Сувон Мели. Муштарак учлик

Типологик тадқиқотлар замирида ҳам сон мавжуд. Зотан, қиёслаш натижасида юзага чиқадиган ўхшаш ва муштарак жиҳатлар асосан икки ҳодиса ўртасида кечадиган жараёнлардан аниқланади. Шу сабаб “2” қиёснинг илк сони дейиш мумкин. Зеро, икки сони типологик тадқиқотларда етакчилик қилади. Бу адабиётшуносликда бинар типология дейилади. Бунда жиддий мантиқ ҳам бор. Негаки, агар иккидан ортиқ ҳодиса солиштириладиган бўлса қиёсдаги маъно ипини қатъий тизгинда тутиб туриш анча қийин кечади. Лекин агар ушбу муқаррар қийинчилик енгиб ўтилса, иккидан ортиқ ҳодиса ўртасидаги типологик муштаракликни ўрганиш ҳам муайян афзалликка, илмий қимматга эга эканлиги маълум бўлади. Биз ушбу мақолада учлик типологияни оламиз ҳамда қиёсланаётган иккилик ёнига учинчи ҳодисанинг қўшилиши икки ҳодиса қиёсида мавжуд бўлмаган, фақат учлик қиёси натижасида туғиладиган маъно ва қонуниятларга гувоҳ бўламиз.

Қадимги юнон мутафаккири, буюк файласуф Афлотуннинг «Астерга» номли машҳур қўшмисраси бор:

Юлдузларга боқасан юлдузим. Осмон бўлгим келар,
Лак-лак кўз ила боқмоқ учун сенга маҳлиё.

(Рус тилидан таржима бизники — С.М.)

Гап шундаки, «астер» сўзи юнонча «юлдуз» дегани ва ушбу лисоний фактга таяниб шеър, бадиий асар яратилган. Биз буни билганимиздан кейин «юлдузларга боқасан, юлдузим…» сўзларининг маъноси янада аниқлашади. ­Сиртдан қараганда, оддий манзара, шунчаки бир хитобдек туюладиган қўшмисра аслида мураккаб архитектоникага эга бадиий асар экани маълум бўлади. Шеър бир кема, аниқроғи, тўрт ҳолатнинг бирикувидан ёки бошқача ­айтганда тўрт таркибий қисмдан иборат.

1-ҳолат. Астер, яъни юлдуз юлдузларга ­боқмоқда. Маъшуқанинг нигоҳи юқорига, ­осмонга йўналган.

2-ҳолат. Буни кузатаётган лирик «мен»­(ошиқ)нинг нигоҳи ҳам осмонга йўналиб, ­осмонга рашк қилиб, осмон бўлгиси ­келмоқда. Негаки…

3-ҳолат. Бу ҳолат бевосита матнда йўқ, лекин поэтик хаёлот йўқни бор қилади. Осмон юлдузларга тўла, маъшуқа унга тикилмоқда; лекин юлдузлар осмоннинг кўзлари, улар ҳам ўз навбатида ерга, маъшуқага боқмоқда.

4-ҳолат. «Осмон бўлгим келар…» Поэтик хаёлнинг яшин тезлигидаги ҳаракати билан «мен» (ошиқ) осмонга кўтарилиб ва осмонга эврилиб, унинг лак-лак кўзи, юлдузлар билан заминга, ундаги маъшуқага маҳлиё бўлиб боқади.

Афлотун шеърининг бадиий жозибаси, фалсафаси шундаки, ер, осмон ва бутун коинотни ўз қамровига олади, инсоний севги умумкоинот миқёс касб этади.

Александр Пушкиннинг «Циклоп» номли шеъри бор:

Язык и ум теряя разом,
Гляжу на вас едином глазом:
Единый глаз в главе моей.
Когда б судьбы того хотели.
Когда б имел сто очей,
То все бы сто на вас глядели.

Агар Афлотун учун шеърнинг ёзилишига илк туртки маъшуқанинг исми Астер, яъни юлдуз бўлгани бўлса, Пушкинда бундай ­туртки Циклопдир. Циклоплар қадимги юнон мифологиясида бир кўзли махлуқлар, Уран ва Геянинг ўғиллари; улар Зевс титанларни ўзига бўйсундириши учун унга яшин-ўқлар тайёрлаб беришади. Уларнинг айрича ­белгиси — бир кўзлилик.

