Шуҳрат Ризаев. Шуҳрат: шоир – таржимон

Атоқли адиб ва шоир Шуҳрат (Ғулом Алимов) асосан наср ва назмда ижод этиб, элга танилган бўлса-да, бадиий таржима соҳасида ҳам ибрат бўларлик кўпгина ишлар қилди, замонлар оша эскирмайдиган гўзал таржималари билан китобхон қалбидан жой олди.

Шуҳрат долғали 1918 йилнинг 19 апрелида таваллуд топиб, фоний оламда 76 йил умр кечирди. Синовларга, ҳаёт машаққатларига тўла йилларни бошдан ўтказди. Балки ана шу ситамли кечмишлар сабабми, адиб тинимсиз ижод қилди, насрда, шеъриятда, драматургияда, публицистика ва бадиий таржимада ўзига хос намуналар қолдирди. Албатта, савол туғилади – нега ситамли кечмишлар сабаб дея. Гап шундаки, бадиий ижод дард ҳосиласи, изтироб, руҳий қийноқлар натижаси. Ҳазрат Навоийдан шундай байт келади:

Эй Навоий, сену Хисраву Жомий таври
Санъату рангни қўй, керакдур дард ила сўз.

Ғазал бобида устод мақомига кўтарилган салафлари Хисраву Жомий каби ҳазрат Навоий ҳам шаклу шамойил, рангу жилваларни эмас, дарду армонларни шеърда – сўз айтишда энг асосий мақсад деб билади. Адабиётнинг тиргак – устуни дард дейди. Улуғ бобомизгача бўлган адабиёт каби, у зот замонида ҳам ва албатта, ундан кейин ҳам дардли сўз, дарднинг миқёслари бадиий ижоднинг таъсир қуввати ва аҳамиятини белгиловчи бош мезон бўлиб қолди. Бунга юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Худди шу фикрнинг исботини Шуҳрат домла шеъриятида ҳам бот-бот учратамиз.

Шеър нима? Кўнгилда йиғилган армон,
Димоғни ачитиб келган кўз ёши.
Ё зулм тиғида шаҳид кетган жон,
Умиднинг булутда қолган қуёши!
Шеър нима? Интизор кўзлар боқиши,
Ўртанган юракнинг ёниқ сўзидир.
Нур билан тўлғониб,
Дард билан ёниб,
Қалбингни ларзага солиб келади…

Шуҳратнинг ҳаётида ана шундай юрак ўртанишларига, дард билан ёниб куйлашига боис бўлган аламли кунлар кўп кечди. Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида қўлига қурол тутиб курашди, яраланиб, уруш асоратларини ҳам дилида, ҳам танасида туйди. Даҳшатли мухорабанинг захми кетмай, отаси Аминжон акани тупроққа қўйди. Кейин… кейин сотқинлик, хиёнат ва турли фитналарнинг қурбонига айланиб, айбсиз айбдор бўлиб, совуқ ўлкаларда бир неча йилларни ўтказди. Шоир бу ҳодисалардан ўн беш саналар кейин ёзган “Сен куласан…” шеърига Озарбайжон халқ қўшиғидан бир иқтибос-эпиграф олганди:

Бу қанақа замондир,
Йиғлаган кўп, кулган оз?

Дарҳақиқат, адиб йиғлаган кўпу кулганлар оз бўлган замонда яшади. Баҳоли қудрат ижод қилди. “Шинелли йиллар”, “Олтин зангламас”, “Жаннат қидирганлар” романларини яратди. “Оқибатли кишилар”, “Бир кеча фожиаси” номли қиссалар, “Беш кунлик куёв”, “Қўша қаринглар”, “Она қизим” пьесаларини ёзди. Ижодий таржимаи ҳолни шеър билан бошлаб, шеър билан поёнига етказди. 1935 йилда илк шеърлари матбуотда эълон қилингандан бошлаб ҳисоб қилинса, ҳаёт саналарининг бирор кун-ҳафтаси йўқки, шеърга сомелик бўлмаса. Шу тариқа шоирнинг “Ҳаёт нафаси”, “Қардошлар”, “Сенинг севгинг”, “Ишқингда ёниб”, “Кечки нурлар”, “Лирика”, “Ёшлигимнинг давоми”, “Қалбим жилоси”, “Шайдо кўнгил”, “Ҳали тун узоқ” каби ўнлаб лирик тўпламлари дунё юзини кўрди. Айтиш ўринлики, адиб ҳаётининг барча мураккаб, таҳликали йиллари юқорида зикр этилган қатор асарларнинг дунёга келишига доялик қилди. Шу алфозда дарду армонлар гоҳ-гоҳида юз кўрсатадиган қувонч-шодликлар билан қўшилиб, XX аср ўзбек адабиётининг яна бир атоқли намояндасини намоён этди. Албатта, Шуҳрат домланинг баракали ижод хирмонидаги таржима асарлари ҳам у зотни устоз сифатида ўрганиш, бисотидан баҳраманд бўлишга арзигулик ҳодиса ўлароқ яшаб қолди.

Шуҳрат ака турли йилларда завқ билан жаҳон адабиётининг буюк ва таниқли вакиллари А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А.Некрасов, А.Фет, Гейне, А.Мицкевич, Леся Украинка, Р.Тагор, Илья Чавчавадзе, В.Маяковский, Якуб Колас, Аветик Исаакян, Абдулла Тўқай, Хо Ши Мин, Г.Леонидзе, Иоганнес Барбарус, Степан Шчипачев, Шайхи Маннур, Маро Маркарян, Жумағали Саин, Абдулла Тожибоев, Платон Воронько, Пимен Панченко, Танзила Зумақулова, Ота Отажонов, Давид Қуғултинов, Суан Зьеу, Муса Ғали, Вадим Сикорский, Ибройим Юсуповлар шеърларини она тилимизга ўгирган ва уларнинг аксариятини ўзбек ўқувчисига илк бор таништирган. Ўзбек тилида алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган Николаз Бараташвили, Якуб Колас ҳамда япон шоирларининг “Хиросима фарёди” номли китобларининг тузувчиси ва таржимони бўлган. Таржимон Шуҳратнинг аксарият таржималари, баайни шеърий туркумлари каби, тасодиф эмас, балки асосан муайян муносабат, айниқса, турли сафарлар таассуротида амалга оширилган. Европа бўйлаб денгизу дарёлар оша қилинган саёҳат “Дунай соҳиллари” туркуми ёки Кавказ республикаларига қилинган сафар “Кавказ дафтари” туркумига асос бўлганидек, мазкур ўлкалар шоирлари шеърияти билан танишиш, замонавий шоирлари билан дўстлашиш натижасида адабиётимиз хазинасини бойитган кўпгина таржима асарлари ҳам пайдо бўлдики, бу ўз навбатида адабий алоқаларнинг кучайишига, ижодий ҳамкорликларга кенг йўл очди. Худди шу фикрни Шуҳрат домланинг Японияга саёҳати туфайли дунёга келган “Хиросима фарёди” тўплами муносабати билан ҳам айтиш мумкин. Қирққа яқин замонавий япон шоирларининг шеърларидан тартибланган тўпламнинг босқинчилик урушига, офат ёғдирувчи атом бомбасининг даҳшатларига қарши эҳтирос билан яратилган ягона мавзудаги шеърлардан иборат китобнинг пайдо бўлиши ўша даврлар учун ҳам, бугунги кун учун ҳам бирдай аҳамияти бор, албатта. Бу, аввало, мавзунинг долзарблиги йўқолмагани билан изоҳланса, иккинчидан, шундай мақсадли йўналтирилган тўпламларга маънавий эҳтиёжнинг кучаяётгани билан ўз исботини топади. Айни чоғда шоир Шуҳратнинг таржимонлик маҳорати ҳақида сўз юритишга ҳам тўла асос беради. Масалан, Наоки Усамининг “Ғамгин кўзлар” шеъри илк сатрлари таржимада шундай янграйди:

Олча пушти гуллари
Нурга тўлганда,
Баҳор кўрки кундан-кун
Яшнаб кулганда,
Нега ғамгин боқасан
Нега бу туриш,
Эй, нотаниш гўзал қиз,
Эй тамакфуруш?

Ёки Кёсукэ Симадзунинг “Окинава” оролига бағишланган шеъри шундай бошланади:

Бу ороллар гўё денгиз
Чаманида гулдаста.
Дала-қирга даста-даста
Сочилган минг ҳавасда.

