Йўлдош Солижонов. Меҳр боғида ўсган дарахт (Қутлибека Раҳимбоева ижодига бир назар)

http://n.ziyouz.com/images/qutlibeka.jpgМен Қутлибекани талабалик йилларидан бери биламан. У тенгдошлари орасида жуссаси кичикроқ, камгап, одмигина кийиниб юрадиган қиз эди. Шунга ҳам мана, 45 йилдан ошибди. Ўша йиллари мен ҳам кафедра қошидаги “Ёш ижодкор” тўгарагининг раҳбари, ҳам институтнинг кўп нусхали газетаси муҳаррири сифатида бошловчи ижодкорларга қўлимдан келганича кўмаклашардим.

Қутлибека тўгарак машғулотларида фаол қатнашардию, ҳар доим ҳам шеър ўқийвермас, кўпроқ бошқаларни тингларди. Кейин сезишимча, у ўзи ёзган шеърларни дугоналариники билан зимдан таққослаб, ютуқ ва камчиликларини ўрганиб ўтирар экан. Эҳтимол, Қутлибека ўша пайтдаёқ “Қўрқманг, узун кўйлак, ушоқ жуссамдан, Юрт юкин Сиз билан тенг тортишаман” деган қатий фикр билан яшагандир. Чиндан ҳам узоқ изланишлар ижодкорнинг бу қутлуғ ниятини рўёбга чиқарди. Мана, йиллар ўтиб у ўз овози, поетик олами ҳамда бадиий тафаккурига эга шоира бўлиб танилди.

Қутлибека “Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим – шу. Кўз очиб кўрганим – Кунга яқин ер, Кўзларим юмилса, ётар юртим шу” деб тан олган жаннатмонанд Ўзбекистоннинг содиқ фарзанди сифатида унинг ҳар бир ютуғи, ниш ураётган ҳар дона майсаси, ёғаётган томчи ёмғири, эсаётган шамолидан ҳам гўзаллик излайди. Унинг “вужуди ишқ билан, ҳайрат билан” тўла. Шунинг учун ҳам ҳар бир сатрида ўқувчисига қувончу ҳасратини яширмай айта олади. Унинг эътироф этишича, юрак ҳеч қачон алдамайди, ёлғонни ёнига йўлатмайди. Қутлибека ана шу қатий ният билан доим олға интилди, ҳеч кимнинг мададисиз ўз ижодий қоматини тиклади. Изланувчанлиги, қатийлиги, шериятга бўлган ихлоси билан устоз шоира Зулфия назарига тушди ва унинг “Оқ йўл”и билан “Саодат” журналида бир туркум шеърлари босилиб чиқди. Зулфия опанинг ҳар қандай ижодкорга ҳам оқ йўл тилайвермаслигини инобатга олсак, Қутлибеканинг қобилиятига ишонганлигини сезиш мумкин. Қутлибека чиндан ҳам устози ишончини оқлай олди. Орадан кўп ўтмай “Юрагимда кўрганларим” (1981) номли илк шеърлар тўплами эълон қилинди ва адабий жамоатчиликнинг назарига тушди, шоира сифатида тан олинди. У ўрганишдан, изланишдан тўхтамади. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева каби истеъдодли шоирлардан сабоқ олди. Бунинг натижаси ўлароқ, Қутлибеканинг бирин-кетин “Узун кундузлар” (1984), “Уйғониш фасли” (1989), “Озодлик” (1998), “Кўксимдаги Тангритоғ” (2000) сингари шеърий тўпламлари нашр этилди.

Айтиш керакки, кейинги ўн йил Қутлибека ҳаётида журналистлик фаолияти устун келди. У “Саодат” журнали ва “Гулчеҳралар” газетасининг масъул котиби лавозимларида ишлаб, кўпроқ очерклар, эсселар ва публитсистик мақолалар ёзди. Мана, ниҳоят, ўтган йили шоиранинг қарийб қирқ йиллик ижоди намуналарини ўзида мужассам этган “Қоракўзларим” тўплами ўқувчилар қўлига тегди. Очиғи, бу китобда Қутлибека ижодий камолоти мезонини белгилаб бера оладиган талай шеърларни ўқиб, кўнгил равшан тортади. Энг муҳими, шоира ўқувчини ўзининг яқин дугонаси, дўсти деб билади, юрагидаги дардини, туйғуларини очиқ айтади. Иложи борича, ўзгалар дардига дармон топишга уринади, ўқувчи билан “қалбнинг шодлигига айланган, қалбнинг оғриғига айланган дунёнинг қувончи, дарди ҳақида” сўйлашмоқни истайди:

Юрагин яшириб юрарми шоир,
Ёмғирга, офтобга бирдай очиқмиз.
Шу миллат, шу юртга бўлса гар доир
Қувонч, ҳасратига бирдай ошиқмиз.

Ушбу сатрлар эҳтиросли шоира Қутлибека қалбини англаб етишга калит бўлиб хизмат қилади. Чиндан ҳам ҳақиқий ижодкор юрагида пайдо бўлган сирлару ҳис-туйғуларини бош­қалардан пинҳон тута олмайди. Хал­қи йиғласа-йиғлайди, кулса – шодлигидан кўкка сакрайди. Агар халқи йиғласа ҳам шоира кўнглидаги нур билан унинг кўз ёшларини артади, қалбига офтоб илиқлигини олиб киради, севинчини денгиздек тоширади. Негаки, шоира бахтининг ҳам, дардининг ҳам манбаи ана шу она халқидир. Бинобарин, бу икки қудратли қанот шоира ижодининг парвозини юксакликка кўтарувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Шоиранинг бу адабий-естетик эътиқоди бутун ижодига тегишлидир. Зеро, ростгўйлик ҳар қандай ижодкорнинг мухлислар олдидаги масъулиятли бурчи саналади. Қутлибека ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бетарафликни, ўртамиёналикни ёмон кўради. Бу иллатларга қарши шоиранинг “юрагида уйғонар исён” ва “Зич ёпган тишларини” очиб, ҳар доим ҳақиқатни рўй-рост айтишга шайланади. Унинг таъкидлашича, “Мен учун у тараф, бу тарафлар йўқ, Ватан бир бутундир, бутундир миллат”. Ушбу аҳдига содиқ қолган шоира қирқ йилдирки, ҳам ижтимоий, ҳам ижодий фаолиятида ана шу бутунлик йўлида хизмат қилиб келаётир.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган асрнинг 80-йилларида Қутлибека ижодида янги саҳифалар очилди. Айнан мана шу йилларда ёзилган шеърларида ТОНГ тимсоли кўп учрайди. Эрк, озодлик маъносини англатувчи бу сўз шоира туйғуларининг ранг-баранг жилоларини англаб етишимизга ёрдам беради. У “…тонг отса кияман хонатлас кўйлак” деб орзу қилади. Орзуси амалга ошавермагач, “Нега мен истаган тонг отмас, нега? Ўз қалбимга ўзим эмасман эга?” деб фарёд чекади. Аммо бу исёнкор руҳ ишонадики, қай бир тонг чоғи бизнинг “йигитлар мудроқ тулпорларини уйғотиб шошқин Дунёнинг қайсидир парчаларида Парчинланган эркни қутқармоқ учун Буюк курашларга” отланади. Бунинг учун Озодлик, Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик каби “Баҳодир сўзларни, ботир сўзларни. Курашиб енгмоққа қодир сўзларни” пичирлаб эмас, бор овоз билан айтиш лозим. Бу сўзлар шу қадар сеҳрли, ҳароратли ва қудратлики, уларни эшитган чоғида осмоннинг “рангига қон югурди бирдан”, майсалар эса “Eгик бошин тиклади ердан”, шамол баргларнинг тилини очиб юборган бўлса, момақалдироқнинг “Кўр кўзидан учқун сочилди”. Бироқ мафкуравий тазйиқ кучли бўлган шароитда бу сўзларни бор овозда айтолмаган шоира оғир изтиробга тушади, ўзини ўзи ёмон кўриб кетади:

Юзимга қараманг, менинг юзим йўқ,
Кўнглим – рост сўзларим кўмилган мозор.

Ҳатто ўзини бу “ботир сўзларнинг қотили” деб айблашгача боради. Шу боис озодлик олдида ўзининг қарздорлигини чуқурроқ ҳис қила бошлаган шоира озодликка мурожаат қилади:

Жасорат қарздорман сендан, Озодлик,
Адолат қарздорман сендан, Озодлик.

Eсимда, 1986 йили “Шарқ юлдузи” журналида Қутлибеканинг “Қишнинг охирлари” номли достони босилиб чиқди. Бу достон ўзининг шаф­қатсиз реализми, қўйилган масаланинг кескинлиги, ифода усулининг янгилиги билан адабий жамоатчиликнинг юксак баҳосини олди. Қиш рамзий тимсолида шоира шўролар ҳукуматининг сўнгги кунларини ифодалаганди. Унинг ижодий башорати тез кунда амалга ошди: орадан беш йил ўтар-ўтмас, эски тузум парчаланиб, қорлар эриб кетди.

Мустақиллик йилларида Қутлибека Раҳимбоеванинг ижоди ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойиди. Энди шоира “Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар”ни қувонч билан қутлайди:

Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб,
Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб,
Ҳатто, ўзимни ҳам ўпгим келади.

Қутлибека Раҳимбоева ўз қаламини драматургия, публитсистика жанр­ларида, таржима соҳасида ҳам синаб, ижобий натижаларга эришмоқда. Бугунги ёшларнинг севги-муҳаббати тўғрисида баҳс юритадиган “Тоҳирнинг Зуҳроси” деб аталган драмаси республика радиосида саҳналаштирилиб, бир неча йиллардан буён эфирга узатиб келинмоқда. Қутлибеканинг “Ҳамма биладиган сир”, “Султон суягини хор этмас”, “Тил учидаги сўз”, “Ўзимиз ҳақида бир зум”, “Ўзига бек бўлган тилим” сингари мақолалари бугунги кун муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, уларга аниқ муносабат билдириши, ўқувчиларни мунозарага чорлаши билан қимматлидир.

У ўзбек шеъриятини Леся Украинка, Марина Светаева, Анна Баркова, Алфонсина Сторни каби жаҳон тан олган шоираларнинг асарлари билан бойитишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Айни чоғда шоира қутлуғ ниятлар билан ижод қилмоқда. У шеърларидан бирида шундай ёзади:

Мен меҳр боғида ўсган дарахтман,
Eгнимда тўрт фасл ям-яшил кўйлак.

Қутлибека орзу қилган ана шу меҳр дарахтининг илдизи мустаҳкам бўлиб, яшиллик ҳеч қачон тарк этмасин!

Йўлдош Солижонов,

филология фанлари доктори

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).