Шукур Холмирзаев. Ўттиз беш ёшда ҳам

Ёзувчи Эркин Аъзамовга мактуб

Эркинжон, яқинда юртдан келдим. Тўғрироғи, Деновдан, Зойир Мамажоннинг тўйидан. Кенжа қизини чиқарди. Анча ҳорғин кўринди бу долиғули укам. Битта тўйлар Зойирдек йигитларни бунчалар толиқтирмасди-ёв. Тўғри, газетанинг иши ҳам оғир, айниқса, уни “Чағониён” қилиб чиқараман десанг. Қолаверса, “зўравон”лардан шикоятчилар кўп келишаркан редакцияга. Ходимлар маслаҳат бериб қайтаришса ҳам келишавераркан: ишонишади-да газетасига. Мен дадил айта оламан: “Чағониён” — тўртинчи ҳокимият бўлибди.
Тўйда Гелдимурод Саидмаликовни ҳам кўрдим. Елкаси пасайиб, ёшига ярашмаган бир юриш билан биз ўтирган уйнинг деразаси пастидан ўтди. Мен дарҳол ўрнимдан турдим. Ана, қучоқлашув, мана қучоқлашув!
Эй, Эркинжон, нимага мундай, а, менинг энг яхши кўрган-ишонган ука-шогирдларим… Негадир қамалади. Зойир акангизни биласиз, икки марта қамалиб чиқиб, яна газетаси муҳаррирлигини олди: айбсиз-да! Мана, Гелдимурод ҳам уч йил “ётиб” келди. Сабабини ҳеч ким тушунтириб беролмайди. Аммо унга тағин вилоят газетаси муҳаррирлигини таклиф этишганда, Гелдимурод кўнмабди. “Раҳмат”, деб, “Термиз оқшоми” деган янги бир газета очибди. Мен уч-тўрт сонини кўздан кечирдим ( Тошкентга келгач). Вей, биронта мақоласини ҳам кейин ўқийман деб ўтиб кетолмайсан: бари қизиқ, маъноли, маърифатга чорловчи.
Айтмоқчи, базм оқшоми Хуррам акангиз (Мақсадқулов) билан бир хонада ётдик. Эй, яхши шоир-а, шу йигит? Аруздаги шеърларидан талайини ўқиб берди. Маза қилдим. Кейин Менгзиё акангизни (Сафаровни) эслашдик. У ҳаёт бўлганида, меҳмонхона тўлиб турарди шовқинга… Шафоат Раҳматулла Термизийни суриштирдим. Келиб қолар дейишди. Келиб қолмади. Тожиддин Раззоққа ҳам илҳақ бўлдим. Гумбирлаб кириб келиб, дунёнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқадигандек бўлаверди. Кўп ўқиган, кўп нарсани билади-да, хумпар. Эй, Эркин, одам ортиқ даража билимдон бўлса ҳам, бошқаларни толиқтириб қўйиши мумкин экан. Ёки хижолат торттирар экан. Дарвоқе, Тожиддиннинг мақолаю эсселарида ҳам шу — тиғиз билим кўзга ташланади. Айтмоқчи, сизнинг “сценарий”ингиз асосида олинган “Дилхирож” филми ҳақида “Моҳият”даги чиқишида ҳам шу аҳволни кўрдим… Эркинжон, филмингизнинг номи хусусида мухбир берган саволга режиссёрингиз ҳам жўяли жавоб беролмади. Ахир, бу оддий гап-ку: дил — дил, хирож — бойлик…
Ҳа, майли. Шундай қилиб, тўйнинг эртаси Тошкентга қайтдим. Зойиржон Булунғургача машина қилиб берди. Бойсунда тўхтамай ўтдим. Лолазор, лолазор…
Тошкентга — боғчамга етиб келдим-у, чўзилиб қолдим. Уч кунда у ёғи — 1000, қайтиши ҳам — 1000 километр бўлган йўлни босиб ўтиш оғирлик қиларкан энди каминага. Бунинг устига, тўйхонада ҳалиги исқотидан унча-мунча отилган эди. Ўшанинг асорати эзди акангизни… Кейин, одатдагича, жавонда ётган китоблардан олиб варақлай бошладим. Ёзолмаганингдан кейин аҳволинг шу-да. Қарасам, китобларни аввалбаҳор хатм қилиб қўйган эканман. Ўйланиб, роҳатланиб… ҳа-ҳа, чиндан ҳам роҳатланиб ётдим. Масалан, Ойдин Ҳожиеванинг “Паноҳим” деган бир жилдли асарини аллақачон ўқиган эканман. Ойдиннинг шоирлиги ўз йўлига, китобнинг тенг ярмиси шеърлар, қолган ярми… “ҳикоялар” экан. Ҳа-ҳа, ҳикоялар. Балки кўзингиз тушгандир? Вей, Эркинжон, Ойдин балодай прозаик экан-е! Ҳикоялари… тўғри, тўлақонли ҳикоялар эмас: жанр талабига жавоб бериши учун бир қамчи етмайди; асардан чиқадиган маъно… жўн, ҳатто йўқ даражада. “Одамларимиз яхши-да”, деган гап, холос. Бироқ, Эркинжон, шундай чиройли, шундай дилкашлик билан, самимий тасвирлаганки, унинг болалиги ўтган қишлоқ чизгиларини ўқиганимда ўзимизнинг Бойсунни (Усмон Азим тасвирламиш) асл қиёфаси кўз олдимдан ўтди. Ҳа, ўша ибтидоий Бойсун… …Ўзидан кетиб қолган Бойсун. Бинобарин, Ойдиннинг ҳам туғилган гўшаси — Бухоронинг Бўстон қишлоғига ҳаёт ўз таҳририни киритгани шубҳасиз. Аммо Ойдиной туркумни шундай тугатадики, Бўстон жилла ўзгармай қолиб келаётгандек, ўша одамлар — ўша одамлардек. Қизиқ, ишонгинг келади…
Фаҳмимча, Ойдиндан яхшигина ёзувчи чиқаркан-у, вақтни ўтказиб юборибди-да. Энди унинг қаламида қандайдир титроқ, ҳасрат оҳанглари сезилаётир…
Уялаб ётиб варақлаган иккинчи китобим файласуф Тилаб Маҳмудовнинг “Оққан дарё…” деган бир жилдлик… ҳикоялари бўлди. Эркин! Бу жилмайган философ ҳам аслида ёзувчи бўлиши мумкин бўлган бир ижодкор экан. Унинг ҳикоялари тахминан ўттиз йиллар мобайнида ёзилган. Ҳажман кичик-кичик, уч-ўрт, 5-6 саҳифа келади. Мазмуни тиғиз, бўлиқ… Тағин: Тилаб Маҳмудов ҳикоя жанрини писанд қилмайдиган бир улкан адибу ушбуларни қўл учида ёзиб ташлагандек таассурот қолдиради. Аммо аслида — ҳаваскор адиб, холос. Шуниси борки, танти, камгап ва маданиятли, гап-гурунгнинг меъёрини билади. Билади! Назарий жиҳатдан ҳикоя нима эканини билишига ҳам шубҳам йўқ, албатта. Аммо қанча файласуфу адабиётшунослар жанр нималигини кўзларини юмиб айтиб беришади. Айтиб беришади, холос… Эҳтимол, Озод ака улардан мустаснодир. Эркинжон, домламиз ўзининг “Эътиқодимдан нега қайтдим?” деган мардона асари билан ўзига ҳайкал қўйди, а? Ул асар… йўқ, у — роман эмас, чала роман. Тўғрироғи, публицистик роман. Агар шундай роман бўлса… Ҳай, майли, роман бўлмаса бўлмабди-да. Барибир бошингни кўтармасдан ўқийдиган асар бўлибди. Умуман, Озод ака кейинги йилларда жуда очилди. Кўз тегмасин… Гапимиз Тилаб аканинг ҳикоялари ҳақида эди. Кизиқ-да: айрим ҳикоялари, худо ҳаққи, чеховона, қаҳҳорона усулда ёзилган. Ва хулосаси ҳам аниқ — сюжетдан ситилиб чиқади. Баъзи ҳикоялари эса… анчайин мақоладан фарқсиз.
Ҳа-е, Эркинбой, нима десангиз ҳам, мен Тилаб аканинг асарларини ўқиб чиққач, “аттанг, Ойдинга ўхшаб вақтни ўтказиб юборибдилар-да бу кишим ҳам”, деб ачиндим.
Хўш, қўлга олган учинчи китобим — жанобларининг “Пакананинг ошиқ кўнгли” эди. Эркинжон, китобингизни ўқиганимга анча вақт бўлган, бироқ, ҳамон ўшанинг таассуротидан маст бўлиб, Сурхонга йўл олган эдим… Энди, гапнинг бўларини айтсам, Сиздан… кутмаган эдим бундай асарларни! Сиз депутатлик иши билан, журнал ташвиши билан бўлиб кетиб, ижодга танаффус эълон қилгандек эдингиз. Ана шунинг учун ҳам тўпори акангиз Сиздан бир жаҳли чиққанида, Сизларнинг авлодларингиз ҳақида, умуман, чунончи, Мурод Муҳаммад Дўст ва бошқа тенгдошларингиз ҳақида ҳам шундай ҳунук гап қилган эдим: “Буларнинг умри ҳам ижоди каби 35 ёшида тўхтаб қолгандек туюлади”, деганман. Матбуотда чиққан. Энди биламан: дилингиз ранжигани рост экан. Балки шу боис кейинги йиллар мобайнида дўстона гаплашмадик ҳам: Сиз ҳам ўзингиздан билиб жаблашиб келмадингиз, мен ҳам ўзимни тортиб юравердим…
Мана, китобингизни ўқидим-у, ҳайҳот, ноҳақ эканимни тан олдим. Ва сизлар каби ёзувчилар ҳақида ўйлаброқ сўзлаш лозимлигини ўзимга бот-бот уқтирдим. Алқисса, яна матбуот орқали ижодингиз ҳақида фикр айтиб, шу баҳонада кўнглингизни топгим, узримни айтгим келди, вассалом.
Эркин, асарларингиз ҳақида гапирайми энди?
Қуллуқ.

2

“Пакананинг ошиқ кўнгли…”

Сарлавҳани ўқибоқ ғижинган эдим. Одамларнинг нуқсонли томонларини мундай рукнга олиб чиқишмас эдилар-да, одатда! Биласиз-ку ўзингиз? Ахир, бировнинг дилига озор етказишдан нари қочадиган йигитсиз. Бироқ қоғозда…
Қоғоз кўтараркан. Ҳар қандай юкни ҳам, масалан, ҳақоратни ҳам… Тўғри, Сиз Паканани “ҳақорат” қилмайсиз. Аксинча, ҳар саҳифада уни авайлаб, елкасини силаб қўясиз. Кейин… зўр-зўр, деб туриб, кулиб юборасиз-да: “А, энди Пакана-да! Пакана!” деб такрорлайсиз. Гўёки, шу билан ул бечорага ўзингиз кашф этган сифат тамғасини яна ёпиштирасиз… Ишонинг, Эркин, ёрлиғингиз ёпишмайди. Бунинг устига, “Пакана” атамаси-сифати ушбу ҳолида бирон-бир маънони англатмайди. Ахир, Пакана ҳам — одам, фақат бўйи пастроқ, холос. Хўш, бўйи пастлик унинг характерини белгилайдими? Йўқ… Унинг характерини ана шу паканаликдан келиб чиқадиган қандайдир аламми, бўйи расоларга рашкми, Наполеон генералига айт ганидек — новчани “бир бош пасайтириб” қўйиш истагими белгилаши мумкин эди.
Бу — омма тушунадиган ва тан олинган жиҳат эдики, шак келтириб бўлмасди.
Мен шундай пакана кишиларни ҳам биламанки, улар камтар, камсуқум бўлганлари ҳолда Обид қизиққа ўхшаб, ўзларининг бўйларидан кулишади ва бўйчанларга на ҳавас, на-да ҳасад билан қарашади: улар — кучли одамлар.
Аммо, “паканалик” характернинг ҳал қилувчи жиҳати бўлмагандек “ошиқлик” ҳам — характернинг ҳал қилувчи жиҳати бўлолмайди. Бу — жозиба ҳисси асарда тасвирлаганингиздек эгасини жазавага солади. Ва кейин ўз-ўзидан сўниб кетади…
Хўш, Паканани Ҳаракатга келтирувчи Куч нимада? Асарингизда… йўқ у куч. Қаҳрамонга зулм қилиб, “севди, ошиқ бўлди, вассалом!” деб туриб оласиз…
Ахир, сиз “характер” деган муқаддас калима нималигини яхши билардингиз дейман? Тўғри, аксар асарларингизда бу ҳол унчалик сезилмасди: яъни қаҳрамон ҳолатига тушиб ёзганингиз учун… Қаҳрамонни Сиздан, Сизни қаҳрамондан ажратиб олиш душвор эди. Шундай эса-да, биз, қаҳрамонингизга мутлақо ишонардик…
Айтмоқчи, “Шукур акам тутун қайтара бошлади-ку?” деб жилмайиб қўйгандирсиз.
Шу тобда маҳмадоналикнинг хонаси келиб қолди-да, ука… Мен Сизга сизнинг асарларингиз ҳақида ҳеч қачон ёлғон сўз айтмаганман. Ҳатто шу жиҳатим билан айрим ижодкорларни ҳайрон қолдирган эканман ҳам. Эсингиздами, 70-йиллар эди. Қандайдир бир ҳикоянгиз қўлимга тушди: ўшанда “Шарқ юлдузи” наср бўлимининг мудири эдим. Ўқиб чиқдим. Негадир, ёқинқирамади. Ва Сизга қўнғироқ қилиб, ушбу таассуротимни очиқ айтдим. Сиз оташин бўлиб кетдингиз. Ҳа. Кейин: “Тағин бир марта ўқиб чиқинг, Шукур ака”, дедингиз. Яна ўқиб чиқдимми, ҳикоянгиз журналда босилдими — эслолмайман. Аммо Сизга қўнғироқ қилганимдан кейин хонада ўтирган ходимлардан бирининг “таассуроти” ҳозиргидек ёдимда. У йигит ишшайиб ўтириб: “Шукур ака, артистлик қилдингиз-а? Эркин Аъзамовни барибир яхши кўрасиз-ку?” деди. “Артистлик? Нима учун артистлик қилар эканман?” деб сўрадим. “Биз учун-да…”
“Вей, Сиз ким бўпсиз ўзи?” деб юбордим, шекилли… Шунақа, бизнинг ўзаро рўй-рост муомаламизни — риёкорлик деб тушунадиган тенгқур ҳасадчилар ҳам бор.
Алқисса, “Пакана…” қиссангиздаги “ошиқ”ликкаю “паканаликка” берилган бот-бот урғуларни хаёлан олиб ташласам, ўз-ўзидан ғамгингина, бип-бинойи қисса натурал ҳолда қолади.
Энди

“Шоирнинг туғилган куни”

га ўтамиз-да? Хўш, бисмилло деб қўлни беринг, Эркинбой, табриклайман. Хўб яхши, замонавий, оғриқли, ҳамма билади-ю, ҳеч ким ёзишга журъат қилмаган мавзуни ишлаб, уни бадиий санъат даражасига кўтариб қўйибсиз.
Эй, Эркин, инвалид шоирни Сибирдан Ўзбекистонга “олиб келиш” фикри қаердан каллангизга келди? Қойил, ука… Топилдиқ, бу. Ман-ман деган каллага ҳам келавермаслиги мумкин…
Афсуски, асарнинг хотимасидаги бир-икки жумла менга унча ўтиришмади. Яъни Сиз шоирнинг вафотидан кейин унинг кимлиги маълум бўлиб адабий давраларда ҳам, масалан, шов-шув бўлиб кетди, деб ёзасиз…
Йўғ-е, йўқ!
Асарнинг руҳига зид келади бу хулоса. Менимча, сўнгги жумлалар тахминан бундай бўлиши мумкин эди: Шоир вафот этгач, ёки ҳалок бўлгач, қўйнидан унинг “шоир”лигини тасдиқловчи ҳужжатлари чиқди. Аммо ҳеч ким бунга ишонмади. Шоир эканига ишонмади?
Ана, фожиа қаерда!
Хўш, навбат

“Навоийни ўқиган болалар”

га келди. Нақадар тиниқ, ҳатто Навоий шеърларидек хаёлчан ва дардчил ҳикоя бўлибди! Навоий бобонинг шеърлари қаҳрамон тилига сингишибгина қолмай, ўзиники бўлиб кетибдики, нутқини ўша шеърларсиз тасаввур этиш қийин… Аммо, Эркинжон, акангизнинг ҳикоя хотимасига (яна хотима) андак эътирози борки, эшитасизми? Эшита қолинг: ҳавойилик жиҳатидан Паканага менгзаб кетадиган қаҳрамонингиз қанчалар нурли, ҳавас қилгудек пок-покиза! Хўш, улки (Сизни) ҳикоя қилгувчи қаҳрамонни севгилиси қошигача кузатиб, вақтини хушлаб борибди. Кейин қайтибди. Ҳикоячи эса давом этиб уч нуқталар қўядими-е, қаторлар орасини ҳаво билан ажратадими-е, у қилиб-бу қилиб, бечора ошиқни ўлдиради… Бунга нима эҳтиёж бор эди? Ё бир маъно борми? Йўқ. Шунчаки… ҳикояни тугатишда оқсаб қолинган…
Ҳолбуки, ҳикоянинг хотимаси ўз ўзидан чиқиб турган эди. Ҳикоя қилгувчи севгилиси қошига бемалол кетди. Ҳа, кетди. Боёқиш ошиқ эса… фидойи ошиқ эса ортига бурилиб, Навоий бобонинг бу дунёда ким маъшуқаси висолига етибдики, масалан мен етибман, мазмунидаги ғазалидан сатрлар айтиб кетаверса… Қор тўзиб ёғаётир. Тўзон ичида паришон йигит жилаётир. Дилгир. Аммо шеърдан баҳра олиб, руҳи кўтарилиб бораётир.
Ҳа, кетаверсин эди! Нима, қаламга олинган одамларнинг қисматини тамоман ҳал қилиб беришга масъул сезасизми ўзингизни? Бунинг устига, Сиз унга “тавсия қилаётган бекат”да тўхтамаса…
Ана шу ”тўхтамаслигини” айтиш билан якунлаш ҳам мумкин эди ҳикояни, менимча.
Жек Лондоннинг бир қизиқ ҳикояси бор. Унда озғин бир аёл эриними, ота-онасиними, ёки юрти-ватаниними кўргани ошиғич равишда Беринг бўғозидан Аляска томонга сузаётир.
Яъни, эскимосларнинг қайиғида сузаётир. Улар тилаган ҳақни бериб бораётир. Улар йўлда, оролчаларда қолаётир, аёл эса яна олға жилаётир…
Аёл совқотган, музлай бошлаган, фақат кўзларида ўт бор.
Ёзувчи туйқусдан ҳикояни тугатиб, хитоб қилади: “Эй, китобхон, сен ҳам қизиқяпсанми бу хотиннинг қаерга шошилиб бораётганига? Шу ҳолида, ўлар ҳолида… — Кейин ўзи жавоб беради: — Мен ҳам унинг борар манзилини билишни истар эдим. Аммо кўриб-билиб турганим шулки, у бир мақсад сари ҳаракатда… Ҳаракат қилаверсин! Яхши-ку!”
Эркинжон, сизга ёзувчиликдан сабоқ бераётганим йуқ. Ўзингиз ўқиб ва уқиб олган ҳамда тажрибадан йиққан сабоқларингиз етук бир ёзувчига етарли эканини асарларингиз кўрсатиб турибди.
Шунчаки, “Навоийни ўқиган болалар…”нинг охири ҳақида та-фак-кур-га берилиб, шу мулоҳазаларни битиб қўйдим. Ҳолбуки, асарингиз қаҳрамони ўлиб бўлган. Демак, бу гапларим ортиқча… Бунинг устига, марҳумнинг орқасидан гапиряпман… Афтидан, Адабиётда Марҳумлар бўлмас экан. Илло, ушбу ҳикоянгизни яна қайта ўқий бошлайин ҳозир — ҳозир қаҳрамонингизга жон кириб, ликонглаб кетади…
Энди, Эркинбой, Тоға ҳақидаги ҳикоянгизни… — Кўзимга тик қаранг — “Классик ҳикоя” дегим келади. Ёпирай, Тоғанинг ҳарактерини қаранг! Қайсарлигини кўринг. Ўз ўлчамидаги ор-номус — унинг инсон сифатида бош хусусияти… Энди асарнинг финалига қаранг. Қандай чиройли якун! Нечоғлик олийжаноб ҳам экан бу қайсар Тоға! Шуниси зўрки, унинг олийжаноблиги ҳам қайсарлигидан келиб чиқади… Ана образ, ана моҳият!
Фақатгина ҳикоянинг кириш қисми мени андак зериктиргани сабабини айтишим керак. Эркинжон, ҳикоя ҳали бошланмагану, образга нега бунча изоҳот-тафсиллар берасиз? Тоғанинг феълу атворини тасвирлашга ҳозирлик кўриш учун унинг қандайлигини шунчалик таърифлаш шартмиди?
Биз яхши биламизки, классик адабиёт насрида, одатда, ҳикоялар, қисса ва романларда ҳам шу усул қўлланилган ва ҳамон у кўпинча амалда бўлиб келаётир.
Бироқ, рус адабиёти “олтин даврни” бошидан кечираётганида, ушбу — асарга “кириш ва образлар ҳақида маълумот бериш” усулига қарши биринчи бўлиб Чехов бош кўтарган эди. “Эй, нима учун саҳнага кирмаган одамнинг таърифини қилиш лозим?” деб ҳайрон бўлган ва ушбу калимани такрор -такрор айтиб қолган эди: “ Ҳикояни… ярмидан бошлаш керак! Токи асар қаҳрамони ўзининг хатти-ҳаракатларида аста-секин намоён бўлсин. Ахир, бу — китобхон учун ҳам қизиқ-ку…”.
Қисқаси, тепадаги гапимни такрорлайман: ҳикоянгиз, умуман, нуқсонсиз ва классик ҳикоя бўлибди. Зар қадрига заргар етади,Эркин! У ҳикояни Африканинг занжи ўқувчиси ўқиб қолса ҳам, тушунади. Илло, унда инсон — мукаммал инсон образи қиёмига етказиб тасвирланган.

“Чапаклар ва чалпаклар мамлакати”

Эркин, бу қиссангиз ҳақида ҳажми ўшанча бўлган мақола ёзишим мумкин экан: вой, даҳшат асар… Гўзал асар! Асарни гўзал қилиб турган омил — демократик тамойиллар руҳида тарбия топган покиза бир инсоннинг диктатура ҳукмронлик қилаётган жамиятнинг афт-ангорига қараб ҳайратланишлари-ю, ундаги ҳар бир шахсга нозик муносабатда бўлиши, диктатура ҳукмронлигидаги жамият ичида яшаб, ҳар қадами хавф остида эканини теран сезароқ эҳтиёт чораларини (китобхон бот-бот маъқуллайди) кўришлари ва ул тузумдаги ҳаёт ҳавасидан зўрға нафас оларкан, ниҳоят, ул юртни тарк этиш муддати етиб қолганда, яъни қаҳрамон озодликка чиқиб кетиш олдидан меҳмонхона деразасидан кўриб қолгани бир қизалоққа муносабатида экан: тавба, бир ёш, ҳали дунёнинг борди-келдисидан бехабар соддагина қизалоқ — бахтиёр, қувнаб-қувнаб арғимчоқ учаётир. Меҳмонхона пастидаги ҳовлида…
Асар қаҳрамони уни кузатиб туриб кўзига ёш олади. Ва аллома шоир Абдуллажон Орифнинг ўта машҳур “Олтин балиқча” шеърини эслайди. Ҳа-да, ўша шеърдаги балиқчанинг худди ўзгинаси эмасми бу қизча?..
Вей, қандай нозик ҳис этибди қаҳрамонингиз ул қизчага муносабатини! Ишонинг-ишонманг, арғимчоқ учаётган қизчани “кўрибоқ” мен ҳам шоирнинг ўша шеърини эсга олган эдим… Нақадар рост туйғу! Туйғудаги муштарак онлар…
Шу, шу эмасми — Адабиёт!
Қутлайман,Эркин Аъзам!
Дарвоқе, нега уни бунчалик қисқа қилиб ёздингиз-а? Нега қулочни каттароқ отмадингиз? Жон-жон деб ўқир эдим! Ахир, бу асарнинг мазмуни бизга бир қадар таниш бўлса-да, уни натурал ҳолида кўрсатгансизки, тасаввур қилинг, “Робинзон Крузо”ни ўқигандек, ҳатто унинг оламига тушгандек ҳис этдим ҳам…
Қолаверса, Эркинбой, диктатура ва диктаторлик тузумлари ҳақида кўп гапирамиз. Айниқса, назарий жиҳатдан гап сотишга устамиз… Керак бўлса Римдан, Цезардан ҳам ошиб тушамиз…
Ва, керак бўлса, юнон алломаларининг диктаторлик тузумлари таърифидаги рисолаларни тилга оламиз…
Аммо диктаторлик тузумини бу тарзда жўнгина қилиб тасвирлаш… вай, даҳшат бўлар экан. Энг қизиғи — ундай тузумнинг қандай бўлишлиги шундоққина кўз ўнгингда намоён бўлар экан…
Қувониб сўзлаш ҳам уф… толиқтираркан одамни… Бу — асло миннат эмас: ҳолатимни яширмаяпман, холос.
Энди, асл муддаойимга қайтсам, нима десам экан, сиз ўттиз беш ёшингизда…
Узр, дўcтим. Қайтанга, ўсган экансиз. Шахс сифатида ҳам. Граждан-фуқаро сифатида ҳам, адабий маҳоратни эгаллаш бобида ҳам, ҳатто бир давлат арбоби-вакил сифатида ҳам…

3

Энди нима ҳақида гапирайин, укабой?
Ҳа-я, соғ-саломат юрибсизми, шердек бўлиб? Жиянлар чопаяптими? Иш кетаяпти…
Мендан сўрасангиз, соғлиқдан қисилиброқ турганим сабаби, нима бало бўлиб, Эркин билан очиқчасига гаплашиб қолай дедим шекилли… Мана, натижаси. Э, йўғ-е бу мактубни битиш фикри асарингизни ўқиб чиқиб, мулзам тортганимдан кейин туғилганди.
Айтмоқчи, Мурод Муҳаммад Дўстниям кўрмаганимга ҳам ўн йиллар бўлди. Эшитишимга қараганда, янги асар ёзаётган экан… Аҳ, қандай табиий, тўпори ёзувчи!
Ана, хаёлларим унинг ҳикояларига кета бошлабди. Ана “Дашту далалар”га чиқаётирман… Стоп! Кабинетимдаман — боғдаги ҳужрамдаман… Сизнинг — яъни Эркин Аъзам деган ёзувчининг асарларини варақлаб муҳокамани давом эттираман. Муҳокама эса чексиз, чексиз кўринади…
Хуллас, мурод-мақсадимга етдим, десам бўлади. Ҳозирча бўлади. Сиз билан озгина суҳбат қурдим, Адабиёт ҳақида ҳам гапирдик: азиз насримиз ўтган бу ўн йилликларда ҳам ғимирлаб юрган экан… Кейин Сизнинг асарларингиз ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдиришга ўтдим…
Энди учрашиб турармиз, дейман. Демак, асарларингиз ҳақида яна гаплашамиз…
Кўришгунча хайр.

Дўрмон, 2002 йил июн.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 28-сонидан олинди.