Сафо Матчонов. Комиллик мезонлари

Баъзан таниш-билишларга баҳо берганда “ўқимишли” сифатини қўшиб қўямиз: “ўқимишли қиз”, “ўқимишли йигит”, “ўқимишли киши” ва ҳоказо. Дарҳақиқат, ўқимишлилик инсон феъл-атворини баҳолашда маълум даражада мезон бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега маълум даражада?
Тўғри, ўқимишлиликка ўқиш орқали эришилади. Аммо у ёки бу олий ўқув юртини тугатиш, фан номзоди бўлиш кишини том маънода ўқимишли дейишга асос бермайди.
Китобни офтобга қиёс қиламиз, “билимлар хазинаси” деймиз. Чиндан ҳам китоб — кишилик жамияти томонидан яратилган энг буюк ихтиро, бир авлоднинг ўзидан кейинги авлодларга қолдирадиган бебаҳо маданий мероси. Китобхонлик комилликка эришиш йўлидаги муҳим босқичдир. Шу ўринда китобхонлик тор маънода китоб ўқишни билдирса, кенг маънода танлаб ўқиш, ҳис этиш, англаш ва фикр билдириш тушунчаларини ўз ичига олишини унутмаслик керак. У бадиий адабиётдан озиқланади, адабий танқид ва педагогика кўмагида юксалади.
“Ҳозир Шимолий Америка Штатлари жойлашган ерларда (сўз ўтган аср тўғрисида боряпти — С.М.) бир замонлар қизил танли ҳиндулар яшар эдилар, — деб ёзади рус ёзувчиси Н.Чернишевский А.Пушкин ҳақидаги асарида, — у ерларда ҳозир ҳам шундай ҳиндулар яшайди. Турмуш учун ҳамма нарсага муҳтож бўлиб яшайдиган, ўзлари ҳам озчиликни ташкил этадиган қизил танлилар билан ҳамма нарсаси тўкис, ўзлари ҳам кўп ва бой шимолий америкаликларнинг бир-биридан фарқ қилишига бир назар солиб кўринг. Улар ўртасидаги бу фарқнинг сабаби нима? Бунинг сабаби фақат шуки, шимолий америкаликлар — ўқимишли одамлар, қизил танлилар эса ёввойилардир”.
Н.Чернишевский ўша асарида “Кимнинг ўқимишли киши деб аталишга ҳаққи бор?”, деган саволни ўртага қўяди-да, унга қуйидагича жавоб беради: “Кишининг том маънода ўқимишли бўлиши учун жуда кўп илмли бўлиши, фикр қилишга одатланган ва олижаноб хислатларга эга бўлиши (таъкид бизники — С.М.) зарур. Билими оз киши жоҳилдир, кимнинг ақли фикр қилишга ўрганмаган бўлса, у дағал ва қўполдир, олижаноблик туйғуси бўлмаган киши бемаънидир”.
Олам жумбоқлари ҳад-ҳисобсиз. Инсон фақат илмга таяниб, унинг сирларидан воқиф бўла олади. Зеро, Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларида: “Илм олиш ҳар бир мусулмон эр ва мусулмон аёл киши учун фарздир”, “Бешикдан то қабргача илм олинг”, дейилишида катта ҳикмат бор.
“Билим, — деб ёзади Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асарида, — ипор билан жуда ўхшаш. Уларнинг ҳар иккаласини ҳам яширмоқ беҳуда. Ипорни яширсанг, ҳиди билдириб қўяди. Билимни яширсанг тилинг фош этади. Билим аслида битмас-туганмас бойликка ўхшаш. Аммо унинг бошқа бойликлардан тубдан фарқи бор:

Билим — бойлик, ахир, заволдан йироқ,
Уни ола билмас қароқчи бироқ.

Билим ва заковат кишига қўйилган ўзига хос кишандир. Кишанланган от, одатда, ёвуз ва ярамас нарсалардан узоқ бўлади. Шунингдек, суюкли, зўр отлар ҳам кўпинча кишанланган бўлади. Суюкли отнинг тушовланишига сабаб — унинг эҳтиётланиши”.
Демак, ўқиш, илм олиш фақат олам жумбоқларини ечиш учун ёрдам бермайди, инсонни ёвуз ва ярамас нарсалардан асраб, унинг маънавий юксалишига ҳам йўл очади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг муборак таъбирлари билан айтганда: “Жаҳолат — ўлимдир, билим — тириклик”.
“Илм — ўзни билмакдир. Сен ўзингни билмассан, бу нечун уринмакдир?”, дейди турк шоири Юнус Эмро. “Илм, айни пайтда, ўзгани ҳам билмакдир, — дейди Иброҳим Ҳаққул. — Олимлик — олам ва одамни таниш, шунда адашмаслик заковатидан йироқ иш эмас. Илм ҳақдан юракка қуйилган нур. Илм — ҳаёт ва жамият муаммоларини бехато очиш шижоати. Илм — дилдаги, журъатдаги ёлқин. Ақл, ўз табиатига кўра, кўникувчан ва эгилувчандир. Шунинг учун у фақат илм таъсирида жасорат касб этади”.
Шу ўринда Алоуддин Мансурнинг замондошлари томонидан “баҳри муғриқ” (тубсиз денгиз), “ҳужжатул ислом” деб тан олинган буюк аллома Муҳаммад Абу Ҳомид Тусий — Ғаззолий тақдирига оид қуйидаги ҳикоясини келтиришни жоиз деб топдик:
“Бошланғич билимлар ва ҳуқуқшунослик фанини туғилган шаҳрида ўрганган Абу Ҳомид кейинчалик Журжонга, ўша даврнинг машҳур қомусий алломаси Абу Наср ҳузурига бориб, таҳсил илмини ўша ерда давом эттиради. Бир неча йил мобайнида устозининг барча билимларини эгаллаб, ўқиб-ўрганган китобларига кўп жилдлик шарҳ ва изоҳлар битиб, ўз юртига қайтаётганида, йўлда келажак ҳаётида катта аҳамият касб этган бир воқеа рўй беради. Ғаззолийнинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: “Йўлда карвонимизга қароқчилар ҳужум қилиб, бор нарсамизни талаб кетдилар. Мен қароқчилар бошлиғининг ортидан бориб: “Олган нарсаларинг орасида сенга ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир тўрва бор, шуни қайтариб бергин”, деб ялиндим. “Тўрвангда нима бор эди?”, сўради у. “Унда менинг бор илмим — жуда кўп китоблардан олиб ёзилган шарҳ ва изоҳлар бор. Неча йиллардан бери мусофирлик азобини тортиб топган бойлигим шу”, дедим. Қароқчи кулиб: “Ҳар қандай одам олиб қўйиши мумкин бўлган нарсани “менинг илмим” дейишга уялмайсанми?”, деди ва “Унинг илмини қайтариб беринглар”, деб буюрди. Бу гап менга шундай қаттиқ таъсир қилдики, Тусга қайтиб келганимдан кейин уч йилгача уйдан ташқарига бир қадам қўймасдан ўша ёзган шарҳ-изоҳларимнинг ҳаммасини ёд олиб, ҳеч қандай қароқчи ололмайдиган жойга — қалбимга жо қилдим”.
Демак, ўқимишлилик шунчаки ўқишни эмас, балки ўқиганини қалбига жо қилиб, унга амал қилишни ҳам тақозо этар экан. Шундагина билим ёвузликлардан асровчи кишан, эзгуликларга йўл очувчи калит вазифасини бажаради. Ўқиганини қалбига жойлагани учун ҳам “Қутадғу билиг” муаллифи Хос Ҳожиб унвонига мушарраф бўлган, ҳазрат Алишер Навоий шеърият мулкининг султонига айланган, Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино сингари алломаларимиз довруғи бутун дунёга ёйилган.
Н.Чернишевский айтмоқчи “жуда кўп илмли” бўлиш учун йиллар мобайнида изчил мутолаа талаб этилгани каби “фикр қилишга одатланиш”, яъни мустақил фикрлаш салоҳиятига эга бўлмоқ учун ҳам табиий фаҳм-фаросатдан ташқари, ақл-заковат зарур. Ч.Айтматов “Асрни қаритган кун” романида хотирасини йўқотган манқурт йигит Жўломон мисолида фикрсизлик инсонни мутеликка гирифтор қилишини маҳорат билан тасвирлаган. Романда келтирилган афсонани эсласангиз, босқинчи жунгжанглар қўлга тушган асирларни хотирасидан жудо қилиб, қулга айлантириш мақсадида даҳшатли усулларни қўллайди. Ўзлигини, хотирасини йўқотгач, улар фикрлашдан тўхтаб манқуртга айланади. Ёзувчи ўзининг ким эканини унутиб мустақил фикрлаш қобилиятини йўқотганларни манқуртга қиёслайди. Бундай манқуртларнинг ҳатто туққан онасини ҳам танимаслиги чидаб бўлмас фожиадир.
“Ердан маҳрум этиш мумкин, — деб куяди ўғлининг манқуртга айланганини кўрган Найман она, — мол-дунёдан маҳрум этиш мумкин, ҳатто инсонни яшашдан маҳрум этиш мумкин. Бироқ одамни хотирасидан маҳрум этишни ким ўйлаб топди экан? Ё раббий, агар оламда бор бўлсанг, бандаларингга бу ёвузликни қандай раво кўрдинг. Ер юзида усиз ҳам ёвузлик каммиди?”.
Демак, бизда мустақил фикр бўлмас экан, аслида ким эканимизни тушуниб етмаймиз. Тўмарис ва Широқлар авлоди эканимизни ҳис этолмаймиз. Улардан мерос бу Ватанни келажак авлодларга бағрини бутлаб етказолмаймиз.
Н.Чернишевский ўқимишлиликнинг учинчи белгиси деб ҳисоблаган олижанобликнинг шаклланиши санъат турлари, биринчи навбатда, бадиий адабиёт мутолааси билан боғлиқ. Санъатнинг чинакам мухлиси, бадиий адабиёт билан дўст тутинган киши бошқаларга ёмонлик тиламайди. Сезган бўлсангиз, ўқимишлиликни белгиловчи омиллар ўқишга, яъни китобхонликка келиб тақаляпти. Аммо Саъдий Шерозий айтганидек:

Ҳарчанд ўқибсан — билимдонсан,
Агар амал қилмадинг, нодонсан.

“Китобхонликка ўрганиш учун, — дейди Ҳёте, — қанчалик кўп вақт сарф қилинишини одамлар тасаввур қилмайдилар. Бунинг учун мен ҳаётимнинг 80 йилини бағишладим. Лекин ҳали ҳам ўргандим, деб айта олмайман”. Улуғ мутафаккирнинг бу иқрори чинакам китобхонликнинг ниҳоятда машаққатли иш эканлигини кўрсатади. “Ўқиш бошқа, уқиш бошқа” деган ҳикмат шуни назарда тутиб айтилган бўлса ажабмас.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 16-сонидан олинди.