Тозагул Матёқубова. Бедил ва Ғафур Ғулом

http://n.ziyouz.com/images/gafur-gulom.jpg

Улуғ шоир Ғафур Ғулом ўзига маънавий-руҳий таъсир кўрсатган ва ил-ҳом берган шоирларнинг кўплаб шеърларини ёд билар ва уларни ҳамиша завқ билан ўқиб юришни севар эди. У бир умр китобини қўлидан қўймай ардоқлагаб шоирлардан бири Мирзо Абдулқодир Бедил эди. Ўзбекистон халқ шоири Рамз Бобожон Ғафур Ғуломнинг Бедилга муносабатини хотирлар экан: “… Ғафур Ғулом адабий учрашувларда, дўстона гурунгларда ўзини Мирзо Абдулқодир Бедилнинг тўққизинчи невараси, деб атарди. Зеро, бу бир қараганда ҳазил-мутойибадай туюлса ҳам, аслида чин! Бу гапнинг тагида олам-жаҳон ҳақиқат ётади. Ғафур Ғулом зуваласига Бедил хамиртуриши, унинг қаламига Ҳазрати Навоий назари тушган десам, адашмайман”,– деб ёзади.

Академик С.Мамажонов Ғафур Ғулом билан мулоқот пайтларида Бедилдан нималарни ўрганганлигини сўрагани ҳақида шундай хотирлайди. Шоир буюк санъаткордан чуқур фалсафий мушоҳадакорлик ҳамда муболағали ўхшатишлардан қандай фойдаланишни ўрганганлигини айтган ва улуғ шоирнинг ўз ижодига таъсирини дунёни фалсафий идрок этишдан қидирмоқ лозимлигини таъкидлаган экан.

Дарҳақиқат, Бедил асарлари Ғафур Ғуломнинг ҳамиша йўлдоши бўлган. Кўпинча бирор шеър ёзиш олдидан Бедил ғазалларидан ўқиб, ундан руҳий мадад олган Ғафур Ғулом буюк шоирнинг ижодий оламига чуқур кириб боришга интилган. У Бедилдан воқеликни бадиий идрок этиш ва ифодалаш усулларини, ҳаёт ва умр, инсон ва тақдир, азал ва абад ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларни нафис бадиий ифода этиш санъатини ўрганган. Ўзининг бетакрор услубини намоён этишида бедилона образлар, тасвир усуллари унга мадад ва илҳом берган.

Ҳаммамиз яхши биламизки, Бедил шеъриятининг ғоявий-эстетик асосини ҳаёт ва инсон манзараларининг санъаткорона бадиий талқини ташкил этади. Унинг кўплаб шеърларида акс этган образли умумлашмалари бунга яққол мисол бўла олади. Шоир рубоийларида инсон ҳаётининг мазмуни биродарларининг қалбига қулоқ тутишда, ўткинчи ҳою ҳаваслардан тийила билишда, ўзи мансуб бўлган халқ тақдирига жонфидоликда, қайноқ ҳаёт қучоғига куюнчаклик билан интилишда эканлиги уқтирилади. Тириклик аталмиш олий неъматнинг мазмун-моҳияти халқсеварлик ва инсонпарварлик билан белгиланади. Бедил лирик қаҳрамони ҳаёт ҳақида сўз юритар экан, уни бир умрлик “жон қийноғи, қон ютмоқ” деб билади.

Ҳаётни жон қийноғи, қон ютмоқ деб бил,
Ҳаёт-мамот айшидан қутулмоқ мушкул.
Халқ ичра яшаб ундан ажралмоқ хато,
Одамзод тиригида суҳбатга қобил.

Ғафур Ғулом шеърларида ҳам шунга яқин фикрлар мавжуд. Шоир инсониятнинг эрк ва озодлик ҳақидаги орзу-ҳаваслари шунчаки тилак бўлиб қолмай, уни ҳаётда рўёбга чиқаётганлиги, миллионлаб қалбларнинг идроки бир зарб билан тепиб, ягона мақсад сари интилаётганлигидан мамнунлигини яширмайди, албатта. Айни пайтда у моддий дунёнинг абадиятга дахлдорлиги билан инсон тафаккур қудратининг кашф этувчилик, яратувчи ва бунёдкорлик қудратини қиёслар экан, илм-амал одамзодни боқийликка дахлдор қилажагини уқтиради.

Ғафур Ғулом макон ва замон ҳақидаги фалсафий умумлашмаларида бедилона бепоёнликни илғаш мушкул эмас. Айни пайтда шоир шеърларида ўзи яшаётган замонага хос жиҳатларни мумтоз адабиёт анъаналаридан туғилган услубий-ифодавий етукликда гавдалантиришга интилади. Назаримизда, бу шоирнинг реал ҳаёт билан чамбарчас боғлиқликни доимо назарда тутиб қалам суриши, шунингдек, тарихий қиёслар орқали инсоният номидан сўзлаши ва унга дахлдор ибратли хулосалар чиқариш маҳоратида намоён бўлади.

Бедилинг бир рубоийсида инсон илк яратилишидаёқ мукаррам зот саналгани эътироф этилади.“Ҳазрати инсон”га эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш нафақат кишининг билимдон ва ҳушёрлиги, балки “паст-баланд, яъни ўн саккиз минг олам асрорига собит эътиқод билан назар ташлай олишининг ҳам нишонасидир. Англашиладики, шоир ўз фикрларини тасдиқлаш учун кибрга берилиб, инсонга сажда қилмаган ва лаънатланиб, Оллоҳ даргоҳидан қувилган Иблис малъунлиги билан боғлиқ ривоятга ишора қилиш орқали инсоннинг буюклигини тасдиқлайди. Буни унутганларнинг тарих олдида лаънатланиб, шармисор бўлишлари муқаррарлигига қаттиқ ишонади.

Инсон энг аввало тафаккур қудрати билан ҳурмат-эъзозга лойиқ шарафли зот эканлигини мумтоз шоирлар каби таъкидлаган Ғафур Ғулом ҳарфий санъатдан фойдаланиб, одамзод наслини муқаддас санар экан, бедилона юксакликка кўтарила олади.

Шоирнинг тасаввур оламида инсонни юксак манзил-маъволарга элтувчи шундай бир зина бор, “билмак шарафи”дир. Одамнинг муқаддаслиги, ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиши ҳам унинг қанчалик юксакликларга кўтарила олиши, яъни, улуғворлик касб этиши билан боғлиқдир. Шоирнинг фалсафий умумлашмалари Бедил шеъриятига хос руҳга йўғрилганлиги билангина эмас, балки ХХ аср шароитида инсонга берилган энг юқори таърифлардан бирига айланганлиги билан ҳам қимматлидир. Зеро, ҳарфлар воситасида одамнинг муқаддаслигини бадиий ифодалаш шеъриятимизда кам кузатиладиган ҳодиса бўлиб, бу жиҳатдан ҳам тўртликда ғафурона поэтик маҳорат намоён бўлади.

Камтаринлик, илм-маърифатни улуғлаш, эркинлик, озодлик, тинчлик, умр ўткинчилиги, ўзликни англаш, улуғворлик, нафс бандаларини қоралаш ва бош-қа қатор ғоялар талқинида Бедил ва Ғафур Ғулом ижодида талай муштаракликлар кузатилади. Бундай ўринларда Ғафур Ғулом бедилона фикрлар йўсини, ифода воситалари, образлар олами, фалсафий умумлашмалари орқали ўз даври ҳаётига муайян муносабат билдиради. Устоз Бедил фикрларини янада ривожлантириб, ифода воситалари ва усулларини янгича шароит ва ҳаёт ҳақиқатини акс эттиришга йўналтиради. Бунда у Бедил маҳорат мактаби тажрибаларини ўзлаштириш билангина чекланмай, ўз санъаткорлигини ҳам тўла намоён этади.

Бедил эркинлик орзуси ҳамиша инсонга йўлдош эканлиги, фоний дунёда ана шу туйғу эртанги кунга умид, истиқболга ишонч бағишлашини таъкидлар экан, замонасидан озурда бўлган қалб титроғини ифода этади:

Ҳавас таркин этмоқ кўп маҳол бунда,
Эркинлик фақат бир эҳтимол бунда.

Ғафур Ғулом эса озодликнинг барча халқлар қалбидаги покиза умид, шонли орзу эканлигини таъкидлайди. Ўз даври кишиси, хусусан ўз тақдирини ҳам олис боболар орзу-армонлари билан пайвасталикда, жаҳон халқлари тақдирига ҳамоҳангликда идрок ва ифода этади:

Озодлик аталган шонли орзудир
Халқлар қалбидаги умид тозаси.

Бедил эркинлик фақатгина бир тасодифий ҳодиса бўлган замонасидан ўртанган дилидаги туғёнларини акс эттирса-да, орзу-ҳаваслари бир олам қалам соҳиби сифатида намоён бўлади. Ғафур Ғулом эса озодлик инсонлар қалбидаги “умид тозаси”, покиза орзуси эканлигини замон нуқтаи назаридан қиёсий-тарихий, макон жиҳатидан эса дунёвий йўсинда образли тарзда ёритади. Яна бир ўринда эса Бедилнинг: “Осмон бўлсанг ерга эгилмоқ яхши, Тупроқ бўлсанг кўкка интилмоқ яхши” каби фалсафий-дидактик теран мисралари мазмуни моҳияти Ғафур Ғуломнинг “Инсон юлдузларга учса ҳам аммо Она ер сатҳига қўнар оқибат”, – деган некбин сатрлари моҳиятига сингдирилганлигини кузатамиз.

Бедил ҳар бир қалб тепишида ўзига хос наво, ҳар бир фикрловчи инсон бошида ҳавас ва интилиш шуъласи мавжудлигини таъкидлаш билан инсон зотининг тақдири муштараклиги, аммо одам боласининг умри ҳисобли эканлигини ҳамма ҳам теран ҳис қила олмаслигидан таассуф чекиб ёзади.

Ғафур Ғулом ҳам улкан ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, инсон боласининг ҳар бирига хос алоҳида олам, феъл-атвор, ўзига хос қалб, қувонч ва дарди дунёси мавжудлигини қайд этар экан, атрофини қуршаган кишиларни дардкашлик туйғуси бирлаштиришини таъкидлайди:

Неча-неча кишилар-ла айладим суҳбат,
Бириси мақтанар, бириси – ҳасрат.
Ҳамманинг ўз қалби, қувончи, дарди
Бедард эмас эди танишлар фарди.

Мазкур сатрларни ўқиб биз барча инсон якранг эмаслиги, ҳар бир кишининг ўз олами, ўз тасаввур дунёси, ўз ҳаёти борлигини англаймиз, ҳис қиламиз. Турли давр ва ҳар хил минтақаларда яшашларига қарамасдан ҳар иккала шоир ҳам инсонни идрок этишга, унинг қалби, ҳасрати, дарди ва қувончини тушунишга, алоҳидалик ҳамда умумийлик жиҳатларини нозик илғашга интилиши билан муайян даражада руҳан муштаракдир. Айни дамда англаган ҳақиқатларини ўзига хос тарзда ифода этишга ҳаракат қилишганлиги билан уларнинг ҳар бири индивидуалдир.

Бедил шеъриятида табиат тасвирлари билан боғлиқ ўринлар анчагина. Шоир табиатнинг турфа хил гўзаллигини поэтик идрок қилар экан, табиатдан туйган кечинмаларига хос ҳолат-лавҳалар тасвирини бутун жозибаси билан бериш учун ранг-баранг ташбеҳ ва муболағалар қўллайди. Натижада, китобхон кўз ўнгида табиатнинг рангин манзаралари жонланади:

Чаман шавқи уйдан чиқарди бир кун,
Гулда сеҳр кўрдим, лолада афсун.
Наргиз жигаримга ўт ташлаб, қилди
Кўзимни баҳору, ўзимни Мажнун.

ХХ аср шоирлари ҳам бундай ёрқин, ҳаётбахш мисралардан таъсирлангани ва уни давом эттиргани табиий.

Жумладан, она табиат манзарасини бутун гўзаллиги билан шоирона идрок қилган Ғафур Ғулом кўзларига ранглар жилоси оқиб киради. Ғунчалар кулгусидан қалб қулоғи жаранглайди. Ёзги чаманзорда гулларнинг нозик тебраниши, ял-ял ёнишидан завқ, ҳайрат туйган лаҳзалардаги лирик қаҳрамон руҳий кечинмаларини жонлантириш ва муболаға сингари бадиий санъатларни санъаткорона қўллашда бедилона поэтик жилвакорлик намоён бўлади. Айниқса, у тизган мисралардаги “ёз”, “танноз”, “серноз”, “дамсоз” сўзларининг ўзаро қофияланиб келиши шеър оҳангдорлигини ошириб, таъсирчанлигини кучайтиради.

…Чучмома, раъно, бинафша кўзни боғловчи фаранг,
Кўзга оққай бу чаманнинг гулларидан мингта ранг,
Ғунчаларнинг кулгисидан қалб қулоғида жаранг,
Ёз экан, танноз экан, серноз экан, дамсоз экан.

Бедил ўзликни англашни чин инсонлик меъёри деб билади. Дунё молини инсонни асл моҳиятдан чалғитувчилиги учун қоралар экан, рубоийларда унинг ижодкорини кўришга ундайди:

Ашё – назаримиз олғувчи кўзгу,
Асмо зикри эртак тингламоқдир бу.
Барчаси инсондан қочирар узоқ,
Асли инсон бўлмоқ ўзни билмоқ- ку.

Ғафур Ғулом ҳам инсоний гўзалликни борлиқни идрок этишда, ўзликни англаш, тафаккур қудрати билан мукаррам бўлмоқда кўрар экан, Бедил ғояларидан туртки олади. Дарҳақиқат, Бедилга хос ҳаёт ва инсонни синчков кузатувчанлик ҳам Ғафур Ғуломнинг образ ва таъсирий ифодалар яратишида муҳим ўрин тутади:

Кишилик ўз-ўзин, атроф оламни
Англамоқ шарафи билан гўзалдир.

Бедил ҳаётинг абадийлиги, азалий моҳиятини данакнинг мағзида кўради. Пўстлоқ эса маънони яширган шунчаки қобиққина холос. Бошқачароқ айтганда, жисм эмас, балки руҳ бирламчидир. Шоир бу фикр ифодаси учун табиатдан қиёс ахтарар экан, шундай ёзади:

Ўз маъно қиссасин очган ул дона,
Илдиз ёриб отди ер ичра шона.

Ғафур Ғулом ижодий меросида ҳам табиатнинг нозик жилваларини ғоятда синчковлик билан кузатиш асосида яратилган мисралар беҳисоб. Жумладан, шоирнинг: “Қиррасига қуёш нурин кўчирган шабнам”, “Олти қирра қор парчанинг учида Илғанади қуёшчалар парпираб”, “Ғунчадаги зарларнинг Тилларанг кукунлари Болга айланиб кўчар, Кўз илғамас томчидай” ва бошқа ўринларда бу ҳолат намоён бўлади. Аммо шоир ҳамиша ҳам соф табиатнинг гўзал лавҳалари тасвирига фалсафий маънолар юклашга уринмайди. Шунга қарамасдан, шабнамнинг қирраларига кўчмиш офтоб нурларининг жилосини, оддий қор парчасининг қирраларинигина эмас, балки унда парпираётган қуёшчаларни, ғунчанинг лабларидаги тилларанг зарларни шоирона нигоҳ билан кўради.

Бедил ва Ғафур Ғулом шеъриятида энг кўп учрайдиган образлардан бири “нафасдир. Бу образ ҳар иккала шоир ижодида гоҳо ўз маъносида, баъзан эса рамзий маънода қўлланилган бўлиб, лаҳзалик умр ва умуман ҳаёт ва яшаш сирлари, мавжуд борлиқнинг абадийлиги ва қонуниятларга муайян қонуниятларга бўйсундирилганлиги ҳақидаги фалсафий ўйлардан иборатдир. Зеро, Бедил бир рубоийсида бу фикрни “Борлиқнинг бунёди бемадор нафас”, дея ифода этади. Яна бир ўринда эса “Жаҳон тартиботи бирликка эга, Бу бирлик шубҳасиз нафасингда жам” деб ёзади.

Диний-илоҳий адабиётларда келтирилишича, Масиҳ, яъни Исо пайғамбар нафаси ўткирлиги, ўликка жон бағишлаши билан машҳур бўлган. Мумтоз адабиётимиздаги кўплаб шеърларда маъшуқа сифатлари таърифида Масиҳнинг шу жиҳатига урғу берилади ва ёр нафаси ўликни тирилтирувчи кучга эгалиги билан Исога тенглаштирилади. Бедил шеъриятида ана шу жиҳат кўп учрайди. “Сўз айтмоққа оғиз очса гар ёр, Масиҳ нафасида ажойиб бўй бор”. Бунда маъшуқанинг сўз айтиш учун оғиз очиши талмеҳ санъати воситасида Масиҳ нафасига тенглаштирилмоқда. Яъни у ўликни тирилтириш қудратига эга. Бу ўринда “нафас” тириклик ва ҳаёт манбаи маъносини билдириб келган. Лирик қаҳрамоннинг тушкун кайфияти ифодаланган ўринларда шоир “нафас”ни ҳам шунга монанд тарзда қўллайди. “Нафас хун бўлдию лабда йўқ фарёд, муродга етмади бу дили ношод”. Лирик қаҳрамон нафасининг хун бўлиши унинг муродига ета олмагани, изтиробларини ошкор этмаса-да, қалби ғамлар юкидан эзилганидандир. Баъзан шоир инсон табиатидаги янгиликка иштиёқмандлик ва унга бўлган ижтимоий бефарқликни тасвирлашда ҳам “нафас” образидан фойдаланади. “Бу дунёда ҳар дам янгилик ҳавас, Эскириб чиқади ҳар янги нафас”.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, “нафас” образи Ғафур Ғулом шеъриятида ҳам кенг истифода қилинган. Шоир бу образга мурожаат этишда устоз Бедил таъсири доирасидагина қолиб кетмай, ўзига хослигини ҳам намоён қила олади. “Нафас” образини вақт – ўткинчи ва абадиятга дахлдорлик ҳамда лаҳза – инсон умрининг энг кичик бирлиги сифатида талқин этади. Мазкур образ воситасида ҳаёт завқи, яшашга иштиёқмандлик, келажакка умидворлик ғояларини бадиий ифодалайди. “Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг”,– деганда шоир умр мазмуни лаҳзада мужассамлиги фикри кўламини космик қамровларда олиб қарайди. Ғафур Ғулом “Ёзги тонготарда ўз боғинг ичра бир нафас кезишинг – бир умр демак”, – деб ёзади. Шоир сўлим ёз тонги мусаффолигидан завқ туйган лаҳзалар инсон қўли билан яралган, унинг меҳнатлари самараси сифатида бунёд этилган боғда кечса, яратувчанлик завқ-шавқи, фахр, ифтихор туйғулари билан субҳидам мусаффолиги қўшилиб кўнгилга фараҳбахшлик бағишлашини назарда тутади. Туйғу-кечинмалар қоришиқлигидан пайдо бўлган мамнунлик кайфият-ҳолатини тотлилиги жиҳатидан бутун бир умрга менгзайди. “Сизга илм конларин калидин берган устод, Ҳар нафас кузатади сиздан олади хабар” сатрида эса сўз доимо устозга муносиб шогирд бўлиш, унинг ўгитларини оқлашга интилиб яшашнинг муҳимлиги хусусда, яъни эҳтиром туйғуси ҳақида бормоқда. Шоир “Ҳар болам уфурган нафасин атри – Шеъримнинг энг етук, энг яхши сатри”, деб ёзар экан, шеърларига илҳом берган оилавий ҳаёти, оталик ғурури, мамнунлик туйғуларини изҳор этади.

Юқоридаги бир қанча мисоллардан кўриниб турибдики, Ғафур Ғуломнинг поэтик умумлашмаларида бедилона фикрлаш ва ифода йўсини ўз аксини топган. Шоир ҳар бир лаҳзанинг қадри, мазмун кўлами, инсоний моҳияти, макон ва замонни фалсафий-эстетик идрок этишда мазкур образга фаол мурожаат қилиш орқали шеъриятининг ғоявий-бадиий юксалиши, поэтик жилвакорлигини таъминлашга эришган.

Умуман, Ғафур Ғулом ижодий меросига Шарқ буюк шоирлари, хусусан Бедил лирик меросининг фалсафий-эстетик ва поэтик таъсири сезиларли даражада кўринади. Устоз Бедил ижодий меросидан баҳрамандлик шоирнинг ҳаёт воқелигини фалсафий идрок этиши, умуминсоний ғояларни талқин қилиши, образ яратиш мезонлари, бадиий ифода усулларида кузатилади.

Шубҳасиз, замон ва макон жиҳатидан фарқланувчи ижодкор меросидан адабий таъсирланиш билвосита кечувчи жараён бўлиб, биз юқорида кузатган айрим муштаракликлар Ғафур Ғулом ижодий меросининг адабий анъанага бўлган муносабатини тайин этиш, шунингдек тамомила индивидуал поэтик сержилолиги, бадиий-фалсафий ўзига хослигини англашда муҳим аҳамият касб этади.

Тозагул Матёқубова, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 5-сон.