Шеършуносликда аллитерация – товушлар уйғунлиги, риторик мурожаат, тўқ қофия каби атамалар билан юритиладиган ижодий ҳодисаларнинг ёрқин мисоли бўлган бу мисралар том маънодаги бадиий маҳорат белгиларидир. Атоқли таржимон ва олим Иброҳим Ғафуров ёзади: “Биз кўпинча таржимонга индивид деб қарашни унутиб қўямиз. Ҳолбуки, таржимон ҳам ижодкор индивид. Демак, унинг ҳам ўз тасвир манераси, жумла қуриш усуллари мавжуд. Айниқса, шоир таржимонда ва адиб таржимонларда бу ҳодиса жуда характерли ва ёрқин намоён бўлади”. (И.Ғафуров. Таржимонлик мутахассислигига кириш. Т., 2008й. 79-бет).

Озарбайжон тилидан ўгирилган мана бу мумтоз сатрлар таржимоннинг индивид, тенг-тўшли шоир-таржимон эканига яна бир мисолдир.

Ҳар етук гўзални гўзал демасман,
Гўзалда бир ғайри аломат бўлар.
Сочлари бир ёнда, бели бир ёнда,
Ўзи билмас, ўзида бир одат бўлар.

Мулла Паноҳ Воқифдан олинган бу сатрларни Шуҳрат домла алоҳида ихлос билан таржима қилганки, худди бошқа бир озарий улуғ шоир Фузулий ўзбек халқининг ўз шоирига айланиб кетганидек, мазкур сатрлар ҳам ўзбек халқининг суюмли қўшиқларига айланиб, аллақачонлар қалбидан жой олган. Умуман, Шуҳрат домланинг Озарбайжон шеъриятига муҳаббати бўлакча эди. У Воқифдан ташқари Самад Вурғун, Микоил Мушфиқ, Сулаймон Рустам, Расул Ризо, Наби Хазрий каби қатор шоирларни алоҳида меҳр билан ўз она тилига ўгирган, айрим ўзига замондошлари билан қалин дўстона ришталар билан боғланган эди. У Озарбайжонга бир неча бор сафар қилган, унинг шеърлари озар тилида ҳам қайта-қайта чоп этилган эди. Бинобарин, домла таржимачиликни ҳақиқий ижоднинг тўлақонли бир ёналиши сифатида тушунар ва жуда жиддий муносабатда бўлар эдилар.

Камина ўтган асрнинг 70-йиллари Шуҳрат домла билан фарзандлари Бобур Алимов туфайли танишиб, бир неча бор суҳбатларида бўлганимда, таржимонлик амалиётларига доир баъзи фикрларини эшитган эдим. Кунларнинг бирида, ҳали Шуҳрат домла хасталикка йўлиқмаган паллалари, уйларига борсам, ишлаб ўтирганларини айтишди. Бирор соатлардан сўнг қўлларида кўзойнак, ишхоналаридан чиқиб келдилар. Саломлашгач, қандай иш билан банд эканликларини сўрадим. Грузинларнинг XIX асрдаги мумтоз шоири Николаз Бараташвили шеърларини таржима қилаётганларини айтдилар. “Бор-йўғи ўттиз еттита шеъри маълум, аммо ҳар бири бир дунё. Шу кичкинагина тўплам бўладиган шеърлари билан жаҳон адабиётига кирган шоир. Гуржилар ҳам шеърни, шоирнинг қадрини биладиган халқ. Умуман, ҳақиқий шоир бир сатриданоқ билинади. Фақат бир-икки мисраси билангина шуҳрат топган шоирлар ҳам бор…”.

Вақти-соати билан Шуҳрат домланинг таржимонлик фаолияти ва маҳорати борасида ҳам тадқиқотлар яратилар. Қўлланма-дарсликлардан жой олар. Бунда, албатта, қатор мисоллар келтирилиб, муқоясалар қилинар. Лекин устознинг ўзлари айтган ўша фикрни бироз ўзгартириб ўзларига нисбат бериб айтсак, айни адолатдан бўлади: ҳақиқий таржимон биринчи сатриданоқ билинади…

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон