Софокл

Қадимги юнон драматурги, фожианависи. Милоддан аввалги 496 405 йилларда яшаган. Ўша даврнинг илғор педагогикаси асосида таълим олган. Геродотнинг энг яқин дўсти бўлган. Халқ байрамларида хор раҳбари, кейинчалик театрга томошалар ёзиш билан шуғулланган ва қадимги давр­нинг энг буюк драматурги даражасига кўтарилган.

Тақдир туҳфасини қарангки, табиатан қувноқ, кўнг­ли очиқ, серулфат ва ҳаёт гўзалликларидан завқ олишни биладиган Софокл инсоният тарихида энг улуғ фо­жианавис сифатида танилди, бу жанрда Эсхилдан ўтиб кетди. Қадимги юнонлар театрни ҳам гладиаторлар жангига қиёслашарди, шу сабабли бу ҳақда ўша пайт­лари «Софокл Эсхилни мағлуб қилди» деган иборани ишлатишган. Буюк драматургдан бизгача «Аякс», «Антигона», «Шоҳ Эдип», «Эдип сургунда», «Деянира», «Эант», «Электра», «Филоктет» каби жаҳон драматургия­сининг етти шоҳ асари, элегиялари, насрий мулоҳозалари мерос бўлиб қолган. Асарлари ичида энг машҳури «Шоҳ Эдип» фожиасидир.

Орадан йигирма беш аср вақт ўтган бўлса ҳам, қадимги юнон фожианависи, инсон оғриқлари, изтироб­лари, ғалаён ва ожизликларининг буюк тасвирчиси Софокл қаламига мансуб асарлар ҳали-ҳануз ўз қийматини йўқотмай, ёзилган пайтларда қандай ҳаяжон қўзғаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ҳайратларга сабаб бўлмоқда, ўша даврда мазкур асарлар нечоғлик аҳамиятли эса, бугунги кунда ҳам шундайлигича қолмоқда.

Софокл асарлари вақт енголмайдиган, вақт супуриб ташлолмайдиган асарлар сирасига киради. Аксинча, вақт, асрлар, даврлар қанчалик олишса, мазкур асарлар шунчалик улуғворлашадики, бундай хусусиятга жаҳон адабиётида камдан-кам асарлар сазовор бўлган.

Ўзбек театр томошабинлари Софоклнинг «Шоҳ Эдип» асаридан ва унинг телевариантидан хабардор. Бу машҳур трагедиядаги Эдип ролини улуғ санъаткор Ш.Бурҳонов ўйнаганди. Улуғвор асарлар улуғ истеъдодларни дунёга келтиради, улуғ саҳна асарлари улуғ актёрларни яратади. Софокл ўзбек саҳнасида яна ҳам улуғвор қиёфага кирди.

Софоклнинг ижоди чўққиси бўлган бу асар ўтган 2500 йиллик вақт мобайнида жаҳон театрлари саҳнасидан тушмай келмоқда. У ҳамиша долзарб, ҳамиша замонавий, барча тузум ва замонларга хос, ҳали инсоният бадиий тафаккури тарихида «Шоҳ Эдип» каби фожиали қисмат қаламга олинмаган. Бу фожиа инсониятга кимлигини, унинг елкасида қандай масъулият борлигини, тақдир ва инсон ўртасидаги абадий зиддиятни бот-бот эслатиб туради: гўё асардаги фожиа инсон боши келиб уриладиган девор-у, мазкур деворнинг мавжудлигини бани башарга ибрат қилиш учун Софокл инсониятнинг бадиий тафаккури тарихига абадий осиб қўйгандек. Одам ҳамиша ўзини фожиадан олиб қочади. У фожиадан узоқроқ юришни истайди, фожиадан четлаб ўтади. Бироқ фожиалар бўлмаса эди, инсон саодатнинг фарқига бормасди, қадрига етмасди.

Фожиа – уйғотувчи куч. У тафаккурни уйғотади, теранлаштиради. Фожиа – эскирган давомийлик, эскирган узвийликнинг сўнги, охири, янги давомийликнинг бошланиши, чунки фожиа англанган жойдан уни тузатишга интилиш, кураш бошланади. Шу сабабли фожиа курашнинг дарвозасидир. «Шоҳ Эдип» асарида ҳам фожианинг илдизи аниқлангач, узоқ муддатли қонли кураш бошланади.

Мифлар, айниқса, Софокл асарлари ХIХ – ХХ асрга келиб яна ҳам кенгроқ ўрганила бошланди. Гегель «Шоҳ Эдип» асарини инсониятнинг матриархатдан патриархатга ўтиш жараёнининг ўзига хос рамзи деб баҳолади. ХIХ аср мифшуноси Бахофен ҳам шу фикрни давом эттириб Эдипнинг фожиаси унинг онасига – матриархатга бўлган муҳаббатидадир деган. Бахофен фикрига кўра, Эдипнинг отасини ўлдиришини тўғридан-тўғри тушунмаслик керак, бу падаркушлик ва ўз онасига уйланиш воқеаси – бор-йўғи матриархат ва патриархат ўртасидаги курашни акс эттирган мажоз, холос. Эдипнинг фожиаси падаркушлик ва онасига уйланишида эмас, балки эркак бўла туриб матриархат тарафдори бўлганидадир. Уни айнан шунинг учун жазолашди. «Эдип» туркумидаги уч асарда шу нарса кўринадики, Эдип матриархат тарафдори, Креонт эса патриархат тимсоли сифатида гавдаланади. Шу сабабли Креонт кўзлари ожиз бўлгач ҳам Эдипни Фивадан бадарға қилади.

ХХ асрнинг йирик файласуфи, руҳшуноси Фрейд эса Софокл асарларидан ўз фалсафий қарашлари концепциясини топди. У ҳатто психоаналитика фанига «Эдип комплекси», «Эдипокомплекс» деган атамалар киритди. «Эдип комплекси» Фрейд таълимотининг асосини ташкил қилади, бу таълимотга кўра, Эдипнинг онасига уйланиши онгости ҳисларининг намоён бўлишидир.

Шоҳ Эдип асари ҳақида Фрейд шундай ёзади: «Шоҳ Эдип» асари антик дунё юнон томошабинини ларзага солишининг асосий сабаби, эътироф этилаётгандек, тақдири азал билан инсон иродаси ўртасидаги тўқнашув эмас. Эдип каби бизнинг ичимизда ҳам ахлоққа қарши майл-истаклар мавжуд ва бу истак пайти келиши билан асосий истакка айланиши мумкин».

Фрейд «Шоҳ Эдип» асарини ХХ аср кишиси психологияси билан муқояса қиларкан, шундай хулосага келади: мифларни, ахлоқни, динни фақат онгости кечинмалари, рамзлари нуқтаи назаридан баҳолаш мумкин. «Агар биз ҳам болалигимиздаги онамизга ва отамизга нисбатан миямизда лип этиб юзага келган, кейин ўчган майлимизни хотирлай олсак, ўзимиздан ўзимиз жирканиб кетардик», – дейди.

«Шу сабабли, – дейди Фрейд, – Эдипнинг тақдири бу – илоҳий ҳукм ҳодисаси эмас, патологик ҳодисадир ва бундай фожиа ҳар бир инсонда содир бўлиши мумкин». ХХ асрдаги бошқа файласуфлар ҳам «Шоҳ Эдип» ва Софоклнинг қолган асарлари ҳақида турли қарама-қарши фикрларни баён қилдилар.

ХХ асрнинг машҳур файласуфи Эрих Фромм ҳам ўз фалсафий концепциясини асослаш учун кўплаб устоз файласуфлар каби «Шоҳ Эдип» асарига мурожаат этди. Фромм «Шоҳ Эдип» қисматида инсоният тақдирини, туғилиши, юксалиши ва инқирози рамзини кўрди ҳамда асардаги тақдири азал ҳукми Шоҳ Эдипнинг отасини ўлдириб, билмасдан онасига уйланиши воқеасида эмас, балки Шоҳ Эдипнинг ўзида яшириндир деди. Яъни Шоҳ Эдип яшаш учун курашаётган инсон образидир.

«Бу миф, – деб ёзади Фромм, – онасига уйланишнинг тимсоли эмас, балки ўғилнинг патриархат отага ва унинг тартибларига муносабати тимсолидир. Болаликда онасига муҳаббати кучли бўлган боланинг табиат ҳукмига кўра эр бўлиб етишгач худди отаси каби пат­риархал тартиб тарафдорига айланганидадир. Яъни бу асар инсон эволюциясини ўзида тимсоллаштиради».

Эдип ва отаси ўртасидаги қарама-қаршилик оқибатида ўғил отани ўлдириш воқеасини тўғридан-тўғри тушунмай, тимсоллар назариясига кўра баҳолаш керак. Бу дегани Эдип онасига – «матриархат» тузумга бўлган муҳаббати туфайли отасини инкор қилди. Софокл отасига исён қилган Эдип тимсолида она маъбудлар ўрнини эгаллаган ота маъбудларга ва уларнинг мустабид тузуми, тартибларига, умуман, патриархал тузум қиёфасида кириб келаётган инсонни қул қилиш анъанасига қарши курашган озод инсон образини яратди. Озод инсон – Эдип отасини енггач, оналик билан бирлашгач, маълум давр ўтиб унинг ўзи мустабидга айланди, оқибатда хилват ва номаълум ибодатхонада ўлим топди, яъни унинг ҳаёти ҳам барча мустабидлар каби йўқликка айланди. Бундай талқинлар ХХ аср файласуфлари орасида кўплаб топилади. Софокл эса барча талқинларга дош бера олади. Унинг буюклиги шунда. 2500 йилдан бери театрлар саҳнасидан тушмай келаётганининг сабаби шунда.

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!