Назар Эшонқул. Томас Манн

Немис адиби. 1875 йили туғилган. Замонавий немис романчилик мактаби асосчиларидан бири. Немис ёзувчилари ичида илк бор Нобел мукофотига сазовор бўлган. Машҳур адиб Генрих Маннинг укаси, ёзувчи Клаус Манн ва адиба Эрика Маннинг отасидир.

ХIХ аср иккинчи ярмида инсоният ҳаёти ва яшаш тарзини ўзгартириб юборган, унинг тафаккурини янги босқичга олиб чиққан, шу билан бирга, жамики эски тушунчаларни инкор қилишга киришган илм-фан, фалсафа, этика-эстетика, санъатдаги эврилишлар охир-оқибат инсоният ўтмишига хос барча нарсани инкор этувчи оқимлар пайдо бўлишига олиб келди. Томас Маннинг адабий-фалсафий шаклланиш даври иқтисодий маънавий портлашлар ҳамда фикр ва илм-фаннинг кашфиётлари туфайли инсон моҳиятини ҳам шубҳага қўювчи ана шундай таълимотлар Ғарб дунёсини ўз оғушига олган паллага тўғри келди. Бу пайтда эътиқодлар, қадрият ва инсон ҳақидаги мавжуд қарашларга менсимай муносабатда бўлиш бошланганди. Ғарб бу пайтда Шопенгауэр, Ницше, Фрейд фикрлари билан тўйинганди. Уларнинг инсон ва унинг ҳаёти таҳлиллари, эскирган қараш ва эътиқодлар моҳиятини фош этган назариялари ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборди. Ҳали бу назарияларнинг фарқига бормасдан, моҳиятини англамасдан туриб радикал авлод – мумтоз хусусияти бор ҳамма нарсани инкор қилувчи нигилистик кайфият оммалаша бошлади. Эскилик ўз моҳиятини йўқотаётган, ўрнига пайдо бўлаётганлари эса ўта мўрт ва ясама эди. Инкорчилар эскириб, ярамай қолган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган қарашлар билан бирга инсон ҳаётининг мазмуни, асоси бўлган тушунча ва эътиқодларни ҳам, ўша давр файласуфининг тили билан айтганда, «чириган пўчоқ билан бирга мағизни ҳам ташлаб юборишга киришди». Бу эса маънавий таназзулнинг бошланиши эди. Томас Манн мана шундай даврда адабиётга кириб келди. Бу даврда декадентлар, импрессионистлар, санъат ва адабиётни янгилаш истагида уни боши берк кўчага олиб кираётган оқимлар гуллаб-яшнаган, санъатнинг туб вазифаси ва моҳияти инкор этилаётган ғоялар издиҳоми даври эди. Бу инкор оилавий муносабатлардан тортиб инсонлар ўртасидаги оқибат ва меҳрнинг ҳам путурдан кетишига олиб келганди. Нозик дидли Томас Манн мазкур фожиаларни ва унинг оқибатини теран англади, инсонга муносабат ва мумтоз қадриятларни улуғловчи асарлари билан адабиётга кириб келди. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида бутун дунёни васвасага солаётган таълимотлар ва ғоялар таъсирида пайдо бўлаётган Ғарб маънавий фожиаси илдизларини чуқур англаган адиблардан бири ҳам Томас Манн эди. Ана шундай пайтда Томас Манн чекига адабиётда анъанавийлик ва модернизм мувозанатини сақлаб қолиш масъулияти тушди, у бу вазифани мукаммал даражада адо эта олди. Айнан шуни назарда тутиб Томас Манн ўзини «мувозанат одами» деб аташни яхши кўрарди. Зеро, унинг асарлари ҳам анъанавий, ҳам модернистик оқимга мансуб эди. Ўз даври авангард тенгдошларидан фарқли ўлароқ, адабиётни фақат битта оқим нуқтаи назари билан баҳолашни адабий бадбинлик деб ҳисобларди.

Томас Манн қадим анъаналарга содиқ, бадавлат савдогар оиласида дунёга келди. Бу оилада китоб, мусиқа, санъат, нафосат, оқсуяклик удумлари ва тартиблари, қатъий ахлоқ қадрланарди, урф-одатларга мукаммал амал қилинарди, қадриятлар ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилинганди. Акаси Генрих Манн ҳам, Томас Манн ҳам ана шундай анъаналар билан тарбия олишганди. Аммо ака-ука томонидан бу анъананинг бузилиши бошланди: ҳали Манлар авлодидан адабиёт тугул маданиятга алоқаси бор киши чиқмаган, улар асрлар оша фақат бир касб – савдогарлик билан шуғулланиб келишганди. Генрих ва Томас эса савдогарлик эстафетасини давом эттиришни исташмади; улар ўзларини адабиётда синаб кўришни мақсад қилишди. ХIХ аср охирига келиб бутун Европадаги каби Манлар оиласида ҳам қадимий урф-одатларга муносабат ўзгарганди, уни бузиш, амал қилмаслик бошланганди. Бу аста-секин оиланинг ҳам маънавий, ҳам моддий таназзулига олиб кела бошлади. 1891 йили отаси вафот этди. Бу эса оилавий парокандаликнинг, маънавий ришталар узилишининг бошланиши эди. Шундан сўнг ака ва сингиллар турли томонга тарқаб кетишди, уларнинг ўртасидаги муносабатлар ҳам чигаллашиб, совуқлашди. Юз йиллар давом этган меҳру оқибат, мурувват ришталари узилди. Қарашларидаги фарқлар учун Томас Манн ёзувчи акаси Генрих билан узоқ вақт юз кўрмас бўлиб юришди. Буларнинг ҳаммаси Томас Манн учун янги даврнинг қиёфасини яратишда жуда қўл келди. Манлар оиласи бутун бошли Ғарбнинг тимсолига айланиши мумкинлигини ҳис этди ва у бу тимсолни топди ҳам.

У «Будденброклар» романидаги кўплаб воқеаларни айнан ўз оиласи тарихидан олганди. Ҳатто асарда Томас, Генрих исмли қаҳрамонлар бор. Шу сабабли бу асарни тадқиқотчилар автобиографик асар деб ҳам аташади. Асарда ёзувчи, энг аввало, ўз оиласининг тарихи ва таназзулини таҳлил этиш орқали янги давр манзараларини, фожиасини кўрсатиб беришни мақсад қилди.

Томас Манн шундай деган: «Ёзувчи бу тимсолдир. Мен ўзимни таҳлил қилиш орқали бутун бошли даврим, бани башар ҳақида етарли ва ҳаққоний маълумот беролишим мумкинлигини англаб етдим. Зеро, бани инсониятга хос барча тимсоллар ёзувчининг ўзида яширинган».

«Будденброклар» романида ҳам айнан бир оиланинг маънавий таназзули жараёни қаламга олинди, бу асар бирданига ҳамманинг диққатини тортди. Асарга деярли тўлалигича Манлар хонадони равнақи ва таназзули асос қилиб олинган, ёзувчи ўз хонадони мисолида бутун Европанинг қарийб 100 йиллик ҳаёт тарзини кўрсатиб берганди. Бу пайтда Томас Манни тор доирадагилар журналист ва анъанавий услубдаги битта-иккита ҳикояси чоп этилган ҳаваскор ёзувчи сифатида билишарди. «Будденброклар» ҳам ҳажм, ҳам қамров жиҳатдан йирик ва фавқулодда асар бўлди. Ноширларнинг минг бир иккиланишлардан сўнг чоп этилган 1000 дона нусхаси бирданига сотилиб кетди ва қайта нашр қилиш бошланди. Ҳали ҳеч ким танимаган 26 ёшли ёзувчи бир неча ойда немис адабиёти, қолаверса, Ғарб адабиётининг кўзга кўринган вакилига айланди.

Орадан 28 йил ўтгач, 1929 йили, Нобел мукофоти берилиш сабабларидан бири ҳам ана шу асар эди: ­«…янги немис романчилик мактабига асос солгани ва ҳозирги даврнинг мумтоз романи – «Будденброклар»ни яратгани учун» мукофотга лойиқ деб топилганди.

Мукофот соҳиби бўлгач Томас Манн сиёсий-ижтимоий ҳаётга фаол аралаша бошлади. 1930 йили унинг «Ақл-идрок даъвати» номли мақолалар тўплами босилиб чиқди ва унда ўша йиллари Германияни қамраб олаётган шовинизмни қатъий қоралади. Шу йилларда ёзилган «Марио ва афсунгар» новелласи билан инсониятни фашизм балосидан огоҳ қилди.

Новелла оддий воқеага қурилган. Италияда, дам олиш масканларида, ўтказилаётган томошалардан бирида кўзбойлоғич афсунгар Марио исмли дастёр йигитни фокуслари билан жодулаб қўяди. Марио бутунлай афсунгарнинг қулига айланади, энди у кўзбойлоғич нима деса, ўша ишни тап тортмай қиладиган даражага тушади. Бошқача айтганда, кўзбойлоғич йигитдан тайёр зомби тайёрлайди. Ана шу фокус тимсоли орқали адиб фашизмнинг миллат ва инсоният онгига таъсирини кўрсатиб берди. Тадқиқотчилар афсунгар Гитлер ва Муссолинининг тимсолидир дейишади.

Адибнинг бу огоҳлантиришини ўз вақтида англаб етишмади. Оқибатда Европа фашизм чангалида қолди. Томас Манн Германияни ташлаб чиқиб кетди. У четда туриб бутун дунёга фашизмнинг моҳиятини очувчи маърузалар қилди, мақолалар ёзди ва Гитлер таълимотини иблис васвасаси деб атади.

Томас Манн «роман-миф» жанрига асос солди ва бу жанрнинг «Сеҳрли тоғ», «Доктор Фаустус», «Танланган одам» номли романлари, «Юсуф ва унинг биродарлари» тетралогияси каби мукаммал намуналарини яратди, қадим мифлар орқали янги давр қиёфаси ва муаммоларини ифодалаш йўллари, шаклларини ушбу асарлари орқали кўрсатиб берди. Айнан Томас Манн хизматлари туфайли дунё адабиётида «роман-миф» деган жанр пайдо бўлди, кейинчалик бу жанрда бошқа кўплаб адиб­лар қатор асарлар яратдилар. «Роман-миф» жанрида маълум бир миф асарга қолип қилиб олинади, аммо ундан чиқадиган хулосалар ва ҳикмат янги даврга тааллуқли бўлади. «Роман-миф» жанрида миф воқеанинг моҳиятини очувчи калит вазифасини ўтайди, шунингдек, ҳам фабула, ҳам ечим учун асос бўлиб хизмат қилади. Томас Манн ана шу жанр имкониятлари асосида ХХ аср мифларини яратишга киришди.

Томас Манн жаҳон адабиётини «Будденброклар»дан ташқари «Қирол ҳазрати олийлари», «Тонио Крёгер», «Юсуф ва унинг биродарлари», «Сеҳрли тоғ», «Доктор Фаустус», «Авантюрист Феликс Крулнинг тазарруси», «Танланган одам», «Венециядаги ўлим» каби роман ва новеллалари билан бойитди.

Адиб сўнгги нафасигача инсонпарварлик, гуманизм, нафосат, назокат, меҳр-оқибат, мурувват, оила ва ахлоқ, шафқат ва адолатни тарғиб қилиб ўтди. Томас Манн минг йиллик қадриятларни алмаштириб бўлмайдиган инсоният ютуқлари деб биларди. Қадриятлар инсониятнинг «мен»и, ўзлигидир. Унда тарихий тажрибалар, ҳикмат, моҳият ва қиёфа намоён бўлади. Мазкур хусусиятлар дунёда яшаб қолиш учун инсониятнинг маънавий суянчиқларидир. Уларни инкор этиш инсон моҳият ва миссиясини инкор этиш билан баробар. Санъатнинг вазифаси инсониятнинг яшаш асосларини путурдан кетказишга эмас, уни мустаҳкамлашга, унга далда ва қувват беришга хизмат қилиши керак. Адиб ижодида ана шу адабий эътиқодга қатъий амал қилди ва асарлари билан ўз даврининг тимсолига, маънавий солномачисига айланди.

Унинг асарларида ХХ аср биринчи ярмида Европа маънавиятидаги барча ўзгаришлар ўз аксини топди, адиб ҳар бир ўзгаришга ўзининг теран ва фаол муносабатини билдирди.

Томас Манн мумтоз анъаналарни импрессионистик, модерн анъаналар билан уйғунлаштира олган, бу икки хил қарашнинг меъёрини сақлаб қолган, ҳар икки томоннинг муросасиз тарафдорларига, агар ҳақиқатан ҳам истеъдод ва маҳорат билан яратилган бўлса, ҳар иккала оқимнинг ҳам адабиётда яшашга ҳаққи борлигини асарлари, экспериментлари орқали исботлаб беролган адибдир. Томас Манн ўзларини адабиётни янгиловчилар деб, фақат шаклга ва инкорга берилган, анъаналардан узилган декадентчиликка, адабий шакл­бозликка ва ақлбозликка тоқат қилолмасди. «Трис­тан» новелласида янги давр ғоялари билан заҳарланган ёзувчи Детлеф Шпинель қиёфасида ана шундай ижодкор, санъаткорлар қиёфасини яратди. Шпинель санаторийда даволанишга келган бой савдогарнинг ёш хотини Габриэлла Клетерьянни ёқтириб қолади. Унга ўзининг қарашларини, ўз дунёсини сингдирмоқчи, ёш аёлнинг оила, бурч, масъулият тушунчаларини барбод қилмоқчи бўлади. Габриэлла аввалига баландпарвоз гаплардан довдирайди. Аммо тезда ўзини тутиб олади. Томас Манн Шпинелга ўхшаган саёз, ҳаётдан йироқ одамлар гўзалликни тушуниш у ёқда турсин, уни ўлдиради дейди. Вагнернинг «Тристан» мусиқаси ёш аёлни ўзига мафтун этади, Шпинел эса мусиқага ҳатто тушунмайди ҳам, унинг ичига киролмайди ҳам. Ана шу жойда Томас Манн Шпинелга ўхшаганларнинг ички дунёсини кўрсатади. Уларнинг ичкариси бўм-бўш. Габ­риэлла гўзал мусиқадан ўзига келмай вафот этади. У ўз ҳаётини мазмунли якунлайди: Шпинелнинг қуруқ сафсатаси билан эмас, гўзаллик билан бирга қолади.

Гарчи асарларида кўплаб мурожаат қилган ва ижодий, фикрий қувват олган, ижодининг маълум босқичларида улардан таъсирланган, илҳомланган бўлса-да, адибнинг Шопенгауэр, Ницше, Фрейд назарияларига ўз муносабати бор эди. Бу мутафаккирларнинг улуғ хизматларини эътироф этган ҳолда улар яратган назария ҳали таълимотнинг моҳиятини тўлиқ англамаган, файласуфларнинг туб мақсадини тушунмаганлар учун зўравонлик ва тубанлик назариясига айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Томас Маннинг хавотири ўринли эди. Пруст, Жойс, Кафка, Камю, Фолкнер ва бош­қа улуғ адиблар бу мутафаккирлар назарияларидан қувват олиб гуманизмни улуғловчи асарлар яратишган бўлса, бошқа тоифадагилар назарияни ўз сиёсий, мафкуравий мақсадлари қуролига айлантириб олишди.

Томас Маннинг «Сеҳрли тоғ» романи айнан шу масалалар, тўғрироғи, Европада пайдо бўлган, ёзувчининг фикрича, уни йўлдан оздираётган таълимотлар, қарашлар ва назариялар ўртасида баҳсга қурилган. Томас Маннинг аксарият асарларида «йўлдан оздирувчи таълимот ва назариялар» иштирок этади, адиб бу назарияларни аёвсиз қоралайди. «Сеҳрли тоғ» айнан ана шундай ғоялар муҳокама қилинган асардир. Асар ўзида эзгулик ва ёвузлик, нафрат ва муҳаббат, зулмат ва нур курашини тимсоллаштиради. Воқеа қадим Ғарб асотирларида Гуноҳ тоғи ёки «Сеҳрли тоғ» номи билан аталадиган Герзельберг тоғидаги санаторийда содир бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Томас Манн асарларидаги воқеларнинг аксарияти санаторийларда юз беради. Санаторийга, аслида, шифо истаб келинади. Гўё адиб бу борада ҳам тимсолга ишора қилади. Асарларидаги санаторийлар одамлар ўзларининг маънавий касалликларига шифо истаб борган, ечимини излаган макон бўлиб хизмат қилади. Мазкур асарда ҳамма нарса мажозий. «Сеҳрли тоғ» романини адиб дастлаб Рихард Вагнер қаламига мансуб шу номдаги операнинг адабий вариантини яратиш мақсадида ёза бошлаганди. Бу роман ҳам шакл, ҳам жанр, ҳам ифода усулига кўра тўла маънода модернистик-мифологик романдир. Асарда адиб ўз даврининг энг муҳим илмий интилиши – вақтнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилади, шунингдек, тоғдаги бу санаторий ХХ аср бошидаги Ғарб интеллектининг тимсоли сифатида намоён бўлади. Шунинг учун бу ерда психоанализ тўгараклари бор, турли фанлар билан шуғулланишади, уларнинг барчаси ақлий машғулот билан банд. Ақллилик балоси ҳаммани ўз гирдобига тортган. Бу ерда вақтнинг қай тариқа ўтиши ҳам номаълум. Асар қаҳрамони Ганс Касторп ушбу санаторийда муолажа олаётиб бир-бирини инкор этиб ётган турли қарашдаги фикр одамлари орасига тушиб қолади. Касторп учун барча фикрлар тўғридай туюлади ва уларга эргашади, кейин эса қайси фикр тўғрилигини билмай чалкашиб, адашиб кетади. Аслида, ҳеч қанақа сюжети йўқ, воқеалар ривожланмайдиган, қарийб ярми фалсафий баҳс-мунозаралардан иборат романнинг бош мақсади ҳам адиб яшаётган даврнинг тафаккур, интеллектуал манзарасини кўрсатиш эди. Бу тафаккур баҳслари шу даражага етадики, ҳар бир таълимот ўзини ҳақ деб билади, ҳар бири ўзининг фикрига қўшилмаганни душман ҳисоблайди. Улар шу пайтгача амал қилиб келинган ҳамма нарсани инкор этади, инкор учун ўзларига турли асослар топиб олишган. Лодовико Сеттембрин ва Нафт, яъни ўз даврининг маънавий-ғоявий устозлари ўртасидаги баҳслар орқали адиб ХХ аср бошига хос ғоялар курашини бермоқчи бўлади. Ғоялар ўртасидаги муросасизлик Сеттембрин ва Нафтнинг бир-бирини ҳақоратлашига олиб келади, натижада ақлий конфликтни энди жисмонан ҳал қилишга тўғри келади: иккаласи ўз қарашларини ҳимоя қилиб дуэлга чиқишади. Дуэл мажозий бўлиб, таълимотлар ва мафкуралар таъсирида дунёнинг иккига бўлиниб кетишига ишора қилинади. Дуэлдан сўнг ҳақиқатан ҳам жаҳон уруши бошланади ва санаторийдагиларнинг ҳаммаси шошилинч ўз ватанларига қайтиб кетишади. Асар баҳсу мунозараларда оддий одамлар, оддий халқни ўзида тимсоллаштирган Касторпнинг қўлида милтиқ ушлаганча жанг майдонида югуриб кетаётгани билан якунланади. Бошқача айтганда, дунё, одамзод бемаъни баҳслар, тортишувлар қурбонига айланади. Адиб талқинига кўра, урушларнинг, қирғинларнинг бош сабабчиси инсониятни йўлдан оздирувчи ана шу таълимотлар ва назариялар, мафкуралардир. Бу ғоялар одамзоднинг кушандаси, уни адои тамом қилувчи кўзга кўринмас қуроллардир. Интеллект шундай нарсаки, ундан тўғри фойдаланилмаса, ваҳшийлик ва иблиснинг воситасига ҳам айланади.

Ганс Касторп образи маълум маънода ҳам мажозий, ҳам типик қийматга эга. Гап шундаки, Гансни фақат мафкуралар қурбон қилгани йўқ, унинг ўзи ана шу қурбонликка эҳтиёж сезди, унинг ўзи Сеттембрин ва Нафт қарашларини, бошқача айтганда, уларнинг мафкурасини ичига киритди, демак, унинг ўзи ҳам ўзини қурбонликка тайёрлади. Унинг касаллиги ҳам асарда тимсолий маънога эга. Асарга асос қилиб олинган Вагнер операси қаҳрамони афсонавий Тангейзер ўлим маъбудининг қўлида асир бўлиб қолгани каби, Ганс ҳам сирли касалликнинг, бошқача айтганда, ўлим руҳининг асири сифатида етти йил қолиб кетади. Бу етти йил ичида ўлим руҳи унинг ичига кириб олади ва уни урушга етаклаб кетади.

Асарнинг талқини бу билан чегараланмайди. Роман мифологик асосидан келиб чиқиб бошқача талқинларга ҳам кенг имконият беради. Хусусан, асарга қолип қилинган қадим асотирга кўра, бу тоққа йигитлар эрлик мақомини олиш учун келишган, етти йилда турли хил ғайб ва осмон кучлари тарбиясида бўлишган. Шундан сўнг уйларига қайтишган. Бундай йигитлар эр етган йигитлар саналиб, уларга уйланишга, оила қуришга, авлодларни давом эттиришга рухсат берилган. Худди асотирдагидек Касторп ҳам санаторийда етти йил қолиб кетади, устозлари Сеттембрин ва Нафт тарбиясини олади. Шундан сўнг у «эр етган» йигит сифатида уйига қайтади, бироқ оила қурмайди, уйланмайди, эр етган йигит урушга кириб кетади. Бу ерда адиб ўз даврига аччиқ истеҳзо қилади. Даврнинг эр етган йигитлари ўз авлодини давом эттириш учун эмас, аксинча, инсониятга қирғин келтириш учун урушга киришади.

Асар ХХ аср модерн адабиётининг мукаммал намунаси сифатида, бошқа кўплаб модерн асарлардан фарқли равишда, ёруғликка, инсонга, ҳаётга ишора билан тугайди: Ганс урушда оддий халқнинг ҳаёт ҳақидаги қўшиғини айта бошлайди. Бу эса инсоннинг кучига, унинг фожиа ва таназзулни енгиб, яна ҳаёт ва гўзаллик билан бирга қолишига, ўзини қайта тиклашига ишора – умид бўлиб янграйди.

Асар дунё адабиётида ҳам интеллектуал роман, ҳам роман-миф сифатида талқин қилинди, ҳар иккала услубни ўзида намоён эта олгани билан улкан адабий ҳодиса сифатида тан олинди. Айнан шу романдан сўнг адабиётда «роман-миф» деган янги атама пайдо бўлди.

1947 йили босилиб чиққан «Доктор Фаустус» асари ҳам ўзида модерн ва мумтоз адабий услубларни уйғунлаштира олгани билан қимматлидир. Бу асар ҳам дунё адабиётининг беқиёс намунаси сифатида ҳали-ҳануз тадқиқотчилар диққат марказида турибди.

Асар Гётенинг «Фауст» достони қолипида яратилган бўлиб, мифологик талқин орқали ХХ асрнинг маънавий-руҳий муаммоларини қамраб олади. Роман қаҳрамони дунёнинг энг таниқли кишисига айланиш учун худди Фаустдек иблис билан ўзаро келишув битимини тузади. Иблис аввалига уни фаҳш, худбинлик билан синаб ўз тузоғига туширади. Кейин эса энг муҳим шартини қўяди. Адриан Леверкюнга кўнглининг тубида яшириниб ётган орзусини – дунёнинг энг машҳур бастакори бўлишини кафолатлайди, бунга эриштиради, бироқ эвазига Адриан ҳеч кимни севишга ҳаққи йўқ, севгидан, меҳрдан холи яшаши керак. Адриан иблиснинг мазкур қабиҳ шартларини қабул қилади ва дунёнинг таниқли бастакорига айланади. Ҳар бир ёзгани унга беадад шуҳрат келтиради. У энди санъат ва тафаккур дунёсининг титанларидан бири эди. Адриан битимнинг фожиасини кейинчалик англаб етади. Аммо энди кеч эди. У кимга меҳр қўйса, ўша киши фожиали ҳалок бўлади. Олдин севган қизи, кейин меҳри тушган гўдак жияни ва бошқалар. Фожиани англаб етганда вақт ўтган, Адриан кучдан қолганди. Шунда тазарру қилишга тушади: барчани уйига тўплаб шу пайтгача ёзган ва қилган ишлари иблис билан келишув, унинг шартлари эвазига дунёга келганини, унинг мусиқаси иблис васвасаси эканини ошкор қилади. Бу эса йиғилганларни ҳайратга солади ва уни ақлдан озган деган хулоса чиқаришади. Адриан Леверкюннинг бастакорлиги шунчаки мажозий, аслида, у ўз мақсадига эришиш учун иблис билан битим тузиб инсониятга беадад балолар олиб келган кўплаб назариялар, хусусан, фашизмни ҳам мажозлаштирган. Фашизм, Томас Манн назарида, иблис билан битим тузган, иблиснинг мақсадини амалга оширган ҳаракат эди. Албатта, бу роман талқинларининг фақат бир жиҳати. Асар бошқа хил чуқур таҳлилларга ҳам имкон беради. Бу асарида ҳам Томас Манн яна ўз даври санъати ҳақидаги ўзининг хулосаларини шафқатсиз равишда баён қилади: давр санъати инсонни севишдан, уни улуғлашдан, гуманизмдан чекинди. Замонавий санъат инсонпарварликдан холи. Тагзаминдан, бош мақсадидан, инсонпарварликдан узилган санъат қайсидир маънода – бевосита ёки билвосита иблиснинг хизматини қилади. Бу ёзувчининг ўз даври санъатига муросасиз муносабати эди.

Адиб 1955 йили вафот этди.

Томас Манн ўз ижодида эски ва янги, ақл ва кўнгил, инкор ва эътироф, ибтидо ва интиҳо, нафрат ва муҳаббат, ғазаб ва севинчнинг мувозанатини сақлаб қололган, олам ана шу нарсаларнинг мувозанатида турсагина ҳам жамият, ҳам илоҳият уйғунлиги сақланишини таъкидлаб, тарғиб қилиб ўтди ва унинг асарлари ана шу уйғунликнинг ўлмас намуналари сифатида инсониятнинг интеллектуал мероси бўлиб қолди.

Назар Эшонқул