Раҳима Ширинова. “Кеча ва кундуз” романи француз тилида

Мустақиллик даврида ўзбек-француз таржимачилиги том маънода янги, юқори бос­қичга чиқди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, француз адибларининг асосан воситачи тил орқали таржима қилиниб келган дурдона асарлари бу даврга келиб бевосита, яъни аслиятдан она тилимизга ўгирила бошланди.

Жумладан, Ф.Мориакнинг “Илонлар чангалида” романи (1995, Ш.Минаваров), Вольтернинг “Задиг ёки тақдир” қиссаси (1995, Р.Қиличев ва М.Холбеков), Ш.Л.Монтескьенинг “Форс номалари” романи (1999, Ш.Минаваров, Р.Қиличев, Ҳ.Орзиқулов), Л.Керэннинг “Амир Темур салтанати” романи (1999, Б.Эрматов), Ш.Перронинг “Она ғоз эртаклари” (2000), Ле Клезионинг “Мондо” (2000, Ш.Минаваров) ҳикоялар тўпламлари француз тилидан ўзбекчалаштирилди.

Француз-ўзбек бадиий таржимачилигининг ривожланиши икки тил таржимашунослиги учун ҳам ўзига хос воқеа. Юртбошимизнинг ўзбек адабиёти намуналарини бевосита чет тилларига таржима қилишга оид кўрсатмалари бу соҳада олиб борилаётган ишларни жонлантириб юборди. Бир қанча ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялари француз тилига ўгирилди, аммо таржимашунослик соҳасида тадқиқот олиб бораётган изланувчи сифатида ўзбек тилидан француз тилига бевосита ағдарилган бирор бир салмоқли асарнинг йўқлиги мени ўйлантириб келарди. Чунки замонавий таржимашуносликда тадқиқотнинг айнан ўзбек тилидан бевосита чет тилига таржималар тадқиқига бағишланиши маъқул, албатта. Шу маънода, Францияга сафарим чоғида қўлга киритганим — 2009 йили француз таржимони Стефан Дюдуаньон томонидан ўзбек тилидан бевосита французчага таржима қилинган Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» номли (“Nuit” — “Тун”) романи илмий тадқиқотим учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилди.

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи яратилганига 80 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон ўзбек китобхонларининг меҳрига сазовор бўлаётгани, мазкур асарга француз китобхонларининг ҳам қизиқиши борлиги қалбимни ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Асар таржимасини амалга оширган таржимон, осиёшунос тадқиқотчи С.Дюдуаньон 1962 йили Белгияда таваллуд топган, айни пайтда Париждаги Сорбонна университетида илмий-ижодий фаолият олиб бормоқда. У XVIII асрнинг охиридан 1937 йилгача бўлган давр Марказий Осиёда ислом тамаддуни ва ислоҳотлар ҳаракати мавзуида илмий изланишлар муаллифи ҳамдир.

Тадқиқотчи 1994 йилдан 1997 йилгача Ўзбекистонда бўлиб, Ўрта Осиё маданиятини ўрганган. Ушбу мавзуда ҳужжатли филмлар ҳам яратган. С.Дюдуаньон “Марказий Осиё санъати” (Cahier d’Asie centrale) “Дунё мусулмонлари ва Ўрта ер денгизи” (La Revue des mondes musulmans et de la Mйditerranйe) журналлари ҳайъати аъзоси.

Маълумки, бизгача “Кеча ва кундуз”нинг “Кеча” қисми етиб келган. Асар миллатимизга хос ҳиммат, ибо-ҳаё, соддадиллик каби фазилатлар, халқимизнинг урф-одати, турмуш тарзи акс эттирилган воқеа ва ҳодисаларга бой. Таржимон ҳар бир сўз, ҳар бир ҳолат ва воқеа-ҳодиса таржимаси устида чуқур изланганки, асарнинг французча таржимасини ўқиш жараёнида бу ютуқлар яққол кўзга ташланади. Айниқса, ўзбек халқи менталитетига хос маданий атрибутлар, масалан, чақирганда “лаббай” деб жавоб бериш, турмуш ўртоғини тўнғич фарзандининг исми билан чақириш каби бир қатор миллий-маданий одатлар ва реалиялар таржима тилига муносиб тарзда кўчгани диққатни тортади. Дарвоқе, қиёсий таржимашунослик олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳам мутаржимларнинг миллий менталитетга хос хусусиятларни таржимада қайта яратиш муаммосини қандай ҳал қилганлигини ҳамда мавжуд лингвомаданий тўсиқларни қай тарзда енгиб ўтишга муваффақ бўлганликларини аниқлаш орқали соҳага доир тавсиялар яратишдан иборатдир. Шу маънода ҳам мазкур таржима ўзбек-француз таржимашунослиги учун қимматли манба ҳисобланади.

Француз таржимони баъзи урф-одатларимиз шарҳига оид контекстларни қуйидагича таржима қилган. Аслиятда ўқиймиз: “Ўзбекда ахир ҳар бир эркак хотинини — ўз ҳалол жуфтини! — қизи ё ўғлининг номини атаб чақиради. Ўз хотинининг исмини айтиб чақириш ярамайди. Хотинининг исми Марям, қизининг исми Хадича бўлса, мўмин-мусулмон: — шарму ҳаё юзасидан бўлсамикан? — хотинини “Хадича” деб чақиради. Аксар она-бола баравар «лаббай!» дейди, шундайда оиланинг ҳақиқий эгаси бўлган ота: «каттангни айтаман, каттангни!” дейди. Ҳатто шунда ҳам «Марямни», демайди…” (Чўлпон. “Кеча ва кундуз”, Биринчи китоб, “Кеча”, “Академнашр”, 2012, 10-бет).

Ушбу парчанинг француз тилига таржимаси: “Chez les Ouzbeks, le mari n’appelle jamais sa femme par son vйritable prйnom mais seulement par celui d’une fille, voire, d’un fils qu’il a eus d’elle. Elle considйrera mкme dйgradant pour lui de prononcer le nom de son йpouse lйgitime. Si par exemple une femme prйnommй Mariam a donnй а son mari une petite Khadidja, celui-ci, s’il est un authentique musulman, appelera son йpouse “ Khadidja”. Est-ce par pudeur devant elle ou pour autre raison mystйrieuse? Toujours est-il si les deux, la femme et lа fille, accourent ensemble а son appel, ce qui n’est pas rare, le veritable chef de famille qu’est le pиre renverra la plus jeune en lui criant: “C’est а ta mиre que j’en ai, а ta mиre!” jusque dans cette situation, on ne le surprendra pas а laisser йchapper un “Mariam” (Tchulpаn.Nuit.-France: Bleu autour, 2009. P.18.).

Юқоридаги французча матннинг ўзбек тилидаги аслиятга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида қайта сўзма-сўз таржима қилиб келтирдик: “Ўзбекларда эркак киши аёлини ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий исми билан чақирмайди, у ўзининг қизи ёки ўғлининг исмини айтиб чақиради. Агар аёлининг ҳақиқий исмини айтиб чақирса, бу унинг учун камситиш ҳисобланади. Масалан, аёлининг исми Марям, қизининг исми Хадича бўлса, ҳақиқий мусулмон эркаги аёлини “Хадича” деб чақиради. Бу аёлнинг олдидаги ор-номуслилиги юзасиданми ёки бошқа сирли сабаби бормикин? Мободо иккиси бир жойда бўлганда чақирса, иккаласи бирваракайга югуриб боришса, оила бошлиғи бўлган ота кичкинасига қараб “Ойингни чақирдим, ойингни” деб, қизини қайтаради. Шундай ҳолатларда ҳам “Марям” деб чақиришдан ўзини олиб қочади”.

Таҳлилда аниқ бўлдики, аслиятда йўқ “бу унинг учун камситиш ҳисобланади” ёки “бошқа сирли сабаби бормикин” каби қўшимча жумлаларни ҳисобга олмаганда Стефан Дюдуаньон ўзбек тилидан француз тилига адекват таржима қилган.

Таржима назариясида шакл ва мазмун мутаносиблиги асосий тамойиллардан ҳисобланади. Аммо юқоридаги парча таржимасида матннинг бир оз кўпайгани асосий мақсадни очиб беришга хизмат қилганини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Зеро, таржимашуносликнинг илк назариётчиси Цицерон таржима жараёнида асосий эътиборни шаклга эмас, балки матн маъносига қаратиш, сўзларни ҳисоблаш эмас, ўлчаш лозимлигини таъкидлаган. Демак, таржимон юқоридаги контекст таржимасида мазмунни тўлиқ очиб бериш, миллий-маданий ахборотни тўлиқ етказиш каби масалаларнинг ечимини топган. Бундан ташқари, реалияларни беришда ҳам таржимон асосли транслитерация услубидан ўринли ва самарали фойдаланган. Таржимон китобнинг охирги саҳифасида ўзбек миллий реалияларидан 129 тасини келтириб, уларга аниқ ва тўғри изоҳ берган. Масалан, аслиятда ўқиймиз:

“Сўфи шу “билмайсиз” деган нарсага тутоқиб кетди:

— Нега билмас эканман, ака! Билиб гапирсангиз-чи!

— Жаҳлингиз чиқмасин. Билиб гапираётирман. Ватанингиз — ота-онангиз ўтган, ўз киндигингиздан қон тўкилган, ота-она арвойига шам ёқиладиган жой эмасми?” (13-бет).

Таржимаси:

“Ces mots firent bondir le soufi:

— Et pourquoi, s’il te plait, n’en auras-je aucune idйe? Parle donc toi-mкme de ce dont tu as idйe?

— Ne te mets pas en colиre. Je sais ce que je dis. Ton chez –toi, est-ce que ce n’est pas le lieu oщ on vйcu tes parents, oщ toi-mкme as vu le jour et oщ des cierges brыlent а la mйmoire de tes aпeux?” (Tchulpаn.Nuit.-France: Bleu autour, 2009. P.22).

Энди ушбу парчанинг сўзма-сўз таржимасини келтирсак:

“Бу сўзлар сўфининг ғазабини келтирди:

— Нега, менда ҳеч қандай фикр йўқ экан? Гапир, сенда бирор фикр борми?

— Жаҳлинг чиқмасин. Мен нима деганимни биламан. Сен, сенинг ота-онанг яшаган, ўзинг туғилган ва аждодларинг хотирасига шам ёқадиган жой эмасми?”

Асосли транслитерация китобхон тасаввурини кенгайтиради, унинг луғат заҳирасини бойитади. Таржимон маҳорат билан таржимага керакли сўзлар воситасида батафсил изоҳ бериб миллий ранг-барангликни таъминлашга эришган. Фикримизга далил сифатида асар таржимасидаги ўзбек миллий-маданий реалияларининг айримлари изоҳига эътибор қаратамиз:

“Parandji” — vкtement enveloppant les corps et la tкte que portaient les jeunes filles et les femmes d’Asie Centrale, lorsqu’elles sortaient en ville (паранжи — Марказий Осиёда ёш қизлар ва аёллар шаҳарга чиққанда бош қисми ва танасини ўраб турувчи кийим);

“Tchapane” — manteau de coton piquй а rayures de couleurs, fourrй d’ouate et ouvert sur le devant, portй jusqu’а nos jours en Asie Centrale (чопон — Марказий Осиёда бугунги кунгача кийиладиган, орасига пахта қавилиб, йўл-йўл тикиладиган олди очиқ иссиқ кийим).

С.Дюдуаньон фақат таржимон эмас, балки осиёшунос тадқиқотчи сифатида ҳам Чўлпон романидаги атоқли отлар, шаҳар, қишлоқ, дарё, миллий-маданий реалияларни, ўзбек халқи тарихига оид лексикани чуқур ўрганган, уларга тўлиқ ва аниқ изоҳ берган. Мана, бир мисол: “Tochloq — nom de trois villages de plaine de l’ancien district (uezd) d’Andidjan.” Ушбу изоҳ таржимаси: Тошлоқ — эски бошқарув тизимига кўра Андижондаги 3 та қишлоқни ўз ичига олувчи ҳудуд номи.

Изоҳларни синчиклаб таҳлил қилганимизда таржимон ҳар бир атама устида тадқиқот олиб боргани ва уларни асосли изоҳлаганига, тарихий солномаларга мурожат этиб, аниқ маълумотлар берганига гувоҳ бўлдик.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи француз тилига ниҳоятда нафис таржима қилинган, унда адиб қўллаган лексик бирликлар, қаҳрамонлар ҳис- туйғулари, табиат манзаралари, хусусан, ўзбек халқининг миллий менталитетини ифодалаган жумлаларга французча муқобиллар ва изоҳлар муваффақиятли топилган. “Кеча ва кундуз” романининг французча таржимаси ўзбек адиблари асарларини француз тилига ўгиришга чоғланаётган таржимонлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўла олади, деб умид қиламиз.

Раҳима Ширинова,

ЎзМУ доценти

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 46-сонидан олинди.