Нурбой Абдулҳаким. Фурқат истилочини мақтаганмиди?

Фурқатнинг “Рус аскарлари таърифида” деб номлаб келинган асари мутахассислар ўртасида мунозараларга сабаб бўлган. Бу маснавийнинг насрий кириш қисмида шоир ёзади: “Ҳабл ул-матин” ва “Песаи ахбор” ном Ҳиндустон газетларида Русия давлатининг ёпун халқи бирла қилғон муҳорабалари” (мақоладаги барча таъкидлар муаллифники. – Таҳририят) хусусида Ўрусия аскари борасида аксар кинояомез сўзларни ёзадур. Чунончи, ул ахборларнинг зоҳир иборати маҳз бир воқеий ҳолотлардур. Ва лекин, мазмунини диққат бирла мулоҳаза қилғонда киноя ва ҳасадомез маънилар пайдо бўладур. Афсуским, ул ахборлар муаллифи мунсифона сўз ёзмайдурлар” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1905 йил, 27 август, 34-сон. Кейинги иқтибослар ҳам шу манбадан келтирилди).
Киришдаги “Русия давлатининг ёпун халқи бирла қилғон муҳорабалари” жумласи таъкидланаётгани бежиз эмас. Шунинг ўзидаёқ Фурқат чор Россиясининг 1904 – 1905 йиллар рус-япон урушидаги босқинчилик сиёсатига ишора қилмоқда. Бундан ташқари, “Ҳабл ул-матин” ва “Песаи ахбор” газеталаридаги мазкур уруш ҳақида ёзилган “ахборларнинг зоҳир иборати маҳз бир воқеий ҳолотлар”, яъни ҳақиқатда бўлган воқеалар эканлиги тўғрисидаги шоир таъкиди ҳам диққатга сазовор. Зеро, бу орқали шоир рус армиясининг Япониядаги шармандали мағлубиятига ишора этаётганлигини англаш қийин эмас. Шоирнинг эътирози фақат бир нарсага: бу ҳақда ёзилган сўзлар киноя ва ҳасадомуз эканлигига қаратилган.
Айтиш керакки, жорий имлодаги нашрларда Фурқатнинг бошқа кўплаб асарлари сингари бу шеър ҳам қисқартириб эълон қилинган. Нашр нусхасини илк манба билан қиёсланганда, шоир “Танланган асарлар”идан (1959, II жилд) манзуманинг 30 мисраси тушириб қолдирилгани маълум бўлди. Фурқат мажмуасида “қисқартириб олинди”, дея изоҳ берилгани нашрга тайёрловчи Холид Расулнинг масалага ҳалоллик билан ёндашганлигини кўрсатади.
Тушириб қолдирилган 7 – 8-байтлар мазмунига диққат қилайлик:

Бориб Манжурия сори урушқа,
Ёпун халқини турди ўлтурушқа.

Қизиб бозори марг андоғки яксар,
Пули бору пули йўққа баробар.

Бу уруш мустамлакачилик уруши эди. Фурқат рус аскарларининг “ёпун халқини ўлдиришга тушиб, ажал бозорини қизитганлиги”ни таъкидлар экан, уларнинг ўзга бир юртга ёмон ният билан борганлигига ишора қилади.
Нашр нусхасидан тушириб қолдирилган 15-байт мазмуни ҳам душман армиясининг қон хўрлиги хусусида:

Бўлуб дарёда сув қондин намудор,
Деса бўлғай ани дарёи хунхор.

Жорий нашрларга киритилмаган навбатдаги мисралар замиридаги мазмун-моҳият янада ҳаққоний:

Бировға Ҳақ берур фатҳу зафарни,
Бировға солғуси хавфу хатарни.

Онга лозим эмас асло таарруз,
Қилур нодон киши бежо таарруз.

Жаҳонда зоҳир этмас бу “шижоат”,
Бизинг оқподшоҳдин ўзга давлат.

Мазкур асар ёзилган 1905 йили рус-япон уруши рус армиясининг мағлубияти билан якунланган эди. Фурқат “Бировга Ҳақ берур фатҳу зафарни, Бировға солғуси хавфу хатарни” деганда айни шу мағлубиятни назарда тутган. “Онга лозим эмас асло таарруз, Қилур нодон киши бежо таарруз”, дер экан, шоир бу енгилиш тақдир тақозоси, бунга рози бўлишдан ўзга чора йўқ демоқчи. Тақдирга нодонларгина қаршилик кўрсатишга интилишини таъкидлаган шоир бундай “шижоат”, яъни нодонлик жаҳонда бизнинг оқподшоҳдан ўзга ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, дейди.
Энди мана бу байтлар мазмунига эътибор беринг:
Билурсизму ёпун қайдин келибдур,
Бориб қайси тараф, на иш қилибдур?

Туруб ул ўз маконида урушти,
Ўрус бирлан эшигида кўрушти.

Мазкур мисралардан олдинги байтда “Билурға сўз дурин сарроф лозим”, дея бу сўзлар мазмун-моҳияти анча теран эканлигига ишора қилинган.
Муаллиф: “Кимики жуғрофия илмини билса, ўйлаб кўрсин. Русиядан Японияга қанча йўл эканлигини андиша этсин. Русиядан неча лак аскар қанча чўлу биёбонлар ошиб, емак-ичмагини ташиб, оғир юкларни – олоти ҳарб анжомини олиб, бундай олис ерларга борганлиги сабабларини мулоҳаза қилсин”, дейди.
Фурқатнинг таъкидлашича, бу урушда японлар бирор бошқа жойдан келмаган, ғаним аскарларига ўхшаб ўзгалар юртига босқинчилик мақсадида борган эмас, улар ўз маконларида туриб, ўз юртлари ҳимояси учун урушдилар. “Туруб ул ўз маконида урушти, Ўрус бирлан эшигида кўрушти” мисралари шунга ишора. Ана шундай аҳамиятли мазмун ифодаланган мазкур байтлар замирида.

Бу сўзнинг рамзини доно билур, бас,
Нечук оташга тоқат айлагай хас.

Яъни, шоир “Бу сўзнинг рамзини доно билур, бас”, дер экан, ўз сўзларидаги зоҳирий маънога эмас, ундаги рамзларга, нозик ишораларга эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Ўзга юртни босиб олиш ниятида борган рус аскарини япон халқининг босқинчиларга қарши ғазаб оташи олдида бамисоли хасга қиёс этади: “Оташга хас тоқат қилолмагани каби, рус аскарлари ватанпарвар япон халқи томонидан тор-мор этилди”.
Аён бўладики, Фурқатнинг “Рус аскарлари таърифида” деб номланиб келган манзумаси мустабид чор Россияси аскарлари мақтовига эмас, аксинча, уларнинг босқинчилик ҳаракатларини, рус-япон урушидаги шармандали қисматини фош этишга қаратилган. Бинобарин, асар шўро даврида яратилган тадқиқотларда замон тақозоси, ҳукмрон мафкура талаби асосида баҳоланган дейиш мумкин.
Шу ўринда манзума моҳиятидан келиб чиқадиган яна бир муҳим хулосани – асарнинг номланиши ҳам нотўғри бўлганини таъкидлаш зарурати сезилади. Аввало, бу ном шоирнинг ўзи тарафидан эмас, нашрга тайёрловчи томонидан қўйилган. “Туркистон вилоятининг газети”да “Стихи из Яркента” сарлавҳаси билан эълон қилинган манзумага муаллифнинг ўзи сарлавҳа қўйган эмас. Иккинчидан, “Рус аскарлари таърифида” деган ном асарнинг асл моҳиятига мутлақо мувофиқ келмайди. Агар маснавийга сарлавҳа қўйиш эҳтиёжи сезилса, бизнингча, уни “Рус-япон муҳорабаси хусусида” деб номлаш тўғри бўларди. Чунки асарда шоирнинг бу урушга холис ва ҳаққоний муносабати ифода топган.
Маснавийда оқподшоҳ, рус аскарлари шаънига мақтов мазмунидаги мисралар ҳам мавжуд-ку, деган савол туғилиши табиий. Тўғри, асар шундай маънодаги мисралардан ҳам холи эмас ва бу ватанжудоликдаги шоирнинг юқорида таъкидланган қимматли фикрларини юртдошларига, келажак авлодларга етказиш учун танланган восита сифатида баҳоланмоғи лозим.
Зеро, бу даражадаги ҳаққоний мазмунни қилни қирқ ёрадиган чор назорати чиғириғидан фақат шеърият воситасидагина ўтказиш мумкин эди. Фурқат асари айни шу фазилатлари билан ҳам Шарқ шеъриятининг ўзига хос ифода усулини, маъно кўпқатламлилигини ўзида мужассам этган юксак намунадир.
Демак, Фурқат ҳар қандай шароитда Ватан ва миллат манфаатига содиқ қолган. Зоҳиран “оқподшоҳ” сиёсатини маъқуллагандек кўринган асарлари замирида ҳам йўлини топиб бор ҳақиқатни айта олган. Шунинг ўзиёқ “Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмас”лигига (Сирожиддин Саййид таъбири) ёрқин бир далилдир. Бинобарин, замонлар ўтса-да, Фурқат номи ватанпарварлик тимсоли сифатида авлодлар қалбида яшаяжакдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 9-сонидан олинди.