Пабло Неруда

Рикардо Элиэсер Нефтали Рейес Басоалто, чилилик машҳур шоир, дипломат, сиёсий арбоб. Нобел мукофоти соҳиби.

Пабло Неруда 1904 йили Чилида оддий темирйўлчи оиласида дунёга келди. У икки ёшга кирганида онасидан айрилди. Табиатан тиришқоқ ва қобилиятли бола етти яшарлигида илк шеърларини ёза бошлади. Булар шеър эмас, балки маълум оҳангга бўйсунган сўзлар тизмаси бўлиб, унда на туроқ, на қофия, на эга-кесим, на шеъриятга қўйиладиган талаблар бор эди. Бироқ ана шу дастлабки шеърлардаги шакл ва оҳанг ёш бола руҳиятида маълум қолипларга сиғмайдиган, маълум шеърий тасаввурларга амал қилмайдиган, поэзияни бошқа кўз билан кўрадиган янги қараш пайдо бўлаётганидан дарак берарди.

Неруданинг бахтига, кейинчалик, 1945 йили, Лотин Америкаси адабиётида биринчилардан бўлиб Нобел мукофотини қўлга киритган Габриэла Мистрал у ўқиётган лицейда дарс берарди. Шоира боланинг поэтик салоҳияти ва образли мушоҳадасини жуда эрта англади ва унга алоҳида эътибор берди. Г.Мистрал Нерудага ҳам фанларни ўзлаштиришда, ҳам шеъриятда устозлик қилди. Неруданинг дастлабки шеърлари Г.Мистрал таъсирида дунёга келди. Неруда узоқ вақт шогирд бўлиб қолмади.

Отаси ўғлининг адабиётга ўралашиб юришини истамасди. Ундан бадавлат ва обрўли касб эгаси чиқишини орзу қиларди. Отасининг норозилигига сабаб бўлмаслик учун Пабло ўзига шиор Ян Неруданинг тахаллусини танлади. Кейинчалик барча расмий ҳужжатларида унинг номи «Пабло Неруда»га айланди. Отасидан яшириб ўз ҳисобидан дастлабки китоби – «Шафақ издиҳоми» тўпламини чоп этди. Бу тўплам талабалар адабиётининг биринчи мукофотига сазовор бўлди. Шундан сўнг Пабло адабиёт билан жиддий шуғулланишни бошлади. 1924 йили чоп этилган «Муҳаббат ҳақида йигирмата ва тушкунлик ҳақида битта шеър» номли иккинчи китоби унинг номини Лотин Америкасида машҳур қилиб юборди. Бу тўплам адабиётда авангард руҳдаги жуда катта истеъдод пайдо бўлганини билдирарди. Китобдаги шеърлар ўзининг фақат шаклига кўра эмас, мазмун ва қамровига кўра янги давр шеърияти эди. Бу шеърларда мавжуд тушунчалар, мавжуд образлар, метафоралар, ўхшатишларни ўзгартиришга, уларга маълум бир қитъага хос тасаввурлар билан эмас, бани инсоният кўзи, нигоҳи билан қарашга, чилилик ёки америкалик номидан эмас, бани башар номидан гапиришга, тасаввур қилишга, баҳо беришга интилиш бор эди.

Ушбу китобдан сўнг Пабло Неруда, отасининг қаршилигига қарамай, институтни ташлади ва ўзини том маънода адабиётга бағишлади. Аммо фақат адабиёт ҳисобига кун кечириб бўлмасди. Неруда қийинчилик билан ўзини ўнглашга, адабиётдан чалғимай тирикчилигини юритишга уринарди. Анча фуқаропарвар ва маърифатпарвар бўлган Чили ҳукумати ёш, истеъдодли шоирни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Анъанага кўра, шоирларни Ташқи ишлар вазирлигига ишга таклиф қилишарди. Паблони эса Бирмага консул қилиб жўнатишди. Гарчи бу вазифада бойиб кетиб бўлмаса-да, аммо ҳам иш, ҳам адабиёт билан шуғулланиш учун яхши имконият эди, зеро, ҳукумат адабиёт аҳлига айнан шу мақсадда бундай вазифалар таклиф этарди. Пабло Неруданинг дунё кезиш ва дунё адабиёти билан яқиндан танишиш, дунёнинг барча бурчагидаги инсонларни ўрганиш даври бошланди. У Испанияда, Ҳиндистонда, Парижда, Мексикада, Италияда, Москвада бўлди. Шу йиллари ёзилган шеърларини тўплаб «Яшаш жойим – Ер сайёраси!» номли тўпламининг биринчи китобини чоп эттирди. Шоир энди шеърларида том маънода она замин ва озод инсон номидан гапира бошлади. У миллий шеърий оҳанглар ва ритмикани янги авангард шаклларда акс эттиришга уринди. Унинг ҳар бир ёзган шеъри шакл ва мазмунига, сўзларни ишлатишига кўра ўзига хос новаторона ёзилган, қолипларни бузган.

Пабло Неруда бу шеърларида гўё барча жисмга, нарсага, ҳаракатга, оламга қайта ном бермоқчи бўлгандай таассурот уйғотади. Маълум жисмни билдирувчи сўзлар ёнидаги сифатловчиси ёки равишига қараб айни пайтда фақат шоир тасаввур қилган маънони ҳам анг­латиб келади.

Неруда ўз ижодида беш қитъа бадиий анъаналаринигина эмас, жўғрофиясини ҳам бирлаштирди, унинг шеърлари, достон, балладаларида беш қитъанинг йирик ва тарихий шаҳарларидан барчасини топиш мумкин. Сабаб нимада? Жавоб, афтидан, Неруданинг бош ижодий кредосидан келиб чиқади. У, миллати, ирқи, тили, дини, фуқаролигидан қатъи назар, «мен инсонман» деган ғояни илгари сурди ва инсон эрки, фикр, сўз, туйғу, қарашлар ҳурлиги ижодининг бош мақсади бўлди. Шу сабабли асарлари бир қарашда деклоратив шиорлардай туюлади, бироқ ундаги образларга, ўхшатиш, сўз ўйини, метонимияларга назар ташласангиз, юксак ва нозик поэтик нафосатдан юрагингиз тўлиб кетади. Бу шеърлар инсон, жамият, табиат ва нафосат ўртасини боғлаб турувчи бир уйғун мусиқага ўхшайди. Пабло Неруда сукунатга ва жимликка овоз бағишлай олган шоир эди. У Лотин Америкаси сукунатига поэтик ном, оҳанг ҳамда овоз бера олди.

Пабло Неруда дунё кезиб, дунё миқёсида ўз шеърларига залвор, ҳикмат излади. Дунёнинг энг машҳур модернистлари, авангардчилари, импрессионистлари билан доимий мулоқотда бўлди. Рангтасвирда исёнкор қарашлари билан ажралиб турадиган Диего Ривера ва Давид Альфаро Сикейрос каби рассомлар энг яқин дўстлари эди. Мадридда яшаган пайтлари Гарсиа Лорка билан қадрдон ва маслакдош бўлиб қолди. Иккаласи биргаликда «Поэзиянинг яшил айғири» номли авангардча усулдаги журнал ҳам чиқаришди. Лоркани франкочилар отиб ташлашганда у раддия сифатида дипломатик этикага амал қилмасдан ҳукумат номидан франкочиларга қарши баёнот бериб юборди. Мазкур хатти-ҳаракатидан хавотирланган ҳукумат тезда уни мамлакатга чақириб олди.

Неруданинг ижодини ХХ аср маънавий, моддий равнақ йўлини танлаган мамлакатлар ижтимоий ва бадиий тафаккурининг ўзига хос бир намунаси дейиш мумкин. Неруда ХХ асрдаги сиёсий ёвузликларнинг барчасига ўз шеърлари билан қарши турди, шеърлари орқали норозилигини баён этди, инсон, шахс сифатида лоқайд ўтирмади: сўзни, оҳангни, гўзалликни қурол қилиб хунрезлик ва ёвузликка қарши курашди. Унинг шеъриятини «ХХ аср воқелигининг тезкор бадиий виждони» дейиш мумкин. Собиқ шўро тузуми уни дўст шоир сифатида қабул қилди, унинг асарларини чоп эттирди. Бироқ чоп этилган асарлар фақат ижтимоий шеърлар эди. Унинг чинакам гўзал шеър­лари таржима қилинмади, оқибатда Неруда ижтимоий масалалар шоири сифатида ном қозонди. Шоирнинг чинакам шеърлари энди таржима қилинмоқда, нашр этилмоқда.

Ўсимлик, шароб ёки тошнинг оти – Матильда,
не туғилган, неки мавжуд – у барининг отидир.
Бу исмнинг шуъласидан тонглар ёришар ногоҳ,
бу исм парвозидан турунжлар ёлқинланар.
Бу исмда кемалар сузиб юрар бемалол,
йўл кўрсатар денгизнинг ложувард чироқлари.
Бу исмнинг ҳарфлари – сувнинг нуқра оқими,
қақраган юрагимнинг чанқоғини босади.
Мен чирмовуқ остидан излаган ушбу исм
гўёки Боғи Эрам ё жаннатга элтувчи
ерости йўлагининг сеҳрли туйнугидир.
Қайноқ бўсаларингга кўмиб ташлагин мени,
жонимга қада, майли, тунги нигоҳларингни,
фақат исмингда юзиб, ухлашга изн бергин.

Неруданинг поэтик овози Лотин Америкаси зиёлиларининг, нафақат зиёлилари, балки ўзига йўл, мус­тақиллик, тараққиёт, озодлик излаган Лотин Америкасининг овозидир. Ундаги ибтидоий ҳиссиётлар билан замонавий жўшқинлик омихталигининг сабаби ҳам шунда. Адашишлари, ўзига суянчиқ излаш учун турли ғояларга берилиб кетишлар, лаққа тушишлар, маҳлиё бўлишлар – бари Лотин Америкасига хос соддалик асоратидир. Шу сабабли Неруда ижоди ўзида 30 – 50-йиллар Лотин Америкаси ижтимоий, ҳиссий ҳаётини тўлиқ мужассамлаштиради.

Неруда шеърларига кўра, инсон бани олам ва бани коинот уйғунлигининг марказида туради, инсон улуғланади ва шарафланади. Шеърларида коинот ва башарият уйғунлашган оламга хос барча нарсани, ҳатто кўз илғамас, қулоқ эшитмас, ҳид билан сезиб бўлмайдиган гўзалликни, метафоралар, ўхшатишлар, образлар, оҳанглар, товушлар, нолалар оламини кўриш ва эшитиш мумкин. Бу оламда инсон кўнгли унинг ижтимоий келиб чиқишидан, ирқидан, тилидан, динидан ва моддий олам бирламчи сановчи бошқа хусусиятлардан баланд кўтарилади; инсон ўзининг кўнгли қадар юксалади ва бу кўнгилда энди самовий эврилишлар содир бўлади, туйғулар денгиз тўлқинлари каби тошиб-тўлиқади, кечинмалар баҳорий капалаклар сингари кўк­лам бошланган қалбда парвоз қилиб юради ва бу ерда тозаланган, фориғланган, юксалган одамнинг шишадай беғубор, шаффоф ботини пайдо бўлади; мангуликнинг абадий лаҳзалари, абадий жилвалари билан уйғунлашиб кетади. Шоир шеърлари ана шу уйғунликнинг бекаму кўст тасвирчиси сифатида намоён бўлади.

Мушк-анбарлар ошён қуриб ёйилган,
Намхуш қанотларин ҳорғин силкитиб
қишдан омон чиққан қушлар сайр этган
ўша тентак дара ёдингда бор-ку.
Эсларсан Момо Ер инъомларини:
бу димоқ ёрар бўй, бу заррин тупроқ,
бефаҳм илдизлар, кўм-кўк майсалар,
жодули тиғи бу тиканакларнинг.
Эсларсан – кўпикда қолган тош каби –
зулумотдан, сукунатдан ва сувдан
олиб келтирганинг дарахт шохасин.
Бари ғайриоддий, бари одатий,
бировлар кутмаган жойга кетурмиз,
кутган нарсамизни топурмиз излаб.

Шоир тақдир тақозоси билан уч марта уйланди. Учала рафиқаси билан учта қитъада – Осиё, Европа ва Лотин Америкасида (Бали ороли, Аргентина ва Италия) – танишди ва турмуш қурди. Умуман, Неруда гўё замин фарзанди ва барча қитъалар унинг ватани эди. Унинг 1951 йили ниҳоясига етган «Башарият қўшиғи» номли 231 та шеър, яъни 15 минг мисрадан иборат тўплами дунё­нинг кўплаб мамлакатларига таржима қилинди, поэзия мухлисларининг севимли китобига айланди. Паб­ло Неруда номи ўтган асрнинг 40-йилларидан бош­лаб бутун дунёнинг энг забардаст ва машҳур шоирлари сафидан жой олди. Унинг шеърларини шўро тузумидагилар ҳам, америкалик ва европаликлар, осиёликлар ҳам бирдай ўқишар, ҳайратланишар ва завқланишарди. 50 йиллардан токи ўлимигача, ўлимидан сўнгги ўн йилликда ҳам Пабло Неруда дунёдаги энг машҳур шоирлигича қолди.

Гарчи тадқиқотчилар Нерудани сюрреалист ҳисоб­ласалар-да, шоир европалик оқимдошларидан фарқ қилади. У ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонга ишонч ва умид билан қарайди, бутун ижоди инсонга қасида сифатида жаранглайди, бу шеърларда инсоннинг матонати ва тоқати, қудрати ва улуғлиги куйланади. Шоир эътиқодига кўра, инсон гўзаллик, улуғлик, куч-қувват, яратувчилик, ғалаба ва абадийлик тимсолидир. Инсон бўлмаса, бу нарсалар ҳам бўлмайди. Шу сабабли ҳар маҳал инсонга суяниш ва уни алқаб, улуғлаш шарт. Дунёни инсон кўнглидаги муҳаббат ва меҳр қутқаради.

