Улуғбек Саидов. Фридрих Дюрренматтнинг эврилишлар олами

Таниқли ёзувчи, драматург ва рассом Фридрих Дюрренматт 1921 йил 5 январда Швецариянинг Конольфингли қишлоғида руҳоний оилада туғилди. У аввал Берн Эркин гимназиясида таҳсил олди, дастлабки ижодий фаолиятини эса рассомчиликдан бошлади. Гарчи унинг чизган суратлари шуҳрат қозониб, бир қанча халқаро кўргазмага қўйилган бўлса-да, у ёзувчилик билан шуғулланишни афзал кўради. Ижодини ҳикоянависликдан бошлаган Дюрренматт наср ва драматургия соҳасида ҳам фаол ижод қилган. 1949 йилда яратилган “Буюк Ромул” комедияси унга оламшумул шуҳрат келтиради. Адиб “Тибетдаги қишки уруш”, “Шаҳар”, “Исёнчи”, “Минотавр” каби қиссалари, “Судья ва унинг қотили”, “Гумон”, “Ваъда” ва бир қатор пьеса ҳамда публицистик асарлари учун ўнга яқин юксак адабий мукофотларга сазовор бўлган.

Фридрих Дюрренматт ХХ аср мумтоз сиймолари қаторидан муносиб ўрин олган адибдир. ХХ аср адабиётининг детектив хусусияти ҳақида фикр юритиб, немис адиби Бертольд Брехт шундай ёзган эди: “Биз кўнгилсиз вазиятга тушганда ўз ҳаётий тажрибаларимизни орттирамиз. Кўнгилсизлик орқали ижтимоий ҳаётимизда амал қиладиган усулни англашимизга тўғри келади. Тафаккур ёрдамида инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак. Газеталарни ўқиётгандаёқ биз фалокат содир бўлиши учун кимдир нимадир қилинганини ҳис этамиз. Хўш, нимани ва ким содир қилди? Хабар топганимиз ҳодисалар ортида бизга номаълум ҳодисалар рўй берганини фараз қиламиз. Айни шулар ҳақиқий ҳодисалардир”.

Дюрренматт асарларида унинг кулгуси ва аччиқ истеҳзоси, алам ва дардлари, тилак ва ниятлари, изланиш ва кашфиётлари орқали айни ХХ асрнинг фожиа ва фалокатлари, ёзувчининг қалби ва тафаккурида қолдирган чуқур из ва жароҳатлари бўй-басти билан намоён бўлади. “Мен христиан эътимоди муҳитида ўсиб-улғайдим, – ёзади у ўзининг ёшлик йиллари ҳақида. Албатта, унинг атрофидаги одамларнинг бари ҳам идеал эмасди, ҳар бир кишининг ўз нуқсони, иллати, пинҳоний гуноҳлари бор эди. Аммо ҳар ҳолда ҳали тажрибасиз, ҳаётнинг пасту баландини кўрмаган навқирон болага дунёнинг асосини ташкил этган ва инсон ҳаётини белгилаб берадиган умумий тартиб мустаҳкамдек туюларди. Дин, ахлоқ, ватанпарварлик, сиёсат ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ эди гўё. Олам ажойиботларга тўла эди. У туғилган қишлоқда ҳатто театр ҳам бор эди. Вокзалда эса узоқ-яқин шаҳарлардан келаётган поездлар югуришдан чарчагандек, “уф” торта-торта тўхтаб ўтишарди. Қишлоқда болалар учун кўнгилочар жойлар йўқлиги туфайли ҳар қандай ҳодиса томошага айланарди. Атрофда эса кўзларни қувнатгувчи, дилларни яйратгувчи ям-яшил тоғлар, кўкда яқинлигидан ерга қулай-қулай деб тургандек туюлган юлдузлар намоён эди. Онасидан эшитган Инжилдаги мўъжизаларга тўла ривоятлар дунёсига ўхшарди борлиқ.

Ана шу тинч ва осуда, қадимдан ўзгаришсиз сақланиб келаётган одат ва удумлар билан яшайдиган оламни уруш остин-устун қилиб юборди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Дунё ҳақидаги илк тасаввурларга мутлақо ёт, тамомила бегона – алғов-далғовларга, даҳшатли воқеаларга тўла, аччиқ дуд исию ўлим ва фожиа ҳиди келиб турган воқелик уни ўз исканжасига олди. Шу дамгача гўзалликка муҳтож кўзлар илғаган, эзгуликка чанқоқ дил туйган ҳаёт энди зулм, адоват, ғайр, шаҳват аксланган бадбуруш қиёфасини намойиш этди. Энди бутун борлиқ чирик ва ёлғон бўлиб туюла бошлади унга.

