Олимжон Бўриев. Таржимами, тажриба?

Маълум даврлар элимиз ўз дини, исломий қадриятлардан маҳрум бўлиб келгани сир эмас. Истиқлол шарофати билан Қуръони карим, Пайғамбаримиз ҳадислари, «Чор китоб», Имом Бухорий ва Термизийлар жамлаган саҳиҳ ҳадислар таржималари жилд-жилд ҳолида нашр этилди. Турғунлик йиллари нафақат диний, балки сўфизмга оид асарлар ҳам нашр этилмаганлиги боис, ҳуррият шамоли тасаввуфшунос қаламкашлар фикр жамолини очиб, маданий мероснинг яна бир қиррасидан миллатимиз баҳраманд бўлди. Авваллари ўзбек китобхонлари Жалолиддин Румийнинг номини эшитиб, асарларини ўқишни орзу қиларди. Бугунга келиб, мутасаввуф шоирнинг бир эмас, бир неча асарлари китобхонларга армуғон этилди: «Ичиндаги ичиндадир», «Маснавийи маънавий» (шарҳи билан таржима), «Маснавийи маънавий» (шеърий таржима), шунингдек, шоирнинг Шамси Табризий тахаллуси билан ёзилган ғазаллари таржимасидан намуналар матбуотда эълон қилинди. Мазкур таржималарнинг энг салмоқли ва диққат-эътиборга тушадигани «Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси» нашриёти 2001 йилда нашр этган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Жамол Камол таржимасидаги “Маснавийи маънавий”дир (1-жилд). Китобга филология фанлари доктори Иброҳим Худоёр (Эрон) ва Жаъфар Муҳаммад муҳаррирлик қилишган. Сўзбоши муаллифи филология фанлари доктори Ориф Усмон.
Китоб Ориф Усмоннинг «Маънавият денгизи» сарлавҳали муфассал сўзбошиси билан очилади. Тасаввуфшунос олим китобхонларга «Мавлавия» тариқати ҳақида тушунча бериб, жуда кўп қимматли, ҳалигача матбуотимизда зикр этилмаган маълумотларни келтиради. Айниқса, унинг Шамси Табризийга доир фикрлари мароқлидир. Муштарийларни китоб мутолаасига чорловчи сўзбоши шундай якунланади: «Олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий»нинг ўзбек тилига ўгирилиши маданий ҳаётимизда йирик воқеа, адабиётимизнинг айтса арзигулик, салмоқли ютуғидир.
Маънавият масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган ҳозирги шароитда «Маснавийи маънавий»нинг нашр этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у ёшларимизни маънавий баркамол қилиб тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ».
Асарда Жалолиддин Румийнинг Оллоҳга ҳамду сано тариқида ёзган мухтасар насрий ибтидосидан кейин таржима «Дебоча»си келади:

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.
Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нолишимдин эл ҳама оҳ урдилар.
Айласин юз пора кўксимни фироқ,
Сўйлагаймен шарҳи дарду иштиёқ.
Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,
Излагай боз рўзғори васлини.
Давралар кўрдим неча нолон бўлиб,
Жуфти бадҳолону хушҳолон бўлиб.

Аслият:

Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,
Аз жудогиҳо шикоят мекунад.
К-аз найистон то маро буридаанд,
Аз нафирам марду зан нолидаанд.
Сина хоҳам шарҳа-шарҳа аз фироқ,
То бигўям шарҳи дарди иштиёқ.
Ҳар касе ки дур монд аз асли хеш,
Боз жўяд рўзгори васли хеш.
Ман ба ҳар жамъияте нолон шудам,
Жуфти хушҳолону бадҳолон шудам.

Қадимдан шарқ фалсафасида Уд – севинч тори бўлса, Най – ғам-қайғуни ифодаловчи мусиқа асбобидир. Жалолиддин Румий нечун сўзни «най» ҳикоятидан бошлади? Най нима ўзи? Ушбу саволга жавоб шудирки, най – бу дунёвий дарду ғам. Шу нуқтаи назардан, мутаржим қандай иш тутганини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Биринчи байт анча машҳур бўлиб, авваллари ҳам аслига яқин таржима қилинган эди. Бу матнда ҳам таржимага эътироз йўқ. Найни тингла, айрилиқларнинг азобини сўзламоқда. Қайси айрилиқ азобини, кимларнинг ҳасратини деган саволга кейинги байтда жавоб топамиз: «Мен қамиш эдим, кесиб келтиришиб, фиғонимдан эркак-аёл оҳ урдилар». Ҳа, эркак ва аёл дейилмоқда, «эл ҳама» эмас. Демак, бор йўғи бир эркагу бир аёл. Улар ким эди? Улар ўша шодлик маъвоси – жаннатдан заминга шайтон касри ила қувғин бўлган Одам Ато ва Момо Ҳавво эрдилар. Румий тасаввуф шоири, унинг ҳар бир мажозий ишораси тагида яна бир гап бор. Афсуски, баъзида тасаввуфшунослар бу масалага юзаки қарашади. Одам Ато ва Момо Ҳаввони ҳасратдан йиғлатган най – ғам яна ҳаддан ошиб: «Фироқ – айрилиқдан илма-тешик бўлган сийна – кўкракларга иштиёқ дардини сўзлашни истайман», дейди. Найнинг нима учун бундай шафқатсизлик қилиши кейинги байтда маълум бўлади: «Ҳар кимки ўз асли (ўз жаннати)дан узоқда қолди, Олдинги ҳаётини яна қўмсайди», яъни Одам ила Ҳавво ерда ғамдан «юм-юм» йиғлаб, жаннатни соғинади, сиқилади, юраги ғамга тўлади. Мен уларнинг чок-чок сийналаридан ғамни ювиб тураман, деб инсон бу дунёда ғам чекишга маҳкумлиги ва уни кетказиш воситасига муҳтож эканлигини маълум қилади. Кейинги байтда эса, Одам ила Ҳаввони йиғлатган най анча кейин, одамлар кўпайганда содир бўладиган воқеаларга эътибор қаратади: «Мен ҳар бир жамомат – кўпчилик йиғинида йиғлаганимда ёмон аҳволдаги бечоралар ва шоду хурсандларга жуфт-ҳамдам бўлдим», дейди. Демак, найнинг инграши маҳзунга ҳам, масрурга ҳам бир хил таъсир қилар экан. Нима демоқчи ҳазрати Румий? Юқоридаги шеърий таржимада аслият билан солиштирилганда муддао тўла ҳосил бўлмаганлиги билинади.
Ўн учинчи байт таржимаси: «Қонли йўллардин ҳикоят айлагай, Не эмиш савдойи Мажнун, сўйлагай». Ушбу байтда «лагай» радифи олиб ташланса, «ай-сўй» ўзаги шеърий қофия талабига жавоб бермаслиги кўзга ташланади. Аслият: «Най ҳадиси роҳи пурхун мекунад, Қиссаиҳои ишқи Мажнун мекунад», яъни «Най пурхун (қонли) йўллар ҳикоясини айтиб, Мажнун ишқи қиссаларини сўзлайди». Юқоридаги байтда «най» сўзи вазнга сиғмагани боис тушириб қолдирилгани учун «қонли йўллардан» ким ҳикоят айлаётгани мавҳум бўлиб қолган. Румийнинг ҳар бир байти, яъни икки мисра тўлиқ ифодага эга. Байтнинг мазмунига путур етказмаслик учун «эга» ва «кесим»ни тўла сақлаш керак эди. Юқоридаги ўн икки мисра таҳлили, китобнинг 25-саҳифаси, достоннинг бошланишидир. Қолган мисра ва байтларни ҳам бирма-бир солиштириб чиқишга, афсуски, имкон йўқ, акс ҳолда мақола чўзилиб, қизиқувчиларни уринтириб қўйган бўлардик. Мухтасар айтадиган бўлсак, «Маснавий»нинг илк сатрларидан Румий фикри шоҳтомири – набзини тополмаган мутаржим асарнинг мазмун, мусиқа оҳангини илғаб, ўз она тилида шунга муқобил санъат асари яратолмаган. Фикримиз далили учун китобнинг 29-саҳифасидан мисол келтирамиз:

Устухон бўлди канизак сарғайиб,
Шоҳ эса ўртанди кўздин ёш қуйиб.
Шарбат ичса, ҳосили сафро эди,
Ичди бодом ёғи, баттар қурғади.

Мазкур тўрт сатрнинг қофиялари: «сарғайиб – қуйиб, эди – қурғади» ўзаро қовушмаганидек, боз устига аслият маъносига ҳам путур етган:

Он канизак аз мариз чун мўй шуд
Чашми шаҳ аз ашки хун чун жўй шуд.
Аз қазо сиркангабун сафро намуд,
Равғани бодом хушки мефузуд.

Мазмуни: «Ул канизак касалликдан қил каби озиб, Шоҳнинг кўзи қонли ёшдан ариғ бўлди. Қазо (қисмат)дан сирка ва асал сафрога айланиб, бодом ёғи қуруқлигини оширарди» (ёқиб жизғанак қиларди).
Китобнинг 105-саҳифасидаги ушбу байтни кўрайлик:

Овлади гардун қушини домлари,
Ҳам фазилатга дўниб нуқсонлари.

Деярли ҳар саҳифада қовушмай келаётган байт қофияларига яна бир мисол: «домлари – нуқсонлари». Кўплаб учрайдиган бундай қофияланган байтлар шеърий таржима қонун-қоидаларига тўғри келадими? «Домлари» – яъни тузоқлари «ов қилиши» мумкинми? Ахир, у тузоқ-ку! Ё қопқондир. У фақат келиб илинган овни тутиши мумкин. «Ов қилмоқ» эса жонли одамга ёки ҳайвонга хос. Чунки улар ҳаракат қила олади. Иккинчи мисра: «Ҳам фазилатга дўниб нуқсонлари» – айри ҳолда яхши жаранглагани билан аслият муқобили эмас:

Домҳошон мурғи гардуни гирифт,
Нуқсҳошон жумла афзуни гирифт.

Мазмуни: «Тузоқлари самовий қушларни тутгач, барча (айбу гуноҳлари) нуқслари зиёда бўлди». Румий мазкур байтда ови бароридан келган шахснинг нафсга берилиши ила гуноҳга ғарқ бўлганини англатмоқда. Мутаржим эса аслиятга тескари фикрни ифодалаган. Китобнинг 110-саҳифасидаги ушбу байт ҳам қофияланмаган:

Илм боис, жумла жонзотларки бор,
Одамий олдида ожиз, бемажол.

Аслияти:

Одамиро з-ин ҳунар бечора гашт,
Халқи дарёҳо ва халқи кўҳу дашт.

Мазмуни: «Дашту саҳро, дарёю денгиздаги жониворлар инсоннинг (ақл ишлатиб ов қилиш) ҳунари олдида ожиз қолдилар». Мутаржим эса «жонзотларни илм боис», яъни илмли бўлгани учун «Одамий олдида ожиз, бемажол», дейди. Аслиятда умуман «илм» сўзи йўқ. Чунки овчилик учун илм олган мулло бўлиш шарт эмас. Овчилик учун ҳунар, ҳийла, найранг, устомонлик керак. Мутаржим юқоридаги мавҳум байтда илмни қай тарафга инъом этмасин – жонзотгами, одамийгами барибир мантиқан ўринли эмас.
Ҳар бир ижодий иш қайта-қайта кўриб чиқилади, қусур ва нуқсонлари бартараф этилади. Айниқса, Румийнинг «Маснавийи маънавий»сидек мураккаб асар бир зарб ила ҳар қандай таржимонга бўйин бермаслиги табиий. Мазкур таржима китобида учрайдиган турли қусурлар, афсуски, мўл. Шулардан бири яна қофия масаласи: «темир – ул» (296-с), «бул – келур» (297-с.), «темир – қизил» (298-с.), «раҳм – дам» (303-с.), «ул – аксидир» (305-с.), «бот – аҳд” (306-с.), «жўрам – яхшиман» (306-с) ”ул —шукур“ (307-с) ва ҳоказолар. Шунингдек, форсий, арабий сўзлар ҳам изоҳ берилганига қарамай таржиманинг ғализлигини оширган:

Булбашарким, алламул-асмо беги,
Неча юз минг илм ила тўлмиш раги.
Ҳар не борким, ҳар не бўлгай, бори бас,
Бир йўла жонига бермиш эрди даст.
Не лақаб бермишди ул, ўзгармади,
Не демиш эрди шитоб, суст бўлмади.

(Мутаржим изоҳи: 1. Алламул-асмо – «Исмларни ўргатади…» оятнинг беги, Одам; 2. Раг – томир.)
Юқоридаги сатрлар 127-саҳифадан ўрин олган. Китобхонига тушунилиши қийин бўлган лафзда таржима қилинган: «ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ, ҚАЗО УНИНГ НАЗАРИНИ МУРООТИ САРИҲИ НАҲИЙДАН БОҒЛАГАЧ, ТАЪВИЛНИ ТАРК ЭТГАНИ» сарлавҳали бобдан олинди. Мен ўзим ҳам тан олишим керак, кўп нарсани билмайман. Оддий китобхон сифатида, мазкур бобдан келтирилган мисолнинг мағзини чақолмадим. Тушуниб етишим учун аслият ва луғат тақозо этилади. Оддий китобхон-чи? Уларда бундай имкон йўқ-ку! Ҳа, бир донишманд айтган экан: «Эчки сотиб олишга имконим бору хоҳишим йўқ, қанийди от сотиб олиб, миниб сайр қилиб юрсам. Афсуски, хоҳишим бору имконим йўқ», деб. Қиссадан ҳисса шуки, мутаржим хоҳиш ва имконини мутаносиб этиб, асарни ўзбек китобхонлари тушуниб, роҳатланиб, қийналмай ўқийдиган даражада қайта ишлаши лозим.
Мутаржим ҳали китоб қилинмаган вақтли матбуотда босилаётган баъзи байтларни ҳам юқорида билдирилган эътирозлар асосида кўздан кечирса, фойдадан холи бўлмасди:

Ошиқи сунъи Худо афзал эрур,
Ошиқи маснуъ адо кофар эрур.

Мутаржим биринчи сатрга: «Аллоҳнинг санъатига ошиқ бўлганлар», деб изоҳ берган. Иккинчи мисра шундоғича таржима қилинмай қолган, радифи «бувад – эрур» деб ўгирилган. Асли:

Ошиқи сунъи Худо бартар бувад
Ошиқи маснуъ адо, кофар бувад.

Мазмуни: «Аллоҳнинг яратгани афзал, авло эрур, унга мафтунлик эса «оқ қоғоз» — кофар узра битилган шеър – «Маснавийи маънавий» назарда тутилмоқда, агар унинг Аллоҳ сўзи асосида битилганига эътибор қаратсак, сунъи Худо – Қуръони карим деган фикр келиб чиқади.
Албатта, «Маснавийи маънавий»ни аслият даражасида таржима қилиш ғайри имкондир. Лекин хоҳиш ва азму кўшиш бўлса, ўзбек тили – она тилимиз ҳар қандай асарни таржима қилиш учун беҳадду ҳудуд чексиз имконларга эга. Буюк Навоийнинг қутлуғ тилида Румийни «сўзлатиш» учун мутаржимга омадлар тилаб қоламан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 25-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!