Собир Ўнар. Ойбегимиз

Ойбек сиймоси, бадиий салоҳияти ҳақида гап кетса қандайдир эътирозсиз тасаввурлар ҳар биримизда бор. У билан замондош бўлган адиблар адабий анжуманларда жуда илиқ сўз айтадилар. Ижоди ҳақида гап очилганда ҳам ортиқча мунозаралар бўлмайди. Бу – фазилатми ёки кимдандир баланд, кимдандир паст қўйишга сабаб бўлувчи дастакми?
Шуларни ўйлаб, бир неча йиллар бурун Ойбек сиймоси ҳақида ўқиб билганларимдан таъсирланиб бир мақола ёзган эдим. З.Саидносированинг “Ойбегим менинг” китоби номини андак ўзгартириб “Ойбегимиз” деб қўйишга жазм этдим. Бу бошқа авлод вакилларининг улкан устозга, замонлар бўронида чўққидек қўр солиб келган буюк адибга меҳримиз, ҳурматимиз белгисидир балки…
Муаллиф

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ағанаб ўқимоқ керак.
Хуршид Даврон.

Адабиёт тарихимизда ўзи­нинг муқим ўрнини эгаллаган Ойбек номи тилга олинганда, эътибор берганмисиз, кўнгилда мўътадил бир кайфият, мўътадил фикр зоҳир бўлади: у сўзсиз улкан адиб. Ортиқча эҳ­тиросга берилмаймиз, баҳс-мунозарага ҳам ўрин йўқ, ҳадеганда олқишлашга ҳам шошилмаймиз. Сиймосини, у ҳақдаги хотираларни эслаганимиз заҳоти, турли фитналар, алғов-далғовлар замонида яшаган эса-да, қалбимизга сокин бир салобат билан киради Ойбек. Боз устига “Қутлуғ қон” билан “Навоий” романларининг ўзи етмайдими, деймиз ўзимизча. Шу асарлари биланоқ у ўзига улкан ёдгорлик ўрнатиб бўлган.
Шеърий мероси-чи?
Рости, камина Ойбекнинг шеър­ларини, хусусан, лирик шеърларини ўқиганимда беғуборлик, жозиба, меҳр туяман юрагимда. Кўнглим тусайди шу шеър­ларни. Бу, энди, кўнгилнинг ўзига қўйиб берилгандаги холис ҳолат. Кези келганда “Қутлуғ қон”ни ҳам, “Навоий”ни ҳам титкилайман.
Бошқа асарлари тўғрисида ҳозир балки ўрни билан нима дейиш мумкин бўлса, айтиш мумкиндир, бироқ адибимиз тирик бўлганида муқаррар шу икки романни қўлига олиб кўз-кўз қилган бўларди. “Қутлуғ қон”нинг сўнгини замонасоз қилишга мажбур бўлганман, дерди хижолат тортиб.
Қамрови, эпик кўлами, бадиий қуввати жиҳа­ти­дан қаралганда ҳам жуда кучли асар.
Бироқ мен Ойбекнинг ўзи – шахси ҳақида кўпроқ ўй­лай­ман. Ва муттасил суратда замон мафкурасининг занжири қобирғаларига ҳам, қалбига ҳам ботиб, танғиб тортилган буюк ёзувчи гавдаланади кўз ол­димда.
Ойбекдаги сингари ижодий куч, Ойбекдаги син­гари шижоат, Ойбекники каби сабру матонат ўй­лайманки, унча-мунча Ғарб ёзувчиларида ҳам бўл­­маган.
Ойбек ҳақида илгари қатор мақолалар, таниқли адабиётшунос Н.Каримовнинг рисола ва асарларини ўқиб у ҳақда тасаввур майдони пайдо бўлган эди. Бироқ адибимизнинг рафиқаси, буюк зиёли Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” китобини ўқиб, очиғи ҳайрат бармоғимни ташладим.
Авваламбор бу оиланинг вужудга келиши тарихи, ун­дан сўнгги улуғ бирлик, улуғ елкадошлик, бемисл са­доқат ҳам замонлар саҳнасидан бизга фақат ибрат, ҳикмат намунаси бўлиб балқийди.
Ўйладим: Зарифа Саидносирова Ойбексиз ҳам катта аллома бўлиб етишиши мумкин экан, аммо Ойбек Зарифа Саидносировасиз Ойбек бўлиши мушкул экан.
Бу бирлик чиндан ҳам вақтлар силсиласида бош­­қалар учун ибрат бўлиб қолса керак. Ҳар қандай ижодкор учун ҳам даставвал чидамли, вафодор аёл керак. Чунки ижодкорнинг инжиқлигини унча-мунча аёл зоти ҳазм қилолмайди.
Лекин З.Саидносированинг бу борада бахти кулган эди. Ойбек унақа инжиқ эмасди. У ичкуёв бўл­ганидаям, бир хонали ётоқда фарзандлари билан яшагандаям, устига бўҳтон ёғилиб, тор жойларга қувилиб чиққанда ҳам ёзаверар эди. Шунингдек, мансабдан туширилган, ҳатто Ёзувчилар уюшмаси таркибидан ўчирилганда ҳам дами ичига тушиб кетмасди, аксинча, вақт бўлганига шукур қилиб тинимсиз ёзар эди.
Бу ҳам биз учун бир сабоқ. Чунончи биз ўз ял­қовлигимизни, танбаллигимизни, эринчоқлигимизни ар­зимаган баҳоналар билан оқламоқчи бўламиз. Ойбекдек чўнг ўтириб меҳнат қилишга сабримиз етмайди, холос.
Ойбекка Худо тағин 20 йил умр берганида борми, шубҳасиз, у етиб бўлмас чўққиларни забт этган, бизга не-не улкан асарларни армуғон этган бўларди.
Ойбекнинг олижаноблиги, шоирлиги, заковати, са­доқати, сабрлилиги рафиқасига илҳом берарди.
Оилада иккаласиям ишдан қувилган, маошсиз, нонсиз, бир пайса унсиз, Ойбекнинг қайнотаси Саидносир Миржалилов репрессияга учраб мушкул аҳ­волга тушиб қолган, боз устига очарчиликка юз тутилган давр­лар ҳам бўлган экан.
“Бозорда бир буханка нон 200 сўм, бир килог­рамм гўшт эса 150 сўмга кўтарилди. Бозордан нон олиб бўлмайди, карточка бўйича олинган нонга қаноат қилишдан ўзга илож йўқ.
…Ойбек жуда тез оза бошлади. Бу унинг шу вақтда олдирган расмларидан ҳам билинади. Биз бир пайтлар бир катта, бир кичик гилам сотиб олган эдик. Ўша кунлари катта гиламни сотиб, қўй олдик. У қўзилади. Икковимиз маслаҳат қилдик-да, қўй билан қўзини сотиб, пича пул қўшиб, сигир оладиган бўлдик.
Ойбек қўйни етаклади. Ойим икковимиз орқадан ҳайдадик. Бозорга йўл олдик. Сигир қиммат, сутли сигир эса бир ҳовлининг пули экан. Биз яна қўй-қўзини ҳайдаб, изимизга қайтиб келдик. Кейин сўйиб едик.
…Бир кеча, ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман.
– Зарифа, қорним оч, очиқдим, – деб қолди, Ойбек.
Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди.
– Бирор нарса йўқми? – сўради Ойбек.
Ўрнимдан туриб, шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дас­турхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг “сен ҳам егин” деб мени қистади.
– Йўқ, очиқмадим. Ўзингиз ея беринг, – дедим унга.
Менинг ҳам қурсоғимда ҳеч нарса йўқ, фақат қаноат бор, холос.
Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб, деди:
– Эрталаб болаларга берарсан.
Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди.
Билмадим, бемазаликдан ея олмадими ёхуд болаларга илиниб, томоғидан ўтмадими?”
З.Саидносирова олий мактабда таълим берган биринчи ўзбек муаллимаси, анорганик кимёни ўзбек талабаларига биринчи бўлиб таништирган, кимё луғатини биринчи тузган олима. Шунингдек, рассом, мусиқачи, шоира ва мана, қўлимизда китоби – ёзувчи эди. Аммо у энг аввал ўзини Ойбекнинг вафодор хотини деб билар, энг катта ифтихори ҳам, энг йирик бахти ҳам мана шунда эди. Асардан маълум бўлишича, Ойбек ҳам асарининг илк нусхасини Зарифасига ўқитар эди. Икковлари эмчакдош эгизаклар каби мудом бир-бирига интиқиб яшаган эдилар.
Хатлар, хотираларни ўқисангиз, ҳавасингиз келади.
Айни пайтда Ойбек хотинини муттасил ишлашга мажбур этарди. Илмда худди ўзи каби заҳмат чекишини, катта олима бўлишини уқтирарди.
З.Саидносирова профессор бўлди.
Ойбек – академик бўлди ҳам. Ўзбекистон Фанлар академиясининг гуманитар фанлар йўналишига бошчилик қилди.
У иқтисодчи олим эди. Бу борада бетиним илмий, назарий изланиш олиб борди. Институтда дарс берди. Сўнгра фалсафага шўнғиди. Тарихни мукаммал ўрганишга тиришди. Навоий, Бобур, Темур каби тарихимиз сиймоларининг бадиий образини яратиш ишқи билан яшади.
Ойбек замоннинг мароми билан иш тутди.
Оқимга сира қарши бормаган эди. Бу буюк қар­шилик балки унинг қалбида қолди.
Чўлпон, А.Қодирий, У.Носирники сингари қата­ғонга дастак бўлгувчи “атрибутлар”ни ундан тополмас эдилар.
Тарих ҳақида ёзса, устидан қора чизиқ тортилмаган ҳазрат Навоий ҳақида ёзди. Бу “номаъқул” иш эмасди шўро ҳукумати учун.
Яъни, замонга ёт мафкура унга ҳам ёт эди.
Оила ҳам замонга монанд эди. Хотини ҳам, ўзи ҳам рус тилида лекциялар ўқирди. Фарзандларининг тили ҳам “мама”, “папа”дан бошланган эди.
Баъзан топшириқ билан, топшириқ бўлмаса-да, қалби билан шўро тузумини қувватловчи асарларни кетма-кет ёзаверди.
Академик бўлганидан ташқари у Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик ҳам қилди, депутат бўлиб турли учрашувлар, сессияларда қатнашди. Қайноқ ишлаб, қайноқ яшашга интилди.
Бинобарин, ўз меҳнатининг тотли меваларидан баҳраманд бўлишга у ҳақли эди.
Назаримизда, унга шўро ҳукумати бирор айб тўн­каса, бу ғоят густоҳлик бўларди. Ахир, бундан ортиқ идеал шахс, идеал ижодкорни қайси гўшада қайси она туғиб улғайтириб қўйибди? Бўлса шунчалик бўлар-да инсон дегани. Шўрога яна нима керак? Тағин қандай хизмат қилиш мумкин шўрога?!
Бироқ… 1937 йил шамоллари Ойбекка ҳам тегмай ўтолмас эди. У ишдан ҳайдалади, Уюшма сафидан чиқарилади, газета-журналлар унинг асарларини босмай қўяди. Аслида у турли тадбирлар, жамоат ишидан чарчаган, ижодга вақт тополмай юрарди. Аммо замон таҳликали эди. Хуллас, ҳали у, ҳали бу ҳамроҳи, дўсти, устози бирин-кетин қамалиб турган кезда кўнгилга ижод сиғиши мушкул эди. “…бир қанча тенгдошлари секин-аста ғойиб бўлаётган, унинг ўзига ҳам қамалиш навбати келган пайт эди. Шундай таҳликали айёмда ижод билан шуғулланиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Ойбек буюк ирода эгаси эди. Шунинг учун ҳам у ўта таҳликали ва фожиали кунларда, ғурбат ютиб, кечирилган ҳаётда “Қутлуғ қон”дай гўзал ва ўлмас бир асарни яратди”.
Аслида ҳам ижодкорнинг мансаби бўлмайди. Ман­саб унинг ижодига халақит беради, холос. Севиб яратган асари, унинг ортидан топган обрўси ҳар қан­дай лавозимдан устун турмайдими?
Шу ўринда бундан талай йиллар муқаддам Ёзувчилар уюшмасида бўлиб турадиган тўполонлар ёдга келади. Тўполончилар уюшма раҳбариятини халққа, адабиётга “хиёнат” қилганликда, ёшларга йўл бермаётганликда айблар эдилар. Аслида гуруҳ-гуруҳ бўлиб мансаб талашардилар. Кўп ўтмай ғалвир сувдан кўтариладиган пайт ҳам келди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида бугун ўқиладиган шеър, бугун ўқиладиган наср керак бўл­ганида не аҳволга тушдик? Демак, халқ учун ёзувчиларнинг лавозимлари аҳамиятсиз экан. Бирданига бўшлиқ ҳосил бўлди. Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” дея безовта бўлиб мақола ёзса, барчамиз ёқасидан олдик, “нималар деяпсиз, адабиёт ўлмайди!”
Ҳолбуки ёзувчи киноя қилган экан. Индаллосини айтганда адабиёт ўлиши ҳам мумкин, шекилли. Ўлмайдиган бўлса, мустақилликдан сўнг қандай ўлмас асар яратилди? Шахсан мен Ш.Холмирзаевнинг “Динозавр” романидан бошқа бугуннинг руҳида ёзилган, бугуннинг ҳаёти ифода этилган йирик, пухта жиддий асар кўрганим йўқ.
Ҳамкасбларим каминани маъзур тутсинлар. “Айбдорлар” сирасига аввал ўзимниям қўшган ҳолда илло йирик насрни назарда тутяпман бу ерда. Асло бошқа жанрни эмас.
Ошкоралик даврининг ура-ур пайтида бир талай адабиётимизнинг устун вакиллари ҳақида ихлосимизни тамом сўндирадиган мақолалар ўқидик. Ўша пайтда шунақа гапларга ҳам ғоят ташна эканмиз-да чоғи. Аммо ҳозир ўйлаб қарасам, домла Ойбек ўша талотўплардан ҳам нисбатан “беталофат” чиқдилар. Қолганлари (Миртемир ва бошқа ўзларини четга олиб юрганлардан ташқари) чақимчи, хиёнатчи, жаллод бў­либ гавдаландилар.
Булар бариси замоннинг ўта оғир, серташвишлигидан бўлган асли. Ўша чоғ оғиз кўпиртириб ошкоралик даври қаҳрамонларига айланганлар ҳам тақдир тақозоси билан 30-, 50-йилларда яшаб кўрганларида эди, балки бу қадар ҳукм гаплар айтишга уялиб туришарди…
Энди билсак, улоқни олиб қолиш, яъни “очко” жамғариш учун айтилган экан бир хиллари. Бугун эса ўша тўпланган очколардан кимга наф?
Замон одамларни, хусусан, ёзувчиларни ҳам бир-бир элакдан ўтказган. Менинг тасаввуримда Ойбек ул даврлардан ҳам устига оқ либос ёпиниб кириб келади. Юзи ҳам нурли.
“Бир кеча уйимиз олдида машина тўхтаб, эшик қоқилди. Ички ишлар министрлигидан келган одам Ойбекни олиб кетажагини айтди. Менинг оёқ-қўлларимда мадор қолмади. Қалтираб кетдим. Кўзларимдан қай­ноқ ёшлар қуюлар экан, Ойбек остонада туриб, мени қучди-да:
– Қўрқма, сабр қил, балки сўроқ учун чақирил­гандирман, – деди.
Ойбекнинг ранги ўчган, ички асабий титроғи сезилиб турибди. Мен довдираган ҳолда унинг чўнтагига озгина ақча солдим.
– Зарифа, кераги йўқ! Олиб қолсалар, аввал ёним­ни тинтиб-тозалайдилар!
Хуллас, Ойбекни олиб кетдилар. Гўё кўксимни пичоқлаб, қалбимни узиб ташлагандек туюлди менга.
Шу куни ойим бизникида эди. У бўздай оқарган, муттасил пичирлаб, ихлос билан дуо қилар, “Парвардигорим, Ўзингга топширдим! Ўзинг сақла!” деб шивирлар эди.
Тонг кўкарди. На ойим бошини ёстиққа қўйди, на мен. У уйдан бу уйга тентираб, товушсиз йиғлайман, кўз ёшларимни тиндира олмайман.
Ойбекни олиб кетган Иванов деган рус зобити эрталаб уни қайтариб олиб келди. Ошиқиб, эшикни очдим.
– Қўрқма! Нега бунча титрайсан? Тинчман! – деди бағрига босиб Ойбек.
У эшикни илгандан сўнггина ўпкамни босдим. Ойбек – у ниҳоят ҳорғин эди, ранги-рўйида қон кў­ринмасди – ўзини диванга ташлади. Ойим чой қай­натиш билан овора. Мен Ойбекнинг қаршисига ўтирдим. У сукунатнинг ўзи савол эканлигини англади.
– Тўғри министрнинг олдига олиб бордилар. Унинг кабинетида икки-уч соат кутдим. Сўнг шоҳи тўнга ўралиб чиқди у киши, Худоёрхонда ҳам бўлмаган бундай тўн! – сўйлай бошлади Ойбек. – Министрни баъзан тантаналар ҳайъатида, саҳнада кўрардим. Баланд бўйли, йирик гавдали, девдай баҳайбат, кўзларига қаҳр-ғазаб қуйилган бир киши у! Грузин бўлса ҳам исми-шарифини ўзбекчага мувофиқлаб, Кабулов қилиб олган. Аслида Кабулидзе бўлган.
