Назар Эшонқул. Уильям Шекспир

Ҳақли равишда «барча замонларнинг буюк адиби» деган эътирофга сазовор бўлган анг­лиялик драматург. 1564 йил 23 апрелда Стратфорд шаҳрида оддий новвой оиласида дунёга келган. 1590 йили Лондонга келган ва театр учун саҳна асарлари ёза бошлаган. Унинг бизгача 36 та пьесаси, поэма ва сонетлар тўплами етиб келган.

У: «Бутун дунё – театр, одамлар эса унда фақат рол ўйнашади», – дейишни яхши кўрарди. Бу унинг фақат севимли ибораси эмас, балки бутун аъмоли ва инсон ҳамда олам ҳақидаги қарашларини ифода этадиган ҳикмати эди. Асарларини ҳаётдан, тақдир ва муҳит билан қарама-қарши турган инсон кечмишидан олиб ёзарди. Шу сабабли Шекспир асарлари ҳалигача бутун дунё театрларида энг кўп ўйналадиган ва саҳналаштириладиган асарлар сирасига киради. У ҳаёт «саҳнаси»да тақдир ролини «ўйнаган» одамлар ва уларнинг кўнгли, қалби, муҳаббати ҳақида ёзди. Шу боис, Софокл ва Эсхилдан фарқли ўлароқ, фақат фожианавис эмасди. У романтик жанрлар устаси, комедияни янги босқичга олиб чиққан, унга табиий ҳаётий завқу шавқ олиб кирган комедиянавис, муҳаббатни ёрқин ва гўзал туйғуларда куйлаган шоир, инсониятнинг муҳит билан конфликтини ечиш йўлларини излаган файласуф эди. Дастлабки пьесалари «Қайсар қизнинг қуйилиши», «Ёз оқшомидаги туш», «Йўқ нарсага минг ғалва» номли комедияларини ичаклари узилгудек кулиб, «Гамлет», «Отелло», «Ромео ва Жульетта», «Макбет», «Қирол Лир» каби фожиаларини йиғлаб, «Қиш эртаги», «Бўрон» каби эртак асарларини энтикиб томоша қилишарди. У қайси мавзуда, қандай жанрда асар ёзмасин, ўз қисмати ролини чинакам, юракдан берилиб ўйнаётган одамлар ва уларнинг тақдирлари, фожиалари, орзу-ўйлари ҳақида ёзарди. Унинг ўзи ҳам тақдир, ҳаёт деган ролни бор кўриниши, оғриқлари, мусибатлари, синовлари билан ўйнашга маҳкум қилинганди.

Шекспирнинг аждодлари бир неча асрдан буён шаҳарда битта касб-корнинг бошини тутиб келишар, стратфордликлар уларни новвойлар шажараси сифатида билишарди. Шекспирнинг қадами қутлуғ келиб, 1568 – 1572 йилларда оиланинг иши юришди, анчагина даромадли бўлиб қолишди. Аммо тезда омад улардан юз ўгирди ва 70-йиллар охирига келиб оила яна қашшоқлик ботқоғига бота бошлади. 1580 йили Уильям оиласига ёрдам бериш учун мактабни ташлашга ва ишлашга мажбур бўлди. У 16 ёшида қисматнинг оғир синовларини бошдан кечира бошлади. Ота касбини қилди, бошқа турли ишларга қўл урди. Ҳаётини ўзгартириш учун 18 ёшида уйланди. Энди елкасига рўзғор юки ҳам тушди. Учта фарзандли бўлганда ҳаёт бутун залворини унинг гарданига ташлади. Охир-оқибат бундай ҳаёт ва турмуш билан келишолмади. У ўзининг бошқа бир вазифа билан келганини ҳис этар, тирикчиликка ўралашиб қолгани учун ўзидан кўнгли тўлмасди. Шу боис бўлса керак, 1580 йиллар ўрталаридан кейин шаҳардан бош олиб кетади. Шундан кейинги беш-олти йил Шекспир биографиясида номаълум давр ҳисобланади. Унинг бу пайтда нима иш билан шуғуллангани, қаерда бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу давр драматург таржимаи ҳолида «қоронғу давр» деб аталади. 1590 йиллардан сўнг Шекспирнинг номи Лондон театрлари ихлосмандлари ва танқидчилари шарҳида кўрина бошлади. Бу пайтда Шекспир театрга дадил кириб келган ва бирдан шуҳрат қозона бошлаганди. Унга ўша даврнинг энг машҳур театршуноси ва драматурги Роберт Грин томонидан берилган «саҳнани титроққа солди» деган таъриф машҳур бўлиб кетган. Бу сўз ўйи­ни бўлиб, Шекспир, яъни инглизчадаги Shake-speare сўзининг ўзи «жанггоҳни титратувчи» деган маънони беради.

1592 – 1594 йилларда вабо туфайли Лондон театри ёпилди. Бу даврда Шекспир бир нечта тарихий асарларга қўл урди. «Ричард III», «Венера ва Адонис», «Лукреция» каби асарлар шу даврда дунёга келди. Шекспир ўз даврининг фожиалари ҳамда конфликтлари илдизини ўтмишдан излаб тарих орқали хулоса чиқармоқчи бўлди. Шу сабабли унинг бир қанча тарихий шахсларга бағишланган драмалари дунёга келди. Бу асарларда Шекспир барча замонлар учун хос мавзуларни қамраб олганди. Гарчи воқеа ўтмишда кечаётган эса-да, томошабинлар асарда замонавий Англиянинг ижтимоий қиёфаси ва жамият манзараларини кўриб туришарди. Айни шу асарлари саҳна юзини кўриши билан Анг­лия театрларида Шекспир даври бошланди ва бу давр қарийб 20 йил давом этди. Кейинчалик Шекспир ўз маслакдошлари билан бирга машҳур «Глобус» театрини ташкил қилди ва бу театрнинг хўжайинларидан бирига айланди. Адибнинг энг улуғ асарлари ана шу театр саҳнасида дунёга келди, ўзи орзу қилгандай «Глобус» саҳнасини ҳаёт-мамот саҳнасига, инсон ва жамият, инсон ва тақдир, инсон ва муҳит, инсон ва ахлоқ, инсон ва ёвузлик, инсон ва тубанлик тўқнашуви саҳнасига айлантирди. Шекспир асарлари ўша давр драмаларига хос сентиментализм ва мистикани бутунлай рад қилди. Лондон театрларида саҳна асарлари асосан томоша ва дидактика учун яратиларди. Шу сабабли қироллик саройи бу театрларга ҳомийлик қилар, ушбу театр орқали сарой ўз мафкурасини тарғиб этарди. Гарчи Шекспир ҳам қирол Яков I нинг ҳомийлигида турган бўлса-да, жамиятни ислоҳ қилаётган қирол каби Шекспир театрни ҳам мавзу, ҳам маъно нуқтаи назаридан ислоҳ қилди. Энди театрда қадимги маъбудлар кураши, элфлар, илоҳий ривоятлар, маиший чўпчаклар эмас, аниқ одам ва унинг дарди, кўнгли, изтироблари муҳокама қилинар, шарҳланарди. Энди театрда замондош инсон фожиаси намойиш этила бошлади. Тўғри, Шекспирнинг жами 36 та пьесасининг ўндан ортиғи тарихий даврларни қамраб олади. Уларда антик давр, шунингдек, Англиянинг X – XIV асрлардаги тарихий шахслари қаҳрамон қилиб олинган. Аммо драматург айни шу шахслар тақдири ва фожиалари орқали XVII аср бошидаги Англиянинг дарди ва муаммоларини тасвирлашга киришди, ўтмишни тасвирлаб бугун ҳақида ҳикоя қилишга тушди. Бошқача айтганда, адабиётда макон ва замон тушунчаси моҳиятини йўқота бошлади. Бу дунё театр саҳнасида янги давр бошланганини билдирарди. Асарлари уни улуғлар сафига олиб чиқди. «Ромео ва Жульетта», «Ричард III», «Генрих IV», «Отелло», «Қирол Лир», «Антоний ва Клеопатра», «Кориолан», «Макбет», «Юлий Цезар», «Гамлет», «Генрих VI», «Афиналик Тимон», «Троил ва Крессида» каби саҳна асарлари Шекспирни ҳам, Лондон театрини ҳам оламга машҳур қилди. Бу асарларнинг аксариятида Шекспир шахс билан муҳит тўқнаш келган тақдирларни асос қилиб олиб инсон ва олам ҳақида ўз қарашларини баён этди. Гўё адиб ана шу тақдирлар ва қаҳрамонлар орқали бани башарга эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги ўз хулосаларини баён этаётгандай, ана шу тақдирлар қиёфасида инсонга улуғ изтиробини изҳор қилаётгандай бўлди. Ана шундай қаҳрамонлардан бири Ҳамлетнинг тилидан Шекс­пир шундай дейди:

Тирик қолмоқ ё ўлмоқ, шудир масала!
Қайси бири булардан бизга муносиб?
Шу дилозор фалакнинг таҳқирларига
Шикоятсиз-шиквасиз чидаб турмоқми?…
… Йўқса, шу киборларнинг жаҳолатига,
Ҳокимларнинг жабрига, сохта кибрига,
Шу мунофиқ муҳитнинг айёрлигига,
Бировга ҳасрат ҳам қилолмасликка,
Муҳаббатнинг хору зор эзилишига,
Мардакларнинг кўзида ҳар қандай ҳиммат
Анойилик саналиб топталишига,
Бутун бу разолатга ким чидарди, ким?!
…Бас, фикримиз шу тахлит қўрқоқлашади
Ва ақлнинг боши берк кўчаларида
Сўлиб кетар биздаги жасорат гули…

(Мақсуд Шайхзода таржимаси)

Парчадан ҳам кўриниб турибдики, Ҳамлетнинг монологи бу драматургнинг монологи каби жаранглаяпти. Аслида, Шекспир ўз дарди ва ҳикматларини асарлари ҳамда қаҳрамонлари тақдирига яширди, улар орқали ўз ички дунёсини, ўз қарашларини баён қилди. Асарлари ички дунёсининг манзаралари эди. Шекспир ўз ичкарисида, ўз ички дунёсида шаҳзода Ҳамлет, қотил ва рашкчи Отелло, завол бўлган қирол Лир, ҳасадгўй ва хиёнаткор Макбет қиёфасига кириб ўз даврини ва бани одамзодни огоҳлантираётгандай эди. Кичикдан то катта-катта образларгача, аслида, Шекспирнинг ўзи эди: бу образлар Шекспир номли руҳоний ва уқубатли улкан дунёда бирлашарди. У ўз оғриқлари, дардлари, кечинмалари, орзу-армонлари ва ишқини театр қиларди, ўзи уни томоша қиларди, бошқаларга томоша қилдирарди. У шу томошалари орқали асарларда бошқалар ҳам ўзларини кўришини, ўзи каби дунёни, оламни, инсонни англашини истарди. Аммо бошқалар бу асарларни фақат томоша сифатида кўрди. Ҳали-ҳануз шундай томоша қилишади.

Бу томошаларда у саҳнага қалбини очиб қўйгандай, мана, кўринглар, мен шундайман, мени тушунинглар деяётгандай бўлди, лекин ўз даврида уни кам одам тушунди. Ҳозир ҳам кам одам тушунади. Тўғри, ҳамма уни тушунишга уринар, ҳамма унинг образларини талқин қилар, олқишлашар, йиғлашар, кулишар ва номини шарафларга буркашарди.

У Ромео ва Жульетта номи билан дунё ваҳший, дунё шафқатсиз, бу дунё, бу ахлоқ муҳаббатни ўлдиряпти деб ҳайқирганди. У асарда муҳаббат ва ўлимни муҳокама қилди. Замондошлари эса асарга бир томошадай қаради, томоша қилди, холос.

Ҳамон шундай томоша қилишмоқда. Шекспир инсониятга муҳаббат изҳор этди. Инсоният эса муҳаббатни қабул айлади эмас, уни томоша қилди. Одамлар ўлаётган муҳаббатни қарсаклар билан олқишладилар, сўнг сершубҳа, рашкчи Отелло пайдо бўлди.

Отелло Дездемонани рашк қилиб ўлдирмади: дунё­дан қизғаниб ўлдирди. У олчоқ, қари, кўҳна, алдоқчи дунёдан, инсон тақдирини томоша деб биладиган дунё­дан гўзал ва пок муҳаббатни қизғанди. Муҳаббат ва дунё бирга яшолмаслигини англади. Унинг рашки унинг дунёга исёни эди.

Шундай қилиб, Шекспир ҳаётни театр деб ишонди ва ўзининг туйғуларини, кечинмаларини, одам ва олам ҳақидаги дарду изтиробларини саҳнага олиб чиқди, намойиш қилиб берди, ўзига бириктирилган ролни бекаму кўст, қойилмақом ижро этди. Охир-оқибат ҳамма ҳам ўз «роли»ни чин юракдан ўйнамаслигини, кўз олдидаги ҳаёт эзгу ғояларни ташувчи ва намойиш қилувчи саҳна эмас, турли манфаатлар ва мақсадларнинг ниқоблари орқасига яширинган катта ўйин эканини англади, чоғи. 1612 йили Шекспир сўнгги драмаси – «Бўрон»ни ёзгач пойтахтдан кетади ва ўлимига қадар она диёри Стратфордда яшайди. Нафақат Лондон, балки ёзувчиликни ҳам тарк этиб, ер майдони олди-сотдиси билан шуғулланади.

Даҳо ҳаётидаги бундай кескин ўзгаришнинг асл сабаби ҳали-ҳануз қоронғу. Лекин кинорежиссёр Г.Козинцев фикрича, Шекспир яшаб турган жамиятдан, сиқиқ пойтахт муҳитидан, сарой амалдорларининг ноқис дидига мослашишдан чарчаган. Балки, улуғ адиб ўзини тушунмаган оломонга томоша кўрсатишдан чарчагандир. Етар деган ўзига ўзи. Хуллас, буюк трагик санъаткор ҳаётининг хотимаси ҳам фожеий маъно касб этади. Даври уни тушунмади. Унга қарсак ва олқишдан бошқа, ўзи кутган, Ҳамлет қиёфасида орзу қилган гўзаллик, муҳаббат ва адолат уйғунлашган жамиятни бермади. Умрининг охирида Шекспир давр уни тушунмаслигини англади ва театрни, адабиётни ташлаб қиш­лоққа кетди, то ўлимигача бошқа ҳеч нарса ёзмади.

Унинг ҳаётлиги пайтида саҳна асарлари деярли чоп этилмаган. Поэма ва сонетларидан ташқари барча саҳна асарлари муаллиф рухсатисиз ўғринча ва бузилган матн билан нашр этилганди.

1616 йили Шекспир ўлими яқинлашаётганини ҳис этди ва васиятнома ёздирди. Васиятномада уй-жой, мол-мулк, ҳатто дўстларига қолдирадиган узуги ҳақида ҳам гап боради. Аммо асарлари ҳақида бирон оғиз сўз айтилмаган, ишора ҳам қилинмаган. Ана шу ҳолат унинг ўлимидан сўнг юз эллик йил ўтгач баъзи бир тадқиқотчиларга «Шекспир» номи билан етиб келган асарлар муаллифи стратфордлик Шекспир эмас» деган тахминни ўртага ташлашга асос бўлди. Бу хил қараш тарафдорлари ҳали ҳам бор. Уларнинг бирдан-бир асоси ўша васиятнома. Бошқа кўрсатилаётган барча далиллар асоссиз ва шунчаки шов-шув учун тўқиб-бичилган. Эҳтимол, буюк адиб ўзини тушунмаган оломондан асарларини қизғонгандир ва уларни худди Кафка каби йўқ деб ҳисоблашларини истагандир?! Нима бўлган тақдирда ҳам, Шекспир ўз даврининг оғриқларини саҳнага олиб чиқиб ўз даврига ва бани башарга намо­йиш қилиб берди. Гёте улуғ драматург асарлари ҳақида шундай деганди: «Шекспир асарларининг биринчи саҳифасини ўқиганимда гўё кўр кўзим бирдан очилиб кетгандай, кўра бошлагандай таассурот пайдо бўлди ва бир умр ана шу таассурот мени тарк этмади».

Улуғ драматург 1616 йил, дунёга келган куни – 23 апрелда ўз она шаҳрида вафот этди.

Шекспирни тадқиқотчилар бир овоздан «буюк қалбшунос» деб аташган. Дарҳақиқат, инсон қалбини тушунишда, қалбнинг инжа туйнукларида яширинган сир-саноатни ошкор этишда Шекспирга тенг келадиган адиб кам топилади. Даҳо асарларини ўқиб тушуниш, ҳазм қилиш осон эмас. Лекин ўқилгач улар бир умрлик ҳамроҳ, сирдош дўстга, ботиний куч-қувватга, маънавий завққа айланади.

Шекспир асарларининг ўзбек саҳнасида ўйналиши бир қарашда оддий воқеага ўхшайди: дунёдаги барча мамлакатлар, барча миллатлар Шекспир асарини ўйнаган ва бу ерда ғайритабиийлик йўқ. Бироқ Шекспир ўзбек театр тафаккурини янги поғонага кўтариб берди, уни жаҳоний мезонлар билан бўйлаштирди. Дунё адабиётини, тафаккурини ўрганиш улуғлик ва жаҳон билан бўйлашиш дегани. Фахрли томони шундаки, Шекспир асарлари ўзбек театрида қўйилиши билан ўзбеклар буюклик борасида ҳеч қайси улуғ халқдан қолишмаслиги аён бўлади. Бу эса оламшумул аҳамиятга молик ҳақиқатдир.

Назар Эшонқул