Ваҳоб Раҳмонов. Сўз жаҳонгири

Шермуҳаммад Мунис ўз исми шарифининг Алишер исмига маънодошлиги юзасидан фахрланиб ёзган эди:

Сўз ичра Навоийки жаҳонгирдурур:
Мунисға маони йўлида пирдурур.
Йўқ ғайрият андин ўзгаким, айтурлар:
Бу — Шермуҳаммад, ул — Алишердурур.

Дарвоқе, сўз Алишер Навоийнинг жаҳонгирлиги хусусида боради. Зотан, даҳомизнинг ўзи бу даъво билан чиққани сир эмас: «Лисон ут-тайр», «Фарҳод ва Ширин» достонларида бу хусусда ҳужжатли байтлар сақланган:

Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.

(Мен туркий шеърият байроғини кўтариб, туркий тилда сўзлашувчиларнинг ҳаммасини бир адабий тил остига бирлаштирдим.)
«Лисон ут-тайр»да бу фикрлар изҳори билан чиққан шоир «Фарҳод ва Ширин» достонида Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийнинг жаҳонгирликларини қайд этиб, Низомий Ганжавий ҳақида:

Низомий олса Барда бирла Ганжа,
Қадам Рум аҳлиға ҳам қилса ранжа,—

деб ёзади.
Амир Хусрав Деҳлавий жаҳонгирлиги хусусида эса,

Чекиб Хусрав доғи тиғи забонни,
Юруб фатҳ айласа Ҳиндустонни, — дейди.

Абдураҳмон Жомий музаффарияти тўғрисида

Яна Жомий Ажамда урса навбат,
Арабда доғи чолса кўси шавкат, —

дер экан, ниҳоят, ўз жаҳонгирлиги — унинг ижод қўли остига қайси мамлакатлар киргани ҳақида ёзадики:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.
Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Хуросон демаким, Шерозу Табрез
Ки қилмишдур найи килким шакаррез…

Юқорида келтирилган байтлар жуғрофиясини тасаввур этсак, Хито — Шарқий Туркистондан Табризгача яшаган туркий элатлар юзтами, мингтами Алишер Навоий ижоди таъсирида бўлган экан…
ХХ асрда Навоий асарлари жаҳоннинг цивилизациялашган мамлакатларининг ҳаммасига бориб етди, десак муболаға бўлмас. Бироқ бу «бориб етиш» хабар тариқасида эди, ижодий забткорлик маъносида эмас. ХIХ асрдаёқ Ҳофиз Европанинг Франция, Германия, Англия каби мамлакатлари шоирлари қалбига ўз ижодий байроғини тиклаб улгурди. Иоганн Волфганг Гёте форсий тилда шеър битган жаҳоншумул етти шоирни санайди: Рудакий, Фирдавсий, Анварий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Абдураҳмон Жомий…
Алишер Навоий жаҳонгирлиги, ҳозирги адабий таъсир ва таржима маъносида фикр юритадиган бўлсак, энди чинакам бўлиши мумкин. Бунинг учун нима қилмоқ керак?
Ие, аввал гапни ўзимиздан бошлайлик. Ўзбекистонда Алишер Навоийни ўқийдиларми? Нега Эркин Воҳидовдек қаҳрамон шоиримиз «Навоийни адабиётшунос олимлар тушунмайдилар» деб қайғуради ва шоирона жаранг билан:

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.
Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,
Пайтаванинг салла бўлгани шудир, —

дея фиғон чекади?
Бундай юзаки қараганда, Алишер Навоий руҳи Ўзбекистонни тўла забт этгандек: мактаблар, музейлар, жамоа хўжаликлари, илмий институтлар даҳо шоиримиз номида. Ўзбекистонда «Мен Навоийни ўқимаганман», деган ўзбек топилмайди. Қандай яхши! Аслида шундайми?
Ўзбекистонда ҳамма Навоийни ўқиган, деган тушунчанинг мазмуни шуки, ўзбек ўқувчиси мактабда уч-тўрт синфда Навоийнинг беш-ўнта шеърини ўрганган, достонларидан икки-уч боб намуна кўрган, «Фарҳод ва Ширин»нинг мазмуни билан дарсликдан танишган. Мана шу бизнинг — ўзбек халқининг Навоийни билиши! Боқчадан олий мактабгача Алишер Навоийнинг ижодий гулдастаси — йиғса бир китоб бўладиган мероси амал қилади…
Ватанимизда юзга яқин Навоий ижоди билан нафас оладиган олим ва ёшлар топилади, десам муболаға бўлмас. Мен ўқитувчилар малакасини ошириш институтларидаги ўттиз йиллик тажрибамдан, Ўзбекистоннинг барча туманларидаги адабиёт ўқитувчилари билан ижодий суҳбатлардан чиқарган хулосам шуки, ўқитувчилар ҳам Навоийни ўқимайдилар (истисно юз фоиздан 0,01 фоиз бўлиши мумкин). Ана шу истисно фоизда Алишер Навоий ғазалларидан уч-тўртта ёд биладиган, унинг достонларидан уч-тўрттасининг насрий баёнини ўқиган ўқитувчилар бор, холос.
Ҳамманинг узри битта: Навоий асарлари тили — эски, қийин. Уни ўрганиш учун ким энди ҳар бир сўзга битталаб луғат варақлайди? Кимда бунга вақт бор?!
Яхшиямки, кейинги ўттиз йилликда «Хамса» достонлари, «Лисон ут-тайр» маснавийси ва «Маҳбуб ул-қулуб»нинг насрий баёнлари — ҳозирги тилдаги талқинлари яратилди. Бунда профессор Абдуқодир Ҳайитметов, академик шоиримиз Ғафур Ғулом, Амин Умарий, Шарифжон Ҳусайнзода, Шарафиддин Шарипов, Наим Норқулов, Иноятулла Махсумовларнинг адабий хизматлари бор.
Алишер Навоий ғазаллари шарҳи Абдуқодир Ҳайитметов, Исматулла Абдуллаев, Алибек Рустамов, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққул, Анвар Ҳожиаҳмедов, Нусратулло Жумахўжа, Каромат Муллахўжаева…, шоирларимиз Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али сингари ўнлаб фидойилар томонидан бажарилиб, онда-сонда газета-журналларда эълон қилинмоқда.
Бироқ булар Ўзбекистонда Навоий жаҳонгирлиги учун ҳали кам… Фикримча, агар Алишер Навоийни маънавиятимиз маёғи сифатида қадрлар эканмиз, Навоий асарларининг ҳаммасини ўз жанрида ҳозирги тилга табдил — таржимасимон талқинини яратмоғимиз шарт.
Иқтисодий томони-чи? Масалан, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги бўм-бўш бозорларнинг бир қасри пулига бу ишларни қилса бўлади: чунки сотилса, пули яна хазинага қайтади ҳам. Ўзбекистон Навоий билан яшамоғи, у билан нафас олмоғи керак. Навоий Ўзбекистон ҳавосини тозалайдиган, руҳини яшартирадиган, халқини баркамол эта оладиган БУЮКЛИКДИР!
Навоийни элга тақдим қилмоқдан мақсад: Навоийнинг эзгу фикрларидан ўзбекни баҳраманд этиш, умумбашарий ғояларидан воқиф қилиш, ўзбек халқини баркамол авлод даражасига кўтариш учун маънавий озиқ сифатида Навоийни тарғиб этишдир.
Навоий асарларини табдил қилиш—ўзбек тилини ўзбек тилига таржима этишдек эриш туюлиши мумкин. Аслида ундай эмас. Масалан, уйғур тилидан ўзбек тилига бадиий таржима қилиш Навоийни ўзбек тилига «таржима этиш»дан осонроқ…
Алишер Навоий асарларини тушуниш қийин. Биргина мисол келтирай. 9-синф учун янги ажойиб ва яхши «Адабиёт» дарслиги ёзилди. Навоийнинг:

Най туз учун истар ани аҳли ҳол,
Чун туз эмас, эгри кўрар гўшмол —

байти қуйидагича талқин этилган: «Най тўғри бўлгани учун уни сўфийлар яхши кўрадилар. Эгри бўлганида танбеҳ олар, қулоғи буралар эди».
Биринчи мисра талқини — тўғри. Иккинчи мисра талқини — шубҳали. «Тўғри бўлмагани учун эгрининг қулоғи буралади» десак, яна хато бўлади. Нега? Чунки «бу мисра талқини тўғри!», деб туриб олсак, ҳазрати Навоий: «Чангим йўқолди, сандаму?», деб атрофга аланглайдилар… Зотан, байтдаги «чанг» мусиқий асбоби йўқолиб қолган. Навоий игри, эгри сўзлари билан сўз ўйин қилган. Чунки игри — чангдир…
Демак, иккинчи мисра талқини бундай бўлади: «Чанг тўғри бўлмагани учун унинг қулоғини бурайдилар».
Таассуфки, биз — олимлар биргина эзгу тушунча билан яшаймиз: «Навоий асарларини нашр этиш лозим. Унга луғат китоби бериш керак. Ўқувчи ўзи луғат орқали ўқиб маза қилсин! Навоийга дахл этиш — гуноҳи азим!».
Тўғри, Навоий асарлари мумтоз оҳанглар каби инжа, нозик; асал каби тотли. Қани энди ўша орзумиз амалга ошса эди… Бироқ ўша имконият йўқ; бундан ким зарар кўради? Халқ… Бор асални еяолмасак (Навоийни тушунолмасак), унинг қайта ишлангани — табдил — шакарни истеъмол қилиб турайлик ахир. Бусиз ширинликдан маҳрум қоламиз-ку?
Навоий ижоди мусиқаси, майинлиги, маъноларининг хилма-хил товланиши, шеърий санъатларнинг олмосдек минг турли жилоси шоир тилини тушуна оладиган йирик олимгагина насиб этадиган қутлуғ насибадир. Бу насибага анча-мунча олимлар ҳам даъво қилишдан ийманадилар…
Демак, Навоийнинг бошқа насиба- хўрлари Навоий дастурхонидан асал эмас, шакаридан баҳраманд бўлиб турсалар нимаси ёмон?
Низомийни аслича тушунмайдиган озарбойжон халқи ҳозирги тилдаги таржимада ўқиш билан қониқади-ку ахир! Низомийнинг бирор шеъри озарбойжон тилида ёзилмаган…
Шунинг учун Навоийни тушуниш даражасига халқни етказишдек муқаддас орзуга етишиш ҳозирча имконсиз экан, демак, Навоийни ҳозирги ўзбек тушуна оладиган даражага «қуйилатмоқ» зарурати бор. Бу эса: шоир ва адиб Навоийнинг барча асарларини ҳозирги ўзбек адабий тилида ўз жанрида табдил қилишдир. Тўғри, шоирнинг юзлаб шеърларини луғат билан ўрганиш имконияти ҳамиша сақланади.
Бу таклиф амалда исботланган: «Хамса» достонлари табдили — бунинг исботи. Бироқ бу илк қадам эди. Энди, менингча, достон жанрини тиклаб табдил қилиш босқичига келдик…
Алишер Навоий фикрларини ҳозирги шоирларимиз иқтидорлари, ҳозирги ўзбек адабий тили хазинаси билан тўла ифодалаш имконияти бор. «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Ҳайрат ул-аброр»…ларни Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Сирожиддин Саййид ижодий талқинларида ўқиш бахти ўзбек халқига насиб этсин. Навоий ғазалларининг асосий қисмини ҳам ана шу йўсинда — ғазал ҳолида табдиллаштирмоқ керак, токи Навоий Ўзбекистонни чинакам эгалласин…
Навоий жаҳонни қандай эгаллайди? Буни олимларимиз, таржимон шоирларимиз қиладилар. Олимларимиз Навоийнинг ҳар бир ғазали ҳақида биттадан китоб ёза олсалар, нур устига нур бўларди. «Қаро кўзум» ғазали ҳақида бир китоб ёзса бўлмайдими? Чунончи, мен шу ғазалнинг матлаъи устида бош қотирдим-у, биргина бадиияти нуқтаи назаридан кузатишларим бир дафтар бўлди. Яъни қисқача қилиб айтсам:

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил —

байтидан ўнта бадиий санъат топдим. Булар: нидо, сифатлаш, илтифот, тарди акс, тажнис, ийҳом, иштиқоқ, ташбиҳ, амр, мураддаф…
Алишер Навоийни кашф этиш бошланган. Бу ҳол ривож топмоғи даркор. Бунинг учун маблағ сарфлаш керак, грантлар олиш керак…
Навоий асарларининг инглиз, немис, француз ва бошқа тилларга бадиий юксак савиядаги таржималарини яратиш даркор. Бунга чет эл шоирлари, адибларини жалб қилиш лозим. Бусиз Навоий жаҳонни забт этолмайди…
Алишер Навоийнинг жаҳонгирлиги ўзбек миллатининг маънавий жаҳонгирлигидир.

Ваҳоб РАҲМОНОВ

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003-йил 6-сонидан олинди.