Умарали Норматов. Янги аср одамлари

Ўтган асрнинг 70-йиллари миллий насримиз майдонига янги истеъдодлар кириб келди: Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султоновлардан иборат навқирон авлод адабий жараёнга ўзгача бир тўлқин, руҳ бахш этди, “адабий аҳоли” сафига ўнлаб бетакрор тирик одамлар образини олиб кирди. Улар сафида қирқ йилдан бери чарх авзоига қараб иккиланмай, оғишмай, товланмасдан ўзлигига, ҳаётий, ижодий тутумига содиқ қолиб келаётган Эркин Аъзам ҳам бор. Эркиннинг “Чироқлар ўчмаган кеча”, “Отойининг туғилган йили”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Шоирнинг тўйи” каби латиф лиризм, ажиб серзавқ юмор, ғаройиб дилтортар киноя, пичинг, истеҳзолар билан йўғрилган ҳикоя, қиссалари миллий адабий тафаккуримизнинг узвий қисми, бетакрор намуналари сифатида адабиётимизда ўзига хос ҳодиса бўлди, адабий-илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилди.
Муайян танаффусдан кейин “роппа-роса бир йиллик изланишлар маҳсули” бўлган “Жаннат ўзи қайдадир” деб номланган китобини варақлаганда, бир томондан, талабалик йилларидан биз билган, бугун 60 ёш бўсағасида, сочига оқ оралаган чоғида ҳам ёшликка хос ўша завқу шавқ, ҳам аччиқ, ҳам шўх-шодон табассумини йўқотмаган, айни пайтда ҳаётда, ижтимоий фаолиятда, бадиий ижодда катта тажриба тўплаган етук қалам соҳиби қиёфаси шундоққина кўз олдингизда намоён бўлади.
Эркин айрим ижодкорлар каби айтадиган гапи “ҳикоя” ёки “қисса” жанри қобиғига сиғмай қолгани учун ўзини “роман”га урмади, ҳамон ҳикоя ва қиссанавислигича қолди. Китобдан жой олган “Ёзувчи” ва “Аралашқўрғон” ҳикоялари бу ихчам жанрда ҳам романга татигулик одамлар қисмати, дарди-дунёсини ифодалаш мумкин эканлигинини тасдиқлаб турибди. Тўпламга “Тафаккур” журналига пешлавҳа тариқасида ёзилган, журналхонлар эътиборини қозонган публицистик миниатюралари ҳам киритилган. Айни мухтасар ҳикоя намуналарини эслатадиган бу тур асарларида ҳам кўримли манзаралар орқали кўламли фикр-мулоҳазалар илгари сурилган.
Муаллифнинг сўнгги йиллар ижодида янгилик бўлган драма ва киносценария жанри намуналарига келсак, бу борада ҳам ўша биз билган Эркинжон барибир ўзлигига содиқ қолган. Чунончи, “Сув ёқалаб”, “Забаржад” асарлари киноқисса деб юритилган, “Жаннат ўзи қайдадир” эса драматик қисса деб аталган; “Сув ёқалаб”, “Забаржад”, “Жаннат ўзи қайдадир” асосида ажойиб филмлар яратилди, аммо учала асар ҳам айни пайтда етук қисса намунаси тарзида шавқ билан ўқилади. Адибнинг дилбар лирик талқинлари, латиф юмори, киноя-кесатиқлари эса аввалгиларига кўра кенгроқ, теранроқ бадиий, ижтимоий-фалсафий кўлам касб этади. Китобга кирган асарларнинг деярли ҳаммаси айни шу кунларимиз, шу кунги одамларнинг — замондошларнинг қисмати, дарди-дунёси, уларни қийнаётган ҳаёт, турмуш муаммолари устида баҳс этади. Бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш даври замондошлар табиатида, қарашларида, қисматида, руҳиятида юз бераётган эврилиш, ўзгаришлар жамики зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари, долғалари ва оғриқлари билан кўз олдингизда баралла гавдаланади. Китобда қад ростлаган одамларни хаёлан бир сафга тизиб чиқсангиз, гўё моҳир рассом чизган портретлар галереяси бирма-бир кўз олдингиздан ўтади, пойтахт фуқароларидан тортиб олис тоғ қишлоғи одамлари — фан, таълим соҳаси ходимлари, раҳбар-арбоб, ёзувчи, журналист, шўродан қолган одамлар, оддий уй бекасидан тортиб бозор муносабатлари асносида шаклланаётган жаҳонгашта бизнесменлар… ўнлаб, балким, юзлаб бир-бирини асло такрорламайдиган тирик одамлар — адабий персонажлар… Китобда қимирлаган жон борки, ҳар бирининг ўз табиати, табиатига яраша ўз қараши, манфаати, дарди-дунёси, қисмати бор. Ёзувчининг ўзи эътироф этганидек, китоб қаҳрамонлари орасида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам бор. Қолаверса, “яхши” деганимизнинг осий банда сифатида ожиз томони, “ёмон”ларнинг эса лоп этиб ижобий фазилатлари ҳам кўзга ташланади. Дарвоқе, ўзимиз шундай эмасмизми? Бегуноҳ фаришта бўлганимизда осмонларда парвоз қилиб юрмасмидик… “Гуноҳкор”лар ҳам Аллоҳнинг бандаси, пайти келиб қалби тубида чўкиб ётган чин инсоний туйғулари бирдан юзага чиқса не ажаб! Китобда айни шу мангу ҳақиқатни тасдиқлайдиган ўнлаб аломат ҳаётий лавҳалар бор.
Илк бор “ЎзАС”нинг икки сонида эълон этилиши биланоқ эл оғзига тушган, ижобий маънода шов-шувларга асос бўлган “Ёзувчи” қаҳрамони, гарчи ўртамиёна қаламкаш бўлса-да, аслида адабиёт майдонида от суриб юрган донгдор отахону акахонларнинг кўпчилигига нисбатан асл адабиётга яқинроқ, ҳатто унинг содиқ фуқароси; бугина эмас, жафокаш фидойиси, муҳими, у ёлғонни ёзмайди, ғирромликни билмайди. Ўлгудек тортинчоқ, хокисорлиги туфайли кўзга кўринмайди. Бутун умри ўз асарини, ўзлигини намоён этолмай, ўзгалар хизмати, ўзгаларни юзага чиқариш билан ўтади. Унинг ноёб истеъдоди — заҳматлари туфайли сўз санъати даргоҳига алоқаси йўқ қанчадан-қанча кимсаларнинг чалакам-чатти чизмалари китоб ҳолига келиб, чоп этилиб довруқ қозонади. Ҳикояни ўқир экансиз бу фоний дунёнинг улкан бир ҳақиқати — адолатига тан берасиз: ўзгаларнинг меҳнати, заҳмати туфайли топилган сохта шуҳрат, обрў-эътибор — барча-барчаси ўткинчи, юзага чиқмай қолиб кетган маънавий бисот эса адабий мафтункор туйғу сифатида ардоқли. Қарангки, бир софдил, бечораҳол қаламкаш қора меҳнати, заҳматлари эвазига китоблар чиқариб довруқ қозонган арбоб умри поёнида бу хил қилмиш-қидирмиш ғирт бемаънилик, олғирлик, гуноҳи азим эканига иқрор бўлади. У афсус-надомат билан: “Меҳнатни сиз қилдингиз-ку! Шуни билмай мен бир лодону овсармидим? Нима зарил денг-а! Мана, ҳаммагинаси қолиб кетар экан”, дейди. Бир қарашда бечораҳол, фақиру ҳақир, ношуд-нотавон, омадсиз, ҳатто асл номи, исми шарифи ҳам номаълум, шунчаки киноя аралаш “домла”, “муҳаррир”, “ёзувчи” деб юритилган зот айни ўша абадий мафтункор туйғу тажассуми сифатида қалбингизда қолади; унинг қора меҳнати туфайли топилган обрў олғирларга юқмайди: унинг шаънини топтаганлар, унинг ғарибона кулбаси — “боғи эрам”ига кўз олайтирганларни, охир-оқибат қора ер ютади. Шу тариқа бошдан-оёқ жўшқин табассум, киноя-кесатиқ, истеҳзо, овсарона донишмандлик билан йўғрилган ғаройиб мусиқий куй эзгуликнинг мадҳи, қабоҳатнинг инқирози, инкори бўлиб янграйди.
Чинакам санъат асари бамисоли қалб кўзгуси — китобхон унда ўзини, аниқроғи, ўзининг ожиз жиҳатларини кўради, кўриб андак хижолат тортади. “Аралашқўрғон” ана шундай асарлар сирасидан. “Каттаконнинг кучуги” кечаю кундуз аккиллаб қўрғон аҳлига тинчлик бермайди. Қўрғон аҳли чора излаб охири Каттаконга очиқ хат — илтимоснома ёзишга аҳд қилади; ниҳоят, хат тайёр, аммо унга имзо чекишга келганда дўкондор, дайди шопир, фан номзоди, доцент, оқсоқол, мухбир — барчаси ўзини четга олади, чунки барчасининг тили қисиқ, Каттакон уларга ўтказиб қўйган… Бири-биридан кулгили лавҳалар билан танишиб хандон отиб куласиз — айни чоқда беихтиёр кўнглингиздан бир аламли савол ўтади: “Ўша таниш одамлар ўрнида мен бўлсам нима қилардим?!”. Бу саволга жавоб тополмай ўйланиб қоласиз… Ана, асл санъат асарининг сир-асрори, кучи!
Киноқиссаларда ҳаёт панорамаси, қамрови янада кенгаяди. “Сув ёқалаб” асарида оддийгина кундалик воқеа қаламга олинади — собиқ раис Болта Мардон икки ўғлини ёнига олиб сувга ташна қўрғонга сув келтиради, шу жараёнда у бир қатор ҳамқишлоқлари билан учрашади, гурунглашади, кечмиш хотиралари хаёлидан ўтади, замон эврилишлари, ҳамқишлоқлари қисмати, ташвишлари, дарду дунёси уни ўйга толдиради. Раис деганда хаёлимизга дарҳол “Синчалак”даги Қаландаров ёхуд “Диёнат”даги Отақўзи сиймоси гавдаланади. Болта Мардон асло уларга ўхшамайди. У мансаб-мартаба туфайли айниган, ҳаддидан ошган қаҳрамонлар тоифасидан эмас. Раислик лавозимида юрган кезлари қўлидан келганча одамларга яхшилик қилган, ҳамиша адолат йўлини тутган, ҳалоллиги, қалб саховати билан одамлар меҳрини қозонган. Лекин имконият доирасидан ташқари чиқолмаган, шунча йил раҳбар бўлиб қишлоғига ариқ чиқариб сув келтиришга қурби етмаган. Мана шу нарса армон бўлиб кўнглини кемиради. Одамлар ҳам уни яхши тушунишади. Бугун ҳам ҳурматини жойига қўйишади. Бироқ айрим ғаламислар шармсизларча унинг “даври ўтганлиги”ни юзига солишганда, қалбида андак оғриқ сезади, аммо ўзига эмас, ўша беюз кимсаларнинг ҳолига ачинади. Айниқса, ҳамюртлар орасида авж олган нафс балоси, бу йўлда ўзини ҳар ёққа уришлар, ҳаддан ошишлар, ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқишлар қалбини ўртайди.
“Сув ёқалаб” асарида бу азамат донишманд оқсоқолнинг шахсий-интим ҳаёти билан боғлиқ нозик кечинма-туйғулари ҳам намоён бўлади. Болта Мардоннинг тушда ва ўнгда Шарофат билан мулоқотларига оид лавҳалар латиф бир лирик тарзда таъсирчан ифодаланган. Шарофатнинг бахтсиз кечмиши Болта Мардоннинг қалбини ўртайди. Бир ёстиққа бош қўйган аёли ювош, яхши хотин, бири-биридан ширин қиз, ўғлонлар туғиб катта қилди. Ўзи ундан бирон ёмонлик кўрмади, лекин кўнгил қурғур ҳе-еч… Демак, шоир айтмоқчи:

Бирин ҳур дейинми, бирин гулойим,
Суймаганим суйганимдан мулойим.
Бу қандай кўргилик экан, Худойим,
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр.

У дунёдан ана шундай армон билан ўтаётир. У умрининг поёнида шу армонини, кўнгил асрорини энг яқин кишиси — ўз зурриёдига очади, зурриёди, қолаверса, авлодлар учун бу чигал қисмат бир сабоқ бўлишини истайди… Умр савдоси остонасида иккиланиб турган ўғлига қарата: “Кўнглингга қара, болам! Лекин уйлансанг, шундай бировини топиб хотин қилгинки, сира-сира жонингга тегмасин! Неча йил ўтса ҳам! Буниси энди ҳар кимгаям насиб этавермайди, албатта. Бўлмаса, бу савдо — бир умрлик азоб”, дейди алам билан. Айни шу лавҳа асарнинг, қаҳрамоннинг жозиба кучини яна ҳам очиб юборади. Бир умрлик азоб ўлим билан интиҳосига етади.
Ўз билганидан қолмайдиган, ўжар, танти, шаддод қиз-аёл қисматидан баҳс этувчи “Забаржад”, бугунги эврилишлар замонида бир оила аъзолари орасида юз берган зиддият, бўлинишлар қаламга олинган “Жаннат ўзи қайдадир” асарлари ҳам жиддий ўй-мушоҳадалар, теран илмий таҳлил, талқинлар учун асос беради.
Қисқаси, Эркин Аъзамнинг бу китоби билан танишар экансиз, биз яшаётган замон жамики зиддиятлари, сон-саноқсиз муаммолари, жумбоқларига қарамай, барибир, буюк умидлар палласидир. Бийрон соқий тантанавор айтганидай: “Биз дунёда энг бахтли инсонлармиз! Биз янги аср одами бўлдик! Икки аср, икки минг йиллик белбоғида яшамоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…”.
Дарҳақиқат, тарихнинг мана шундай авж палласини кўрмоқ ва икки аср, икки минг йиллик насибасини татимоқ, бундан ҳам муҳими, буюк аждодлар орзуси — Истиқлол шоҳиди ва иштирокчиси бўлмоқ, аввало, тақдири азалнинг ҳукми, ёруғ пешонамиздаги қутлуғ битикдир. Бундай буюк саодат сизу бизга насиб этганининг ўзи илоҳий сийлов эмасми, азиз замондош!
Китобни ёпар экансиз, ўйга толасиз, охир-оқибат ана шундай ифтихор туйғуси қалбингизда жўш уради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 22-сонидан олинди.