Қўлдош Пардаев. Муқимий «саёҳатнома»си матни тарихидан

Миллий адабиётимиз тарихида ХIХ аср охири-ХХ аср бошлари Қўқон адабий муҳитида етишиб чиққан ижодкорлар адабий мероси алоҳида ўрин тутади. Бу адабий муҳитнинг забардаст намояндаси Муҳаммад Аминхўжа Муқимий асарлари ҳамиша мутахассислар диққат марказида бўлган. Шоир ижод намуналари юзасидан кўплаб тадқиқотлар яратилган. Таассуфки, уларда Муқимий асарлари шўро даври мафкураси талабига кўра бир томонлама талқин қилинган. Натижада шоир назмий мероси ўзининг асосий моҳиятидан узоқлаштирилди. Яъни асарлари таҳрирга учради, қисқартирилди, манбаларда қолиб кетди. Бу эса, ўз навбатида, шоир адабий меросини янгича мезонлар асосида холис ва ҳаққоний ўрганиш заруратини кун тартибига қўяди.

Муқимий миллий уйғониш даври ўзбек адабиётида “Саёҳатнома” жанрини бошлаб берган. Унда давр зиддиятлари, чор ҳукуматининг халқ бошига солган кулфатлари, золим ва адолатсиз ҳоким гуруҳлар аёвсиз танқид қилинди, хароб ва вайрон қишлоқлар тасвирланди. Шоир “Саёҳатнома”си ўз вақтида мутахассислар томонидан ўрганилди[1]. “Саёҳатнома”нинг жорий нашрлардаги матнини аслият ва унга яқин вариантларга қиёслаш натижалари уларда кўплаб матний тафовутлар борлигини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, асар талқинига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Энг ёмони, улар Муқимийнинг дунёқарашини, муайян воқеликка нисбатан нуқтаи назарини тўлақонли ифодаламайди, баъзан эса тескари тасаввур уйғотади.

Профессор Ғ.Каримов: “Саёҳатнома”лар 51 банд, 204 мисра шеърни ўз ичига олади. Кейинги вақтларда топилган “Исфара саёҳатидан” номли парча ҳам қўшилса улар 244 мисрага етади”,[2] – дея баҳсталаб фикрлар билдиради. Изланишларимиз натижасида шоир “Саёҳатнома”си жами 77 банд, 308 мисрадан иборат эканлиги маълум бўлди. Афсуски, 16 банд, 64 мисра шеър жорий нашрлардан тушириб қолдирилган. Бундан ташқари, баъзи бандлар шўро мафкураси талабига кўра таҳрир қилинган.

“Саёҳатнома” матни фақат тўрт қўлёзма баёзда учрайди. Шундан шоирнинг 7521, 1325-рақамли ўз қўлёзма баёзларида “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Исфарага” қисми 21 банд, 5666-рақамли қўлёзма баёзда асли 30 банд бўлган “Қўқондан Шоҳимардонга” қисми 12 банд тарзида берилган. Қолган 18 банди тушириб қолдирилган. 6352-рақамли қўлёзма баёзда эса “Саёҳатнома”нинг иккита қисми матни тўлиқ ҳолда берилган (“Қўқондан Шоҳимардонга” – 30 банд, “Қўқондан Фарғонага” – 15 банд). “Саёҳатнома”нинг “Исфара саёҳати” деб номланган қисми қўлёзма баёзларда учрамайди. Ягона нусхаси фақат Ходи Зарифов китобида 11 банд ҳолда учрайди. Бу ҳақда қуйироқда фикр билдирамиз. Асарнинг қўлёзма манбалардаги матни икки хил таҳрирда берилган.

а) муаллиф таҳрири;

б) котиб таҳрири.

Муаллиф таҳрири. “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Исфарага” қисми матни 7521-рақамли баёздан 1325-рақамли баёзга шоир таҳриридан сўнг қайта ишланиб кўчирилган. Биргина мисол. 7521-рақамли баёзда (24б-саҳифа) “Саёҳатнома”нинг 9-банди:

Гар меваси бир туп сотар,
Бир пулни юз ердин тугар,
Берса гадога нон агар,
Минг йилда ҳам душвор экан.

1325-рақамли баёзда эса (145 а -саҳифа):

Гар меваси бир туп сотар,
Бир пулни юз ердин тугар,
Берса гадога нон алар,
Минг йилда ҳам душвор экан, –

тарзида “агар” сўзи “алар” билан алмаштирилган. Натижада муаллиф ифодаламоқчи бўлган фикрга аниқлик киритилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, барча муқимийшунос олимлар тадқиқотлари учун 1325-рақамли баёз асос қилиб олинган.

Котиб таҳрири. 5666-рақамли қўлёзма баёзда “Қўқондан Шоҳимар­донга” қисмидан 18 банди қисқартирилган ва бандлар таркибидаги мисра, сўз ва жумлалар таҳрирга учраган. Масалан, мазкур “Саёҳатнома”нинг 13-банди мазкур қўлёзма баёзда (80б-саҳифа):

Аммо назарда “Рошидон”,
Фирдавс боғидин нишон,
Жомеълари оби равон, –

шаклида бир мисра қисқартирилиб кўчирилган.

6352-рақамли қўлёзма баёзда эса (181б-саҳифа):

Аммо назарда “Рошидон”,
Фирдавс боғидин нишон,
Жомеълари оби равон,
Саҳни гулу гулзор экан, –

тарзида тўлиқ ўқиймиз.

Ёки мазкур “Саёҳатнома”нинг 10-банди 5666-рақамли қўлёзма баёзда (80б-саҳифа):

Боз издиҳоми воизи,
Бадкайф очилмайдур кўзи,
Юқори бошидин тизи,
Эрмаклари гулёр экан.

6352-рақамли баёзда (182б-саҳифа) эса 4-мисра “Эрмаклари кўкнор экан” шаклида учрайди. Кўринадики, биринчи банддаги бир мисранинг тушиб қолиши котибнинг эътиборсизлиги бўлса, кейинги банддаги сўз онгли равишда ўзгартирилган.

Бу қўлёзмаларни қиёсий тадқиқ қилиш натижасида 1325- ва 6352-рақамли қўлёзма баёзлар таянч манба сифатида олинди.

Шоир асарлари жами ўн икки марта нашр этилган. Шундан 3 таси “Асарлар тўплами”, 9 таси “Танланган асарлар”дир. Аммо бу нашрлар талаб даражасида эмаслиги ҳамиша мутахассисларнинг эътирозига сабаб бўлиб келган. Жумладан, адабиётшунос Абдурашид Абдуғафуров бу хусусда бундай ёзган эди: “…Муқимийшуносликда яна бир камчилик – шоир асарларини қисқартириб, “таҳрир” этиб ва бежаб нашр қилишларда кўринади”[3]. Биз фақат шоир “Саёҳатнома”си матни киритилган жорий нашрлар ҳақида фикр юритамиз.

Ғафур Ғулом томонидан тайёрланган (1938, 1942, 1953 йиллар) Муқимий “Танланма” асарларида, Абдулла Олимжонов (1951 йил Муқимий “Танланма” асарлари) ва Ўткир Рашид мактаб кутубхонаси учун нашр эттирган Муқимий “Танланма” асарларида (1951 йил), профессор Ғ.Каримов нашрга тайёрлаган “Танланган” асарлари ва Муқимий “Асарлар тўплами” икки жилдлигида “Саёҳатнома” матни учрайди (1958, 1960, 1973, 1974 йиллар)[4].

Таъкидлаш жоизки, бу нашрларнинг барчасида ҳам асар матни тўлиқ берилган эмас. Бундан ташқари, уларда кўплаб матний тафовутлар мавжуд. Жумладан, Ғ.Каримов хизмати билан чоп этилган 1958 йилги нашрдаги “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Шоҳимардонга” деб номланган қисмини 6352-рақамли баёздаги матнга қиёслаганда кўплаб қисқаришлар, бандлар таркибидаги мисра, сўз ва жумлалар ўзгаришга учрагани кузатилади. Бу ҳол кейинги нашрларга ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Жумладан, мазкур нашрда асарнинг 5-банди қуйидагича берилган:

Мингбошилик кимнинг иши,
Десам, деди бедониши,
Бир “Қўштегирмонлик киши,
Хўжа Исо бадкор экан”.

№6352-баёзда эса (182а-б-саҳифа):

Мингбошилик кимнинг иши,
Десам, деди бир дониши,
Бир “Қўштегирмонлик киши,
Хўжа Исо бекор экан”.

Банднинг 2-мисрадаги “бир дониши” сўзининг “бедониши”га айлантирилиши муаллиф бадиий нияти бутунлай тескари талқин этилишига олиб келади. 4-мисрадаги “бекор” сўзи “бадкор” тарзида таҳрир қилиниши мисралар мазмунига мос эмас.

Профессор Н.Жабборов мумтоз адабиёт материалларини ўрганишда матн таҳрирининг алоҳида ўрин тутишини таъкидлайди. Олим бу масалани тадқиқ қилиш ўзбек матншунослигининг долзарб вазифаларидан эканлигига эътибор қаратиб, бундай ёзади: “Д.С.Лихачёвнинг “Текстология” китобида таҳрирнинг қуйидаги турлари ажратиб кўрсатилади: 1) ғоявий таҳрир; 2) услубий таҳрир; 3) асарда фактларни бойитиш, кенгайтиришга қаратилган таҳрир; 4) бир неча турни ўзида мужассам этган қоришиқ таҳрир. Муаллиф матн таҳририни бу каби турларга ажратар экан, табиийки, рус адабиёти материалларига асосланади. Бизнингча, бу таснифни ўзбек адабиёти материалларига ҳам татбиқ этиш мумкин”[5].

Матн таҳрирининг мазкур турлари Муқимий шеърий асарларида ҳам кенг қўлланган. “Д.С.Лихачёв фикрича: “Матнинг “ғоявий таҳрир”дан ўтиши асарнинг стилистик жиҳатлари билан боғлиқ бўлиши ёки боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Таҳрир баъзан бутун матн таркибига, айрим ҳолларда унинг алоҳида қисмига алоқадор бўлади. Ёзма ёдгорликка бутунлай тес­кари маъно юкланиши, матнда у ёки бу хил “ғоявий тозалаш” ўтказилган бўлиши мумкин. Ҳатто асарга унда мутлақо бўлмаган ғоя қўшилиши ёки матнда мавжуд бўлган ғоя “қисқартирилиши” ҳоллари ҳам учрайди”[6].

Бундай ҳолни мазкур қисмнинг 8-бандида ҳам кузатамиз. Банд барча нашрларда қуйидагича берилган:

Унда бўлус Ғози деди,
Ҳам муфти, ҳам қози деди,
Юрт барча норози деди,
Қилғон иши озор экан.

6352-рақамли баёзда (181б-саҳифа):

Анда бўлус ҳожи деди,
Ҳам муфти ҳам қози деди,
Юрти ҳамма рози деди,
Бечора беозор экан, –

шаклида тўғри берилган.

Умуман, давр талаби нуқтаи назаридан банднинг барча мисралари таҳрир қилинган. Натижада муаллифнинг муфти, ҳожи ва қозилар ҳақидаги рост гаплари ёлғонга дўнган, матн аслиятдан мутлоқ йироқлашган.

Хўш, нега бундай йўл тутилган? Шоир ижодини динга қарши қўйиб талқин қилинганини эътиборга олсак, бу масала ўз-ўзидан аёнлашади.

Профессор Ғ.Каримов бундай ёзади: “5666-рақамли қўлёзма баёзда “Саёҳатнома” тексти берилган, лекин шундай катта ўзгариш, тузатиш “таҳрир” билан берилганки, асарнинг ғоявий йўналиши остин-устун бўлиб кетган”[7], – дея банд матнини келтиради.

Масалага холис ёндашув бошқача хулосага олиб келади. Бизнингча, биринчидан, 5666-рақамли қўлёзма баёздаги мазкур банд аслида тўғри берилган. Чунки, 6352-рақамли баёздаги банд билан қиёслаш шундай хулоса чиқаришга асос бўлади. Иккинчидан, муқимийшунос олимлар “Саёҳатнома”нинг манбаси ҳақида бирон жойда фикр билдиришмайди. 6352-рақамли баёзда 30 банддан иборат бўлган мазкур “Саёҳатнома”нинг бандлари тўлиқ берилган.

Барча нашрларда қуйидаги:

Шерсиз эмасдур бешалар,
Бордур саховатпешалар,
Қилманг ёмон андешалар,
Яхшилари ҳам бор экан, –

банди “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Исфарага” деб номланган қисмида берилади. 6352-рақамли баёзда эса бу банд “Қўқондан Шоҳимардонга” қисмида келади. Бу ҳақда адабиётшунос Э.Шодиев ҳам қуйидагича фикр билдирган: “Муқимий асарлари билан боғлиқ яна бир масала “Саёҳатнома”ларга тегишлидир. “Саёҳатнома”ларнинг ҳозирги нашрларида тўртликлар ўрни сезиларли даражада ўзгариб кетган. Оқибатда жой номлари ҳам чалкашиб кетган. Кейинги нашрларда ана шу чалкашликларни бартараф қилиш керак”[8].

Барча нашрларда “Саёҳатнома” матнлари қисқартириб берилган. Жумладан, “Қўқондан Шоҳимардонга” қисмидан 10 банд тушириб қолдирилган. Шундан 3 бандини 6352-рақамли баёздан келтирамиз (183б-саҳифа):

Тангрига кўнгил бойлайин,
Бориб зиёрат айлайин,
Ёндим боролмай найлайин,
Устод муриди кор экан.

Армон зиёрат қилмадим,
Бир кеча ётиб келмадим,
Кўз бирла кўриб билмадим,
Хуш бағри файзосор экан.

Шокир нойиби волости,
Ҳимматда денг ҳотамтойи,
Келганда бир меҳмон шави,
Жониғача исор экан.

Барча жорий нашрларда “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Фарғонага” қисмидан ҳам 5 банд қисқартирилиб нашр этилган. Мана ўша тушириб қолдирилган бандлардан 2 таси:

Белни Муқимий бойладим,
Шундоғ юрушни шайладим,
Дунёни таҳқиқ айладим,
Бир маҳзи наму нанг экан.

Ҳуржом бугун савдо бажо,
Баским кўп эркан ошно,
Эркаклари бири ато,
Хотунлари ам(м)анг экан.

Кўринадики, жорий нашрлардан тушириб қолдирилган баъзи бандлар ўша давр мафкураси талабига кўра киритилмаган бўлса, баъзилари сабабсиз қисқаришга учраган.

Баъзи тадқиқотларда Муқимий асарларининг жорий нашрларига киритилмаган “Саёҳатнома”лар матни келтирилиб талқин қилинган. Лекин манба ҳақида бирон оғиз фикр юритилмаган. Баъзи тадқиқотларда эса мазкур бандлар оғзаки материаллар сифатида таъкидланади. Жумладан, Сотти Ҳусайн, Ҳомил Ёқубов ва Ғулом Каримов[9] тадқиқотларида “Саёҳатнома”нинг “Қўқондан Фарғонага” қисмидаги юқорида келтирилган банд ўзгартирилиб қуйидагича келади:

Белни Муқимий бойладим,
Шундоғ юрушни чоғладим,
Дунёни таҳқиқ айладим,
Дунё қурилган дор экан.

Мазкур банд юқорида таъкидлаганимиздек, шоир асарларининг жорий нашрларидан тушириб қолдирилган. 6352-рақамли баёзда эса (182б-саҳифа) аслиятга мос берилган. Кўринадики, “шайладим” сўзи “чоғладим” сўзига, “бир маҳзи наму нанг экан” мисраси “дунё қурилган дор экан” тарзида ўзгартирилган. Негадир профессор Ғ.Каримов докторлик диссертациясида мазкур банд манбаси ҳақида фикр билдириб: “1954 йил САГУ экспедиция материалларидан. Одамлар оғзидан ёзиб олинди”,[10] – дейди.

Янги топилган “Саёҳатнома”нинг “Исфара саёҳати” деб номланган қисми фақат Х.Зарифовнинг “Муқимий ҳаёти ва ижоди” номли монографиясида учрайди. Олимнинг таъкидлашича, мазкур “Саёҳатнома” матни шоир Чархий томонидан 1953 йилда тожикистонлик Ғолиб Яқубзода деган киши оғзидан ёзиб олинган[11].

Умуман, Муқимий “Саёҳатнома”лари матни Муқимий асарларининг барча жорий нашрларида аслиятга номувофиқ келтирилган. Табиийки, ноқис матн асосида холис ва ҳаққоний тадқиқот яратиб бўлмайди. Шу жиҳатдан, шоир “Саёҳатнома”лари матнини матншунослик нуқтаи назаридан тадқиқ қилиб, қайта нашр этиш долзарбдир.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 4-сон

Қўлдош Пардаев 1979 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Ўзбек миллий уйғониш адабиётини ўрганишда матбуотнинг ўрни”, “Ал Ислоҳ: миллий адабиёт тарихида тутган ўрни” каби китоб­лари нашр қилинган.


[1] Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб. – Т.: Ўқитувчи, 1987.-Б.117-122; Аҳмедов С. Ўзбек адабиётида саёҳатнома // Адабий мерос, 1986, 6-сон.-Б. 7-116; Зарифов Ҳ. Муқимий ҳаёти ва ижоди. – Т.: Фан, 1955.-Б.17-19; Олимжонов А. Муҳаммад Амин Муқимий. Ҳаёти ва ижоди. – Т.: Фан, 1953.-Б.19-20; Сотти Ҳусайн. Танланган асарлар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1974.-Б.131; Абдуғафуров А. Муқимий сатираси. – Т.: Фан, 1976.-Б.118; Ойбек. Асарлар тўплами. 9-том. Тадқиқот ва мақолалар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1974.-Б.157-164; Қосимов Б., Юсупов Ш., Долимов У., Жабборов Н., ва бошқалар. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти дарслиги. – Т.: Маънавият, 2004.-Б.104-106.

[2] Каримов Ғ. Муқимий ҳаёти ва ижоди (Монография). – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1970.-Б.220-235.

[3] Мадаминов А. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1990 йил, 9 ноябрь (Муқимийнинг 140 йиллик юбилейидаги маъруза материалларидан).

[4] Ғафур Ғулом. Муқимий баёзи. Танланган асарлар – Т.: Ўздавнашр, 1938.-Б.36-41; Муқимий. Танланган асарлар. – Т.: Фан, 1942.-Б.49-55; Муқимий. Танланган асарлар. – Т.: Фан, 1953.-Б.55-67; Олимжонов А. Танланган асарлар. – Т.: Фан, 1951.-Б.55-62; Ўткир Рашид. Танланган асарлар (Мактаб кутубхонаси). – Т.: Фан, 1951.-Б.34-37; Каримов Ғ. Муқимий. Асарлар тўплами. Иккинчи том. – Т.: Бадиий адабиёт, 1960. -Б.87-95; Муқимий. Танланган асарлар (Мактаб кутубхонаси).– Т.: Ўқитувчи, 1973. -Б.77-80; Муқимий. Асарлар тўплами. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1974. -Б.427-439.

[5] Жабборов Н. Бадиий матн таҳрирининг хос хусусиятлари. – “Ўзбек адабиётшунослигида талқин ва таҳлил муаммолари” мавзуидаги илмий-назарий анжуман материаллари. – Т.: “Мумтоз сўз”, 2014, -Б.28.

[6] Кўрсатилган асар. -Б.29.

[7] Каримов Ғ. Муқимий ҳаёти ва ижодини ўрганиш тарихидан. Ўрта Осиё Давлат университетининг илмий асарлари. Ўзбек адабиёти. Янги серия, 15-китоб. – Т.: Ўқитувчи, 1957.-Б.26.

[8] Мадаминов А. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1990 йил, 9 ноябрь (Муқимийнинг 140 йиллик юбилейидаги маъруза материалларидан.)

[9] Сотти Ҳусайн. Шоир Муқимий. Танланган асарлар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1974.-Б.52; Ҳ.Ёқубов. Демократ шоир. //Шарқ юлдузи, 1953, 9-сон.-Б.99; Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. – Т.: Ўқитувчи, 1987, 3-китоб.-Б.122.

[10] Каримов Ғ. Ўзбек демократ шоири Муқимий ва унинг даври адабиёти. – Т.: 1962 йил. Док. дисс-я.-Б.623.

[11] Зарифов Х. Муқимий ҳаёти ва ижоди. Т.: Фан, 1955.-Б.41.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!