Бинафшадай тикандан тож кийган золим севги,
эҳтирослар зўридан ҳурпайиб олган бута,
ғазаб оти яғринин яра қилган ғам тиғи,
нечун, қай йўллар билан юрагимга йўл солдинг?
Менинг барги резонлар тўзган сўқмоқларимга
нечун ташлаб юбординг ҳасратларинг ўтини?
Ким у сенинг йўлингни менинг қошимга бурган,
ким у кулбам кўрсатган, гулми, тошми, тутунми?
Ваҳм тунни қўрқувлар босиб келар бегумон,
шафақ қадаҳларини майга тўлдиргани рост
ва рост кўкдан қуёшнинг жизғанак куйдиргани.
Севги эса, севгижон бўлди менга парвона,
бағримни тилка қилди найзалари, тикони,
куйдиргижон оташи юрагимга йўл солди.

Пабло Неруда ижоди, ҳаёти Лотин Америкасининг ХХ аср ижтимоий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Унинг шеърлари шу ижтимоий ҳаётнинг инъикоси, ана шу минтақанинг овози, ҳиссиёти, орзу ва кечинмалари сифатида адабиётга кириб келди. Нобел мукофоти ҳам айнан «…ўзи яшаётган минтақанинг ҳаёти ва нафасини қамраб олган поэзияси учун» берилди. У тириклигида 40 дан ошиқ китоб чиқарди. Бутун дунёга машҳур шоирга айланди, эҳтиросли образлари, овози беш қитъа­ни ўзига қаратди, умри ҳам худди дўсти Лорка каби шов-шувли ва Лотин Америкасининг ўша давр ҳаётига хос якун топди.

1969 йили унинг номзодини президентликка кўрсатишди. Бу сайловда ғалаба қозониши аниқ эди. Дунёга машҳур шоирни бутун Чили қўллаб-қувватларди. Аммо шоир сиёсат билан шуғулланишни истамади. Салвадор Альенди ҳисобига номзодини қайтариб олди. Унинг қўллаши туфайли Салвадор Альенди сайловда ютиб чиқди.

1971 йили Пабло Неруда Нобел мукофотига сазовор бўлди.

1973 йил 11 сентябрда Чилида давлат тўнтариши юз берди. Салвадор Альенди президентлик саройини ҳимоя қилиб ҳалок бўлди. Орадан ўн икки кун ўтгач, 23 сенятбрда, Пабло Неруда ҳам вафот этди.

Унинг ўлимидан коммунистлар ўз мафкураси йўлида фойдаландилар ва шоирни «хунта азоблаб заҳарлаб ўлдирди» деган ёлғон маълумотни бутун дунёга тарқатишди. Қарийб қирқ йил кўплаб мамлакатларда ана шу ёлғон асосий манба сифатида талқин этиб келинди. Аммо 2013 йил 8 апрелда ўтказилган эксгумация пайти шоир заҳарлаб ўлдирилмагани маълум бўлди. Шоир оғир касалликдан вафот этганди. Бироқ бу далил хунтани шоир ўлимига жавобгарликдан тўла озод қилолмади. Рафиқаси Матилда Уруттианинг гувоҳлик беришича, тўнтариш пайти бир тўда хунта тарафдорлари АҚШ сиёсатига ҳамиша танқидий кўз билан қараб келган шоир уйига бостириб кириб уни вайрон қилишади. Улар шоирдан ўч олиш мақсадида келишганди. Матилда иккинчи қаватни ёпиб олиб зўрға жон сақлаб қолади. Салвадор Альенди тарафдори бўлган шоирнинг дунё миқёсидаги обрўси ҳарбий хунта учун жуда хатарли эди. Уйининг вайрон этилгани, мамлакатдаги бошбошдоқликлар шоирга қаттиқ таъсир қилади ва касали кучаяди. Рафиқаси Матилда докторлар ҳам хунтанинг ғазабига учрашдан қўрқиб шоирга ўз вақтида ёрдам кўрсатишмаганини таъкидлаган. Уйи вайрон бўлгач, ўн икки кундан сўнг ХХ асрнинг машҳур шоири вафот этди. Дафн маросими ҳам сир тутилди ва тиш-тирноғигача қуролланган аскарлар қуршовида кўмиб келинди. Шоир дафн этилгачгина бутун дунё унинг ўлимидан хабар топди.

Аммо шоирнинг шеърларини, овозини, руҳини ўлдириб бўлмади. Унинг шеърлари башарий уйғунлик ва озод инсон ҳақидаги орзулар қиёфасида дунё бўйлаб кезиб юрибди.

Пабло Неруда 1960 йили шундай ёзганди:

Мен ўлмасман, ўлдиролмас ҳеч қачон,
Жисмим сўнса, руҳим яшар қон бўлиб.
Чорлашсалар алам пайти, бахт пайти,
Мен келарман шеър бўлиб, вулқон бўлиб…

(Шеърларни Фахриддин Низом таржима қилган)

Назар Эшонқул


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!