Санобар Тўлаганова. “Хизматим матбуот билан равшандир”

Йигирманчи йиллар ўзбек матбуотининг шаклланиши ва ривожида атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода ёзувчининг публицистик меросини ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бундай тадқиқот адиб дунёқарашининг шаклланишини ва ижодини ўрганиш баробарида, ўша давр ижтимоий-тарихий вазиятини кўрсатувчи муҳим манба сифатида ҳам аҳамиятга эга.

Қодирий ижодий меросини икки йирик туркумга ажратсак, биринчи туркумга, албатта, кичик асарлари киради. Бироқ шу вақтгача адибнинг кичик асарлари адабиётшунослар томонидан алоҳида ўрганилмаган. Ёзувчи публицистикасини ўрганиш бу адиб шахсиятини англаш томон ташланадиган дадил қадам бўлади.

Ниҳоятда мураккаб даврда ижод қилган Қодирий адабий меросини ўрганганда ижодий фаолиятидаги айрим узилишлар эътиборимизни тортди. Бу ўринда 1918, 1920-1921 йиллар назарда тутилмоқда. Бунинг сабабини билиш учун адиб таржимаи ҳолига юзландик. Ўрганиш мобайнида Қодирийнинг аниқ илмий маълумотларга асосланган биографияси тўлиқ эмаслигига гувоҳ бўлдик. Биз қандай таржимаи ҳолга асосланиб келдик? У қачон ва нима сабабдан ёзилган?

Шу вақтгача адабиётшунослик Қодирийнинг ўзи томонидан 1926 йилда суд ҳукмига ҳавола қилган таржимаи ҳолига таяниб келмоқда. Ноҳақ туҳматлардан ўзини ҳимоялаш учун ёзилган мазкур таржимаи ҳол ўша давр талабларига атайин мослаштирилгани унинг мазмунидан аён бўлади. Мураккаб даврда яшаган ёзувчи сиёсий мафкура билан муроса қилмай иложи йўқ эди. Қолаверса, бу маълумотнинг ўзи ҳам сиёсий маҳкамалар томонидан неча бор “таҳрир қилинган”и эҳтимолдан холи эмас. Мазкур таржимаи ҳолда ёзувчи ижодининг шаклланишига оид қатор масалалар яширилган ёки атайин четлаб ўтилган. Қодирий дунёқарашига боғлиқ жараён эса инқилобий ўзгаришлар даври руҳи ва мафкурасига монанд баён қилинган. Унда: “Бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиладами, албатта, билмадим”, дейилган. Ноилож қолган ёзувчи ўзининг “бой, камбағал”лигини аниқ айта олмайди. Ёзувчи бунинг оқибатини ҳис этиб, ижтимоий келиб чиқишини шу тарзда баён қилишни маъқул кўрган. Муаллиф фаолиятидаги узилиш сабабини изоҳлаш мақсадида Ҳ.Қодирийнинг “Отам ҳақида” ва ёзувчининг кичик асарлари жамланган “Диёри бакр” тўпламига мурожаат қилдик. Қодирийшуносликда ниҳоятда қимматли ҳисобланган икки манбада ҳам айнан ёзувчининг “таҳрир қилинган” таржимаи ҳолига таянилгани бизни ҳушёр торттирди. Демак, аниқ маълумотларга асосланган ҳолда ёзувчи биографиясини тартибга келтириш энг аввалги вазифалардан биридир.

1918 йилда ёзувчининг матбуотда “кўринмаслиги” навбатдаги савол сифатида эътиборимизни тортди. “1918 йилнинг бошларида “Эски шаҳар озиқ комитети”ни бойлар қўлидан олинуб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайинланган эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблигига кирдим”, деб ёзади Қодирий. Маълумотга кўра, ёзувчи бу вақтда касабачилик ишлари билан шуғулланган. Ростдан ҳам, Қодирий ташкилий иш билан машғул бўлиб матбуотдан бир оз узилганми?

Қодирий адабиёт майдонига кириб келган йилларда жадидлар зўр бериб бу майдонда ўз мақсадларини тарғиб қилишарди. Улар ўз мақсадларини амалга оширишнинг бирдан-бир йўли эски урф-одатларга ислоҳ киритиш, исрофгарчиликка чек қўйиш, тўй, улоқ, қиморбозлик, ичкиликбозлик, хотинбозлик каби иллатларга барҳам бериш, бунинг ўрнига бой, савдогарлар ёрдами билан янги усул мактабларини кўпайтириш, унда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий илмларни ҳам ўргатиш орқали миллатни ғафлатдан уйғотишдан иборат, деб билдилар. Худди мана шу руҳ Қодирий ижодининг дастлабки босқичида устувор бўлган. “Бахтсиз куёв” ва “Жувонбоз” асарлари бунга далил.

Дастлаб большевикларнинг ёлғон ваъдаларига ишонган ёзувчи кейинчалик вақт ўтиши билан зулм салтанатининг найрангларига гувоҳ бўлгач, мустамлака сиёсати моҳият эътибори билан ўзгармай қолаётганини, сўз бошқа, амал бошқа эканлигини аста-секин англаб етди. Адиб эл орасида бузғунчилик, фитна, синфий-мафкуравий адоват авж олиб, биродаркушлик уруши бошланиб жафокаш халқ бу қонли сиёсатнинг қурбони бўлаётганини ўз кўзи билан кўрди. Шундай шароитда, ёзувчи норозилик ва нафрат туйғусини ўз вужудига қамаб, ижод қилишни маъқул билди. Бу ниҳоятда оғир психологик жараён эди. Ёзувчи ҳақиқатга етишувнинг ўзига хос йўлини танлади. Сиртдан муросага мойилдек кўринса-да, аммо унинг имон қўрғони анча мустаҳкам эди. Шу боис давр шиорларига муносабат билдиришда Қодирий бошқа ёзувчиларга нисбатан босиқлик, вазминлик ва эҳтиёткорлик билан иш кўрган.

“1920 йилда Касабалар шўросига саркотиб бўлиб ишга кирдим ва эски шаҳар Касабачилик ҳаракати тўғрисида газеталарда мақолалар ёзиб турдим”, деб ёзади адиб. Қодирий миллат равнақи йўлида тарғибот ишлари билан шуғулланиш баробарида амалий ҳаракат билан ҳам хизмат қилган. Иккинчидан, бу йилларга атайин тўхталишимизнинг ҳам сабаби бор. 1920—1921 йилларда адибнинг матбуотда “кўринмаслиги” сабаби “Ўткан кунлар”нинг яратилиши билан боғлиқ эмасмикан, деган иштибоҳни кўнгилга солади. Ёзувчи таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотларда “Ўткан кунлар” романининг ёзилиш вақти, жараёни ҳақидаги фактлар деярли учрамайди. Ёзувчи буни сир тутганми ёки тарихий ижтимоий сиёсат туфайли бу фактлар “йўқолиб” қолганми? Бу каби ечими қийин масалалар ҳали-ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Ёзувчининг “Улоқда”(1916) ҳикояси унинг адабиётнинг асл моҳиятини тушуниб етганлигини исботловчи далил бўла олади. Қолаверса, ёзувчи аввалги асарларида адабиётнинг бадиий эстетик қимматини маълум даражада эътибордан соқит қилган эди. Унинг “Жувонбоз”, “Бахтсиз куёв” асарлари ҳақида Миён Бузрук Солиҳов ўз китобида: “Қодирийнинг эндигина эски мактабдан қутилиб матбуотга чиқишга интилган бир ўрганчик асари эди”, деб ёзади ва “Улоқда” ҳикоясини бу икки асарга солиштириб, “бу икки асар бир ёзувчига тегишли эканлигига ишониш қийин”, дейди. Ойбек ҳам бу ҳикояни ўқиб, унда “воиз ўрнини санъаткор” эгаллаганлигини алоҳида таъкидлайди. Ёзувчининг ўзи романининг ёзилиши ҳақида “бу вақтларда отам юз ёшларда эди”, деб ёзади. Отаси Қодирмуҳаммад бобонинг 1821—1822 йилда туғилганини ҳисобга олсак, у йигирманчи йилларда юз ёшга кирган. Ҳали юзга етмагани учун ҳам ёзувчи “юз ёшларда”, дея тусмоллайди.

Иккинчидан эса, 1923 йил журналда романдан парчалар эълон қилиниб, босилган боблар муқаддимасидаги сўз боши тагига “Тошкент, 1920 йил”, деб қайд этилган. “Улоқ”да ҳикояси орқали ҳақиқий бадиий асар ёзиб ўзини синаб кўрган Қодирий 1918 йилда “Ўткан кунлар”ни ёзиш билан банд бўлгани эҳтимолдан узоқ эмас. 1920 — 1921 йилларда у романни қайта ишлаган бўлиши мумкин.

Қодирий қисқа ҳаёти давомида ибратли умр кечирди. Ижодининг дастлабки даврида бутун куч-ғайратини халқ фаровонлигига сафарбар этди. Бу ҳақда у шундай ёзади: “Рўсто” деворий газетасига мухбир бўлиб, газеталарда сотрудник… “Муштум” журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Хулоса — бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир. Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…”.

Инсон шахсининг эврилиши, давр билан муросага бориши ниҳоятда мураккаб жараён. Қодирий бу жараёндан ўз “мен”­ини сақлай олди. Ижодкор руҳидаги кечинмаларни, изтиробларни англай олсак, унинг асари туб моҳиятига шу қадар чуқур кира оламиз. Зеро, ҳар бир асар ортида ижодкор руҳияти мужассам. Бу жараённи нафақат адабиётшунослик илми, балки психология, тарих, фалсафа билан боғлиқ ҳолда ўрганиш муаммони ойдинлаштириб беради. Қодирий ижодини ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тадқиқ этиш адабиётшуносликда ҳали очилмаган илмий-назарий муаммолар ечимига кўмаклашади.

Санобар Тўлаганова, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий ходими

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 28-сон