Оллоёр Бегалиев. Аъзам Ўктам: Бир йўл кўринур…

Аъзамнинг ўзидан олдин шеърлари билан танишганман. 1984 йили “Ёшлик” журналида бир саҳифа шеърлари ва дўппи кийиб тушган сурати чоп этилганди. Ўша пайтларда у ҳали Аъзам Ўктам эмас, оддийгина Аъзам Худойбердиев эди. Сурат ва шеърларидан бўлак унинг қаерданлиги, қачон туғилган-у, қаерда ишлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бошидаги марғилондўппидан унинг водийлик эканлигини билиш мумкин эди. Ёши ҳам йигирма-ўттизлар орасида. Шеърлари эса шу ёшдагиларга мос муросасиз, жангари. Шеър техникасини яхши ўрганган. Сўзни ўйнатишга уста. Анча тажрибали.

“Ёшлик” журнали асосан ёш ижодкорларнинг асарларини чоп этиш ниятида ташкил қилинган бўлиб, 1982 йилнинг январ ойидан бошлаб ҳар ойда мунтазам чиқарилиши режалаштирилганди. Эркин Воҳидов нашрнинг бош муҳаррири этиб тайинланган. Сулаймон Раҳмон эса маъсул котиб. Улар янги журналга илк муаллифларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар билан ишлаш бўлими маслаҳатчиси, шоир Мирпўлат Мирзо тавсия этган ижодкорлар орасидан саралаб оларди. Менинг ушбу журналда шеърларим эълон қилиниши ҳам худди шундай бўлган.

Ҳарбий хизматдан таътилга келиб, яна хизматга қайтаётган эдим. Самолётнинг учиши кечки пайт бўлгани учун Ёзувчилар уюшмасига бориб, ёзувчи ва шоирларни кўриб кетмоқчи бўлдим. Эгнимдаги ҳарбий кийим кўпчиликнинг эътиборини тортар, “Кимнинг олдига келгансиз?”  дея сўрашарди. Улардан бири мени хонасига таклиф қилди ва чой қуйиб узатаркан: “Мен Мирпўлат Мирзоман, ўзлари ким бўладилар, ижод қилиб турасизми?” деб сўради. Шеърлар машқ қилиб туришимни, марказий нашрларда сира иштирок этмаганимни айтиб, ҳарбий хизмат пайтида ёзганларимни узатдим. Мирпўлат ака ўнтача шеърнинг ёнига белги қўйиб, оқ қоғозга қўлда  кўчириб беришимни сўради. Шоир Сулаймон Раҳмон менга суратга тушиб келишимни тайинлади. Сулаймон акага сураткашнинг чиптасини келтириб бердим. Суратни унинг ўзи бориб олишини, шеърларимни журналнинг иккинчи сонига мўлжаллаганини айтди. Мен эса шу кеча ҳарбий хизматга жўнаб кетдим. Орадан олти ойлар ўтиб, ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг “Ёшлик” журналида бир саҳифа шеърларим чоп этилганини кўрдим.

Буларни батафсил ёзишимдан мақсад  ҳамма нарсанинг бошланиши осон-у,  давом этиши қийинроқ кечишини таъкидлашдир. Ҳофиз Шерозий: “Туюлди аввал ишқ осон-у, сўнгра чиқди мушкуллар…”, деганидек. Шундан кейин то 1986 йилгача, яъни уч йилдан кўпроқ муддат ичида (шоир дўстим Равшан Файз шеърият бўлимини бошқаргунга қадар) “Ёшлик” журналида бир  саҳифа тугул, биттаям шеърим эълон бўлмади. Ёшлик инсонга бир марта берилганидек, “Ёшлик”да чиқиш имкони ҳам ёш шоирга бир марта бериладиганга ўхшарди. Журнал  чоп қилина бошлаши билан каттаю кичик адабиёт мухлислари орасида шу қадар машҳур бўлиб кетдики, унда ўз  машқларини чиқариш учун келаётганлар ва мактуб жўнатаётганларнинг сони бор-у, саноғи йўқ эди. Энди камдан-кам ёш шоирнинг бир саҳифалик шеърлари эълон қилинар, кўпинча бир саҳифага тўрт-бешта қаламкашнинг биттадан  шеъри  жойлаштириларди.  Шундай тиқилинч-тиғизлик ҳукм сурган пайтда Аъзамнинг бир саҳифа шеърлари чоп этилди. Ўша йили яна бир анъанага асос солиниб, журналда йил давомида  чиққан асарларга жанрлар бўйича “Йил мукофоти” бериш эълон қилинди.

Адабий-танқидий мақолалар ҳам ёзиб турганим боис устоз мунаққид, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири ўринбосари Иброҳим Ғафуров “Ёшлик” журналининг 1984 йилги сонларида эълон бўлган тенгдошларимнинг машқлари таҳлилига доир мақола қоралашни тавсия этди. Ўша мақолани ёзаётиб, жумладан,  Аъзамнинг шеърлари хусусида батафсил тўхталдим ва шундай хулоса билан якунлагандим: “Аъзам Худойбердиевнинг шеърларидан шеъриятимизга янги бир забардаст шоир кириб келаётганлигини ҳис қилдим. Журналдаги  “Йил мукофоти”га асосий даъвогарлардан бўлса-да, унга бошқа бир шоира муносиб топилди. Ҳечқиси йўқ, ҳали ҳаммаси олдинда!”

* * *

…Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.

Ушбу сатрларни ёзган пайти Аъзам 24 ёшлардаги йигит эди.  Бу ёшда умр ғоятда узун, имкониятлар чексиздек туюлади. Шу ўринда Озарбойжон шоирларидан бирининг “Йигитлик ва кексалик” деган тўртлигини эсламасдан ўтолмайман.

Йигитликда қўллар узун, тиллар қисқа,
Кексаликда тиллар узун, қўллар қисқа.
Йигитликда йиллар узун, кунлар қисқа,
Кексаликда кунлар узун, йиллар қисқа…

Хуллас, Аъзамни ўша сатри билан танийдиган, эслайдиган бўлишди: “Анови шоир бор-ку, биттагина оқ кўйлаги бор…”  Гардеробида беш-олтита оқ кўйлаги борлар ҳам “биттагина оқ кўйлаги бор” шоирга ҳавас қиладиган бўлишди. Шоир назарда тутаётган “оқ кўйлак” инсонийлик шаънини англатади. Унга доғ туширмай яшашни мақсад қилганлар учун умр йўли ғоят машаққатли ва узоқ.

Шоирларнинг ҳаммаси ҳам айни йигирма-ўттиз ёшларида инсонпарвар, иймонпарвар бўлавермайди. Бундай шоирлар ёшига ярашмаган тарзда ўзига ва ўзгалар олдига залворли саволларни қўя биладилар. Михаил Лермонтов навқиронлик йилларида ёзган “Ўйларим” шеъридаги ушбу сатрлар фикримизни тасдиқлайди:

Замондош наслимга қарайман ғамгин,
Унинг келажаги нурсиз, шарафсиз…

Умрни нурлантирувчи, унга маъно ва шараф бахш этувчи иймонга интилиш нафас олишдек ҳаётий заруратдир. Иймонга танаффус эълон қилиб бўлмайди. Иймонли инсон ухлаб ётганида ҳам иймонлидир. Иймонсизлик билан ҳаёт кечириб, қариганда иймонли бўлиб қолиш мумкин эмас.

Инсонийлик шаънини, Аъзам айтмоқчи, “биттагина оқ кўйлаги”ни қадрламаган, “ўпса нетар, ювса кетар” тарзида ҳаёт кечириб, бунақа “оқ кўйлаклар”нинг нечтасини булғаб ўтадиганлар бориб-бориб маънан яланғочлашиб қолади.

* * *

Аъзамнинг талабалик йилларида Сергей Есенинга бағишланган кўргазмали деворий варақа фонида тушган сурати бор. Қўлидаги китоб ҳам Есениннинг тўплами бўлса керак. “Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўладилар” деган гап ҳамма юртлар ва замонларга бирдай тааллуқли. Есенин – шеъриятга оддий қишлоқи чолу кампирлар, омочга  қўшиладиган отлар, кучукларидан айрилган кўйи ойга қараб улиганча, кўзларидан юлдуздек ёш тўккан итлару пичан уюмлари таратган бўйларни олиб кирган шоир. Аъзамнинг шеърларида ҳам кампирлар, чоллар, “отаси қамалган болалар”, тумсо еру далалар акс этган. Унинг “Якшанба” шеъри Есениннинг “Қаровсиз рус” шеърига ҳамоҳанг. Рус шоири бу шеърида болшовойлар давлат тўнтаришини  амалга оширганидан сўнг шаҳарларда Оливер Твист сингари етим ва қаровсиз болалар кўпайиб кетгани, уларнинг орасида қанчадан-қанча иқтидор соҳиблари бўлиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш мавжуд ҳукуматнинг энг долзарб вазифаларидан бирилиги, уларнинг  келажаги давлат ва халқнинг келажаги эканини таъкидлайди.

Аъзамнинг “Якшанба” шеъри ҳам саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида авж олган  “Ўзбеклар иши” туфайли отаси қамалиб кетган болаларга ачиниш туйғуси билан йўғрилган:

Қарашга ҳолим йўқ кўзларига тик,
Улар ҳам бошларин қуйи соларлар.
Кўзларда ғазабми, уятми, ҳадик,
Жим юрар отаси бадном болалар…

* * *

Аъзам билан бир пайтда шеъриятга кириб келган шоирларнинг лирикасида ҳозиргидек “ўлдим-куйдим”лар деярли учрамасди.   Ўнтача шеърдан биттаси севги ҳақида бўлмаса, турган-битгани юртсеварлик лирикасидан иборат, ижтимоий мавзуларда бўларди. “Аввал – Ватан, кейин – жон!” деганларидек, аввал Ватан ташвиши,  севги эса кейинроқ қабилида ижод қилинарди. Ахир, ташқарида қандайдир ўзгаришлар, норозиликлар ҳаракати бораётганди. Шўролар салтанати ич-ичдан таназзулга юз тутган, иқтисодий ва сиёсий бўҳрон мамлакат ҳаётини издан чиқара бошлаганди. Қишлоқ  дўконларидаги пештахталар хилма-хилликдан мосуво, одамлар ун, ёғ, совун каби оддий маҳсулотлар келишини пойлаб, улгурганлар икки-уч қоплаб олиб, улгурмаганлар қуруқ қола бошлаган пайт эди.

Жон талвасасига тушган Шўролар салтанати цензураси эркинлик овозини бўғишга ҳаракат қилса-да, шоирлар янги ва кутилмаган ташбеҳлар, ўхшатишларни ишлатганча озодликка чорлов оҳангларини шеърларига жо қилиб, матбуотда эълон қилдиришнинг уддасидан чиқардилар. Коса таги нимкоса тарзида ижод қилиш авжига минганди.  “Ўзбеклар иши”, Орол муаммоси, пахта дефоляцияси туфайли қишлоқларда, айниқса, болалар орасида тарқалган турли хасталиклар, ўзига ўт қўяётган аёллар, омборхоналарга айлантирилган масжиду мадрасалар, қатағон қурбонларининг номини оқлаш, Темурийлар тарихи, Наврўз байрами ва миллий қадриятларни тиклаш ва ҳоказолар адабиётнинг асосий мавзусига айланганди. Бу Аъзам Ўктам шеъриятида ҳам яққол кўзга ташланади.

* * *

Инсон умри саволлардан иборат. Мевали дарахт баҳорда қийғос гулга кирганидек, инсон ҳам умрнинг турли фаслларида саволлардан иборат гулларга бурканади. Болаликдаги бу саволларнинг аксарияти бошқаларга берилса, бора-бора фақат ўзига аталган саволларга жавоб излаш тафаккур бандаларининг машғулотига айланиб қолади. Саволсиз одамлар эса мевасиз дарахтдек ўтинликка ярайди, холос…

Аъзамнинг кўплаб шеърлари бирор саволга  ёки саволлар карвонига асосланган ҳолда ёзилади ёки савол бериш билан тугайди:

…Ўзингни  ким дея билдинг дунёга?

…Қайси йўлга кирибман,
Қай сори кетди пирим?

…Барин жавобин сўраганингда,
Юзингга қандоқ қарайман?

…“Бидеҳ қон”  – “Қон бер”дан
Қолганми деҳқон?

…Бир кун келса (чиндан-да келар),
Қандоқ жавоб бераман ул он:
Қаламларга тил битса агар,
Битса агар қоғозларга жон?

…Гирдобига  тортар ўжар саволлар.

* * *

Аъзам Ўктамнинг шеърларидан жой олган кўплаб сатрлар “қанотли сўз”ларга айланиб кетган. Мана улардан айримлари:

…Шоирмас – сўзни минг кўйларга солган,
Шеърни деб минг кўйга кирганлар шоир!

…Маккажўхоризор – бир майдон аёл:
Йўргакланган бола қучоқлаб
Шукр намозига сафланган.

…У ўзини баланд олмади,
Сен ўзингни паст тутдинг, холос.

…Қулоғимга етди ёмон гап,
Тешиб ўтгач онам кўксини.

…Эртак айтсанг ўғлингга,
Ухлатмаслик учун айт.
…Муҳаббатни  эрмак деб ўйлар,
Муҳаббатдан туғилмаганлар.

* * *

Аъзам билан тез-тез аския айтишиб турардик. Бир куни янги ташкил этилган “Ўзбекистон табиати” газетасида Аъзамнинг туркум шеърлари босилиб чиқди.  Шунга ишора қилганча: “Ўзбекистон табиати”га шеърларингиз билан катта зарар етказибсиз, энди қайта тикланишига анча йиллар керак бўлади!”  деб аския қилдим. Орадан кўп ўтмай, мен ҳам шеърларимни кўтарганча ўша таҳририятга ташлаб келдим. Кейинги ҳафта шеърларим газета юзини кўрди. Энди Аъзам менга: “Ўзбекистон табиати”га сиз етказган зарарнинг олдида меники ҳолва-ю, оғайни!  Энди у қайта тикланмайди! Ҳо-ҳо-ҳо-ов!”  дея аския қилганди.

Аъзам билан яна 1997 йил бир йилга яқин «Дўрмон» ижод уйида қўшни бўлиб яшадим. Мен ўшанда “Ўзтелерадиокомпания”да муҳаррир эдим. Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига бериладиган имтиёздан фойдаланиб,  уч қаватли бинода яшай бошладим. Аъзам ҳам шу ердаги хоналардан бирида мендек вақтинча яшаб турган экан. Уни кўрмаганимга тўрт-беш йиллар бўлиб қолганди. Яқин орада иккаламиз ҳам дўстларимиздан ажралгандик. Чори Аваз 1992 йилнинг кузида, Равшан Файз эса 1995 йилнинг август охирида вафот этганди. Аъзам жуда вазминлашган, илгаригидек яйраб кулмас, ўзим йўқлаб бормасам хонасидан чиқмасди. Бу орада Аъзам андижонлик шоир Тўлан Низом ижарага олган икки қаватли чорбоғда яшай бошлади. Муҳаммад Юсуф ўз чорбоғидан менга жой берди. Кеч тушган маҳаллари боғни айланиб келиш учун кўчага чиқардим ва Аъзамнинг чорбоғига овоз бериб, уни кўчага чақириб олардим. Иккаламиз пою пиёда сайр қилиб, сал тепароқдаги Шавкат Раҳмоннинг чорбоғида яшаётган ёзувчи Набижон Боқийни чақирардик. Кейин учовлашиб асосий бино ҳовлисига бориб, ташқарида бирор таниш киши ўтирган бўлса, ярим соатча суҳбатлашиб ортга қайтардик. Матназар Абдулҳаким, Шукур Холмирзаев учраб қоларди. Шукур акага юришдан кўра ўтириб гаплашиш маъқул келар ва буни шундай изоҳларди: “Бир узоқ умр кўрган одам шундай деган экан: “Ўтиришга имкон борида тикка турмадим, ётишга имкон борида ўтирмадим!..”

Матназар ака эса: “Юринглар, сизлар билан боғни айланиб қайтай!” дерди. Тўртовлашиб узум ишкомлари остидаги қоронғи йўлакда бир тоғдан, бир боғдан гаплашганча кетар эканмиз, ҳар кеча ётишдан олдин боғ айлана югуришу жисмоний машқлар билан шуғулланадиган ёзувчи Пиримқул Қодиров ёнимиздан чопиб ўтиб кетар, буни биров билса, биров пайқамай  қоларди.

Ана шундай тунги сайрлардан бирида тепамиздаги осмонда юлдузлар оралаб кўз илғамас тезликда учиб ўтаётган думли юлдуз – комета суҳбатимиз мавзуси бўлиб қолди. Матназар ака думли юлдузга таъриф бериб, у ҳар ўттиз беш йилда ярим-икки ой мобайнида кўриниб, Ер сайёрамиз ёнидан ўтишини айтди:  “Ўртача саксон йил яшайдиган одам уни умрида икки маротаба кўриши мумкин. Мен буни болалик пайтларим кўргандим. Мана, энди иккинчи маротаба кўряпман. Учинчи маротаба кўриш насиб қиладими-йўқми, худо билади…”

…Ўшанда янги – учинчи мингйиллик остонасида тургандик. 2000 йил янги орзулар, ниятлар… ва, шу билан бирга, қатор йўқотишлар олиб келди. Аввал Охунжон, кейин Муҳаммад Юсуф, хонандалар Нуриддин, Муҳриддин, шоирлар Сайёр ака,  Ҳамза Имонбердиев, ёзувчи акамиз Ҳожиакбар Шайхов, Аъзамжон… Қатор-қатор…

Бу дунёда сендан ёдгор
Ўғлинг қолар, қизинг қолар.
Тош-тупроқли кўчаларда
Муҳрланиб изинг қолар.

Таскин шундаки, бу ўтли юраклардан ўчмайдиган чироқ, ёниқ из қолди…

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 8-сон