Сэмюэл Беккет

1906 йил 13 апрелда Ирландияда туғилган. Шоир, адиб, драматург. Ж.Жойс билан Францияга келиб бир умр қолиб кетган. Абсурд те­атри назариётчиси ва асосчиларидан. Адабиёт соҳасидаги хизматлари учун 1969 йили Нобел мукофоти берилган. ХХ аср инглиз-француз адабиётининг йирик вакили. 1989 йил 22 декабрда вафот этган.

Ҳаёт хилма-хил бўлгани каби, адабиётдаги услублар, анъаналар ва инсонга муносабат ҳам хилма-хилдир. Айниқса, ХХ асрга келиб адабиёт яна ҳам рангбаранг­лашди. Инсоннинг мураккаб руҳиятига мос равишда бадиий тафаккурнинг ифода усуллари-да мураккаб­лашди. Бу эса адабиётни маълум маънода кенг ўқувчилар оммасидан ажратиб қўйди. Лекин бадиий тафаккурдаги изланишлар тўхтагани йўқ. Ўзларини хоҳ символист, хоҳ сюрреалист, хоҳ дадаист, хоҳ ультраист деб атамасин, барибир, бу адабий оқимлар яратган асарлар инсон ва унинг қалби ҳақидадир. ХХ аср жаҳон адабиё­тидаги барча янги оқимлар, услубий изланишлар, энг аввало, француз адабиётида юз бердики, бу адабиёт том маънодаги янги бадиий тафаккурнинг маркази бўлиб қолди.

ХХ аср бадиий тафаккурида кескин бурилиш ясаган, янги оқим сифатида бутун дунёда шов-шув кўтарган Беккет мансуб «абсурд театри» буюк янгилик эди. Беккет томошабиннинг ҳисларига эмас, заковатига мурожаат этади ва ана ўша ерда саҳна – тасаввур саҳнасини яратади. Тасаввур қилишга заковати етмаганлар учун Беккет асарлари шунчаки чўпчак бўлиб туюлади.

У ХХ аср ифода услубига янги йўналиш олиб кирди. Беккет асарлари 50-йиллар бошида бутун дунёга тарқалган, муҳокама қилинган эса-да, собиқ Иттифоқ мафкураси 80-йилларгача уни зарарли ёзувчилар рўйхатига қўшиб қўйди. Кейин эса Беккет асарларини чириётган капиталистик ҳаётнинг инъикоси сифатида баҳолашди. Аслини олганда, Беккет асарларини ХХ аср маънавиятининг тимсоли сифатида қабул қилиш ҳақиқатга яқинроқдир. 50-йиллардаёқ у кўтарган муаммоларга инсоният 80-йилларда дуч келди. Бу ёзувчининг инсон психологиясини чуқур билишини ҳамда инсоният Беккет кўтарган муаммолардан қочиб қутулолмаслигини кўрсатди.

«Годони кутишяпти» асари Беккет номини бутун дунё­га машҳур қилиб юборди. Асарда ҳеч қандай воқеа йўқ, икки киши катта йўл ёқасида, қуриган дарахт остида ўтиришади, сўнг уларга яна икки киши қўшилади. Годонинг кимлиги ҳам номаълум. Унинг кимлигини ёки нималигини ҳеч ким билмайди. Бироқ ҳаммаси: «Ҳозир Годо келади», – деб кутиб туришаверади. Годо саҳна охиригача номаълум бўлиб қолади, у келмайди. Беккет бу асарида Ғарб кишисининг руҳий дунёсини очади, яъни одамнинг ҳаёти номаълум ва ҳеч қачон ташриф буюрмайдиган Годони кутиш каби бемаънидир. Одам ҳаётдан нима кутаётганини ўзи билмайди. Ҳаётлари ҳам ўзлари каби, Годо каби бемаъни кутиш, ёлғон умид билан ўтиб кетади, ҳаётнинг абсурдлиги ана шу ерда дейди адиб. Годо асарда умрнинг тимсоли, инсон ҳаётининг, тўғрироғи, инсон маҳкумлигининг тимсоли. Бош­қа томондан, бу Ғарб кишисининг бўшаб қолган кўнгил ойнаси. Ғарб ақли илоҳий итоатни инкор қилди. Инкор қилинган илоҳ ва ишонч ўрнини сароб эгаллади. Сароб бу – Годо. Саробга қанчалик яқинлашсангиз, шунчалик қочади. Инсон моҳияти ўтган асрнинг бош­ларидан бери инсониятдан ана шундай қочиб юрибди. Ғарб ақли «Годо», яъни «маъно» деб билгани сароб бўлиб, энди фақат уни кутиш ва абадий сарсонликка маҳкум этилган. Бу асар ана шу маҳкумликнинг кичик бир кўриниши. Асарда Беккет Владимир ва Эстрагон образлари орқали моҳиятан ҳеч қандай маънога эга бўлмаган, лекин инсон ўзи учун ясаб олган психологик қолипларни, яъни эзувчи ва эзилувчини, қуллик ва соҳибликни, соддароқ айтганда, қул ва хўжайинни тимсоллаштирган. Қаҳрамонлар шу даражадаки, улар моҳият, яъни асл кимликлари ҳақида ҳатто ўйлагиси ҳам келмайди. Асарда ҳеч нарса содир бўлмайди. Воқеа йўқ. Сюжет йўқ. Годони кутиб-кутиб, яна эртага кутиш учун тарқалишади. Бу абадий маҳкумлик («Годо» сўзи инглиз тилидаги «худо» сўзига маънодош ва шаклдош). Беккет бу ерда ХХ асрнинг мустабид тузуми инсоннинг жисми тугул, унинг хаёли, фикри, ақли, кечинмаларига ҳам кишан солган, уни ҳам мафкурасига қул қилиб олган, инкор этган Худонинг ўрнига мустабиднинг ўзи чиқиб ўтирибди демоқчи бўлгандир? Бу асар тимсолини ҳали-ҳануз шарҳлашяпти, ҳали-ҳануз бир тўхтамга келингани йўқ, ҳали-ҳануз Годони кутишгандай бу асардан маъно излашяпти, инсоният ҳалигача Годонинг кимлигини аниқлагани ва хулоса чиқаргани йўқ.

«Қадам товушлари» пьесасида Мэй касал онасига қараб туради. Биз саҳнада унинг онасини кўрмаймиз, фақат товушини эшитамиз. Она ва қиз ўртасидаги жавоб асосан касаллик ҳақида бўлади. Бироқ пьеса давомида гап жисмоний касаллик ҳақидамас, маънавий мажруҳлик ҳақида кетаётгани аён бўлади, тўғрироғи, касал она – мажруҳ маънавиятнинг тимсоли. Она ва қиз ўртасидаги суҳбатдан шу нарса аён бўладики, улар бир-бирини мутлақо билишмайди, яъни мутлақо бир-бирига бегона. Худди саҳна каби уларнинг онги, оқибатлари ҳам, она-болаликлари ҳам, қондош эканликлари ҳам зулматга ғарқ бўлган. Пьеса охирида шу нарса ойдинлашадики, пьеса бошида она ва қиздек кўринган қаҳрамонлар бир-бирига мутлақо ёт кишилар бўлиб чиқади, демак, улар ҳеч қачон она-бола бўлишмаган, демак, Мэй ҳали туғилмаган, ҳали дунёга келмаган, яъни уларнинг ҳаётида инсонга хос ҳеч қандай маънонинг, изнинг ўзи йўқ: улар изсиз ғойиб бўлиш, қаршисидаги зулматга сингиб кетиш арафасида. Бу одамларнинг ҳаёти шунчалик мазмунсизки, бундай умрдан қадам товушлари мазмунлироқ, чунки қадам товушлари, ҳар қалай, ҳаракат қилади ва товуш беради. Инсон умри эса ана шу қадам товушидан ҳам қадрсизроқ ва аҳамиятсизроқдир. Инсонни маънан қашшоқ қилиб қўйган жамиятда инсон умри ана шундай бўлишга маҳкум. Чунки инсон фақат маънавият ва ишонч билан бирга ҳайвондан фарқ қилади. Ана шу хусусият бўлмаса, инсоннинг ҳаёти ҳайвонникидан баттарроқ.

Номини бутун дунёга машҳур қилган «Мерфи», «Моллой», «Малоннинг ўлими», «Исмсиз» каби романлари, «Театр I», «Театр II», «Фалокат», «Элефтерия», «Ўйин», «Ўйиннинг охири» пьесаларида (жами 11 та роман, 20 та драматик асарларида) Беккет инсоннинг мавҳумлик билан юзма-юз турган ҳолатдаги ички дунёсини кўрсатди. Худди Кафка асарлари каби бу пьесаларда ҳам инсон умрини беадад саробга, мавҳумотга, ўзлиги, ўз қиёфасидан, инсоний хислатларидан ётлаштиришга хизмат этувчи, уни муте ва қул қилувчи жамият билан қарама-қарши турган инсон фожиаси қаламга олинади. ХХ аср Ғарб кишиси маънавий қадриятлар харобаси устида ўтирибди, унда ўз ҳурлигига интилишдан кўра қулликка, мутеликка мойиллик кучли. У ўтмишдан айро қилинган, келажакка ишонмайди. Беккет бу ҳолни шундай ифодалайди: келажак зулмат ичида, ўтмиш эса олисда. Шу сабабли унинг асарларида зулмат, олислик, ётлашув рамзлари қайта-қайта бўй кўрсатади.

Беккет иложи борича асарларни қисқа ва лўнда ёзишга уринарди. Бу борада ҳам яна барча ёзувчиларни ортда қолдирди. Унинг «Сўнгги нафас» номли пьесаси бор-йўғи 30 сония (секунд)га мўлжалланган. Унда бир неча марта чақалоқ йиғиси, йиғидан сўнг шунча марта чуқур нафас олиш ва хўрсиниқ эшитилади, бу икки марта такрорланади, холос, шу билан пьеса тугайди. Пьеса учта жумладан иборат. Аммо шу учта жумлани 1969 йилдан бери театршунослар ва адабиётшунослар турлича шарҳлаб келишади. Бу саҳна инсоннинг ҳаётга келиши ва ҳаётнинг сўнгги дақиқаларидаги умр хулосасини тимсоллаштираётгандай бўлади. Баъзи театрлар чақалоқ йиғиси ўрнига инсон фарёдини қўйишади ва турли хил талқинлар қилишади. Шу пайтгача асарга ёзилган шарҳларнинг ҳажми асар ҳажмидан минг баробар ошиб кетди.

Бу асарлар инсоннинг фақат фожиалари ҳақида эмас. Бу асарлар ўзини ўрганаётган, фожиадан қутулиш йўлини, халос бўлиш йўлини излаётган, кишанларни ва тафаккурга соя солган зулматни парчалаётган ақл-идрок ҳақидадир. Ўзини ўрганаётган, фожиасини таниётган мавҳумлик ёки мазмунсизлик, аслида, инсоний қиёфасини тиклаётган, ўзини, «мен»ини излаётган, «мен»ини таҳлил қилаётган, уйғона бошлаган идрокдир. Беккет асарлари – ақл-идрок ва тафаккурни ҳушёрликка чақирувчи бир чорлов. Нима бўлганда ҳам, Беккет ХХ аср кишисига ўз асарлари билан кўзгу қўйиб кетди. Бу кўзгуга бот-бот қараб қўйиш ҳеч кимга зиён қилмайди. Қараб қўйганингиздан сўнг ўзингиз ҳақингизда хулоса чиқариб оласиз…

1969 йили Беккет адабиётдаги хизматлари учун Нобел мукофоти билан тақдирланди. Бу хабар унга Тунисда, Ғарб тамаддунининг шовқинидан қочиб саё­ҳатда юрган пайти, етказилди. У хабарни ўзининг ҳаёт тарзини бузадиган, адабий оламига алоқаси йўқ бир воқеа сифатида қабул қилди, холос. Мукофот тақдимотига ҳам келмади, анъанавий нутқ ҳам сўзламади, мукофотнинг барча маблағини етимлар ва ногиронларга улашиш ҳақида кўрсатма берди. Уни зоҳирий мукофотлар заррача қизиқтирмасди, худди Шарқ­да­ги сўфийлар каби ёлғизлик ва узлатни яхши кўрарди. Ҳаё­ти давомида бор-йўғи икки-уч марта журналистларга интервью берган. Қолган пайтлари ўзини барча нарсадан, шон-шуҳрат, эътироф, кибр, шовқин-сурондан четга тортиб, камсуқумгина яшади. 1989 йил 22 декабрь куни вафот этганда Франциянинг «Лир» журнали шундай ёзганди: «Ёзувчи, драматург, эҳтимол, ер юзининг сўнгги авлиё одами бизни ташлаб кетди».

Беккет ёш, йигитлик пайтлари ғирт бекорчиликдан кўчаларда санғиб, кун узоғи хаёл суриб, кунини беҳуда ўтказиб юрарди. Ижод қилиш ва ишлаш учун барча шароитни яратиб берган яқинлари унинг бу хил ялқовлигидан хавотирга тушиб: «Сенга ўзи нима керак, нима хоҳлайсан?» – деб сўрашганда Беккет шундай деб жавоб берганди: «Данте ҳақида ўйлаб, Данте билан бирга ўлишни истайман. Бошқа ҳеч нарсани истамайман». У ўз ваъдасида турди. Вафот этганда ҳам унинг тўшагидан Дантенинг «Илоҳий комедия»сини топишди. Беккет сўнгги нафасигача инсонни халос қиладиган йўлни излади. У Данте китобини ўқиганча жимгина жон берганди. Эҳтимол, бу халоскорликни инсонни ва илоҳиятни улуғлаган «Илоҳий комедия»дан излаб топган, шунга ишора қилгандир?

Назар Эшонқул