг “Хотира ҳуқуқи” достонлари, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли ” шеърий тўплами, Пабло Неруда ва бошқалардан қилган туркум таржималари ўзбек таржимачилигининг муваффақиятли саҳифаларидан. Унинг муҳаррирлигида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Аср овози” антологияси кейинги чорак асрда шеърий таржима борасида эришилган алоҳида воқеа, жаҳон шеърияти миқёсида изланишлар ва ўзига хосликларни кўрсатадиган бир мажмуа бўлди. Бу антологияга Рауф Парфи қаторида ўшанда ёш, бугун замонавий ўзбек шеъриятининг кўзга кўринган вакилларига айланган йигирмага яқин шоирнинг иқтидор ва руҳиятларига бир қадар яқин ва муқобил шоирлардан қилган сара таржималари кирган.

Ҳар қалай, бир устивор ҳақиқатга ҳавасингиз келади: Рауф Парфи шеърияти шунчалик сирли ва сеҳрли, таъсирчан, ёниқ ва жозибали, теран ва қатламли, шакл ва пафосда руҳиёнаки, ҳайрат ва сурурга тўласиз; илҳом ва тўлқин олиб, севмоқ ва эзгуланмоқ илмини зеҳнингиз қадар, ақлингиз етганича ўрганасиз. Чин шеъриятнинг қисмати, ўтар йўли эса инсоният қалбига туташ.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 28-сонидан олинди.