Ойдин Ҳожиева. Санъаткор таржимон (Зулфия)

Зулфия таржималарининг ўзи бир олам. Улар офтобдай нур сочиб туради. У ўзбек тилига ўгирган шеърлар туйғулар, эҳтиросларга йўғрилиб, худди асл нусха каби қиймат касб этади. Зулфия ўзбекчалаштирган буюк Пушкиннинг оташ-алангали шеърлари мафтункор, ўртаниш ва изтироблари жонингизга титроқ солади. Пушкиннинг қайноқ муҳаббат дардларини қайта ҳис қиласиз у мисраларда. Ёки Некрасовнинг “Рус аёллари” поэмасини мутолаа қилсангиз, сўзнинг рангини, ифорини, жарангини, таъмини, майин тароватини туясиз. Сўзнинг тошдай қаттиқ бўлгани, гул очгани, қорнинг олмос учқунларига айланганини кўргандай бўласиз. Ўзбек тилининг нечоғлик жозибадор, ранг-баранглиги сизни ҳайратга солади. Сўзда қаҳратон заҳрини, ёзнинг чарақлаган қуёши тафтини, занглаган оғир кишанларнинг маҳзун шилдирашини ҳис қиласиз. Киборлар, зодагонлар базмининг ёрқин, шўх юлдузлари – княгиня Трубецкая ва Волконскаяларнинг ёшлик йилларига бағишланган сатрларда таржимон сўзларни сайратиб юборади, бахту саодатга чулғанган, ҳашамга ботган гўзал хонимларнинг кўнгил кечинмалари шоҳона тасвирга айланади. Уларнинг зорлари, қора қаҳратоннинг қорли йўлларидаги машаққатлари баёнида, рус қишлоқлари таърифланган манзараларда шоира таржимонликнинг юксак намуналарини яратади. Икки буюк муҳаббат ва вафо тимсоли қисматини шоира худди ўз бошидан кечиргандай ҳарорат ва айрилиқ азобларини ўта санъаткорлик билан мисраларга жо этади. Асарни ўзбек тилида қайта яратади гўё. Зеро, таржимоннинг ўзи ҳам муаллиф қадар юксалиши, асар ёзилган даврнинг руҳини теран англаши ва ўз тилининг бутун имкониятларини намоён этиши керак-да!

Зулфияхоним амалга оширган таржималар рўйхатида жаҳонга таниқли шоираларнинг асарларини кўрасиз: Габриэла Мистрал, Леся Украинка, Соломея Нерис, Анна Ахматова, Марина Цветаева, Елизавета Багряна, Маргарита Алигер, Десанка Максимович, Людмила Татьяничева… Шунингдек, Мирзо Турсунзода, Қайсин Қулиев, Мустай Карим сингари машҳур шоирлар билан дўстона муносабатларининг самараси бўлиб, фасоҳатли шеърий таржималар дунёга келган. У ўз қалбига, туйғуларига, қарашларига яқин бўлган шеърларнигина муҳаббат ва ихлос билан ўзбек тилига ўгирарди. Устоз суҳбатларда Ҳамид Олимжон билан биргаликда таржималар қилган кезларини соғиниб эсларди, шоир таржималарининг равонлигини, асл нусха каби ёрқин ва мукаммаллигини такрорларди. Шу ўринда Зулфияхонимнинг айтганларини хотирга олсам жоиз бўлар.

1943 йил. Ҳаёт-мамот жанглари дунёни ларзага солиб турган суронли давр. Халқ қурол ясар, завод-фабрикаларда уйқусиз дастгоҳ юргизар, бир тишлам нонини ҳам, ташвишини ҳам фронтдагилар билан баҳам кўрарди. Госпиталларда ҳамширалар малҳами билан, санъаткорлар эса қўшиқ билан ярадорларни даволар эдилар. Юрт ёзувчи ва шоирларнинг сўзига илҳақ эди. Тошкентда адабий ҳаёт қайнар, бу ерда яшаётган таниқли рус, украин, белорус шоирларининг асарлари ўзбек тилида кетма-кет чоп этилар, ўзбек жангчиларининг кўкрак чўнтагида Ҳ. Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол”, Ғ. Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеърлари билан бирга К. Симоновнинг “Мени кутгил” каби ноёб шеърларининг ўзбекча таржимаси ҳам юрарди.

Ўша кунларда белорус шоири Якуб Коласнинг таваллуд тўйи ўтказиладиган бўлиб қолди. Адибнинг китобини зудлик билан ўзбек тилида чиқариш даркор эди. Дўстлик бурчи шуни талаб этарди. Ҳамид Олимжон хонадонининг энг катта хонаси икки шоирнинг ижодхонасига айланди. Ўртада икки юракни бирлаштириб шам ёнади. Бир шам ёруғида икки дил, икки сафдош шоир ярим тунгача Якуб Колас билан ғойибона суҳбатда. Ҳамид Олимжон китобга сўзбоши ёзар, Зулфия шоир шеърларини ўзбек тилига ўгирарди. Уч кунда сўзбоши ҳам, таржималар ҳам тайёр бўлди. Шамнинг хира ёруғида бир хона кенг жаҳондай бўлиб, битта столнинг икки қаноти илҳом ва меҳнатга хизмат қиларди. Улар битта нафасга айланиб бахтиёр яшар, ишлар эдилар. Қийин шароитни пайқамас эдилар. Ҳамма шундай яшарди. Меҳнат қилиш керак эди. Уруш борарди ахир. Халққа таянч сўз керак эди. Ўша машаққатли кезларда нозикниҳол Зулфиянинг қудратли таянчи – Ҳамид Олимжон ёнида ёниқ сўзларни излаш ва топиш осондек эди.

Зулфия қардошларнинг адабиёт байрамларида албатта янги таржималарини мухлисларига совға этарди. Эсимда бор, устоз Тошкентда ўтказилган Тожикистон адабиёти ва санъати кунларида Мирзо Турсунзоданинг “Ватан” шеърини ўз таржимасида ўқиб мухлисларнинг олқишига сазовор бўлган эдилар. Шоира арузда деярли ёзмасди, лекин у Сулаймон Рустамнинг, Мирзо муаллимнинг аруздаги шеърларини маҳорат билан она тилимизга ўгирган. Шоиралар ижодидан қилинган таржималарда майинлик, нафосат, аёл қалбининг титроқлари сезилиб турса, Нозим Ҳикмат, Қайсин Қулиев ва Мустай Карим асарларида донолик ва ҳикмат, шарқона фалсафа ҳоким.

Зулфия таржималари орасида Шевченко шеърлари ўз ўрнига эга. Озодлик куйчиси, украин халқининг эркин ва ҳур кунларини орзиқиб кутган Тарас Шевченконинг таваллудига 200 йил тўлган айни кунларда унинг шеърларидаги ҳарорат, оташнафаслик ва келажакка ишонч туйғулари Зулфия таржимасида жуда гўзал жаранглаётгани ҳам бежиз эмас.

Зеро, улар орасида тасодифий асарлар йўқ. Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов Иброҳим Ғафуровнинг таржималари ҳақида сўз юритиб, таржимонлик учун улкан истеьдод ва қобилиятдан ташқари улкан сўз заҳираси ҳам кераклигини таъкидлаган эди. Шоира Зулфиянинг улуғ ҳурмат ва муҳаббат билан қилган таржималари ҳам бу улуғ истеъдоднинг сўз заргари, саньаткори эканидан далолат бериб турибди.

Зулфиянинг таржимонлик санъати мактаби кўп ижодкорларга ўрнак бўларлидир.

Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ шоири

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон