Собир Салим. Қаҳрамонлик ва донишмандлик китоби

“Китоби дада Қўрқут” (“Қўрқут ота китоби”) – ўрта асрлар туркий халқлар эпосининг юксак намуналаридан бири. Унинг таркибига кирган ҳикоя ва достонларнинг айримлари VII-VIII аcрларда оғзаки равишда яратила бошлаган. Асосий достонлари IX-X асрларда ўғузлар Сирдарёнинг қуйи оқимлари ва Орол денгизи атрофларида яшаган даврларда юзага келган.

Ўзбекистон миллий  энциклопедияси маълумотларига кўра, Ўғуз қабилаларининг салжуқийлар раҳнамолигида Ғарбга силжиши натижасида илгари яратилган достонлар ва ривоятларга янгилари қўшилиб, Кавказ ва Кичик Осиёда Кўрқут ва Қозонбек ҳақида бутун бир достонлар туркуми вужудга келди. Оғзаки равишда яратилган ва куйланиб келинган бу асарлар ўзонлардан (бахшилар) ёзиб олиниб, XV аcр ўрталарида “Қўрқут ота китоби”га тартиб берилган. Оғзаки куйланиб келинган достонлар “Қўрқут ота китоби”га киритилганда, уларга муайян адабий ишлов берилган.

“Қўрқут ота китоби” кириш қисм ва 12 та бўйдан (достон) иборат. Кириш қисмида Кўрқут ота ҳақида маълумотлар бериш билан бирга унинг номидан бир қанча оталар сўзи (халқ мақоллари) келтирилган.

“Қўрқут ота китоби”нинг бизгача икки қўлёзмаси етиб келган. Улар Дрезден ва Ватикан кутубхоналарида сақланади. Бу қўлёзмаларни олимлар XIX асрдан бошлаб ўрганиб келадилар. Уни рус тилига дастлаб В.Бартольд таржима қилди ва 1894-1904 йилларда 1-3 ва 5-достонларини асл нусха билан биргаликда нашр этди. Туркияда дастлаб Килисли Муаллиф Рифат 1916 йилда тўла равишда нашр этди. Ундан кейин Ўрхон Шойиқ Кўкёй, Муҳаррам Эргин нашрлари юзага келди. Озарбойжонда ҳам 1939 йилдан бери мунтазам равишда нашр этилиб, ўрганилиб келади. Ўзбекистонда эса 1939 йилда Ҳоди Зариф китоб таркибидаги учинчи достон “Бамси Байрак”ни “Ўзбек фольклори” мажмуасида нашр этган.

Қўрқут ота исми билан ҳам машҳур бўлган сиймо ўз вақтида одамларга яхшилик қилиш, мушкулларини осонлаштиришда кўмакдош бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида бу зот ҳақида шундай дейди: “Қўрқут ота р.а. турк улуси орасида шуҳрати андин ортиғроқдурки, шуҳратқа эҳтиёжи бўлғай. Машҳур мундоқдурки, неча ўзидин бурунқини, неча йил ўзидин сўнгги келурни дебдурлар. Кўп мавъизаомиз мағизлиқ сўзлари арода бор”.

“Қўрқут отада халқнинг қувончли ва ташвишли кунларида кўринадиган, уларга маслаҳат ва мадад берадиган образдир. Шундай хусусияти билан у бизга туркий халқларнинг илоҳий маслаҳатчиси қиёфасидаги улуғ тимсолни эслатади. Ўрни келганда таъкидлаш керакки, олтой туркийлари осмон худосини “Қўр бўстон” деб аташган. Бизнингча, Қўрқут – яхшилик, барака, бахт улашувчи, деган мазмунни ифодалайди. Асар ХV асрда ёзиб олинган. Бу унинг ҳужжатлаштирилган давридир. Аслида “Қўрқут ота китоби” Ислом дини туркий халқлар ҳаётига сингишиб кетмасдан анча асрлар аввал яратилган. Достоннинг бошланмасида Қўрқут ота ўғузлар орасидаги энг биринчи одам деб кўрсатилган. Демак, Қўрқут ота ўғузлар учун тарихнинг бошланиши, ўғуз уруғлари ундан таралганлар. Асардаги бундай далил Қўрқут ота ҳақидаги сюжетлар милоддан аввалги асрларда туғила бошланганлигини кўрсатади. Қўрқут ота ҳамма нарсани билувчи, келажакдан хабарлар берувчи улуғ сиймо сифатида тасвирланади. Унинг бундай хусусияти милоддан  аввалги III мингинчи йилларда яшаган Билгамиш хоқон ҳақидаги адабий сюжетларни ёдга солади” деб ёзади олим Абдурашид Абдураҳмонов.

Адабиётшуносликда “Қўрқут ота китоби” озарбойжон халқ оғзаки ижодига нисбат берилган. Бу асар озарбойжонлар ўртасида VII-VIII асрларда, ҳали озарбойжон тилида ёзма адабиёт унчалик тараққий этмаган бир шароитда “Китоби дада Қўрқут” номи билан машҳур бўлган.

Озарбойжоннинг энг қадимий ёзма ёдгорлигида қаҳрамонлик, донишмандлик, ватанпарварлик тараннум этилган, ўғуз туркларининг қадрият ва анъаналари акс этган.

Ўтган аср 50-йиллари собиқ Иттифоқ даврида “Қўрқут ота китоби” миллатлараро ихтилоф қўзғайдиган асар дея тақиқланди. 60-йилларга келибгина асар “оқланди”.

Озарбойжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев фармони билан Дада Қўрқут ёдгорлиги яратилди. Илҳом Алиев унинг озарбойжон халқининг миллий бойлиги деб атаган ва у ҳар бир озарбойжонлик учун қадрли эканини таъкидлаган.

Ҳақиқатан ҳам, китобда катта ҳаёт тажрибасига эга улуғ ёшли инсоннинг дунё ҳақидаги хулосавий фикрлари ўрин олган. “Оллоҳ, Оллоҳ демагунча иш унмайди, қодир Тангри бермагунча ер бойимайди”, дейилади унда. “Такаббурликни Тангри севмайди. Паға-паға қор ёғса ҳам ёзга қолмайди. Қари душман дўст бўлмайди” каби доно фикрлар баён қилинади.

“Қўрқут ота китоби” бутун туркий халқларнинг қадимий асарларидандир. Шу сабаб унда ўғуз қабиласига мансуб бўлмаган туркийларнинг ҳам орзу- умидлари, қаҳрамонлик фазилатлари сингиб кетган. Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат бу эпосда бошқа қаҳрамонлик достонлари билан уйғун жиҳатлар борлигини таъкидлаган: “Алпомиш” достонининг охирги қисми (яъни, Алпомишнинг қалмоқ зиндонидан қутулиб элига қайтиши) ҳам “Китоби дада Қўрқут”даги учинчи ҳикоя – “Бой Бўри ўғли Берек” ҳикоясига жуда ўхшашдир”. Профессор Тўра Мирзаев эса “Ёзма манбалар орқали бизгача етиб келган “Китоби дада Қўрқут”нинг учинчи бўйи (достони) “Бамси Байрак” сюжет воқеалари жиҳатидан “Алпомиш” достонига яқин туради. Бу сюжетдаги бир достоннинг бир неча халқларда мавжудлиги уларнинг миллий ўзига хослигини инкор этмайди. Чунки бу достонларнинг қадимий тарихий-ҳаётий асослари бир бўлса-да, уларнинг ҳар бири кейинги тараққиётда ўзлари мансуб бўлган халқнинг эпик анъаналари доирасида ривожланди, оғзаки ижро ва ижод шароитларида яшашда давом этди” деб ёзади.

“Қўрқут ота китоби” дунё миқёсида кенг ўрганилиб келинаётган, ўғуз ва бошқа туркий халқлар тарихи, фольклори, этнографиясини ўрганишда катта аҳамиятга эга асарлардан биридир. Асар Москва, Берлин, Хельсинки, Лондон, Цюрих, Техас, Теҳрон, Табриз, Ашхобод, Анқара, Истанбулда чоп этилган.