Сада билан сарвнинг сўз салтанати

Атоқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров ва Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиевалар ҳаёти ва ижодига бир назар

Сада қайрағочдошлар оиласига мансуб кўркам дарахт бўлиб, унинг соф ҳавога бой соясида камида саксон чоғлик одам кўксини тўлдириб нафас олиши, яйраб ҳордиқ чиқариши, дилтортар суҳбатлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Сарв ҳам асосан субтропик минтақаларда ўсадиган доимо яшил, айрим турлари икки минг йилгача яшайдиган сулув дарахт. Иккаласи ҳам соф ҳавога ташна сайёрамизда хосиятли дарахт сифатида қадрланади…

…Олис йили Нукусга, замонамизнинг забардаст адиби бўлган Тўлепберген Қаипбергеновнинг ўз дилогияси бош қаҳрамони Жумагул Сейитова номига қўйилган ораста кўчадаги уйига борганимда устоз одатда янгамиз ошга гуруч мўлжаллаганда ишлатадиган улкан пиёлаларга қайноқ кўк чой қуйиб, ҳар қайсисига муштдек-муштдек келадиган новвот бўлаклари(ҳатто иш кабинетидаги стол устида камида икки қадоқ новвот турарди)ни солгач:

— Юр, айналайин, ана шу новвотлар эригунча менинг муаллифлигимдаги китобларни бир санаб кўрайлик! – дедилар. Ота билан боладек қалин бўлиб кетган икковимиз (раис ва унинг ўринбосари) енг шимариб ишга киришиб кетдик. Китоблар сони 88 (ўша чойхўрликдан кейин ўтган тўрт-беш йилда адибнинг яна ўнга яқин китоби чиқди) экан.

“Қорақалпоқ достони”дек дунёнинг тўрт тарафига таралиб кетган мағзи тўқ асар муаллифи хонадонида бўлиб ўтган ўша кичик воқеани бугун нега эслаяпман? Бунинг боиси шуки, мен куни кеча қизларимга:

— Қани, шахсий кутубхонамизда устоз Иброҳим Ғафуров томонидан ёзилган, таржима қилинган, ёинки мақолалари билан иштирок этган нечта китоб борлигини бир санаб чиқинг-чи? – дедим. Адабий ўйлар, адабий портретлар, эсселар, мансуралардан иборат 14, жаҳон адабиёти дурдоналаридан таржималар киритилган 17, жамоа тўпламлари тарзидаги яъни “Адабиёт ва замон”, “Адабиётимизнинг ярим асри”, “Озод Ватан саодати”, “Сарчашма мавжлари” каби, шунингдек “Замондошлари хотирасида” рукнидаги 24 китоб бор экан. Бир муаллифнинг машаққатли ижодига дахлдор 55 китоб.  Бунга 1957 йилдан буён яъни олтмиш йил давомида газета ва журналлар, баёз ва альманахларда босилиб чиққан 500 дан ортиқ адабий мақолалар, ҳикоялар, шеърлар, эсселар, очерклар, суҳбатлар, электрон нашрлардаги 100 дан ортиқ материалларни қўшсак, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, давлат мукофоти лауреати, филология фанлари номзоди, атоқли адабиётшунос, уста таржимон, таниқли ношир, моҳир публицист, давлат ва жамоат арбоби Иброҳим Ғафуровнинг Тиёншон тоғларидек виқорли ижод маҳсулига эга экани маълум бўлади-қўяди.

…Бундан роппа-роса ярим аср аввал, аниқроғи 1967 йилда миллий шеъриятимизда “Тошҳовли” деган қуйма шеър пайдо бўлган эди. Ижод майдони шундай бешафқат саҳнаки, унга ўнта шеър ёзиб ҳам, ўнта китоб нашр этдириб ҳам кўтарилиб бўлмайди. Аммо Қизилтепадан пойтахтга чўғдек қип-қизил шоҳи кўйлак кийиб келган шоира “кўзёшга ғарқ бўлган ёруғ жаҳон”ни шу қадар ўзига хос рангларда, оҳангларда тараннум этган эдики, қисқа вақт ичида миллионлаб миннатдор мухлисларнинг, ҳатто Миртемирдек мумтоз сўз соҳибининг назарига тушган эди. 1970 йилда чоп этилган “Шабнам” номли китобчаси эса муаллиф Ойдин Ҳожиевага Ёзувчилар уюшмасига кириш учун берилган “йўлланма” бўлди. Йиллар ўтиб “Тароват”, “Наво”, “Назокат”, ниҳоят “Шом шуълалари”(446 бетдан иборат) ва “Тонг туҳфалари” тўпламлари чоп этилди. Шоирона, оҳорли номлар бу китобларга олтин узукларга қўйилган ёқут узукдек ярашди.. Шу кунгача турли тилларда шоиранинг ўттиздан ортиқ китоблари босмадан чиқди. Атоқли рус шоираси Римма Казакова таржимасидаги “Утренняя роса” тўплами Тошкентдан Тайшетгача, Самарқанддан Сеулгача, Бухородан Бухарестгача, Андижондан Анадўлигача, Марғилондан Москвагача, Урганчдан Урумчигача бўлган қатор минтақаларда довруқ қозонди.

Улуғ Низомиддин Ғиёсиддин ўғли Амир Алишер Навоий ўз қаҳрамони Фарҳод янглиғ бир умр “ўқиб ўтмак, уқуб ўтмак”ни бош шиор қилиб олган эди. Иброҳим ака ҳам узоқ йиллар ўзига холисанилло устодлик қилган бадиий сўз сарбони Озод Шарафиддиновдан китоб ўқишни, китоб уқишни, китоб ўгиришни ўрганди. Озод Обидович эса шогирдининг асарлари “ўқиётган одамни покизалик ва ҳалоллик синовидан ўтказгани” учун “Иброҳимжонни ҳеч иккиланмай адабиётимизнинг виждони деб аташ керак”, деб ёзди. Раҳматлик таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев бир мақоласида ўнлаб адабиётшунослар ичида икки нафари – Иброҳим Ғафуров ва Йўлдош Солижоновгина муросассозлик кўчасига кирмаганини қайд қилган эди.

Иброҳим Ғафуров – қадимий ва навқирон Шош фарзанди. Икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бу шаҳар тупроғига не-не улуғ алломалар, не-не табаррук уламоларнинг киндик қони томмаган дейсиз. Самарқанд дарвоза билан Сағбон, Қоратош билан Қорасарой, Ўқчи билан Ўрда, қўйингки, барча-барча даҳалардан машҳур шоирлар ва бастакорлар, дегрезлар ва дорбозлар етишиб чиққан.  Бўлғуси мунаққид ва таржимон эса Тахтапул ва Чувалачи орасидаги “Мустаҳкам” маҳалласида, тўрт фарзандини пешонасидан маржон-маржон тер тўкиб боққан новвой Усмон Ғафуров ҳамда чевар ая Муҳаррам Ибодова оиласида туғилиб-ўсди. Қўлига илк китобларни олган, ҳижжалаб ўқишга киришган кезлари Қумлоқ кўчаси узра қадамларидан ўт чақнаб бораётган Ғафур Ғуломни, Қорасарой томонга вазмин одимлар билан ўтиб бораётган паҳлавон келбатли Ойбек домлани кўрган, улардан кўз узмасдан изларидан юрган эди. Вақт етиб унга ҳам Ғафур акалар, Шайх домлалар кириб юрган ижодий даргоҳларга бориш, уларнинг бир қанчасида ишлаш насиб этди. Иброҳим ака Марказий Осиёнинг қалдирғоч дорилфунуни — ТошДУни битиргач йигирма йилдан ортиқроқ Бадиий адабиёт нашриётида, кейин “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Миллий тикланиш” газеталарида унумли ишлади. Мустақил мамлакат сиёсий турмушидаги янги жабҳаларга қўшилиб, Миллий тикланиш демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис қўмита раиси ўринбосари бўлди.

Мамлакат барча заковатли фарзандлари қатори атоқли адиб, таниқли таржимон, машҳур мунаққиднинг меҳнатига муносиб баҳо берди.  У турли йилларда “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби бўлди. Кўп йиллик самарали илмий ва ижодий фаолияти учун 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони билан тақдирланди.

Эсимда: 1974 йилнинг 8 сентябрида Беруний шаҳрида буюк аллома таваллудининг 1000 йиллиги нишонланганида академик Иброҳим Мўминов мазмундор маъруза қилган ва атоқли шоир Ибройим Юсупов оташин шеър ўқиган эдилар. 1976 йили Тошкентга келиб, Пушкин кўчаси, 1-уйда ўтган адабий йиғинда ҳали қирққа тўлмаган адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг сеҳрли сўзларини мириқиб тингладим. Фанимиз ва адабиётимизни учала Иброҳимсиз (учаласининг ёнига ажойиб очеркчи Иброҳим Раҳим, таниқли навоийшунос Иброҳим Ҳаққул, истеъдодли болалар шоири бўлган Иброҳим Донишларни ҳам қўшсак арзийди) тасаввур қилиб бўлмайди. Ўша йилги қизғин мушоирада ижоди тўлин ойдек нур таратаётган Ойдин Ҳожиева майин ва ширали овозда шеър ўқиб берган эдилар. Қирқ бир йилдирки, ушбу азим сада билан сарвнинг сеҳрли сўз салтанатига миннатдор бир мухлисман.

Иброҳим Ғафуров сўз мулкининг султони ибораси билан айтганда “кичик ёштин ўзини” адабиёт гулшанига ошно қилди.  У йигирма беш ёшида “Гўзалликнинг олмос қирралари” номли адабий ўйлар китоби билан моҳир мунаққид мақомини қўлга киритди. (Муаллифнинг бу мўъжаз китоби ва устози Озод Шарафиддиновнинг “Замон.Қалб. Поэзия” монографияси теранлиги, тиниқлиги билан минглаб мухлисларнинг меҳрини қозонди) Навқирон мунаққид ана шу теранлик ва тиниқлик билан ўттиз ёшида “Усмон Носир” номли гўзал рисоласини эълон қилди. Қирчиллама қирк ёшида “Ям-яшил дарахт” тўплами япроқ ёзди. Қирқ беш ёшни тўлдирганида “Ёнар сўз” асари учун республика Ёшлар иттифоқи мукофотининг соҳиби бўлди. Оқиллик эпкинлари эсган эллик ёшга кирганида адабий-танқидий мақолаларини тўрт юз бетлик “Ўттиз йил изҳори” тўпламига жамлади. Бу ажойиб китоб ҳақли равишда республика давлат мукофотига муносиб деб топилди. Олтмиш ёш остонасида “Дил эркинлиги” китобини ёзди ва у донишманд сафдоши Нажмиддин Комил сўзбошиси билан босилиб чиқди. Етмиш ёшнинг етуклик фаслида “Ҳаё – халоскор” ва “Мангу латофат” жилдлари китобхонлар мулкига айланди. “Мангу латофат” китоби 460 бетдан иборат. Етмиш беш ёшида наинки устоз ижодиёти, балки миллий адабиётимиздаги қаймоғи қуюқ китоблардан бири “Паривашлар фасли” босилиб чиқди. Бу китоблар билан Иброҳим Ғафуров миллий адабиётшунослигимизнинг Воҳид Абдуллаев ва Воҳид Зоҳидов, Иззат Султонов ва Юсуф Султонов, Матёқуб Қўшчонов ва Озод Шарафиддинов, Азиз Қаюмов ва Лазиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов ва Суйима Ғаниева,  Ҳафиз Абдусаматов ва Салоҳиддин Мамажонов, Умарали Норматов ва Бахтиёр Назаров, Наим Каримов ва Тўра Мирзаев каби атоқли сўз синчилари сафидан ўрин олди.

