Қосимжон Содиқов. Кун буржи собит турур

Машҳур олим Николай Коперникнинг оламнинг айланиши тўғрисидаги қарашлари юзага чиққунга қадар, бутун Ғарб астрономия илми геоцентрик назария таъсирида яшар эди. У “Марказда Ер эмас, қуёш туради. Ер эса унинг теварагида айланади” деганида, бошда афкор омма уни қўллаб-қувватламади. Кейинчалик илмий ҳақиқат тан олинди ва унинг қарашлари фаннинг улуғ кашфиётлари қаторидан жой эгаллади.
Бу борада коинот илми аллақачон илдамлаб кетган Шарқда қандай қарашлар ҳукмрон экани кишини ўйлантириб қўяди баъзан. Шу ўринда X юзйилликда яшаб, ижод этган улуғ адиб ва файласуф Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Бахтга элтувчи билим; Бахтга элтувчи билимлар китоби”) асарида келтирилган фикрларга эътиборни қаратсак. Файласуфнинг коинот тузилиши ва оламнинг яралиши тўғрисидаги ўй-қарашлари достоннинг “Етти кавокиб ва ўн икки бурж” бўлимида яхши берилган.
Юсуф Хос Ҳожиб коинотнинг тузилиши тўғрисида баҳс юритар экан, кўкдаги юлдузларни бирма-бир санаб ўтади. Муҳими, китобни ўқиб, бутун бир астрономик истилоҳлар системасига дуч келамиз. Шунинг ўзиёқ ўша даврда астрономик билимлар юқори босқичда эканлигидан белги бериб туради. Ҳар бир истилоҳ коинот жисмларининг кўриниши, ҳолати ва ҳаракатидан келиб чиққан ҳолда ясалган. Бу ҳодисани ўша кезлардаги айни соҳанинг тараққиёти, қадимги туркий тилда истилоҳ ясаш принципларининг пухта ишлаб чиқилгани ҳамда тил анъанасининг узоқ асрли такомилига боғлаганимиз маъқул.
Астрономик истилоҳларнинг маъносини уқиб, уларни фарқлаш матн мағзини чақишга йўл очади. Аввал “Ер юзи” ва “фалак” тушунчалари қандай аталгани хусусида икки оғиз. Муаллиф “фалак”ни — “кўк”, “эвран”, ора-сира “фалак” деб атайди, “Ер курраси”, “олам” эса “Ер”, “ажун”, “дунё” ёки “тезгинч” дейилган. “Коинот”ни “ер-кўк”, дейди. Матнда “ер-кўк идиси” деган бирикмани ҳам учратамиз, бу сифат “еру кўкнинг (коинотнинг) эгаси, Тангри”ни билдиради.
Достонда фалакка “яшил”(“мовий”), ерга эса “яғиз”(“кулранг”) сифати берилган: яшил кўк, яғиз ер.
Энди яшил кўкдаги юлдузларга кўчамиз. Асарда “юлдуз” “юлдуз” ёки “кавкаб”, “юлдузлар туркуми, бурж” эса “эв”, “ўкак”, “буруж” дейилган. Юлдузлар илми билан шуғулланувчи олимни “юлдузчи” деб айтади. Юсуф Хос Ҳожиб юлдузчиларга “Етти қат фалакнинг сирларини ерда ётган хасчалик билиб ол” (“Ети қат фалакни ятур ямча тут”) деган талабни қўяди. Бунинг билан инсон етти фалакнинг сиринигина билиши мумкин, деган фикрга таянади чоғи(масалан, тўққизинчи фалак — Арш аъло (эдиз арш) сирларини инсон ечишга қодир эмас).
Юсуф Хос Ҳожиб етти юлдузни шундай атайди: Зуҳал(Сатурн) юлдузини “Секантир”, Муштарий(Юпитер) юлдузини — “Ўнгай” ёки “Қарақуш”, Миррих(Марс)ни — “Кўруд” ёки “Бақирсўқуна”, Қуёшни — “Яшиқ” ёки “Кун”, Зуҳра(Венера)ни — “Севит”, Уторудни — “Арзу”, Ойни “Ай” ёки “Ялчиқ”, дейди. Унинг замондоши Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” китобида “Миррих”ни “Бақирсўқум” деб берган ва унинг кўриниши ҳақида “қизилликда мисга ўхшатилади” деб ёзади. Муштарий юлдузини “Қарақуш” деб атайди ва “Бу тонг вақтида чиқади. Баъзан буни “Қарақуш юлдуз” деб ҳам атайдилар”, дея қайд этади.
“Қутадғу билиг”да юлдузларнинг ҳолати ва ўрни ҳам яхши берилган. Уларнинг баъзилари юқори, баъзиси қуйи. Юлдузлар ушбу кетма-кетликда еттита фалакка жойлашади. Булардан энг устда, яъни еттинчи фалакда Секантир(Зуҳал) юради. У бир буржда икки йилу саккиз ой қолади. Иккинчиси — Ўнгай(Муштарий), у бир буржда ўн икки ой қолади. Учинчиси — Кўруд(Миррих), у қай томон қараса, яшнаб турган нарса қурийди. Тўртинчиси — Яшиқ(Қуёш), дунёни ёритади. Бешинчиси — Севит(Зуҳра). Ундан кейин Арзу(Уторид) келади. Булардан энг олдин Ялчиқ(Ой) юради. У Яшиқ билан қарши келса, тўлишади. Ойнинг жойи ва йўли биринчи фалакда.
Ўн икки бурж булардан бошқадир. Улар турғун юлдузлар бўлиб, жойи саккизинчи фалакда. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонида Оллоҳга ҳамд ўқир экан, “Саккизинчи гумбазга турғун юлдузларни жойладинг” деб ёзган эди.
Юсуф Хос Ҳожиб Ҳамални — “Қўзи”, Саврни — “Уд”, Жавзони — “Эрандиз”, Саратонни — “Қучиқ” ёки “Саратан”, Асадни — “Арслан”, Сунбулани — “Буғдайбаши”, Мезонни — “Улгу”, Ақрабни — “Чадан”, Қавсни — “Яй”, Жадийни — “Ўғлақ”, Далвни — “Кўнак”, Хутни — “Балиқ” деб атаган.
Буржларнинг айримлари икки хонали(жуфт), айримлари бир хонали(тоқ).
“Қутадғу билиг”да Етти қароқчи юлдуз — “Етикан”, Ҳулкар эса “Уркар” аталган.
Буржларнинг ўрни ва кетма-кетлигини Юсуф Хос Ҳожиб қуйидагича тасвирлайди: Қўзи — кўклам буржи, сўнг Уд келади. Эрандиз юлдузи Қучиқ билан яқиндир. Арслон билан Буғдойбоши қўшнидир. Улгу эса Чадан ва Ёй билан эшдир. Сўнг Ўғлақ, Кўнак ва Балиқ буржлари келади, булар туғса, осмон ёришади.
Буларнинг учи кўкламги бурж, учи ёзги, учи кузги, учи қишки бурждир. Юсуф Хос Ҳожиб оламнинг яралишига асос бўлган тўрт унсурни ана шу буржларга боғлайди. Унинг таъкидлашича, буржларнинг учтаси ўт, учтаси сув, учтаси ел, учтаси эса тупроқ бўлди. Олам (ажун) ва эл шулардан яралди. Уларнинг бири бошқасига ёвдир. Бу ўринда: “ўт — сув”, “ел — тупроқ” қарама-қаршилиги назарда тутилмоқда. Шундан оламнинг яралишидаги зиддият қонуни юзага чиқади. Шоирнинг бадиий талқинига кўра, Тангри ёвга ёвни йўллади (давосини қилди) ва ўртадаги адоватни кесди. Бунинг оқибатида қоришмайдиган ёвлар ўзаро яқинлашди, кўришмайдиган ёвлар орасидан ўч кўтарилди.
Шоир тўрт унсур бирлигини ер ва кўкдаги жисмларда кўради. Достонга киритилган мактубларнинг биридаги ҳамдда шундай дейилган:

Яшил кўк тўрутти, кўтурди эдиз,
Кун, Ай бирла юлдуз безади бедиз.
Қудиси йағиз ер, яшил сув била,
Ўруси сузуг ел, уза ўт била.

(Яшил кўкни яратди, юқори кўтарди,
Кун, Ой, юлдузлар билан суратини безади.
Қуйиси кулранг ер билан
яшил сувдан иборат.
Юқориси сузувчи ел билан ўтдан иборат.)

Юсуф Хос Ҳожибнинг таъкидлашича, “эвран” [яъни, фалак] доим эврилади[муттасил айланади], “тезгинч” [яъни, Ер курраси] тезгинади[чарх уриб туради]. Муаллиф Оллоҳга ҳамд ўқир экан, ёзади:

Яратти, кўр, эвран тучи эврулур,
Анинг бирла тезгинч яма тезгинур.

(Фалакни яратди, кўргин, доим айланади,
Унинг билан чарх ҳам чарх уради.)

Ёки бошқа бир ўринда Тангрини алқаб “Доим айланувчи бу фалакни яратди” (“Тўрутти бу эвран тучи эврулур”), дейди шоир.
Бунинг билан фалакнинг айланиши, Ер куррасининг тинимсиз ҳаракатда эканига ишора этилади. Коинот истилоҳлари ҳам ўз ҳаракати ва ҳолатига нисбат бериб ясалган: “эвран” ҳамда “эврул”-(айлан-) сўзлари ўзакдош, “тезгинч” сўзи эса “тезгин”-(чарх ур-) феълидан ясалган. “Тезгинч” классик адабиётимиздаги “чарх” (яъни “олам”) тушунчасига тўғри келади.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратсак. Юсуф Хос Ҳожиб Ойни таърифлар экан, унинг тинимсиз ҳаракатда эканини алоҳида таъкидлайди. Ойнинг таърифи асар қаҳрамонлари Кунтуғди элиг билан вазир Ойтўлди суҳбатида яхши очиб берилган. Ойтўлди дейди:

Бу Ай ўрни бўлди эви мунқалип,
Ўрунсуз бўлур мунқалип нанг қилип.
Бу Ай буржи Саратан, бу эв эврулур,
Эви эврулур ҳам ўзи чеврулур.
Қаю эвка кирса, бу Ай терк чиқар,
Чиқари учун терк батарин йиқар.

(Бу Ойнинг ўрни ўзгарувчан уйдир,
У ўзгарувчан ҳаракат қилиб,
ўринсиз бўлиб қолди.
Ойнинг буржи Саратондир,
бу уй доим айланади.
Уйи айланади, шунинг учун
ўзи ҳам чарх уради.
Қайси уйга (буржга) кирмасин,
бу Ой тез қайтиб чиқади,
Чиқиш уйи бўлгани учун,
ботган уйини тез тарк этади.)

Ойтўлди, ўз отининг маъносини изоҳлар экан, сифатларини Ойга менгзайди:

Бу Ай туғса, ашну эди аз туғар,
Кунинга бедуюр, юқару ағар.
Тўлун бўлса, тўлса, ажунда ярар,
Ажун халқи андин яруқлуқ булур.
Тугал бўлса, кўр, Ай бу ағса эдиз,
Яна эрлу тўрчир, кетар кўрк менгиз.
Яруқлуқи эксур, яна йўқ бўлур,
Tугар кеча адин, яна-ўқ тўлур.

(Ой туғилганда, бошлаб
жуда кичик туғилади,
Сўнг кундан-кун улғаяди,
юқори кўтарилади.
Тўлин бўлса, тўлса, оламни ёритади,
Олам халқи ундан ёруғлиқ топади.
Ой тугал тўлишиб, энг баланд
кўтарилса, кўргин,
Яна емирилиб, камая боради,
юз чиройи кетади.
Ёруғлиғи камаяди, яна йўқ бўлади.
Қайта туғилгач, кейин яна тўлишади.)

Юсуф Хос Ҳожибнинг таърифича, Ой ҳаракатда бўлгани учун ёруғлиги ўзгариб туради. “Кун билан юзма-юз келганда тўлишади” (“Яшиқ бирла ўтру бақишса тўлир”) деб таъкидлайди шоир.
Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонидаги ҳамд бўлимида Ойнинг ҳаракатини шундай тасвирлаганди:

Яна бирни соз айладинг турфа дайр,
Анинг сокинин айладинг тез сайр.
Баридин итиграк хироми анинг,
Вале тегмайин ерга гоми анинг.
Maнозилға бот-бот қилип интиқол,
Aтин гаҳ этип Бадру гаҳи Ҳилол.

(Яна бир фалакдан ажойиб бутхона яратиб, унинг яшовчисини саргардон қилдинг. Унинг юриши барча сайёралардан шу қадар тезки, унинг оёғи ерга ҳам тегмайди. Манзилини тез-тез ўзгартириб туради, отини ҳам гоҳ Бадр[тўлин], гоҳ Ҳилол[янги чиққан Ой] деб ўзгартириб туради.)

Яна “Қутадғу билиг”га қайтамиз. Эътиборлиси шундаки, асарда айрим юлдузлар тўғрисида сўз кетганда улар “юрир” (юради) деб таърифланади. Бунинг билан муаллиф уларнинг ҳаракатини назарда тутади.
Энди муаллифнинг коинотдаги бошқа бир жисм — Кун ва унинг ҳолати билан боғлиқ фикрларига эътибор қаратамиз. Асар қаҳрамони Кунтуғди, ўз исмининг маъносини изоҳлар экан, сифатини Кунга ўхшатади. Шу ўринда Кунни таърифлаб, дейди:

Бу Кун буржи Арслан,
бу бурж тебрамас,
Эви тебрамаса учун артамас.

(Бу Кун буржи Арслон[яъни Асад]дир, бу бурж тебранмайди, Уйи[яъни буржи] тебранмайди, шунинг учун ўзи бузилиб камаймайди.)

Юсуф Хос Ҳожибнинг таърифига кўра, Кун қўзғалмасдир. Кун буржи барқарор, турғундир. “Кун буржи сабит турур” (Кун буржи собитдир) деб таъкидлайди олим бошқа бир ерда. Шунинг учун доим бирдай ёруғлиқ сочиб туради.
Бошқа бир ёғи, муаллифнинг ушбу фикрлари асосида катта бир масала турибди. Бу жумбоқни шундай тушунтириш мумкин: “Фалак ва Ер доимий ҳаракатда. Кун марказда туради, у турғундир. Ер эса унинг теварагида айланади”. Бу фикр улуғ олимнинг коинот ва унинг тузилиши тўғрисидаги фалсафий қарашларининг асосини ташкил этади.
Маълумки, ҳозирги замон астрономия илмида Ернинг қуёш теварагида айланиши тўғрисидаги кашфиёт Николай Коперник номи билан боғланмоқда. Ваҳоланки, бу фикрни ундан беш юз йилча бурун улуғ мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб айтиб турибди. Унинг бу фикрларига юлдузчи (астроном) олимларимиз эътибор қаратишларини истардик.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 49-сонидан олинди.