Ойбек давом этди:
“Сен ёзувчисан. Ёзувчилар орасида шубҳали унсурлар, халқ душманлари кўп. Нега бирор марта келиб айтмайсан? Бизга хизмат қилишни истамайсан!” – деди у дағдаға қилиб. Мен: “Ахир мен шоирман, адибман, бундай ишларни эплай олмайман”, дедим. Шундан кейин унинг ғазаби кўпириб кетди, сўкди, итдан бадтар қилиб ҳайдади мени…
Ойбек кўчага чиққанида, Иванов унга:
“Хафа бўлманг! Министримиз бир оз қўрс, қў­пол одам. Унинг иши шуни тақозо этади”, деб авф сўрагансимон гапирибди.
– Министрингизга айтинг, – дебди Ойбек унга жавобан. – Агар у ички ишлар министри бўлса, мен шеърият министриман. У бугун министр бўлса, эртага унинг ўрнига бошқа одам келади, мен эсам, адабиёт оламида абадий министр бўлиб қоламан!”
Ҳар қандай фақир, оддий одамнинг ҳам нафсониятига тегаверсанг, охир оқибат, у ҳам жиллақурса, сен қатори мен ҳам Худонинг бандасиман-ку, мен ҳам одамман-ку, деб юборади. Ойбек эса оддий одам эмасди – адабиёт майдонининг манаман деган пешқадамларидан эди. Унинг ички маданияти, табиати, ёзувчилар, ёшлар даврасида зинҳор “шеърият министриман!” дейишга йўл қўймас эди. Аммо ички ишлар министрининг уни одам ўрнида кўрмай, менсимай муомала қилиши, ниҳоят, ориятини қўзғаган. Ҳар қалай адабиётга жон бериб хизмат қиляпман-ку, деган нидони пеш қила билган.
“Мен Ойбекнинг бу сўзларидан тезда мамнун бўлдим, – дейди З.Саидносирова. – Кўнглимга ғурур туйғуси тўлиб кетди шу топда.
Бир неча йилдан сўнг Ўзбекистонга ўша грузин ўрнига Гогидзе деган бошқа бир грузин министр бўлиб келди. Бунинг кўзлари аввалгисиникидан ҳам ёмон, ўзи ҳам ундан баттар бадбахт киши эди. Уларнинг ҳар икковлари 1953 йилдан сўнг Берия билан бирга отилдилар”.
Синчиклаб текширилса, Ойбекнинг ҳам(!) ижодидан қусурлар, айб топиш мумкин экан. Жумладан у Навоийни ҳаддан зиёд “идеаллаштирган” эди. Тушкун-пессимистик кайфиятда асарлар битган, яъни эрта бир кун келадиган коммунизмга ишончсизлик руҳида шеърлар ёзган. Ойбек сил касалига йўлиқиб, пулсиз, иложсиз, Ленинградда талаба чоғида кўп азоб тортади. “Хастимом” деган шеъри ўша пайтда ёзилади.
Сирасини айтганда, шоирнинг хасталигидан мутаассир бўлишга ҳаққи йўқми? У ҳам иссиқ жон, шу ҳолатини ифодалаш мумкин эмасми? Душманлар бу фикрга образ бағишлаб “мамлакатни хаста қилиб кўрсатаётир” дейишади. Ана дастак сизга. Демак, шу жиҳатларини ушлаб олиб жазолаш мумкин эди.
Ёзувчилар уюшмасидан Шевердин, Мильчаков ва бир неча бизга номлари таниш, аслида Ойбекнинг адабиётдаги ҳамроҳлари, дўстлари шу айб­ларни тўнкайдилар. Руҳан эзадилар, асарларининг чиқишига йўл бермай қўядилар. “Халқ душмани” деган тамғани босишга чинакам уринадилар. Булар асли кўролмаслик билан қилинаётган ҳаракатлар эди. Рост-да, нега кимсан фалончи-фалончилар қамалиб, отилиб, сургун қилиниб кетадилару, бу гигант ёзувчи ақалли бирон марта қамалмаса-я. Жуда бўлмаганда танқидга учраб, бадном бўлсин ахир!
Бадниятлар бунга эришолмайдилар, чунки бу гал ҳам омад деган нарса Ойбекдан юз ўгирмаган эди. Фақат бир аянчли асорат қолади: Ойбекнинг қон босими ҳаддан ортиқ кўтарилиб инсультга учрайди, тилдан қолади. Узоқ муолажа ва эҳтиёткорлик, парҳез натижасида сўзлай олиш қобилияти нисбатан тикланади. Аммо бундан бу ёғига у эҳтиросга берилмаслиги, ҳаяжонланмаслиги, қайғурмаслиги керак эди.
Ойбекда юз берган хасталик ҳам уларга қувонч бағишлайди.
Кўролмаслик нақадар бедаво иллат!
Йигирма йилча бурун катта бир йиғинда Президентимиз қатағон йиллари қурбонларининг ҳур­мат-эҳтиромини жойига қўйиш ташаббуси билан чиқдилар. Шунда бир адиб уларнинг қатағонга учрашига сабаб бўлган айбдорларни ҳам очиқ айтиб, халққа ошкор қилайлик, деди.
Бундай олганда халқдан яширин нарса ўзи йўқ.
Жабр кўрган, қамалган, қурбон бўлган инсонларга эҳтиром кўрсатилишининг ўзиёқ, ниҳоят, улар учун адолат қарор топганлигини, қолаверса, айбдорларни қоралаганимизни билдиради. Президентимиз айбдорларни номма-ном айблашга шу сабабли қарши эканлигини билдирдилар. Чунки мен оқ эдиму у қора эди, деган тортишув, ўзаро адоват тағин юзага келишини таъкидладилар…
Бундай адолатли фикр олдида ҳамма бош эгади.
Ойбек ўша министр олдида ўзига хайрихоҳ, ке­йинчалик оёғига чанг солиши мумкин бўлганларни “чақиб, уларга айб тўнкаб, ўзини оқлаб” чиқса ҳам бўларди. Эҳтимол, унинг ўрнида бўлганда кимдир шундай қиларди. Демак, унинг кўнглида бировга ёмонлик соғиниш асло бўлмаган. Шунинг учун энг аввало, ўзини қийин аҳволга қўйиб чиқди. Бу ҳам мардлик. Бу – жасорат!
Агар 30-йиллар адабиёт оламида юз берган талотўп, саросималикларга эътибор бериб нигоҳ ташласангиз, А.Қодирий ижоди ва шахсини қораламаган бирорта адиб ёки адабиётшуносни топиш қийин. Бироқ, биргина Ойбек Қодирий ҳақида ижодий фазилатларини, улкан ёзувчи эканини таъкидлаб, таҳлил қилиб мақолалар ёзган, ёзолган эди. Бу ҳам мардлик эмасми?
Ойбек кўпгина тарихий асарлар ёзишни мўл­жал­лаган эди. Темур, Бобур, Бухоро амирлигининг сўнгги кунлари ҳақида ашёлар тўплаб юрган эди. У ўзининг хасталигини ўйлаб кўп безовта бўлмасди. Имкон борида ёзиш керак дерди. Маломат ёғилса ҳам, очиқ душманлик туғилса ҳам ичига ютарди, қарши курашишга вақт сарфлаб ўтирмасди.
Эҳтимол, шунинг учундир, Ойбек нисбатан қисқа умр кўрди. Адабиётимиз тоқини мангу безаши мумкин бўлган йирик насрий асарларини ўз қалби билан олиб кетди. Бироқ, барибир ундан улкан адабий мерос, жуда тиниқ, жуда жозибали, эҳтиросли шеърлар қолди.
Ва… гўзал оила қурди, бу оилани бир қўрғон ка­­­би асрай билди, фарзандларининг барчаси катта зиёлилар, ҳатто академик бўлиб етишди. Муҳими, у қалбини, ўзини ҳам сақлай билди, сотилмади, сотмади. Миртемир каби армонлари ўзи билан кетди.
Мен Ойбек хонадони билан таниш эмасман. Бирор тадбир ёхуд юбилей муносабати билан ҳам ёзаётганим йўқ бу гапларни.
Ойбек даҳосига, Ойбек салоҳиятига, қолаверса, метиндек матонатига эллик йиллар ортдаги авлодларнинг бир иқрори, тасанноси деб қаралса бўлар.
Зеро, замонлар, даврлар ўтар, авлодлар ўзгарар, бироқ Ойбек феномени, Ойбекнинг бизга замоннинг беаёв зарблари қошидаги темир иродаси, заҳмати, меҳнати намуна бўлиб қолаверади. Таъзим деймиз.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 3-сон.