Нурбой Абдул Ҳаким. Тўрт ариқнинг шарбати надур?

Биз Қул Хўжа Аҳмад ҳикматлари моҳиятидан хабардормиз, дея оламизми? Ўқилишидан содда, тушунарлидай кўринган бу ҳикматлар аслида “маънийи Қуръон” (шайхнинг ўз эътирофи) эканлигини биламизми? Мана улуғ пиримиз ҳикматларидан бири:

Тавба қилиб, Ҳаққа ёнғон ошиқларга
Жаннат ичра тўрт ариқда шарбати бор.
Тавба қилмай, Ҳақдин ёнғон ғофилларга
Дўзах ичра аччиқ азоб, ҳасрати бор.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳикматнинг биринчи байтида “Жаннат ичра тўрт ариқда шарбат” тўғрисида сўз бормоқда. Бу мисрани ўқиган замонамиз ўқувчисида шундай савол туғилиши мумкин: бу ҳақиқатми ёки шоирона фантазия? Бу қандай ариқлар бўлди? Улардан оқадиган шарбатлар-чи? Масалани ойдинлаштириш учун ҳазрат Яссавий ҳикматларининг асл манбаи — Қуръони каримга мурожаат этиш зарурати сезилади. Шундагина бандалик туфайли содир этган гуноҳларига тавба қилган Ҳақ ошиқларига — тақво эгаларига ваъда қилинган “тўрт ариқдаги шарбат” ҳақиқатан ҳам мавжуд эканлигига иймон келтириш, “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи” (Навоий таъбири) ҳикматлари маъносини англаш мумкин.
“Муҳаммад” сурасининг 15-ояти бунга далил бўла олади. Жумладан, мазкур оят мазмуни Қуръони карим изоҳли таржимасида шундай баён этилган: “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати будир: “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир”.
Демак, бу “тўрт ариқдаги шарбат” чиндан-да мавжуд. Ундан баҳраманд бўлиш шарти эса: “тавба қилиб, Ҳаққа ёнмоқ”. Имом Ғаззолийнинг “Дақойиқ ул-ахбор” асарида бу оят мазмунига алоқадор бир воқеа келтирилган. Унда ёзилишича, пайғамбар алайҳиссалом шундай ривоят қилганлар: “Меърож кечаси мен арши аълога чиқдим. Ҳамма жаннатлар зоҳир бўлиб, кўзимга кўринди. Жаннатда тўрт анҳор кўрдимки, бирида сув, бирида сут, бирида шароб ва бирида асал оқиб турибди.
Шунда мен Жаброил алайҳиссаломдан сўрадим:
— Ё, Жаброил, бу анҳорлар қаердан чиқиб келади ва қай тарафга боради?
Жаброил алайҳиссалом айтдилар:
— Ё, Муҳаммад, бу анҳорлар Ҳавзи Кавсарга бориб қуйилади. Аммо қаердан чиқиб келишини мен ҳам билмайман. Агар буни билмоқ истасанг, Худойи таолога илтижо қил, зора сенга билдирса.
Бас, мен буни билдирмоқни сўраб, Роббимга дуо қилдим. Сўнг бир фаришта ҳозир бўлиб, менга салом бериб: “Ё, Муҳаммад, кўзингизни юминг”, — деди. Мен кўзларимни юмдим. Бир лаҳзадан сўнг у кўзларимни очишни сўради. Кўзларимни очганимда, олдимда бир дарахтни кўрдим. Дарахт рўпарасида оқ марвариддан бино қилинган, эшиклари кўк ёқутдан бўлган улкан гумбаз намоён бўлди. Эшикларига қулф солинган бўлиб, қулфлари қизил тиллодан. Кўрдимки, жаннатдаги тўрт анҳор мана шу бино ичидан оқиб чиқмоқда.
Буларни кўриб ҳайратландим. Орқага қайтмоқчи бўлган эдим, фаришта:
— Ё, Муҳаммад, бу гумбаз ичига кирмайсизми? — деди.
— Киришни хоҳлайман. Лекин эшигига қулф солинган-ку, — десам, фаришта: “Қулфнинг калити ўзингизда-ку”, — деди.
— Менда калит йўқ, — дедим.
Фаришта: “Бу қулфнинг калити “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” калимасидир”, — деди. Мен эшик олдига бориб ушбу калимани айтдим. Эшик очилди. Кўрдимки, гумбазнинг тўрт тарафини айлантириб “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” калимаси битилган. Бир тарафига “Бисм” битилган бўлиб, “мим”нинг тешигидан бир анҳор сув чиқиб келади. Бир тарафига “Аллоҳ” ёзилган бўлиб, “ҳо”нинг тешигидан бир анҳор сут чиқиб келади. Бир тарафига “ар-Раҳмон”, битилган бўлиб, “мим”нинг тешигидан бир анҳор шароб, яна бир томонига “ар-Раҳим” ёзилган бўлиб, ундаги “мим”нинг тешигидан бир анҳор асал оқиб чиқмоқда экан. Билдимки, бу анҳорлар манбаи “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” калимасидир.
Шундан сўнг Ҳақ таолодан ваҳий келди: “Ё, Муҳаммад, сизнинг умматларингиздан ҳар ким менинг амримга мувофиқ бўлган ишларни сидқидилдан “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” билан бошласа, мен уни қиёматда шу анҳорлардан сероб қиламан”.
Маълум бўладики, ҳазрат Яссавий ҳикматидаги “жаннат ичра тўрт ариқдаги шарбат”нинг манбаи “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим”дир. Ота-боболаримиз, мусулмон халқимиз бу муборак калимага алоҳида эътибор бергани сабаби ҳам шунда бўлса керак. Бинобарин, сидқидилдан ушбу калима билан иш бошлаган инсон ҳеч қачон бировга ёмонлик соғинмайди. Ўзгалар ҳаққини туя қилишни хаёлига ҳам келтира олмайди. Фақат эзгу амаллар тўғрисида ўйлайди. Сезиб турибман, ҳазрат Яссавий ҳикмати боис сизнинг ҳам қалбингизда яхшиликка чексиз рағбат уйғонди. Эзгу ниятингиз, хайрли амалларингиз муборак бўлсин, азиз дўстим! Сизга ҳурмат билан

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 10-11-сонидан олинди.