Алимурод Тожиев. “Имзо эмас, сўз йиғинг” (Тоғай Мурод)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани Хўжасоат қишлоғида таваллуд топди. Дастлабки таҳсилни қишлоқдаги ўрта мактабда олгач, 1967-1972 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида ўқиди.

Тоғай Муродни бошқа ёзувчиларга ўхшамайдиган ўзгача характерли, қатъиятли, иродали адиб сифатида эслашади. У адабий давралардан имкони борича ўзини олиб қочар, кўплаб ижодкорларга хос бўлган гап-гаштагу шеърий мубоҳасалардан ўзини тиярди. У “Бобоси ва набираси” номли ҳикоясини ўн тўққиз ёшида ёзган бўлса, илк қиссаси “Юлдузлар мангу ёнади”ни битганида ўттиз бир ёшда эди. Кейинги ўн йил ичида ёзилган “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи” каби қиссаларида ҳалол, оқкўнгил, тўғрисўз, ҳақиқатпараст ва жўмард ўзбек халқининг умумий характерини, ёрқин табиатини бетакрор образлар орқали ёритади. Ёзувчи асарлари Эрнест Сетон Томпсон, Жек Лондон, Чингиз Айтматовнинг насрини эслатади. Айтиш мумкинки, Чингиз Айтматовнинг “Алвидо, Гулсари” асаридаги Гулсари образи ўзбек халқи маънавиятида қандай из қолдирган бўлса, орадан ўн икки йил ўтиб яратилган “От кишнаган оқшом”даги Тарлон образи ҳам ўқувчилар дилига шу қадар чуқур кириб борган.

Ёзувчи ёш қаламкашларга ёзган мактубида ижодкор “ўз дунёси бор, ўз йўли бор, ўз тили бор” инсон бўлиши кераклигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, ХХ аср ёзувчиларининг тил ва услубига эътибор қаратар эканмиз, Тоғай Муроднниг тилини, ундаги халқона ифодалар, услубини эътироф этмай иложимиз йўқ. Бу тил билан ёзувчи ўзини кашф этиб, наср жанрини поэтик имкониятлар билан бойитди, халқ тилидаги шеър, матал, ибора, мақол ва афоризмларни адабий тилга олиб кирди, шу тил билан у… кўп танқидларга учради.

Адиб ўттиз олти ёшида ўзидаги адабий ва назарий билимларини янада бойитиш мақсадида Москвадаги Олий адабиёт курсига ўқиш учун йўл олади. У ерда олинган икки йиллик таҳсил ёзувчи ижодида муҳим роль ўйнади. Бу ерда Тоғай Мурод жаҳон адабиётининг етук намуналарини мутолаа қилиш билан бирга, ғарб адабиётининг илғор ғоялари, адабиётдаги миллийлик ва умуминсонийлик, шахс ва характер, шахс ва услуб масалалари акс этган адабий-назарий манбалар билан танишди. Шу тариқа адиб Жеймс Жойснинг “Улисс” романи таржимасига қўл уради. Аммо номаълум сабабларга кўра мазкур асарнинг биринчи қисмидан кейин таржима тўхтаб қолади..

Унинг 1993 йилда ёзилган “Отамдан қолган далалар” номли романи адибнинг узоқ йиллик меҳнатлари, изланишларининг самарасидир. Мазкур романда Ўзбекистоннинг мустамлакачилик асоратига тушиб қолиши ва собиқ иттифоқдаги энг улкан хом-ашё ўчоғига айлантиришининг фожеалари акс эттирилади. Ёзувчи ўз асарига материал йиғиш учун Сурхон пахта далаларига бориб деҳқонлар ҳаётини ўрганади, улар билан ёнма-ён юриб, чигитнинг ерга қадалишидан то ҳосил териб олингунигача бўлган барча заҳматларни ўз кўзи билан кўради.

Мазкур романда у мустабид тузум йилларидаги деҳқонларнинг оғир ҳаётини, турмуш тарзи, ғаму изтироблари, эътиқодию қарашларини Деҳқонқул образи орқали очиб беради. Шу билан бирга сиёсий тазйиқлару ҳукмрон мафкура таҳдиди оқибатида Ақраб қўрбошию, Жамолиддин кетмонларнинг авлодлари бўлган ва кейинчалик қулга айланган деҳқонларнинг умумлашган портретини яратишга муваффақ бўлади.

Тоғай Мурод асарларини ўқир экансиз, ўзингизни ўзгача, ҳали ҳеч ким ўрганмаган, урфу одатларини билмаган бошқа масканга, сирли-сеҳрли дунёга тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Ёзувчи дастлабки романида мустабид тузум даврида сохта эътиқодлар билан яшаган ўзбекнинг содда, фожеавий ҳаёт тарзини акс эттирган бўлса, унинг охирги “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романида худди шу даврда яшаб, зоҳиран дину иймондан кечиб… “умргузаронлик” қилган зиёли инсоннинг маънавий-руҳий инқирозлари ўз аксини топади.

Тоғай Мурод жуда қисқа умр кўрди. У 2003 йили 55 ёшида дунёдан кўз юмди. Аммо “мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман”, деган адиб кўкдаги миллион-миллион юлдузлар ичида “Ўзбекистон” деган, “ўзбек” деган юлдуз борлигини, у халқ қалбидаги покизалик, самимият, меҳрибонлик, олийжаноблик, халқпарварлик ҳеч қайси бир халқ қалбида бу қадар чуқур илдиз отмаганини ўзининг қуйма образлари орқали кўрсатиб берди.

Ёзувчи ҳаётини кузатар эканмиз, бир нарсага ҳайратланмай иложимиз йўқ. Одам боласида эътиқод қанчалик кучли бўлса, мана шу эътиқоди туфайли ҳамма нарсадан воз кечиб ҳам яшай оларкан. Тоғай Муроднинг бутун борлиғи, суянгани, эътиқоди Адабиёт эди. “Адабиёт қисмат, биз ҳаммамиз дарвешлармиз”, деган эди адиб. Ёзувчи ана шу эътиқодига содиқ қолди. Умрининг охиригача унга эргашди, на бойлик орттирди, на мансаб-мартабага интилди, на дам олди ва на кўнгилнинг чигилини ёзиш учун хорижий ўлкаларга сайру саёҳат қилди. У катта амаллар, ҳашаматли ҳаёт ва унвону мартабалар илинжида замонасозлик кўчасига кирмади. У Оллоҳ томонидан берилган ҳаётни, покиза иқтидорни ғанимат билиб, умри давомида фақат мутолаа қилди, ёзди, таржима қилди, кўнгли учун, эътиқоди учун хизмат қилди.

Адиб учун ёзувчилар уюшмаси гўё масжиду меҳроб эди, бу масжиднинг минбарида сўз, фикр айтиш учун масъулият, жиддият керак бўлишини, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир каби устозлар сўзлаган бу муқаддас саҳнага покиза юрак билан чиқишни виждоний бурчи ҳисобларди. Ёзувчи бу минбарда арзигулик уч-тўрт асар ёзмасдан туриб, нутқ ирод қилишни виждони олдида уят деб биларди. Тоғай Мурод илк қиссасини ёзгандан кейин йигирма йил ўтиб, бу шарафли залда сўзлашга журъат этди…

Бу йил таваллудига 65 йил тўлган ёзувчидан тўрт қисса, икки роман ва қолаверса, Жек Лондоннинг “Бойнинг қизи” драмаси ва қатор ҳикоялари, Э.С.Томпсоннинг “Ёввойи йўрға” қиссасининг таржималари мерос бўлиб қолди. Айниқса, “Ёввойи йўрға” асари ҳозиргача болаларнинг қўлидан тушмайдиган ва қайта-қайта ўқиладиган асарлар қаторидан ўрин олди.

“Сиз имзо эмас, сўз йиғинг”, дейди адиб…

Бугун адабиётшунослар, ёш олимлар Тоғай Мурод ижодига жуда кўп мурожаат қилмоқдалар. Чунки адиб ижоди давомида худди асал излаб учган асаларидек, халқ оғзаки ижодида, айниқса, воҳанинг чекка қишлоқлари шевасида ишлатилаётган кўплаб сўз ва ибораларни, мақол ва ҳикматларни қидириб, қисқа қилиб айтганда, ғаввослар денгиз тубидан гавҳар қидирганлари каби у ҳам халқ ичидан сўз йиғиб, сўз қидириб яшади.

“Юлдузлар мангу ёнади” деб атаган эди ўз қиссаларидан бирини бу истеъдодли адиб. Дарҳақиқат, адабиёт осмонидаги минг-минглаб юлдузлар орасида Тоғай Муроднинг ҳам мўъжазгина юлдузи ҳали узоқ порлаб, нур сочиб туришига шак-шубҳа йўқ.

Алимурод Тожиев

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон