Муаттар Алиева. Олмос қиррали таржимон (Ҳамид Ғулом)

Ҳамид Ғулом устози Ғафур Ғулом билан. Тошкент, 1947

Вақт ўтгани сайин таржима санъатининг дунё адабиётидаги мавқеи ортиб, халқлар ўртасидаги олтин кўприк бўлишдек улуғ вазифаси тобора шараф топиб бораверади. Зеро, таржима – халқларни бир-бирига яқинлаштиришда энг зарурий, масъулиятли соҳа бўлса, таржимон – ана шу соҳанинг бор масъулиятини ўз зиммасига олган фидойи ва фаол ижодкордир. Биз бу гал ушбу рукнда мазкур соҳанинг улкан намояндаларидан бири – атоқли адиб, ҳассос шоир, драматург ва таржимон Ҳамид Ғулом ҳақида сўз юритиш ниятидамиз. Шу мақсадда устоз таржимоннинг ҳаёт йўлига, ижодига, таржималарига назар солиб ўтамиз. Зеро, таржимоннинг ижодий йўлини ўрганиш – ҳамма қатори, таржимонликка ҳавас қўйган ёшлар учун айниқса қизиқарлидир.

Адиб 1919 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрининг Бешёғоч мавзеидаги Арпапоя маҳалласида зиёлилар оиласида таваллуд топди. Ҳамиднинг отаси Убайдулла Ғуломов муаллимлик қилар, шоирликка, ижодга ҳавас қўйган инсон эди. Онаси Қория Темур қизи ҳам ўша даврнинг ўқимишли аёлларидан бўлиб, ўз хонадонида қизлар учун мактаб очган, кейинчалик у замона зайлига кўра, фабрикага ишга кириб, чеварлик билан шуғулланади. Афсуски бу оила тақдир синовларига жуда эрта дуч келади, хонадон эгаси Убайдулла навқирон ёшда вафот этади ва икки яшар Ҳамид онасининг қўлида қолади.

Ёш Ҳамид шаҳардаги аввал Форобий номли мактабда, кейин эса Ўрта Осиё Индустриал Ишчилар факультетида ўқиб, уни 1936 йилда тамомлайди, сўнг Индустриал институтда ўқий бошлайди. Айни вақтда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетида ҳам таҳсил кўриб, мазкур олий даргоҳни 1941 йилда тамомлади. Айтиш мумкинки, навқирон Ҳамиднинг жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиши, рус тили орқали дунёнинг энг машҳур асарларини мутолаа қила бошлаши ўша даврда авж олган бўлса ажаб эмас. Унинг биринчи шеърлари ҳам 1936 йиллардан бошлаб вақтли матбуотда эълон қилинган. Ёш шоир А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтовларнинг ўша йиллари бўлиб ўтган юбилей тадбирлари олдидан ўзбек тилида тайёрланган китобларидаги шеърлар таржимасини ҳозирлаш, уларни нашр этиш ишларида қатнашади. Ёш истеъдоднинг таржимонлик фаолиятига ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек ва бошқалар ўша пайтлардаёқ эътибор билан қараганлар. Масалан, Ёзувчилар уюшмасининг раиси Ҳ.Олимжон М.Ю.Лермонтовнинг “Мцири” достонини ўзбек тилига таржима қилиш ишини адашига – Ҳамид Ғуломга ишониб топширгани, бу иш бўйича саъй-ҳаракатларни дадиллик билан бошлайверишга даъват қилгани, атоқли шоир Ғ.Ғулом эса ундан бу борада ўзининг тажрибаси, маслаҳати ва ёрдамини аямагани маълум. Шу тариқа шоир, ёзувчи ва таржимон Ҳамид Ғулом 1941 йил 30 мартда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиб киради.

Энди Ҳ.Ғуломнинг моҳир таржимон, қалами ўткир адиб ва драматург бўлиб етишишида яна бир жиҳат – эрта бошланган меҳнат фаолиятини ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. У ўспиринлик йилларидаёқ саводсизликни тугатиш курсларида дарс берди, турли газета ва журналлар таҳририятларида меҳнат қилди, тил ўрганди, Ўзбекистон радиосида диктор бўлиб ишлаб, жарангли ва таъсирли сўзларни топиб ишлатишда тажриба орттирди. Билимини, таржимонлик соҳасидаги тажрибаларини оширишга бўлган иштиёқ навқирон Ҳамидни Москвага – Олий адабиёт курсига етаклаб, 1954-1956 йиллар мобайнида у мазкур курсларда таҳсил кўрди, 1956-1958 йилларда “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги мухбири бўлиб хизмат қилди. Ёзувчилар уюшмасининг Бошқарув ҳайъатининг котиби (1958-1965), “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири вазифасини бажарди. Кўрамизки, раҳбарлик лавозимидаги ишларни адо қилиши, газета-журналлардаги мухбирлик вазифаси, шундан кейинги ноширлик ишларида тўплаган тажрибалари, асарлари, серқирра ижоди, таржималари Ҳ.Ғуломнинг ХХ аср ўзбек адабиёти тарихидаги тутган ўрни ва мавқеини белгилаб берди, мустаҳкамлади, ижодий фаолияти кенг қамровлар касб эта бошлади. Унинг “Машъал”, “Мангулик”, “Феруза”, “Бинафша атри”, “Машраб”, “Тошкентликлар”, “Қорадарё” романлари, “Олмос қизи”, “Вафонинг узун йўли” каби қиссалари, туркум ҳикоялари, очерк ва публицистик мақолалари дунёга келди. Ёзувчи драматург сифатида ҳам шуҳрат қозонди. У асосан мусиқали драматургия соҳасида бастакорлардан Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Манас Левиев, Сулаймон Юдаков, Матниёз Юсупов, Шоҳида Шоҳимардоновалар билан ижодий ҳамкорлик қилди. “Ўғил уйлантириш”, “Тошболта ошиқ”, “Ажаб савдолар”, “Дил кўзгуси”, “Муҳаббат тантанаси”, “Вомиқ ва Узро” каби драмалари, комедиялари мана шундай ижодий ҳамкорлик маҳсули бўлиб, халқ уларни қизғин кутиб олди. Машҳур режиссёр Раззоқ Ҳамроев, атоқли актёр Соҳиб Хўжаевлар билан биргаликда яратилган “Тошболта ошиқ” мусиқали драмаси адибнинг бу жанрдаги чўққи асарларидан бўлиб қолди.

У Истиқлолни чексиз шодёналар, кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Ўнлаб шеърлар, публицистик мақолалар ёзди. Устоз адиб, атоқли шоир ва моҳир таржимон, адабиётимизнинг сермаҳсул оқсоқоли Ҳамид Ғуломнинг ижоди Мустақиллик йилларида янада кенг миқёс касб этди, мамлакатимизнинг энг фаол ижодкорлари қаторида ардоқланиб, давлатимизнинг қатор орден-медалларига, адабий мукофотларга сазовор бўлди. “Ассалом, ўзбегим!” таронаси радио ва телевидение орқали ҳозир ҳам янграб туради.

Ҳ.Ғуломнинг таржимонлик фаолияти борасида гап кетар экан, унинг Ғ.Ғулом номидаги нашриётга раҳбарлик қилган йилларида (1971–1981) бу даргоҳда жаҳон адабиётининг кўплаб энг машҳур, дурдона асарларини нашр этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга бош-қош бўлганлигини ҳам айтиб ўтиш ўринли бўлса керак. Бу даврда халқимизни жаҳон адабиётининг номдор, йирик намуналари билан таништириш, уларни таржима қилишга қодир ижодкорларни топиш, таржималарни нашр этиш режаларини йўлга қўйиш ишлари қатъий тус олди. Натижада Дантенинг “Илоҳий комедия” (А.Орипов), Гётенинг “Фауст” (Э.Воҳидов), Бокаччонинг “Декамерон” (Қ.Мирмуҳамедов), ҳинд халқининг машҳур эпоси “Рамаяна” (М.Али), А.Дюманинг “Граф Монте-Кристо” (Т.Рустамов), Стендалнинг “Қизил ва қора” (Ҳ.Тўрабеков) асарлари, шунингдек, қардош халқлар адабиётидан қилинган таржима асарлар (“Дўстлик кутубхонаси” туркуми) нашр этилиб, ўқувчилар қўлига етказилди. Устоз таржимоннинг қарийб етмиш йиллар давом этган ижодий фаолияти мобайнида жаҳоннинг энг номдор шоир ва адибларининг шеърларини, поэмаларини, драматик асарларини қойилмақом тарзда таржима қилиб, халқимизнинг бадиият хазинасини бойитганлиги чинакамига ибратли-намунали ҳолдир.

Ҳ.Ғулом Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонидан айрим қисмларни, Уильям Шекспирнинг “Ўн иккинчи кеча ёки турфа ҳангомалар” комедиясини, Лопе де Веганинг “Қўзибулоқ” драмасини, А.С.Пушкиннинг “Тош меҳмон” драмасини, “Боғчасарой фонтани” поэмасини, М.Ю.Лермонтовнинг “Мцири” поэмасини, “Вадим” (тугалланмаган роман)ини, Ибройим Юсуповнинг “Тўмарис” достонини, М.Горькийнинг публицистик асарларини, Тарас Шевченко, Владимир Маяковский, Николай Тихонов, Константин Симонов, Ираклий Абашидзе, Карло Каладзеларнинг шеърларини завқ-шавқ ила ўзбекчага ўгирди. Шу ўринда устоз таржимоннинг маҳоратидан завқланиш мақсадида Лермонтовнинг “Мцири” поэмасидан бир парчанинг аслиятда ва Ҳамид Ғулом таржимасида ўзбекчада қандай жаранглаганини ўқиб кўрайлик:

* * *

Я ждал. И вот в тени ночной
Врага почуял он, и вой
Протяжный, жалобный как стон
Раздался вдруг… и начал он
Сердито лапой рыть песок,
Встал на дыбы, потом прилег,
И первый бешеный скачок
Мне страшной смертию грозил…
Но я его предупредил.
Удар мой верен был и скор.
Надежный сук мой, как топор,
Широкий лоб его рассек…
Он застонал, как человек,
И опрокинулся. Но вновь,
Хотя лила из раны кровь
Густой, широкою волной,
Бой закипел, смертельный бой!

“Мен энтикиб кутдим. Шу замон
Зулматда ёв пайқагансимон
Қоплон бирдан бўкирди. Бу дод
Еру кўкка ларза ташлади…
Жаҳли чиқиб йиртқич шу заҳот
Қумни тирнаб қазий бошлади!
Бир ҳурпайди, сўнгра у ётди
Ва дастлабки кучли сакраши
Менда ўлим ваҳмин қўзғатди…
Аммо менинг келди-да ғашим,
Тез ва тўғри бўлди тик зарбим,
Тошдек таёқ бир болта каби
Пешонасин ёриб ташлади…
У одамдек инграй бошлади
Ва йиқилди. Аммоки, шу он
Ярасидан дарё-дарё қон
Оқса, ҳоли бўлса ҳамки танг,
Қайнаб кетди ҳалокатли жанг!”

Ҳар қандай таржимоннинг вазифаси – аслиятдаги воқеани, вазиятни, ҳолатни худди ўзидай қилиб ўгириш, шу билан бирга, ўз тилининг имкониятларини ҳам суиистеъмол қилмаган ҳолда таржимада намоён этиш, айни вақтда таржима қилинаётган тилдаги шеърий сатрларни ҳам аслиятга монанд қилиб жаранглата олишдир. Яъни, таржимон шоирга нисбатан ҳар қанча “рақиблик қилмасин”, ўз тилидаги шеърий қонун-қоидалардан келиб чиққан ҳолда, “ўлчаб берилган майдон” ичидагина рақиблик ҳунарини кўрсатишга мажбур. Юқорида мисол тариқасида келтирилган сатрларни мутолаа қилганимиз сайин, Ҳамид Ғулом таржимон сифатида нозик, масъулиятли, залворли вазифани шараф билан уддалаб чиққанига амин бўламиз. Хуллас, ёш таржимонлар ўз қўлларида қалам билан устозлар меросини ҳижжалаб ўқиб-ўргансалар, мутолаа соатларини янада самарали ўтказишлари шубҳасиздир.

Муаттар Алиева тайёрлади

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 4-сон