Айни шу нуқтада бу шеър Афлотуннинг йигирма беш асрдан буён яшаб келаётган қўшмисраси билан «топишади». Улар орасидаги типологик кавшар кўз ва қарамоқ. Лекин ўртадаги фарқ нимада? Фарқ бўлиши муқаррар, зеро, улар мустақил бадиий асарлардир. Фарқ — Афлотунда «лак-лак кўз», Пушкинда — «ягона» кўз. Афлотун «мен»и ерда тургани ҳолда осмондан севгилиси, маъшуқага қарайди, Пушкин «мен»и эса ерда, одамлар орасида. Айтилганидек, муштарак жиҳат — ҳар иккиси ҳам маъшуқага боқади, бири лак-лак, бири ягона кўз билан.

Шу ўринда бир савол туғилади: Афлотун шеъри билан Пушкин таниш бўлганми? Бизнингча таниш бўлган. Асар ўша даврда адабий ва илмий доирада жуда машҳур эди. Масалан, Гегель ўз асарларида бу шеърни (биз билганимиз) икки бор («Эстетика» ва «Фалсафа тарихидан маърузалар» асарларида) келтиради ва кейинги ўринда қўшиб қўяди: «Шундай гўзал фикрларни биз Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта» асарида ҳам учратамиз». Лекин биз учун Пушкин Афлотун асаридан таъсирланган ёки таъсирланмагани унча аҳамиятли эмас. Муҳими, бизнинг ихтиёримизда икки типологик муштарак асар мавжуд, вассалом.

Энди Пушкин шеърининг Ҳамид Олимжон она тилимизга санъаткорона ўгирган таржимасига юз бурсак. Шу ерда: мақоладаги учинчи мисол таржима-ку, деган савол туғилиши мумкин. Таржима ҳам типологик қиёсга объект бўлиши мумкинми? Мумкин. Агар таржима ижодий бўлса, ўша мутаржимнинг қалб қўри аралашган бўлса. Атоқли шоиримиз таржимаси айнан шундай:

Тикиламан кўрганда дарҳол
Идрокимни йўқотиб ва лол:
Ягона кўз менинг бошимда,
Ой юзингиз ёнар қошимда,
Агар тақдир кўрмаса малол,
Эга бўлса эдим юз кўзга,
Бари билан қарардим сизга.

Ушбу таржиманинг тадқиқотимиз учун биринчи хизмати — Афлотун ва Пушкин шеърларининг типологик қиёсини ўзбек бадиий тафаккур майдонига олиб ўтади ва шундай тадқиқот учун илмий-лисоний макон яратади. Иккинчидан, аввал айтилганидек, таржима ижодий ва юрак қўри билан қилинган. Ўзбекча матн аслият билан солиштириладиган бўлса, у аслиятдан бир мисрага ортиқ экани аён бўлади. Бу ортиқ мисра «Ой юзингиз ёнар қошимда». Айрича аҳамияти боис ушбу мисрага бутун диққатни қаратамиз. Шу маънодаги мисра Пушкин шеърининг сиртида, матнда бўлмаса-да, лекин руҳиятида, ботинида бор. Ҳатто сал муболаға бўлса-да айтиш мумкинки, таржима айрим жиҳатлари билан аслиятдан кучлироқ чиққан.

Таржимада шеърнинг сарлавҳаси тушириб қолдирилган. Шу боис учинчи мисра — «ягона кўз менинг бошимда» ўзбек шеърхонида: нега ягона кўз, деган савол туғилиши тайин. Сарлавҳа ўрнида айрим нашрларда «Пушкиндан» деган сўз қўйилган, биз олган манбада бу ҳам йўқ. Ҳамид Олимжон буни атай қилган бўлиши ҳам мумкин. Савол туғилса туғилар, шеър яралишига оид тафсилотларнинг кераги йўқ. Улар асар сезимига халал беради, қабилида фикр юритган бўлиши ҳам мумкин ҳассос шоир ва таржимон.

Афлотун лирик қаҳрамони маъшуқага аввал ердан осмонга, сўнг осмондан ерга маҳлиё боққанида Пушкин «мен»и ҳам эс-ҳушини йўқотган ҳолда маҳбубасига қарата ўз севги шижоатини намойиш этади. Циклоп, ниқоб ҳақидаги таклиф муқаррар шоирга шеър яратишда туртки берган, шундай таклиф бўлмаса балки шеър умуман ёзилмаган бўларди. Лекин бошқа тарафдан шоирни чеклаган ҳам.

Ўзбек таржимони эса бундай «қўли боғлиқлик»дан озод, ижодий эркин. Аслиятда йўқ қўшимча мисранинг шеърнинг ўзбекча вариантида пайдо бўлиши ушбу эркинлик меваси, шоирона илҳом туҳфаси. Пушкин ўзбек таржимони қўшган мисра маъносидаги гапни айта олмасди, «Ой юзингиз ёнар қошимда» дейиш кибор одобига тўғри келмасди. Юқорида айтилган «сипойи шафқатсизлик»ка аввал бошдан мажбур эди Пушкин. Ўзбекча таржимада, битта қўшимча мисра туфайли шеърга самимий (сипойи эмас) шавқ гўё қайта киргандек бўлади. Биз учун масаланинг муҳим томони шундаки, ҳозир айтилганларга таянсак, айни шу мисра шеърнинг, аниқроғи, унинг ўзбек тилидаги вариантининг (муайян асарнинг бошқа тилдаги тўла-тўкис таржимаси мустақил асар, мустақил ҳодиса дейилишга лойиқ) Афлотун асари билан янада жипсроқ типологик алоқага киришувига имкон яратади.

Яъни Қуёшдан нур олиб ёғду сочувчи самовий жисм — Ой шеър майдонига киради. Тўғри, «ой юзингиз» иборасида аниқ-тиниқ самовий жисм йўқ, лекин шеърий нутқ қонуниятига кўра муайян ҳолатларда кўчимдаги сўз ўрнида тургани ҳолда мустақил ҳаракатга ҳам эга бўла олади. Ёнаётган фақат «ой юзингиз» эмас, балки ёғду сочиб ёнаётган Ой ҳам. Айни шу Ой маъшуқа юзини нурлантиради, гўзаллаштиради. «Қошимда» мисрада (ва шеърда) макон, ўрин муносабатини англатиб, боз устига ­маъшуқа шундоққина унинг ёнидалигини, ҳатто жон таркибидалигини ҳиссий сезги билан англатади.

Ушбу омиллар бирлашиб таржимани ва Пушкин шеърини Афлотун асарига қондошлик даражасини орттиради, кўшмисрадаги самовий миқёс шеърга, Пушкиннинг ўзбек тилидаги шеърига кўчиб ўтгандек бўлади. Икки: асардаги «лак-лак кўз» — ягона кўз муносабати ёнига осмон — юлдуз — ой, яъни самовий боғлиқлик қўшилади. Пушкин шеърини тутиб турган устун ягона кўз — юз кўз қарама-қаршилигидир. Шеър хотимасида улар бирикади ва шунда Афлотун — Пушкин — Ҳамид Олимжон қаторида лак-лак кўз — ягона кўз + юз кўз муносабати вужудга келади. Ҳамда «Лак-лак кўз ила боқмоқ учун сенга» маҳлиё» билан “Эга бўлсам эдим юз кўзга, бари билан қарардим сизга» ўртасида типологик қондошлик кузатилиб, ушбу мисралар икки шеър ва бир таржима — уч шеър бирлашиб яхлит ҳолда ҳамиша ғолиб севги қўшиғи каби жаранглайди.

Хулосаларимиз қуйидагича: биринчидан, тринар (учлик) типологияда бинар типологияда кўрилмаган жиҳатлар, муштаракликлар очилиши, ҳатто пайдо бўлиши мумкин. Бу унинг мақсадга мувофиқ илмий усул эканини белгилайди; иккинчидан, уч сонининг сеҳрли қуввати бежиз таъкидланмайди (“Уч, учдан кейин пуч”) ва бу қиёсдаги учинчи ҳодисанинг якунловчи хоссасини тайин этади. Зеро, «Ҳиссий нарсалар моҳияти учбурчакдир» (Афлотун); учинчидан, таржима материали айрим ҳолатларда типологик қиёсда мустақил ҳад бўла олади; тўртинчидан, Афлотун — Пушкин — Ҳамид Олимжон номлари ёнма-ён қўйилишининг ўзиёқ ўзбек миллий бадиий тафаккур майдонига ўзга бир ифор олиб киради, деб ўйлаймиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 16-сон