Бадиий таржима – адабиётлар ва халқлар ўртасидаги тенги йўқ эстетик кўприк ҳисобланади. Асил таржимонлар эса миллат маънавиятининг яловбардорларига айланишган. Иброҳим Ғафуров – замонамизнинг ана шундай забардаст таржимонларидан бири. Дорилфунунни тугатиб, Бадиий адабиёт нашриётига ишга келганида Одил Шароповдек оқсоқол мутаржимдан оқ фотиҳа олган. Кейин атоқли адиб Миркарим Осим ва таниқли таржимон Тўхтасин Жалоловдан маҳорат сирларини ўзлаштирган. Йигирма беш ёшида Нобель мукофоти соҳиби Эрнст Хемингуэйнинг сайёрамиз бўйлаб тан олинган энг инсонпарвар асарларидан бири — “Чол ва денгиз” қиссасини ўзбек китобхонига тортиқ этди. Бу табиат билан инсонни бирлаштирган, айни чоғда асов қудратига қарши кураштирган ажойиб асар эди. Табиатнинг зилзила, тўфондек офатлари етмаганидек башариятнинг ўзи уруш деган мислсиз мусибатни ўйлаб топган. Асрлардан буён қироллар билан қироллар, қаролллар билан қароллар, қуроллар билан қуроллар беаёв олишиб келади. Э.Хемингуэй урушга қарши қаратилган оташин асарлар ёзди. Унинг бу мавзудаги романи ҳам миллиард-миллиард одамлар қалбидаги олижаноб мақсад кўзгусига айланди. Иброҳим ака орадан ўн йил ўтгач, “Алвидо, қурол” романини ҳам ўгирди. Роман юз минглаб китобхонлар қалбига шафқат ўтини солди. Жаҳон насрида атоқли рус адиби Ф.Достоевскийнинг кафолатли ўрни бор. И.Ғафуров бу улкан адиб асарларидан бир қанчасини меҳр билан таржима қилди. Достоевский дунёси куйган кўнгиллар фарёдидир. Таржимон қирчиллама қирқ ёшида Ф.Достоевскийнинг 664 бетлик “Жиноят ва жазо” романини таржима қилди.  Ўзбек китобхонини (Ер куррасининг ҳоҳлаган нуқтасида туриб таржимани қўлга олган мухлисни назарда тутмоқдамиз) Родион Раскольников ва Соня Мармеладованинг мураккаб ва маҳзун, ёниқ ва аниқ оламига олиб кирди.  Иброҳим Ғафуров қирқ йилдан буён Достоевский адабий меросининг ошуфтаси. “Жиноят ва жазо”дан кейин “Телба”, “Қиморбоз” ва яқиндагина “Иблислар” асари она тилимиз мулкига айланди. “Телба”даги Князь Мишкин, Настасья Филипповна, Парфён Рогожин, Лизавета, Александра, Аделаида, Аглая Епанчиналар, Иволгинлар, Птицинлар, “Иблислар”даги Николай Ставрогин, Варвара Ставрогина,  Степан Верховенский, Лизавета Тушина, Иван Шатов, Алексей Кириллов, Тихон ота ва бошқалар руҳий дунёмизнинг бир бўлагига айланди.

Жаҳон адабиётида юксак эътироф қозонган Мопассан ва Фолкнер, Пушкин ва Эдгар По, Н.Ҳикмат ва А.Солженицин, Ч.Айтматов ва Г.Г.Маркес, В.Распутин ва Т.Пўлатов, Ж.Жойс ва Ф.Ницше асарлари устоз таржимон ғайрати ила ўзбек тилида жаранглади. У таржимани “мазмундор, таъсирчан ҳиссий, ақлий ва нақлий гўзалликлар яратадиган бадиият фани” деб атайди. Шу ўринда ўта камтарликка берилмасдан Иброҳим Ғафуров наинки ўзбек, балки туркий халқлар адабиётларида тан олинган таржимонлардан бири эканлигини таъкидлашимиз шарт. Ўсган эл, ўсадиган эл ботирини ботирим, шоирини шоирим, таржимонини таржимоним дейди.

Ривоят қилишларича Исфаҳон ҳокимларидан бирининг мулозими унинг ҳузурига кириб, “Бир одам келиб, хоразмлик шоирман!” деб киришга изн сўраётганини айтади. Ҳоким ўз навбатида “Муҳтарам меҳмондан сўраб кўр-чи, юз минг сатр шеърни ёд билармикан?” депти. Мулозим чиқиб савол берса, келган одам унга савол берибди: “Ҳукмдорингдан сўра-чи, эркак шоирларимиздан юз минг сатр ёд ўқиб берайми ё аёл шоирларимизданми?” Буни эшитган ҳукмдор ўрнидан туриб, “Бу машҳур шоир Хоразмий-ку, юр уни очиқ чеҳра билан кутиб олайлик!” деган экан.

Миллий шеъриятимизда Алишер Навоийдан тортиб Абдулҳамид Чўлпонгача, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан тортиб Ғафур Ғуломгача, Муҳаммад Ризо Огаҳийдан тортиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбеккача, Муҳаммад Аминхўжа ўғли Муқимийдан тортиб Эркин Воҳидовгача, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатдан тортиб Абдулла Ориповгача бўлган шоирлар қандай юксак мақомга эга бўлсалар, Нодирадан тортиб Зулфиягача, Увайсийдан тортиб Раъно Узоқовагача, Самар Бонудан тортиб Саида Зуннуновагача, Маҳзунадан тортиб Эътибор Охуновагача, Муаззамхондан тортиб Ойдин Ҳожиевагача бўлган бадиий сўз соҳибаларининг ҳам ўз ўрни бор. Муаззамхон бир ғазалида:

Фалак мўмин бошиға ҳеч қариблик солмасин асло,
Ғарибликда Муаззам тортадур озор ҳар соат.

деб ёзган эди. Янги замонамизнинг зулфиялари, гулчеҳралари, ойдинлари, ҳалималари, дилбарлари, хосиятлари, мунавваралари, фароғатлари, гўзалбегимлари, меҳринозлари озод ҳаёт қасидаларини ёзмоқдалар.

Иброҳим ака олтмиш йилдирки, атоқли адиб Юрий Олешанинг “Бирор куним сатрсиз ўтмас” деган олтин қоидасига амал қилиб келади. Саксон ёшини нишонлаган устоз мунаққид “Одам юрагини фақат мусиқа ва шеърият ларзага солади” деб ёзади “Ўзгараётган дунёда шеър сўзи” мақоласида. У кишининг севимли рафиқаси, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева кейинги йилларда одамлар юрагини ларзага солаётган янги-янги шеърлар, достонлар, балладалар ёзиш билан бирга икки эзгу ишни рўёбга чиқарди. Биринчиси – озар мумтоз шоиралари – Маҳсатий Ганжавий, Ҳайрон Хоним ва Хуршидбону Нотавон меросидан тартиб берилган “Ишқ аро парвоналар” китоби бўлса, иккинчиси – улуғ шоирамиз Зулфия, атоқли сўз заргари Саида Зуннунова, таниқли фольклор тадқиқотчиси Музайяна Алавия ва ажойиб таржимон Кибриё Қаҳҳорова ҳақидаги “Тўрт танҳо” китобларидир. Албатта “Эҳтиром” ва “Зулфия абадияти” китоблари ҳам фикримизга ёрқин далиллар бўла олади. Миртемир домла ўз вақтида ғурур билан Зулфияхонимнинг ёнида “Аёл қалбининг тепишини шеър қилгувчи, бир-бирига ўхшамаган ва ҳамиша юксакликка интилгувчи сулув шоиралар Саида ва Ойдинлар, Гулчеҳралар, Ҳалималар пайдо бўлди.” деб ёзган эдилар. Опа бу баҳони тўла оқлади. Отаси Ҳожи ота, онаси Тошбиби ая, опаси Бибиражаб, биринчи устози Тошпўлат Ҳамиднинг олтиндан аъло ўгитларини ҳам. Шоира ТошДУни тугатгач, узоқ йиллар “Шарқ юлдузи”, “Гулхан”, “Саодат” журналларида ишлади. Халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби бўлди. Ш.Петефи, А.Мицкевич, О.Туманян, Ф.А.Файз каби жаҳон классиклари асарларини, ўз замондошларидан И.Юсупов, Э.Огнецвет, Р.Казакова, Ф.Ўнғорсинова ва бошқа ажойиб сўз усталарининг шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди.

Тошкентнинг қоқ марказида “Китоб олами” деб номланган янги савдо мажмуаси ва унинг орқасида тўққиз қаватли уй бор. Бир пайтлари Иброҳим ака швед адиби А.Лундквист Тошкентга келиб, “ер лола, қир лола, том лола” эканидан ҳайратга тушганини ёзган эди. Тўққизинчи қаватдаги бу ёруғ кулба – сада билан сарвнинг сўз салтанати ҳам китобга лиқ тўлган. Жавонда ҳам, столда ҳам, гилам устида ҳам тахлам-тахлам китоблар. А.Навоийдан А.Ориповгача, У.Шекспирдан Б.Шоугача, Абайдан Ч.Айтматовгача, И.В.Гётедан Р.Гамзатовгача бўлган минглаб сўз дурдоналари…

— Китоблар мени тарбиялади, туйғуларимни уйғотди, маънавиятли ва маърифатли қилди, эркин, ҳур фикрлашга ундади. – дейди Иброҳим ака чинни пиёладаги чойдан ҳўплаб. – Ўн ёшларимда мен илк бора мустақил равишда Миркарим Осимнинг “Ўтрор” деган китобини ўқидим. “Ўтрор”дан сўнг Айнийнинг “Эски мактаб”ини сотиб олдим. Кейин “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Сароб”… Пушкин, Лермонтов, Тургенев, Толстойни ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида ўқидим. Ёшим улғайгани сари мени қуршаган китоблар ҳам ўзгарди. Менинг бахтим шундаки, Қодирийни ҳам, Хемингуэйни ҳам, Ойбекни ҳам, Фолкнерни ҳам теран англадим, тушуниб етдим. Чингиз Айтматов, Ибройим Юсупов, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшчонов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимовдек забардаст адиблар, китобни боқий ҳамроҳ деб билган замондошларим билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлдим. Улар халқнинг қалбини огоҳ ва уйғоқ сақлайдиган сўз айта олдилар. Биз ҳам Ойдинхон билан имкон қадар шунинг уддасидан чиқиб келяпмиз!

Устоз эҳтиром билан тилга олган зотлардан Ибройим оға ҳар гал Тошкентга отланганимда “Иброҳимжонга, қариндасим(синглим – таъкид муаллифники) Ойдинойга соғинчли саломимни етказгин!” дер эдилар. Устоз Эркин Воҳидов ҳаммамизга туғишганимиздек қадрдон эдилар. У, Иброҳим ака, Азиз ака, Баҳодир ака, Насриддин ака(жойлари жаннатдан бўлсин), Хуршид ака, Шодмонбек ака, Ҳабиб ака ва бошқалар билан бир неча бора Лабзакдаги “Афсона” чойхонасида шахмат ва шеър баҳси ташкил этганмиз. Ийди рамазон чоғи у ерда ўтириб Эркин акани хотирлаётганимизда эса ўғли Хуршиджон келиб, навбатдаги невараси туғилганини суюнчилаган эди. Ўткир ака шогирди Носир Муҳаммад билан бирга мени – Қишлоқ хўжалик институти толибини ижод майдонига ундаган бағрикенг мураббийларим эди. Бугун учаласини кўзларимда шашқатор ёшлар билан эслаб ўтирибман. Борларига ва устозим(хонадонига келиб безовта қилганим учун узр сўраган ҳолда)га Гўрўғлининг ёшини тилаяпман. Бугун Орол денгизига оқар сув, айрим ижодкорларга бир-бирига бўлган инсоний меҳр етишмаяпти, назаримда. Тузуккина таланти бор адиблардан бир қисмининг қисқагина умрини соф бадиий ижод эмас, зўр бериб, “терга ботиб” ғийбат қайиғининг эшкагини эшишга сарфлаётгани ачинарлидир. “Қармоғингга ҳар доим балиқ илиниши шартми?”…

— Зулфияхоним мен учун, сафдош опа-сингилларим Санъатхон Маҳмудова, Ҳалимахон, Дилбархон, Шарифахон, Қутлибека, Шаҳодатхон, Муҳтарамалар учун меҳрибон она мақомида эдилар. – дейди Ойдин опа менга муқовасига ўзининг П.Воронкин томонидан чизилган ажойиб портрети туширилган “Меҳрнома” китобини узатар экан. – Чингиз Тўрақулович роса топиб айтганларидек Зулфияхоним ҳар жиҳатдан мукаммал шахс эдилар. Оқсоқол шоирлар Қайсин оға, Довуд оға, Мустай оға, Расул оға, Ибройим оға опамизга ўта меҳрибон эдилар. Амрита Притам Ҳиндистондан туриб хатлар ёзарди. Марварид Дилбозий, Товшан Эсенова, Сильва Капутикян, Римма Фёдоровна Казакова, Майрамхон Абулқосимова, Гулистон Шамуратова билан самимий учрашувларимиз чинакам байрамга айланиб кетарди. Хўжандлик шоира Озод Аминзода билан мулоқотларимиз бир умрга эсимда қолган. Бугун Ўзбекистон китобхон, шеърхон мамлакатга айланди. Бир шеъримда айтганимдек, “Эркнинг зуваласи ўтдан, булбул кўз ёшидан, сутдан” қорилган экан:

Фурсат – олтин чиғириқ,
Замон момо ип эшар.
Минг йилларнинг нуқтаси
Урчуғида туташар…

Бек десам бекдай, тўрам десам тўрадай азизим Иброҳимжон ака саксонга киряпти. Юз ёшда ҳам қалами қўлидан тушмасин, менга эса у бахтли онларда у кишимга меҳр билан бир пиёла чой  узатиш насиб этсин, дейман!

Икки сўз заргари, икки сўз ошиғи, икки сўз синчиси озод, обод давлат бунёд этган Адиблар хиёбонига, ғазал мулки султонининг муҳташам ҳайкалига, узоқ йиллар ўзлари билан бирга ижод боғидан игна билан қудуқ қазиб бадииятнинг кавсар булоқларини очгану у ерда бронзага айланган қадрдон сиймоларга, Ёзувчилар уюшмасининг янги, бетакрор биносига боқиб янги сатрлар, янги асарлар, янги таржималар устида ўй сурмоқдалар. Ҳаёт ва ижод эса шиддатли одимлар-ла давом этмоқда!

Янгибой Қўчқоров,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими