Сойим Исҳоқ. Адабиёт сабрни ўргатади

Аввало менга – адабий марказдан четда яшаб, баҳоли қудрат ижод қилаётган бир адибга эътибор бериб, адабиётнинг жўшқин оқимига тортишга интилгани учун таҳририят ходимларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Адабиётга илк ҳавас менда, назаримда, мактабга бормасимдан илгарироқ уйғонган бўлса керак. Мактаб болалари олдимда ўқиган шеърларни ўша ондаёқ “илиб” олардим ва ётганимда ҳам, турганимда ҳам, юрганимда ҳам тинимсиз такрорлаб айтаверардим. Буни эшитганлар: “Бу бола бахши бўладиёв”, – дейишарди кулиб. Бахши-ку бўлолмадим, лекин бешинчи-олтинчи синфдалигимдаёқ илк шеър­ларимни ёза бошлаганим эсимда. Кейинроқ шеърларим туман газеталарида босила бошлади. Мендан нари борса ўртамиёнароқ шоир чиқиши мумкинлигини ТошДУда ўқиб юрганимда англадим ва кучимни насрда синаб кўришга ўтдим. Дастлабки ҳикояларим матбуотда ўша даврларда эълон қилина бошлади.
Тил-адабиёт ўқитувчиларининг наср билан шу­ғулланиши осон эмас: даста-даста иншолар, баёнлар, диктантлар, ишчи дафтарларни текшириш, янги дарсларга тайёрланиш, режа, конспект дегандай… Эҳ-ҳе-е! Шу туфайли биринчи қиссам анча кеч, шундаям пати юлинган товуқдай бўлиб “Шарқ юлдузи”да чиқди ва ҳақли равишда танқидчиларнинг “калтаги”га рўпара бўлди. Шу туфайли қиссанинг у ер-бу ерига қўрқа-пуса қалам теккизиб, китоб шаклида эълон қилдирдим. Аммо бу гал ҳеч ким ҳеч нарса демади. Шунда яна бир нарсани англадим: танқидчиларнинг индамаганидан кўра савалаб туришгани ҳам маъқул экан. Бу асарнинг қайсидир даражада эътиборга моликлигини билдирарди менимча.
Иккинчи қиссам (“Юлдуз кўкда сўнади”) “Шарқ юлдузи” журналида эълон қи­лин­ганида ўрта ёшларга бориб қолган эдим. Келишиб олишгандай бу қиссани ҳам бир овоздан уркалтак қила бошлашди. Хайриятки, ўша йилги ҳисобот йиғилишида раҳматли устозимиз Озод Шарафиддинов ҳам қатнашади. Ерга урилаётган қиссани ўзи ҳам ўқигани, асарда танқидчилар айтаётган камчиликлар билан бирга кўпгина ёруғ ва ёрқин жиҳатлар ҳам мавжудлиги, танқидчининг вазифаси муаллифни дўп­послаш эмас, камчиликларини тузатишга йўллаш эканлигини айтиб, уларнинг ҳоврини босиб қўйди. Кейинроқ Умрзоқ Ўлжабоевнинг асар ҳақида муаллифга ёзган очиқ хати “Шарқ юлдузи”да эълон қилинди-ю, ундаги илиқ гаплар менга гўё қанот берди.
Илк қиссаларим эълон қилинганидан буён орадан қарийб қирқ йил ўтди. Уларни қайта нашр этдиришга имконим бўлмагани сабабли мухлисларим турли интернет сайтларида (албатта қайта ишланиб, асл ҳолига келтирилганларини) эълон қилишга ҳам улгуришди. Улар ҳақида матбуотда, интернет сайтларида, турли учрашувларда энди-энди илиқ гаплар ўқияпман, эшитяпман. Камтарона ижодимга илиқ муносабат бил­дириб қўллаб-қувватлаётган мунаққидларга, мух­лисларимга чин дилдан миннатдорлигимни билдираман.

* * *

Аллоҳ мени яхши устозларга рўпара қилди: Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, шоир Анвар Исроиловларнинг беминнат ёрдамларини асло унутолмайман. Университет­да Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Аб­­дуғафур Расулов каби давримизнинг етук адабиёт­шуносларидан сабоқ олганман. Дастлабки насрий машқларимнинг таҳлилчи ва танқидчилари ҳам шу кишилар бўлган. Домла Лазиз Қаюмовдан ҳам кўп нарсаларни ўрганганман. Диплом ишимни (Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асари бўйича) шу кишидан олганман. Ишим Лазиз акага жуда ёққан шекилли, аспирантурада олиб қолишга ҳарчанд уриндилар-у, мен рози бўлмадим. Лазиз ака ҳеч кимга бундай таклиф қилмагани, диплом ишимнинг у ер-бу ерига ишлов бериб, нари борса икки йилда номзодлик диссертациясини ёқлаш имкониятини бой берганим ҳақида очиқ таъна қилганлар ҳам бўлди. Лекин на чора, айни ўша пайтларда отам ҳам, онам ҳам туман касалхонасига тушиб қолишди. Ука-сингилларим ёш эди. Оиланинг тўнғич фарзанди сифатида қишлоққа қайтишим шарт бўлиб қолганди.
Кейинроқ Қозоқбой Йўлдош билан танишувим бадиий тафаккуримда сезиларли ўзгариш ясади. У кишининг амалий маслаҳатларидан ташқари, “Ёниқ сўз” китобини ўқиб чиққанимдан кейин шундай бўлди. Курс­дошларим Тохир Малик билан Шоир Усмонхўжаевлар адиб сифатида шаклланишимда муҳим ўринга эга. Айниқса Тоҳир Малик талабалик давримиздаёқ бош­қалардан фаоллиги билан ажралиб турарди: ўзи бош бўлиб курсимизда ёш ижодкорлар тўгарагини ташкил қилган. Унда ижодий маҳорат масаласида қизиқарли суҳбатлар, баҳс-мунозаралар, мушоиралар ўтказиб турардик. Кейинроқ тўгарак аъзолари камайиб, ўз-ўзидан иши ҳам тўхтаб қолди. Сабаби сафимизга бадиий ижодга ёт, анчайин шоирлик ҳавасида юрганларнинг ҳам қўшилиб қолганлигида эди.
Мактабда ўқиб юрганимада Бакир Акрамов, Лут­фия Умаровалар адабиёт назариясини пухта ўр­гатишган. Латиф ака деган ўқитувчимиз шеърларимни қўлтиқлатиб Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига ҳам олиб борганлар. Яхшиямки ўшанда болалар шеърияти билан шуғулланувчи ходим хизмат сафарида экан. “Бир ҳафтадан кейин келинглар”, – деди Пўлат Мўмин. Мен қайтиб бормадим. Эҳтимол, шеърларимнинг зўрлигига ишонмаганим туфайли бормагандирман. Ўқитувчилик соҳасида 25-мактаб директори Нормўмин Шариев, 48-мактаб директори Абдусалом Алиқуловлардан кўп нарсаларни ўргандим. Туман маорифининг раҳбари Тошпўлат ака Эргашев иш билан бирга, ижод қилишимга ҳам имкон қадар шароит яратиб беришга ҳаракат қилганлар.

* * *

Шу пайтгача чоп этилган қисса ва романларимнинг умумий адади олтмиш беш мингтага бориб қолар. Газета-журналларда чоп этилган ҳикояларим ва бошқа асарларим, интернет сайтларида эълон қилинаётган қисса ва романларим бу ҳисобга кирмайди. Шуни дангал айтишим керакки, илгари ёзган ҳикояларимни қайта ўқиганимда, аксариятидан кўнглим тўлмаган. Шу туфайли уларни тўплаб, китоб ҳолига келтирмаганман.
Ҳикоя – насрнинг муҳим ва тезкор жанри. Шундай ҳикоялар бор-ки, ҳажман кичик бўлса-да, қисса, ҳатто роман юкини кўтаради: ўқувчиларга эстетик завқ беришдан ташқари, умуминсоний қадриятлар ҳақида, ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз ҳақида ўйга толдиради. Вақтида инқилоб жарчиси саналган М. Горькийнинг йирик жанрдаги асарларини ўша пайтларда ҳам ёқтирмасдим. Аммо ҳикояларини севиб ўқирдим. Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаевларнинг ҳикоялари менга ўзгача завқ беради. Бугун ҳам шу жанрда қалам сураётган Эркин Аъзамов, Абдусаид Кўчимов, Собир Ўнар ва бошқаларнинг ҳикояларини завқланиб ўқийман. Ўзим ҳам ҳикояни шуларга етказиб ёзишга интиламан.

* * *

Адабиётнинг жамиятда тутган ўрни ҳақидаги тасаввуримни соддагина баён қилиб кўраман. Назаримда санъат, жумладан унинг узвий қисми бўлган сўз санъати – адабиёт ҳам жамият аъзоларининг фикрий ва руҳий ўсишида ўзига хос ваэифани бажаради. Тузи меъёрига келтирилган овқат ейишли ва истеъмолчининг танасига енгил сингиши баробарида унга куч-қувват берганидек, “тузи” меъёрига келтириб айтилган сўз – назмий ёки насрий асар ҳам истеъмолчи – ўқувчи онгига тез ва енгил ўрнашиб, уни улуғ ва эзгу ишларга ундаши бор гап.
Бизга узоқ йиллар адабиётнинг асосий ва энг тўғри методи социалистик реализмдир деб ўргатишди ва шунга оғишмай амал қилишни талаб этишди. Биз ҳам уларга ишондик ва қаттиқ адашдик. Бугун, мустақиллигимиз шарофати билан онгимизни пешлаб қарасакки, бу метод ижод аҳлини ҳукмрон мафкурага бўйсиндириш, унинг (юмшоқ қилиб айтганда) қулига айлантириш воситаси экан. Ижодкор қайси методда ижод қилмасин, унинг тасвир объекти конкрет инсон, унинг кечинмалари, туйғуларини, инсон сифатида комилликка интилишини ҳаққоний тасвирлаб беришдир. Қисқа қилиб айтганда, ижодкорнинг жамиятда тутган ўрни унинг инсонни ҳаққоний тасвирлаши, яхши ва ёмон томонларини кашф этиши ва шу орқали бани башарнинг камолотга эришувига имкон қадар кўмаклашиши билан белгиланади, деб ўйлайман.

* * *

Адабиётимизда устоз-шогирдлик анъанаси қа­дим­дан давом этиб келади ва уларнинг катта-кичиги бўлмайди. Юқорида номларини ҳурмат билан тилга олганим Асқад Мухтор ва Мирмуҳсин акалар ёшлари жиҳатидан ҳам, лавозимларига кўра ҳам мендан анча юқорида эдилар. Шунга қарамай, қўлларига берган нарсаларимни эринмай, нуқта-вергулларигача қолдирмай синчиклаб ўқиб чиқишар, зарур маслаҳатларини сира аяшмасди. Ўткир Ҳошимов билан Шукур Холмирзаевлар қарийб тенгдошларим, Тоҳир Малик ва Қозоқбой Йўлдошевлар ёшига кўра кичикроқ бўлса-да устоз мақомидалар. Улардан кўп нарсаларни ўргандим ва ўрганяпман.
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида оилаларда ажо­йиб бир анъана бўларди: бутун оила, қўни-қўшнилар бир уйга йиғилиб, бирор бахши табиатга халқ достонларини ўқитиб тинглардик. Бизнинг оиламизда Мухтор акамнинг овози қўнғироқдай вазмин, майин ва жарангдор эди. “Гўрўғли” туркумидаги достонлар, “Ширин билан Шакар”, “Кунтуғмиш” ва бошқа достонларни ўқиганида сел бўлиб тинглардик.
Ҳуройимнинг дор остидаги нолаларидан таъсирланиб, кўзларимиздан милт-милт ёш оқарди, Гўркибой билан Моҳибойнинг бўза ичиб олиб, болаларча қилган қилиқларидан завқланиб, қаҳ-қаҳ уриб кулардик. Энди ундай достонхонликлар йўқ. Кўплар телевизорга термулиб, соатлаб завқли-завқсиз ашулаларни тинг­лайди ёки маза-бемаза чет эл фильмларини томоша қилади. Достон ўқигиси келганлар уйга қамалиб, якка ўзи ўқийди. Шунисигаям шукур!
Достонлар ва бахшиларнинг термалари ижодкор учун ҳам туганмас маънавий хазинадир. Улардан халқ тилининг камалакдай товланишини, образ яратишнинг энг содда, энг қулай йўлларини, қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини, ҳис-туйғуларини, орзу-ўйларини акс эттириш усулларини ўрганиш мумкин.
Мухтор акамнинг айтишича, бобокалонларимиздан бири – Фармон девона яхшигина бахши шоир бўлган. Машрабона девоналиги ва ҳақгўйлиги учун одамлар унга ҳам “Девона” лақабини тиркашган. Акам сюжетли “Кўк сигир”, “Ковушим” (“Ковушим” сирасидаги термалар бошқа бахшиларда ҳам учрайди, аммо мазмун ва ифода усулларига кўра улар бир-биридан кескин фарқланади) ва бошқа термаларни завқланиб айтиб юрарди. Бу термаларнинг ҳеч бири хотирамда қолмаган. Бироқ “Кўк сигир”нинг икки мисраси юрагимга (онгимга ёки хотирамга эмас, айнан юрагимга ) муҳрланиб қолган. Нимаси билан? Менимча айтимининг оригиналлиги, қисқалиги, соддалиги, оз сўзларда ажойиб ҳолат яратганлиги билан муҳрланган бўлса керак.
Терма мазмуни шундай: қаҳатчилик йилларида бир қашшоқ болаларига едиришга ҳеч нарса тополмай, кичкина кадисини кўтарганича кимсасиз қир-адирларга чиқиб кетади. Мақсади овлоқда юрган бирор молни топиб, сутидан озроқ соғиб олиш бўлган. Ёлғиз ўтлаб юрган ва елини тирсиллаб турган кўк сигирга дуч келади. Уни тутиб, қашлаб, ўзига эликтириб соғмоқчи бўлаётганида бир тепиб кадисини синдиради-ю, қочиб боратуриб:

Жомонлағур кўк сийир
Қуйруғини кўтарди…

Кўк сигирнинг эгаси, эгасининг болалари ва ўзининг ҳам боласи бор. Уларни тўйдириш учун меҳнат тортиб сут йиғяпти. Уни бегонага бергиси йўқ. Қочаётиб кадисини синдиргани камлик қилгандай, ўғрини мазахлаб кетади. Бахшининг маҳорати шунда-ки, енгил юморга йўғрилган бу қуйма сатрларда у биронта ортиқча ёки уятли сўз ишлатмайди. “Қуйруғини кўтарди” – тамом-вассалом. Қолганини зийрак тингловчининг ўзи тушуниб олаверади.
Анъана – кенг маъноли тушунча. Қанийди Навоий бобомиздек фалсафийлик ва лиризмни ўхшатиб бугунги насримизга олиб киролсак. Бу ҳам кўҳна анъаналаримизни давом эттиришнинг бир йўсини бў­ларди.
Бир замонларда Ёзувчилар уюшмасининг катта залида тез-тез турли анжуманлар – адабиётнинг долзарб масалалари юзасидан муҳокамалар, мунозаралар, мушоиралар ўтказиб туриларди. Унда катта авлод вакиллари – машҳур шоир ва ёзувчилар билан биргаликда биз ҳаваскорлар ҳам мунтазам қатнашардик. Ўша анъаналар ҳалиям давом этаётган бўлса, ажабмас. Бу бугунги адабиётимизни янада ривожлантириш учун айни муддаодир.

* * *

Адабиётимизда қандай иллатлар барҳам топишини истардим? Билмадим… Бу масалада аниқ бир гап айтишим қийин. Кейинги йилларда адабиётимизда рўй бераётган туб ўзгаришлардан етарлича хабардор эмасман. Билганим шуки, адабиётимиз ҳар ҳолда, бир жойда депсиниб қолаётгани йўқ, қадам олиши чаккимасдай. “Унда нега жаҳон адабий ареналарига дадил чиқолмаяпмиз?” – деган савол туғилиши табиий. Менимча бунинг сабабини таржимачилиги­мизнинг оқсаётганидан қидириш керак. Аксинча сўнгги йилларда ёзилган ўнлаб яхши асарлар аллақачон чет эл китобхонларининг қўлига етиб бориши керак эди. Бу асарларнинг мен ўқиган ўша чет эл адабиёти вакиллари асарларидан асло кам жойи йўқ. Айрим жиҳатлари билан улардан устун ҳам туради…

* * *

Турмуш ўртоғим Санталат билан 46 йилдан буён аҳил-иноқ яшаб келяпмиз. Шу давр мобайнида у менинг барча инжиқликларим, оиладаги бор-йўқ, етар-етмасликларга мардона чидади. Уч қиз ва уч ўғилга ота-она бўлдик. Ҳозир ўн етти невара ва битта чеварамиз бор.
Кенжа қизим Адиба адабиётга жуда ҳам қизи­қар­ди. Педагогика институтининг химия-биология фа­культетини тамомлади. Неварам Гулрухсор шеъриятга жуда қизиқади. Айрим машқлари туманимиз газетасида эълон қилинаётир. Аммо шоиралик қис­матини тортиб кетоладими-йўқми – буни келажак кўр­­сатади. Ҳозирча ёзаётганлари менинг илк шеър­ларим даражасида. Бундан юқорига кўтарила олса.

* * *

“Бугун китобхонлар камайиб боряпти” ёки “Одамлар китоб ўқимай қўйишди” деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб қоляпти. Менимча бу унчалик ҳам тўғри эмас. Ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб берай. Гулистоннинг чайқов бозорида айланиб юрсам, бир кампир роман қидиряпти. Турли дарсликлар, илмий адабиётлар сотилаётган пештахта ёнига бориб, сотувчидан роман сўради. Гўлликка олибми ё бирор нарсасини ўтказиб қолиш илинжидами, сотувчи талмовсиради:
– Болангиз неччинчида ўқийди, момо?
– Тўққизинчини битиряпти… Нимайди?
– Унда манови китобни оборақолинг, – у ал­ла­қандай семизгина илмий асарни пешкаш қилди. – Аммо-лекин болангиз мазза қилади.
Мен воқеанинг нима билан тугашига қизиқиб яқинларида турардим. Сотувчининг кемтик фаҳм-фа­росати ва “гул” чиқарган савиясидан ҳайратландим. Секин ёнларига бориб, кампир ушлаб турган китобни қўлидан олдим ва сотувчига узатдим:
– Шу китобга тўққизинчи синф боласининг “ти­ши” ўтадими, қайси виждон билан уни роман деб пулламоқчи бўляпсиз?! – дедим жаҳлим чиқиб ва унинг ўқрайишига эътибор бермай, кампирни бадиий адабиётлар сотилаётган пештахта томон бошладим…
Яхши бир романни танлаб бергач, қисқа суҳ­ба­тимиздан маълум бўлди-ки, кампирнинг невараси дарсдан бўш пайтларида мол-ҳолларини боқаркан. Шаҳарга ота-онаси ёки бувиси тушадиган бўлса яккаш бир нарсани – роман олиб келишларини талаб қиларкан. Эътибор беринг: у пўрим кийим-бош, анвойи егуликлар ёки ўсмирни қизиқтирадиган бошқа камёб нарсаларни эмас, бадиий китоб сўраяпти.
Бу боланинг бошқаларга ҳам таъсири бўлади албатта. Демак китобга қизиқиш сўнмаган. Фақат китоб савдосини кенгайтириш, тўғри йўлга қўйиш, китоб дўконларини кўпайтириш керак. Биз фарзандларимиз камолини ўйласак, уларни эстетик жиҳатдан ҳам тарбиялашни унутмаслигимиз керак.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 6-сон