Шафоат Раҳматулло Термизий. “Шоҳнома”нинг қалам ҳақи

Ўтмиш аждодларнинг ҳикояларига кўра, Фирдавсий “Шоҳнома”ни 40 ёшида бошлаган. Бу милодий 980 йилларга тўғри келади. Унга ўша пайтдаги Тус вилоятининг ҳокими Қутайба китоб ёзиш учун барча шароитни муҳайё қилиб беради. Уни барча солиқлардан озод қилиб қўяди. Фирдавсий “Шоҳнома”ни ёзаётганда унинг ёнида ҳамиша Абу Дўлаф деган киши ровийлик қилиб туради.

Абу Дўлаф Эрон шоҳлари сулоласи ривоятларининг мукаммал билимдони эди. Буни Фирдавсийнинг ўзи ҳам миннатдорлик билан эслайди. Абу Дайлам деган шахс эса Фирдавсийга котиблик қиларди. Фирдавсий китобнинг биринчи таҳрири қораламасини 994 йилда қўлдан чиқаради. Лекин ундан кўнгли тўлмайди. Яна 16 йил унинг устида ишлайди ва 1010 йилда шоҳ асарини мукаммал тугатиб, Абу Дўлаф билан Ғазнага Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳузурига жўнайди. “Шоҳнома” Султон Маҳмуд Ғазнавийга бағишланган, 7 жилд нусхада кўчирилган эди. Фирдавсий катта мукофотга лойиқ китоб ёзганлигини билар, яккаю ёлғиз қизи учун сепликка катта пул ундириш умидида эди.

Улар Ғазнага етиб келиб, Султон Маҳмуднинг кўкалдоши, вазир Хожа Ҳасан Маймандийга тугалланган “Шоҳнома” хабарини етказади. Хожа Ҳасан зукко киши эди, шеъриятни яхши кўрарди. Бунинг устига султоннинг ҳам Фирдавсийга мойиллиги бор эди. Аммо саройда Хожанинг душманлари ҳам талайгина эди. “Шоҳнома” хабари Султонга етгач, у саройда машварат ўтказиб, “Фирдавсийга нима берамиз?” деб аёнларидан сўрайди. Бу йиғинда, афсуски, Хожанинг мухолифлари кўпчиликни ташкил қиларди, Хожа ёлғизланиб қолади. Мухолифлар бир овоздан: “Унга ўн-ўн беш минг дирҳам ҳам етади”, дейишади.

Султон Маҳмуд кўпчиликнинг раъйига қарши боролмайди. Фирдавсийга йигирма минг дирҳам юбортиради. Вазир Хожа Ҳасан Маймандий эса тил тишлаб қолади. Фирдавсий бундан қаттиқ ранжийди. Ҳаммомга тушиб роса бўзахўрлик қилади-да, пулнинг ярмини ҳаммомчига, ярмини бўзачига бериб, кечаси Ғазнани тарк этди. Олти ой ҳеч кимга кўринмади. Юз байт “Шоҳнома”га дебоча ёзиб, Султон Маҳмудни ҳажв қилди. Кейин китобни кўтариб ўзининг вилоятдоши Табарон ҳокими Шаҳриёр ҳузурига борди ва ҳажвиясини ўқиб берди. Шаҳриёрга “Мен китобни Маҳмудга эмас, сенга бағишлайман”, деди. Ҳоким унга: “Эй устод! Маҳмудни алдашган. Китобингни бузиб кўрсатишган, сенга туҳмат қилишган. Бундан ташқари Маҳмуд менинг ҳукмдорим, китобни унинг номида қолдиравер! Ҳажвияни эса менга бер, мен уни йиртиб ташлай, сенга эса эвазига бирор нарса бераман.

Эртасига Фирдавсийга юз минг дирҳам билан қуйидаги номани юборади: “Ҳар бир байтингга минг дирҳамдан тўладим, ўша юз байтингни менга юбор ва кўнглингни Маҳмудга бўлган гинадан пок қил”. Фирдавсийга Шаҳриёрнинг донолиги ва ҳиммати маъқул тушди. Маҳмудни бадном қилувчи ҳажвия шу йўсин
барҳам топди.

Орадан ўн йил ўтиб, Султон Маҳмуд Ҳинд истилосидан қайтиб келаётганда бир бўйсунмаган қалъага дуч келади. Қалъага Султон нома жўнатиш учун ёздирди: “Эртасига ҳадялар билан ҳузуримизга кел, қабулимизга ноил бўл, хизматимизни қил, инъомлар билан либосимизни кийиб, қайтиб кетасан!” Агар хоҳламаса, нима бўлишини қандай айтамиз, деб Султон Маҳмуд ёнида ўтирган Хожа Ҳасанга қаради. Ўшанда Хожа қуйидаги байтни ўқиди:

Султон Маҳмуд: “Кишида мардлик уйғотадиган бу байт кимники?” деб Хожадан сўради. Хожа эса дилидан тугиб юрган асл муддаосини тўкиб солди: “Абулқосим Фирдавсийники, шунча йил ранж тортди-ю, китобни тугатиб самарасини кўрмади”, деди. Шунда Маҳмуд: “Бу ҳақда эслатиб яхши қилдинг, ўзим ҳам бу ишимдан пушаймонман, ул олижаноб зотни ҳақдан беҳуда маҳрум қилдим. Ғазнада ёдимга сол, мен унга бирор нима юбораман”, деди.

Ғазнага келгач, Султон Хожага: “Фирдавсий учун йигирма минг динор олтин пул ажратишни буюр, менинг туяларимда Тусга олиб бориб топширишсин ва менинг номимдан салом айтишсин”, деди. Буйруқни Маймандий айтилганидан ҳам зиёда қилиб бажарди.

Лекин карвон Рудбор дарвозасидан кириб келганда, Фирдавсийнинг тобутини Разон дарвозасидан олиб чиқишаётган эди. Шу куни Фирдавсийнинг жасадини қабристонга олиб боришда ҳам катта жанжал чиқди. Табаронлик руҳонийлар бошлиғи: “Унинг мурдасини мусулмонлар қабристонига қўйдирмайман, у рофизий”, деб туриб олди. Охир уни шаҳар ташқарисидаги ўзининг кичкинагина чорбоғига дафн қилишди. Ҳайрон бўлган элчилар қалам ҳақини Фирдавсийнинг қизига бермоқчи бўлишди. У пулни олишдан бош тортди. Бу воқеалар бор тафсилотлари билан Султон Маҳмуд ва Хожага чопар орқали етказилади.

Султон Маҳмуддан шундай фармон бўлади: “Фирдавсийни ҳақоратлаган руҳоний мамлакатдан чиқариб юборилсин. Фирдавсийга ҳадя қилинган пулга Нишопур-Марв йўли бошида Работи Чоҳа масжиди қуриш Хожа Абу Бакр Карромийга топширилсин”.

Бу фармон тўлиғича амалга оширилади. Фирдавсийнинг қалам ҳақига Работи Чоҳа масжиди қурилади.

Манбалар асосида Шафоат Раҳматулло Термизий тайёрлади.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.