Айни шундай бир шароитда Дюрренматт қўлига қалам олди. Унинг илк асарларига норозилик ва дилхасталик доялик қилди. Дюрренматтнинг дастлабки ҳикояларида унинг назаридаги таянчини йўқотган дунё сингари мудҳиш, ғалати, фантастик оламнинг сурати намоён бўлади.

Вақт ўтиши билан Фридрих Дюрренматтнинг услубида муайян ўзгариш содир бўлди, хусусан беҳад, чексиз изтироблар ўрнини юмор эгаллади. Юмор, кулгу ёзувчи учун ҳаётнинг у англаган даҳшатли ҳақиқатидан йироқлашиш ҳамда бу ҳақиқатнинг оғир юки остида руҳий эврилишдан ўзини асраш воситасига айланди. Кулгуда у инсон руҳий-маънавий эркинлигининг ифодасини кўрди. Дюрренматт асарларидаги юмор халос этувчи кучга айланди, ҳимоя воситаси вазифасини бажара бошлади.

Бироқ у ҳар бир асарида тилга олинган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини очишга ҳаракат қилар экан, ҳаётдаги аллақандай парчаланишга, эврилишларга эътибор қаратади. Масалан, “Шаҳар” ҳикояси қаҳрамонига қамоқхона қўриқчиси ишини таклиф этишади. Иш жойига, қоронғу ертўлага келганда, у ўзини шаҳар бошқарувига дахлдор, қудратли кишидек ҳис қилади. Бироқ, аста-секин ўзи ва гўё у қўриқлаётган маҳбуслар ўртасидаги фарқ йўқолиб боради, ўзининг ҳам маҳбусга айлангани ҳақидаги хавотир ўй-хаёлини банд этади, раҳбарларнинг унинг эркинлиги ҳақидаги гаплари ҳам ёлғон бўлиб туюлади. Маҳбус ва қўриқчиларни ажратиб турган чегара хаёлий бўлиб чиқади.

Дюрренматт ижодида “лабиринт” мотиви етакчилик қилади. Лабиринт мотиви тарихи қадим юнон мифларига бориб тақалади. Уларда ҳикоя қилинишича, лабиринтни афсонавий меъмор Дедал шоҳ Миноснинг амри билан афсонавий Минотаврни ҳибс этиш учун қурган. Швейцария пойтахти Берндаги бинолар, бир-бири билан кесишиб, чалкашиб кетган кўчалар, уларни ўз исканжасига олган сон-саноқсиз аркалар, Швейцария тоғларининг бағрини ёриб тилка-пора қилган ва йўловчиларни ўз оғушига олиб, ёруғ оламдан айирадиган ер ости йўллари ёзувчи хаёлида лабиринт образининг пайдо бўлишига туртки берган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳар қандай ижодкор яратган образда унинг ўй-ташвишлари тасаввур ва шахсияти акс этади, ривожланади, маълум шаклга киради, ўзгача мазмун-моҳият касб этади. Лабиринт унинг асарларида инсонни ўз домига тортиб, маҳбусга айлантирган, ҳалос бўлишнинг асло имкони бўлмаган мудҳиш воқеликнинг рамзига айланди. Ва яна ёзувчи учун лабиринт ҳаёт ва инсон ҳақида чиқарган хулосаси – инсон қалбининг беқарорлиги унинг хатти-ҳаракатларидаги сабаб-оқибат муносабатларининг ноаниқлиги, ботин ва зоҳирнинг ўзгачалиги, ёлғон ва ҳақиқат, эзгулик ва разолат ўртасидаги чегаранинг ўта мавҳумлиги ифодасидир. Ёзувчининг “Қўриқчи хотиралари” ҳикояси қаҳрамони бошпана деб билган ғор унинг учун зиндоннинг ўзгинаси, “Шаҳар” ҳикоясида ташқаридаги – шаҳардаги алғов-далғовлардан қутулиш ва ҳатто уни бошқарувига дахлдорлик туйғусини берган ертўла, айни пайтда қаҳрамон учун қамоққа, қайтиб чиқишнинг имкони бўлмаган лабиринтга айланади. Лабиринт ичида одам – қўриқчи, маъмурият, ҳокимият вакили, айни пайтда у – маҳбус, қурбон. Инсон ҳолатидаги бу ноаниқлик фақат унинг хаёлидагина бўлмай, реалликка айланади. “Қўриқчи хотиралари” ҳикоясининг сўнгида асар қаҳрамони сиртмоққа осилган кишини кўради. Уни маҳбус, жиноятчи деб ўйлайди. Зобит унинг қўриқчи эканини айтади. “Нима учун уни остирганимни биласанми? Чунки, бу қўланса ит ўзини қўриқчи эмас деб ўйлай бошлади. – Ўзини ким деб, ҳисоблайди бўлмаса? – Маҳбус деб, – жавоб берди у”.

1976 йили Дюрренматтнинг “Мувофиқликлар” китоби чоп этилди. Кейинчалик матни қайта-қайта ишланган мазкур китобда муаллифнинг ҳозирги замон дунёси ҳақидаги тасаввурларини ифода этувчи фикрлар баён этилган. Китоб гарчи “Мувофиқликлар” деб номланган бўлса-да, аслида ҳаётдаги номувофиқликлар ҳақида, унинг ўзгариб турувчи қиёфаси ҳақида гап боради. Дюрренматт ҳаёт ва у ҳақидаги тасаввурларнинг ўзаро номувофиқлиги, реал воқелик ва одамлар онгида ўрнашиб қолган тушунчалар ўртасидаги бўлиниш ҳақида ёзади.

Дюрренматт турли муносабат билан айрим давлатлар ва жаҳон сиёсати ҳақида кўп фикр билдирган. Замонавий сиёсий муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақидаги ўз ғоялари билан ўртоқлашган. Бир-биридан беҳад узоқлашиб кетган давлат сиёсати билан халқ манфаатларини яқинлаштириш ҳақида қайғурган. Аммо уни, санъаткор сифатида сиёсий муаммолар эмас, аввало инсон қизиқтиради. Инсон, унинг табиати ёзувчи наздида барча нарсанинг, хусусан, ўша сиёсий муам-моларнинг асосини, ўзак томирини ташкил этади. Ҳозирги замон дунёсининг асл қиёфаси, аслини олганда, инсоннинг англанган ёки англанмаган мунофиқлигининг инъикосидир. Ёзувчи учун истеҳзо, бироз бўлса-да, ана шу қиёфасини тинимсиз ўзгартириб борадиган дунё ва инсонни англашнинг ягона воситасига айланади.

Истеҳзоли кулгу Дюрренматт ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У бир қатор комедия жанрида ёзилган асарларнинг муаллифи. Хусусан комедия, унинг фикрича, ҳозирги замон дун-ёсининг гротескона қиёфасини очишга қодир, айнан комедия ҳақиқатни бироз бўлса-да, аён қилишга ёрдам беради.

Аслини олганда, комедия Дюрренматт ижодининг мазмун-моҳиятини ташкил этади – “Юнон йигит юнон қизни излайди” қиссасига иккинчи сарлавҳа сифатида “Насрий комедия” деган сўзлар танлангани бежиз эмас.

Бир қарашда Дюрренматт асарларида интрига одатий – икки қарама-қарши кучни зидлантириш асосида қурилгандек туюлади. Ахлоқ ахлоқсизликка, эзгулик разолатга қарши қўйилган. Шунга мувофиқ қаҳрамонлар танланган ва жойлаштирилган. Аммо Дюрренматтнинг мумтоз драматургия қоидаларига риоя этишининг ўзи ҳам истеҳзо кўринишини касб этади – эзгулик ва разолат ўртасидаги кураш тарзида талқин этилган дунё мантиғи унинг асарларида парчаланади. Унинг ўрнини ёзувчининг ўзгача, ҳушёр торттирувчи мантиғи эгаллайди. Ҳаёт, воқелик унсурлари ўша-ўша, лекин худди болаларнинг “калейдоскоп” ўйинчоғини озгина силжитса, озгина бурилса, унинг ичидаги рангли шишачалардан бутунлай бошқа безак пайдо бўлганидек, бу унсурлардан ёзувчининг бир ҳаракати билан буткул ўзгача манзара ҳосил бўлади. Дюрренматт қалами остида дунё бошқа маъно-мазмун касб этади. Аниқроғи, ёзувчи ўз ўқувчисини икки ва ундан ҳам ортиқ талқин томон етаклайди. Бу талқинлар бир пайтнинг ўзида ҳам бир-бирини инкор этади, ҳам қўшилиб кетиб, ажабтовур яхлитлик касб этади. Ҳикоянинг ривожи воқеалар алмашинуви асносида эмас, аллақандай фантастик воқеалар асосида кечади. Фантастик эврилиш мантиғи истеҳзо воситасида ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборади ва ҳаётий воқеликка айланади. Масалан, “Мистер Ш таътилда” ҳикоясида шайтон эзгу ишлар қилиш учун ерга тушади. У иштиёқ билан эзгулик уруғларини сочади. Аммо охир-оқибат маълум бўлиб қоладики, дунё разолатсиз бўлиши мумкин эмас экан.

Бир қарашда бу ҳикоя ХVIII аср инглиз файласуфи ва ёзувчиси Бернард Мандевилнинг инсон ва жамият борасидаги қарашларини эслатади. Ўзининг машҳур “Асаларилар ҳақидаги масал ёхуд алоҳида шахсларнинг иллатлари жамият учун фойда” асарида у жамиятдаги барқарорликни эзгу ишлар эмас, салбий иллатлар сақлашга ёрдам беришини асослашга ҳаракат қилади. Асалари уяси тимсолида ўз даври жамиятини тасвирлаган адиб уни идеаллаштирмайди, хусусан, унинг наздида, одамларнинг хатти-ҳаракатларини шахсий манфаат ва даромадга интилиш белгилайди.

Мендевилдан фарқли ўлароқ, Дюрренматтнинг мақсади иллатларни оқлаш эмас, балки нафақат ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар, ҳаётнинг ўзи ҳам ўткинчилигини кўрсатишдан иборатдир. Бу ҳолат ҳақида у ҳар бир асарида ўзгача ёзади, лекин хулоса ўзгаришсиз қолади: бизга мустаҳкам замин бўлиб туюлган ҳар қандай жойда ҳар дақиқа тубсиз жарлик пайдо бўлиши, шаклланган тасаввурлар чил-чил парчаланиши ва тартиб ўрнида тартибсизлик пайдо бўлиши мумкин.

Дюрренматтнинг ижодий меросида ғалати бир асар бор. Унинг тўлиқ номи: “Топшириқ ёхуд назоратчининг назоратчилар устидан назорати. 24 жумладан иборат новелла”. Уни ташкил этган бу 24 жумланинг ҳар бири битта бобдир. Бир неча саҳифага чўзилган боб, – жумлаларда биронта нуқта йўқ. Улкан жумлаларнинг бўлаклари бир-бирига маҳорат билан боғланган ва Дюрренматтнинг Дунё ва инсон ҳақидаги тасаввурлари сингари, бир биридан келиб чиқади, бир-бири билан боғлиқ, бир-бирини тақозо этади. Унинг бошқа асарларида ҳам бир воқеа-ҳодисанинг турли талқинлари узлуксиз бир жумлага бирлашиб кетади, зиддиятли яхлитликни ташкил этади. Бу яхлитлик чарчоқ ва чорасизлик қоришувидан юзага келган. Аммо ўзи яратган оламдаги турланишлар сингари Дюрренматт ўқувчини оҳиста, шошилмай, эҳтиросга берилмай, чарчоқ ва чорасизлик уммонидан охир-оқибат умид қирғоғига олиб чиқади. “Ҳақиқий ёзувчилик юмуши ҳар доим инсон имкониятларини англаш ва амалда синаб кўриш ишида иштирок этишдан иборат”, – деган эди адибнинг ўзи.

Дюрренматт кўпинча ҳаммага маълум бўлган тарихий ёки афсонавий сюжетларга мурожаат этади ва уларни бутунлай бошқача талқин этиш, улардан ўзгача хулосалар чиқариш мумкинлигини кўрсатади.

“Пифиянинг ўлими” ҳикояси ҳам ана шундай асарларидан биридир. Қадимий юнон афсонаси ва ундаги воқеа-ҳодисалар ёзувчининг истеҳзоли қалами остида турланиб, ўзгача мазмун касб этади. Дюрренматт қаҳрамонларининг ички оламига ғаввос каби шўнғийди, инсон руҳиятининг энг чуқур, қоронғу бурчакларини ёритади, гўё уларнинг вужудини ағдариб, ботиний қатламларни зоҳирга олиб чиқади. Дюрренматтнинг психологизми қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларида намоён бўлгувчи яширин, баъзан сир тутилган, баъзан англанмаган ниятларни юзага чиқаради.

Китобхон Дюрренматт талқинидаги дунёни қабул қиладими, йўқми, бундан қатъи назар, бир нарсани тан олиши тайин – ҳаёт баъзан ўзининг даҳшатла иршайган, бадбуруш қиёфаси билан инсон томон юзланади. Айни шундай дамлар синов дамларига айланади. Ана шундай дақиқаларда бир елкасида раҳмон, бир елкасида шайтон ўтирган инсон уларнинг қай бирига қулоқ тутиши, умид ёки ноумидлик, эзгулик ёки жоҳиллик йўлини танлаши, ўзлигини сақлаб қолиши, ўзини ким деб идрок этиши ўзига боғлиқдир.

Улуғбек Саидов, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон