Умарали Норматов. Адиб ҳузурида 19 дақиқа

1964 йилнинг охирги қор-қировли кунларидан бири — янглишмасам, 29 ёки 30 декабрь. Устоз Ғулом Каримов ва Субутой Долимовлар таклифи, Зарифа опанинг розилигига кўра, Ойбекни янги йил ҳамда қутлуғ 60 ёшга тўлиши билан олдиндан табриклаш ниятида улуғ адиб хонадонига ташриф буюрадиган бўлдик. Университетда бирга ишлайдиган Ойбекнинг тўнғич келини Ҳулкар орқали бу ният адиб хонадонига етказилганида Ойбек ҳам, Зарифа опа ҳам уни мамнуният билан қарши олганликларини эшитиб, бошимиз кўкка етгандек бўлди. Ташриф соат учга белгиланди. Зарифа опа зарур жамоат ишлари билан банд бўлганликлари туфайли ўша пайтда уйда бўла олмасликлари учун узр сўраб, бизни кутиб олишни катта ўғли Омонбек билан Ҳулкарга топширибдилар, фақат эски қадрдонлар гапга, ҳасби ҳол изҳорига тушиб кетиб, Ойбекни толиқтириб қўймасинлар, дея ҳазил қилибдилар. Ҳулкар буни ётиғи билан Ғулом акага айтди. Андиша ва ички маданият бобида тенгсиз аллома Ғулом ака: “Ўзим ҳам шундай фикрдаман, Ойбек ака ҳузурида 15 дақиқадан ортиқ ўтирмаймиз”, дедилар.

Зарифа опанинг бу учрашувдан бироз “хавотир” олиши бежиз эмас. Ғулом Каримов, Субутой Долимовлар Ойбек билан Зарифа опанинг болалик, ўсмирлик қадрдонлари; Субутой ака Ойбек билан “Намуна” мактабида бирга ўқиган, мамлакат янги тур мактаби тарихида илк деворий газета “Тонг юлдузи”ни бирга чиқаришган, “Намуна” Навоий номли интернат мактабига, сўнг Тошкентдаги энг нуфузли Наримонов номидаги таълим-тарбия техникумига айлантирилгач, Ойбек ҳамда Зарифа опалар билан биргаликда шу масканда ўқишни давом эттирган. Кейинроқ Ғулом Каримов ҳам айни шу техникумда таълим олган. Уларни шахсий-ижодий ҳамкорлиги бир умр давом этди. Бунинг устига болалик қадрдонлари Ғулом ака билан Субутой акалар ишлаган Миллий университет ҳам Ойбек учун ниҳоятда қадрдон эди. Бўлғувси адиб шу масканда ўқиб, олий таълим дипломини олган, 1935 йилга қадар университетда дарс берган. Унинг азиз фарзандлари — Гулранг, кенжа ўғли Суюнбек шу даргоҳда ўқиди; Гулранг шарқшунос олима, фан номзоди бўлиб етишди, шарқ факультетида иш бошлади, ҳозирги кунда Шарқшунослик институтида фаолиятини давом эттираётир. Суюнбек кимё факультетида таълим олиб, сўнг шу ерда фан номзоди, доктори даражаларига эришди, вафотига қадар шу ерда ишлади. Адибнинг тўнғич ўғли Омонбек МГУни битириб қайтгач, умрининг охиригача тарих факультетида, умр йўлдоши Ҳулкар эса филология факультетини тамомлаб, шу даргоҳда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, то нафақага чиққунча шу ерда фаолият олиб борди. Улкан биолог олим, академик Бекжон ўқишни шу даргоҳда бошлаб, сўнг МГУда давом эттирди, уни тугатгач, университетимизда фаолиятини бошлаган, номзодлик, докторлик илмий даражаларини эгаллаган, узоқ йиллар биофизика кафедрасини бошқарган, ҳозирги кунда ҳам университет билан ҳамкорлигини узган эмас…

Учрашув кутилганидан ҳам зиёда, ғоят самимий бир тарзда бошланди. Ўша дақиқаларга қадар мен Ойбекни кўча-кўйларда, адабий анжуман-маросимларда кўп бор кўрганман. 1955 йили университетда адибнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган адабий учрашувда талабалар номидан табрик сўзи айтаётганимда бу авлиёсифат алломанинг менга тикилиб турган нурли чеҳрасини, ёниб турган кўзларини кўриб, ажиб ҳолатга тушганим, ўзимни йўқотиб қўйганим ҳамон эсимда…

Бу галгиси ўзгача: Ойбекдек миллий адабиётимизнинг тирик классигини унинг ўз хонадонида болалик қадрдонлари Ғулом ака, Субутой акадек устозлар даврасида кўриш ҳаётимдаги энг азиз, ғоят бахтли дамлардан деб биламан. Ғулом ака, аввало, бизларни Ойбек ака билан таништирди, сўнг ҳаммамиз, қолаверса, университет жамоаси номидан уни кириб келаётган янги йил, қутлуғ 60 ёши билан қутлади. Ойбек ўзида йўқ шод, қўли кўксида хиёл бош эгиб ташриф ва қутлов учун миннатдорчилик билдирди. Ўша топда адибнинг косасига сиғмай турган сеҳрли кўзларида чексиз қувонч ва қандайдир ўкинч ёшлари қалқиди; адиб даврадагиларга буни сездирмаслик учун кафтлари билан дам-бадам кўз ёшларини артар эди.

Ойбекнинг нигоҳи бирдан Субутой акага тушди. Ҳаяжон билан гапга киришди. Бироз тутилиб, қийналиб айтган гапларидаги “Субут, Субу-той, Усмон-бек, “Намуна”, “Тонг юлдузи”, дутор, ушшоқ” деган жумлалардан гап нима устида бораётганлиги ўтирганларга маълум эди. Субутой ака эса одоб билан секингина бош силтаб, такрор-такрор ҳам қувонч, ҳам ҳазил бир оҳангда: “Эҳ Ойбек ака, у кунлар ўтди-кетди”, деб қўяр эдилар.

Ўша топда Субутой ака бизга кўп бор сўзлаб берган Ойбек билан боғлиқ хотиралари хаёлимдан ўта бошлади. Домланинг айтишларича, асл исми шарифлари Усмонбек Долимов бўлган, аввал мактабда, сўнг техникумда ўқиб юрган кезлари “Усмонбек” тахаллуси билан шеър, ҳикоялар битган, илк бор истеъдодли ёш шоир Ойбекнинг назарига тушган, Ойбек таклифи билан “Тонг юлдузи” газетаси ҳайъатига жалб этилган, шу тариқа уларнинг шахсий қадрдонлиги, ижодий ҳамкорлиги бошланган. Усмонбекнинг “Субутой” тахаллусини олиш тарихи ҳам қизиқ. Гап шундаки, бу ҳол узоқ вақт сир сақланиб келди. Ўша кезлари техникум мудири Шоҳид Эсон афанди ва у билан бирга Туркиядан келган Иброҳим афанди маърифатли зиёлилардан бўлган. Эсон афанди асли мантиқ фанидан дарс берса-да, тарих, адабиётга ниҳоятда қизиққан, жаҳон ва туркий халқлар тарихи, адабиётидан чуқур хабардор бўлган, айниқса, ёш истеъдод эгаларига айрича аҳамият берган, уларни миллий ифтихори, жасур ватанпарварлик руҳида тарбиялашга интилган, жанговор шарқия – марш шеърларни ёд олдирган, айни пайтда Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ Ҳомид, Холид Фахрий, Ўрхон Сайфий, Номиқ Камол, Зиё Кўкалп каби янги турк шеърияти намояндалари ижоди билан таништирган, улар асарларини мустақил мутолаа қилишни маслаҳат берган. Бугина эмас, истеъдодли ёшларга қадим туркий шавкатли сиймолар номларини, чунончи, Мусо Тошмуҳаммад ўғлига “Ойбек”,Усмонбек Долимовга “Субутой”, Зуҳуриддин Салоҳиддиновга “Олтой” исмларини адабий тахаллус сифатида тавсия этган, улар ҳам ўз навбатида бу табаррук исмларни мамнуният билан қабул қилганлар. Усмонбекка ҳаётда илк бор “Субут”, “Субутой” деб мурожаат этган, деворий газетадаги шеърини “Субутой” тахаллуси билан чиқарган айни ўша болалик дўсти – Ойбек бўлган… Домла шу ҳақда сўзлар экан, ҳар гал: “Бу гапларни ҳеч кимга айта кўрма, “нозик жой” одамларининг қулоғига бориб етса, айтган мен ҳам, эшитган сен ҳам балога қоламиз, пантуркчилар думи деб авахтага жўнатишлари ҳеч гап эмас”, дея огоҳлантирар эдилар.

Домлада болаликдан шеърий истеъдод билан баробар бир ҳофизга лойиқ ширали овоз, бир моҳир созандага муносиб созандалик иқтидори ҳам бўлган. Ўзи дутор жўрлигида куйлаган мақом наволари билан Мулла Тўйчи ҳофиздек буюк санъаткор, В.А.Успенский каби санъатшунослар эътиборини қозонган. Ойбек дўсти Субутойдан дутор машқлари, хусусан, дутор жўрлигида ушшоқ тинглашни ниҳоятда хуш кўрган. Мактабдош дўсти Мурод Шамснинг Чақардаги боғ ҳовлисида, ҳовуз бўйидаги сўлим супада ушшоқнинг энг авжида – ўнинчи пардадан бошлаб завқ-шавқ билан тўлиб-тошиб айтганини, Ойбек куйдан чексиз яйраб маст бўлганини кўп бор эслар эдилар. “Умрим бўйи мен куйлаган ушшоқ авжининг чўққиси ўша бўлди, бундан кейин бу пардага ҳеч қачон кўтарила олган эмасман. Сизлар тинглаётган ушшоқни аранг тўртинчи пардадан бошладим” дея илова қилиб қўяр эдилар.

Ўша ушшоқ янграган боғ, ҳовуз бўйидаги машҳур супа 50-йилларда ҳам сўлим ва обод эди. Таниқли тилшунос олим Мурод Шамснинг ўғли Эркин билан университетда бирга ўқирдик. Эркиннинг таклифи билан улар хонадонига бориб турардик. Ёз кунлари борганимизда, домла бизларни хуш қабул қилиб, ҳовуз бўйига таклиф этар, «Бу табаррук жой, бу супада Ойбек, Субутойлар базми жамшид қуришган, мана шу ҳовузда мириқиб чўмилишган, сизлар ҳам уларга ўхшаб яйраб ўтиринглар», дея бизларни ёлғиз қолдирарди.

Субутой ака фақат мумтоз куйлар ижрочисигина бўлиб қолмай, замонавий шоирлар, жумладан, Чўлпон, Ойбекларнинг янгича йўналишдаги шеърларига куйлар басталаган, уларни ўзи жўшиб куйлаган. Улардан эсда қолган айрим намуналарни улфатчилик давраларимизда куйлаб берардилар.

Субутой ака ҳаётда асосан педагог-мураббийлик, адабиётшунослик йўлидан кетган бўлса-да, бир умр мақом ва шеърият шайдоси, аломат созанда, хонанда, қалбан эса шоир бўлиб қолди. Субутой аканинг илк ижоди билан танишиб “Домла, нега шеъриятни давом эттирмадингиз, шеърларингизни китоб ҳолида чиқармадингиз?” деб сўраганимда, “Менинг машқларим Ойбек лирикаси қаршисида ожиз эканини сездим, Ойбек олдида шоирликка даъво қилишга уялдим”, дея жавоб қилган эдилар.

Аслида шеърий истеъдод бобида Субутой ака кўпгина тенгдош замондошларидан қолишмас эдилар. Ойбек вафоти муносабати билан 1968 йили саратонида битилган устозимнинг мана бу сатрларини кўринг-а:

Ойдин кеча сокин ётган қабрингни
Зиёрат қилай деб кўргали келдим.
Ҳижронли турбатинг хокига мен ҳам
Ҳасрат-ла юзимни сургали келдим.
Кеча “Туйғулар”ла “Кўнгил найлари”н
Дарду алам билан чалгали келдим.
Чаман гуллар билан тўлган қабрингдан
Кўз ёшларим билан ўпгали келдим.
Хаёлим паришон, кўзларим гирён,
Қалбимда сақланур аламли ҳижрон,
Фарёдим, фиғоним бутун бир жаҳон,
Эй муҳтарам шоир, изладим, келдим…

Бунақа оловли, дардли сатрларни фақат садоқатли дўст-шоиргина битиши мумкин…

Ойбек бирмунча фурсат Субутой ака билан дийдорлашгач, Ғулом Каримовга юзландилар, соғлиқларини, ишларини суриштирдилар, сўнг кечмиш хотираларини, яқин ўтмишнинг маломатли кунларини ёдга олдилар. “Дарслик… жаҳолат, жаҳолат… даҳшат…” деган сўзларини эшитиб, бу гал ҳам гап нима устида кетаётганлигини англаб турардик.

Ғулом Каримов Навоий ижоди, ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларидаги адабий муҳит устида тадқиқот олиб борган кезлари академик Ойбекдан кўп бор маслаҳатлар олган; Педагогика фанлари илмий-текшириш институтининг директори вазифасида ишлаган кезлари ўзбек адабиётидан дарслик ва ўқув қўлланмалари яратишда адиб билан ҳамкорлик қилган, чунончи, 1950 йили чоп этилган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигининг Ғулом Каримов қаламига мансуб “ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида ўзбек адабиёти” сарлавҳали бўлимини Ойбек таҳрир қилган эди. 1952 йил 21-22 февралда бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси марказий қўмитасининг “Республикада мафкура ишининг аҳволи ва уни яхшилаш чоралари тўғрисида”ги масалага бағишланган машъум Х пленумида қатор атоқли ижодий зиёлилар, илмий, бадиий асарлар, ўқув дарсликлари, қўлланмалари кескин танқидга учради. “Ўзбекистоннинг янги тарихи”да таъкидланганидек, бу пленум мустабид тузум 40-йиллар охири – 50-йиллар бошларида республикада ижодий ва илмий муассасалардаги “миллатчилар”, “пантуркчилар”, космополитларни “фош қилиш”, Ўзбекистон ёзувчилари, шоирлари, олимларини бадном қилиш юзасидан кенг суръатда ўтказилган сиёсий кампаниянинг чўққиси бўлди (Ўзбекистоннинг янги тарихи, Иккинчи китоб. Т., Шарқ, 2000, 513-бет). Ғ.Каримов бошчилигида яратилган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги ҳам ана шу кампаниянинг қаҳрига учради, феодал ўтмиш адабиётини идеаллаштириш, миллатчилик кайфиятларига йўл қўйишда айбланди. Бундай кескин айбловларнинг бир учи, табиийки, дарслик муҳаррири Ойбекка ҳам бориб тақалар эди. Пленумда Ойбекдай буюк аллома “жиддий мафкуравий айниш”ликда бадном этилди. Орадан кўп ўтмай дарслик бош муаллифи Ғ.Каримов институт директорлиги, дарсликни нашрга тайёрлаган С.Долимов сектор мудирлиги вазифасидан бўшатилди…

Фалокатнинг шарофати деганларидек, ҳар икки устоз ҳам миллий университетимиздан паноҳ топдилар, шахсан Ойбекнинг аралашуви, илтимоси билан университетнинг ўша йиллардаги олижаноб раҳбарияти, Т.Зоҳидов, О.Содиқов, Т.Саримсоқов каби академиклар бу табаррук зотларнинг бошини силади. Ҳар икки устоз бу даргоҳда Ойбек ишончини тўла оқлади, 50-йилларнинг ўрталаридан умрларининг то охирига қадар шу қутлуғ даргоҳда фидокорона хизмат қилдилар. Устоз Ғ.Каримов ўттиз йил давомида “Ўзбек адабиёти тарихи” кафедрасини бошқарди, ўзбек адабиёти тарихининг бутун бир даврини илмий инкишоф этиб берди, Миллий университетимизнинг республика ва жаҳон адабий-илмий жамоатчилиги тан олган илмий-адабий марказлардан бирига айланишида бу зотнинг хизматлари беқиёсдир. Ойбек Ғ.Каримовнинг бу йўлдаги саъйи ҳаракатларини ҳамиша қадрлаган, жумладан, Муқимий ва унинг адабий муҳити мавзуидаги докторлик диссертациясига ёзган тақризида устознинг илмий ихтиросини ниҳоятда юксак баҳолаган эди…

Ғулом ака ўша топда адиб кўнглидан кечган изтиробларини юмшатиш ниятида бўлса керак, “Ойбек ака, ўша даҳшатли кунлар ўтмиш бўлиб қолган бўлсин, асло қайтмасин. Ўз бошингизда шунчалар ташвиш бўла туриб, ўша кунлари Субутой ака билан мен жонимизга ора кирганингиз учун бир умр сиздан қарздормиз…” дедилар. Ойбекнинг чеҳраси бирдан ёришиб кетди, “Ҳаммаси яхши, яхши бўлди… Энди у кунлар қайт-май-ди” деди қатъий қилиб.

Ғулом ака аввал соатларига, сўнг ҳамроҳларига бир қур кўз югуртириб: “Энди қўзғалсак бўлар” дегандек ишора қилдилар. Ҳаммамиз секингина бош силтаб, бу таклифни маъқулладик. Сўнг у киши мезбондан кетишга ижозат сўрадилар. Мезбон эса “Субут, Субу-той, ош-палов, дутор, ушшоқ” сўзларини такрор-такрор айтдилар. Боядан бери Ойбек ёнида унинг тутилиб, қийналиб айтган жумлаларини шарҳлаб ўтирган Омонбек, “Адам, ўтиринглар, ош-паловхўрлик қилайлик, Субутойдан дутор, ушшоқ эшитайлик деяптилар”, деди. Ғулом ака эса бундай самимий таклиф учун Ойбекка ташаккур билдириб, унга таскин бериш ниятида сўзини давом эттирди: “Баҳор, ёз келсин, боғ ҳовлингизга бориб мириқиб гурунглашамиз, ошхўрлик қиламиз, Субутой акадан дуторда куйлар, дутор жўрлигида ушшоқ эшитамиз…”

Ойбекнинг болалик дўстларидан асло айрилгиси келмаётгани шундоқ кўриниб турарди. Адиб чор-ночор меҳмонлар билан бирма-бир қўл олишиб хайрлашди. Табаррук хонадон остонасидан чиқаётганимизда соатга қарасам 3 дан 19 дақиқа ўтибди. Ойбек ҳузурида 19 дақиқалик гурунгда буюк адиб ва унинг болалик қадрдонлари умрининг қирқ беш йиллик ҳам қувончу сурурга, ҳам ташвишу армонларга тўла лавҳалари кўз олдимизда қайта гавдалангандай бўлди.

* * *

Орадан қирқ йил ўтиб, ўша адиб ҳузуридаги 19 дақиқалик учрашув тафсилотларини эслар эканман, биз адабиётшунос-мунаққидлар, Миллий университет профессор-ўқитувчилари бу табаррук зот олдидаги бурчимизни ўтай олдикми, деган ўй хаёлимдан кечди. Сарҳисоб қилинадиган бўлса, кўнгилга таскин берадиган хайрли ишлар адо этилганлигига иқрор бўласан киши.

Аввало улуғ адиб сув ичган шу қутлуғ даргоҳда таълим олган М.Қўшжонов, Н.Каримовлар ойбекшуносликнинг чинакам тамал тошини қўйдилар. М.Қўшжоновнинг “Ойбек маҳорати” номли фундаментал асари шу ерда интиҳосига етди. Ёш истеъдодли мунаққид У.Ҳамдам бир вақтлар Ойбекнинг танқидчиликда менсимай қаралган, салбий баҳоланган “соф лирика”си, “кўнгил шеърияти”нинг асл моҳияти, беназир нафосатини очиб берувчи гўзал бир тадқиқот яратди. Устоз О.Шарафиддинов Ойбек туғилган куннинг 100 йиллиги арафасида “Миллатни уйғотган адиб” сарлавҳали ёниқ бир мақола ёзиб, Ойбек даҳосига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этди.

Биламизки, Ойбекнинг янги ўзбек адабиётининг икки забардаст намояндаси, асосчилари – Чўлпон билан Қодирийга эҳтироми ниҳоятда баланд бўлган, ижодда улар йўлидан борган. Жоҳил танқид Чўлпон шеърияти мафкуравий жиҳатдан зарарли дея рад этиб, улуғ шоирга ташланиб турган бир пайтда, қатъий туриб уни ҳимоя этган, “Чўлпоннинг мафкураси эмас, балки яратган бадиий намуналари ўқилади, воз кечилмайди” деб ёзган. Машъум 37-йил арафасида Қодирийни бадном этиш энг олий нуқтасига кўтарилган бир пайтда адиб “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” деган рисола ёзиб, улкан ёзувчининг беназир маҳорати, санъати ҳақида сўзлашга журъат этган.

Дорилфунунимизда кейинги ярим аср мобайнида Ойбекнинг ана шу савоб иши изчиллик билан давом эттирилди. О.Шарафиддинов таъқибу таҳдидларга қарамай, 60-80 йиллар давомида Чўлпон лирикасининг оташин ҳимоячиси ва тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди, ошкоралик ва мустақиллик йилларида унинг ташаббуси ва таҳрири остида Чўлпоннинг аввал бир жилдлик, сўнг уч жилдлик асарлари нашрга тайёрланди. “Адабиёт надур” деган Чўлпон мақолалари ҳамда Чўлпон ҳақидаги замондошлари хотираларидан иборат китоб чоп этилди. Чўлпон ижоди тадқиқига оид илк докторлик, номзодлик диссертациялари шу даргоҳда амалга оширилди… Қодирий ҳақидаги илк номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган А.Алиев шу даргоҳ муаллими эди. “Меҳробдан чаён” поэтикаси”, “Абдулла Қодирийнинг адабий эстетик қарашлари” мавзуидаги номзодлик диссертациялари, “Абдулла Қодирийнинг тасвирлаш санъати”, “Абдулла Қодирийнинг бадиий дунёси”, “Қодирий боғи”, “Ўтган кунлар ҳайрати”, “Қодирий қадри” каби китоблар, ниҳоят, Б.Каримовнинг қодирийшунослик тарихига бағишланган докторлик диссертацияси мана шу даргоҳда яратилди…

Яна бир қувончли ҳодиса – Ойбек таълим олган, таълим берган даргоҳнинг кейинги ижодкор авлод – фарзандлари О. Ёқубов, П.Қодировлар устоз адибнинг тарихий романчиликдаги ноёб тажрибаларини давом эттириб, янги босқичга олиб чиқдилар. “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар” худди “Навоий” романи каби жаҳоншумул обрў-шуҳрат қозонди. Ойбекнинг жаҳон модерн шеъриятига ҳамоҳанг дилбар лирикаси тажрибаларини Рауф Парфи, Хуршид Даврон, Усмон Азим каби ёрқин истеъдодлар айнан университетимиз аудиторияларида ўтириб битган сатрларида ижодий давом эттирдилар, хусусан, Рауф Парфи Ойбек асос солган модерн шеъриятини юксакларга кўтарди; қолаверса, Ойбекона нафис оҳанглар, ғаройиб сеҳрли рамзлар билан йўғрилган “Ойбек хотираси” шеъри орқали буюк устоз шоирга беназир поэтик ҳайкал қўйди.

Мана, ўша шеър:

Тоғлар аро бир ойдин булоқ.
Атрофида шивирлар ўтлоқ.
Булоқда шаън ва собит чирой.
Нур йўлидек ўйлари йироқ
Сувда мангуликдек сузар ой…

Бироқ, ҳайҳот, бир қуюн келди…
Ойдин булоқ қайга беркинди?!
Қайдадир шаън ва собит чирой?
Фалакларга қарайман энди.
Фалакларда сузиб юрар ой…

Аминманки, бу қутлуғ даргоҳда таълим олган, меҳнат қилиш насиб этган ҳар бир зиёли, мураббий, ижодкор, олим ўзини Ойбекдек руҳи мангу барҳаёт устознинг шогирди, анъаналарининг давомчиси санайди; мана шундай мартабага муяссар бўлгани учун яратганга шукроналар айтади.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!